«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 30 2024, 19:03
ЎЗO‘Z

Нақд пулнинг «белини синдирган» VISA

05 окт, 13:38 1 828 Технология
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Нақд пулнинг «белини синдирган» VISA «Бизнес ғоя автобусга ўхшайди. Биттасига улгурмасанг, ортидан иккинчиси келаётган бўлади», деган эди британиялик миллиардер, 400дан ортиқ компаниялар эгаси Ричард Брэнсон.

Виза. Бу сўзни эшитганда кўпчилик бошқа мамлакат ҳудудига кириш ҳуқуқини берувчи халқаро ҳужжатни тушунади. Аммо бугун виза деб талаффуз қилинувчи бошқа бир йирик бизнес гиганти – VISA ҳақида гаплашамиз.

Ҳар қандай йирик брендлар инсонлар ҳаётини осонлаштиргани учун муваффақиятга эришган. VISA мана шундай компаниялардан бири. Ҳамма ҳам бир қоп танга ёки бир дунё қоғоз пули бўлишини истайди, аммо бу қанчалик ажойиб бўлмасин, уларни олиб юриш шунчалик ноқулай ҳам. Ўтган асрнинг 50-йилларига келиб, дунёнинг турли мамлакатларида миллионлаб одамлар мана шундай муаммога дуч келади.

1958 йил 18 сентябрда АҚШнинг энг машҳур банкларидан бири Bank of America BankAmericard картасини жорий қилди. Карта одамлар орасида оммалашиши учун Bank of America катта таваккалга қўл урди. Банк Фрезно шаҳри ва унга ёндош ҳудудларда яшовчи одамлар уйига жами 65 000 банк карталарини тарқатиб чиқди. Тасаввур қилинг, уйғониб тонгги газетани почта қутингиздан олишга чиқсангиз, у ерда сиз учун тайёрлаб қўйилган карта турибди.

Ушбу лойиҳани бошлаб олишга Bank of America 8 миллион доллар сарфлади. АҚШ долларининг 2019 йилдаги ҳолати билан солиштирганда, бу иш тахминан 70 миллион долларга тушган. Бу пуллар Калифорниядаги йирик шаҳарлардан бири бўлган Фрезнони терминаллар билан таъминлаб чиқиш, реклама ва картани тайёрлаб, етказиб бериш хизматларига сарфланди. Шунингдек, Сан Франциско, Сакраменто, Лос Анжелес ва Калифорниянинг бошқа шаҳарларида ҳам BankAmericard карталари тарқатилди. 1959 йил якунига қадар Калифорния бўйлаб 2 миллионта карта тарқатилди ва 20 мингдан зиёд савдо шохобчалари ушбу банк карталарини қабул қиларди.

Bank of America’гача ҳам бир қатор кичик банклар шунга ўхшаш тизимларни амалиётга татбиқ этишга уринган, аммо бу самарасиз якунланади. BankAmericard хатолардан холи эмасди. Унинг ихтирочиси Жозеф Уильямс 1956 йилдан эътиборан Bank of Americaнинг тадқиқотлар бўлими бошлиғи эди. 1959 йилда у истеъфога чиқади. Йил охирига келиб федерал полиция BankAmericard билан боғлиқ бир қатор жиноятларни аниқлайди. Шундан сўнг, Bank of America раҳбарияти матбуот анжумани ўтказиб, юзага келган ноқулайликлар учун узр сўраб, барча зарарларнинг қопланиши ва банк картаси билан муаммо юзага келган одамларга янгиланган карталар тақдим этилишини эълон қилади.

Банк ўша пайтда 20 миллион доллар зарар кўради. Ушбу воқеадан сўнг, BankAmericard’га бўлган ишонч бирмунча пасаяди ва улар билан бир пайтда фаолият бошлаган Master charge қарийб 20 йилга бозорни ўз назоратига олади. Шунга қарамай, Bank of America раҳбарлари бу бизнеснинг келажаги порлоқ эканига ишониб, ишлашда давом этди.

1966 йил Bank of America Калифорниядан ташқаридаги бир нечта банклар билан ўз карталарини лицензиялаш бўйича келишувга эришди ва шу тариқа BankAmericard бошқа банклар номи остида ҳам ишлашни бошлади. Уларнинг рақобатчилари ҳисобланган Master charge турли штатлардаги банк альянсларига таяниб тузилганди. Bank of America эса 1994 йилгача амал қилган штатлараро банклар фаолиятига доир давлат қонунларига биноан бошқа штатлардаги банклар билан эркин шартномалар туза олмасди. Келгуси йиллар мобайнида кўплаб банклар BankAmericard лицензиясини қўлга киритди. Шу тариқа, тез орада АҚШда 100 миллионлаб BankAmericard карталари ишлатила бошлади.

1968 йил Ди Ҳокк исмли иқтисодчи BankAmericard’ни Шимолий Америка бўйлаб амал қилувчи пул айланмаси тизимига айлантиришни таклиф қилди. Узоқ муддатли музокаралардан сўнг, Bank of America Ди Ҳоккнинг янги лойиҳасини қўллаб-қувватлади ва бошқарувни айнан унинг ўзига топширди. Bank of America 1970 йилдан эътиборан фақат маҳаллий миқёсда ишловчи National BankAmericard банк картасини муомалага чиқарди. BankAmericard эса франчайзинг компаниясига айланди. 1972 йилга келиб, у дунёнинг 15га яқин давлатида лицензиядан ўтказилди.

Дунё миқёсидаги пул айланмасини ташкил этиш учун 1974 йил IBANCO – халқаро банк карталари компанияси ташкил этилди. 1976 йил IBANCO бир қатор банк карталари тизимини битта ном ва электрон тизим остига бирлаштиришни уддалайди. BankAmericard’дан ташқари Barclaycard, Carte Bleue, Chargex, Sumitomo Card карталари VISA номи остида бирлашади. Ушбу номни шахсан Ди Ҳокк ўйлаб топди. Сабаби бу номни ҳар қандай тилда талаффуз қилиш осон эди ва компаниянинг дунё бўйлаб амал қиладиган тизим эканлигидан дарак бериб турарди. 2 йилдан сўнг Master Charge номини Master Card деб ўзгартирди, лекин у VISA каби оммалашмайди.

У вақтлар ҳали VISA ҳам, MasterCard ҳам банк компаниялари сирасига кирмасди. Улар технологик компания – банклар ва истеъмолчилар ўртасида ишловчи воситачилар эди. VISA ривожланиши бевосита рақобатчисига ҳам боғлиқ. Улар 80-йилларга келиб бизнеснинг ушбу йўналишида етакчига айланиб олишди. 2018 йилги интернет нашрлари маълумотларига кўра, VISA компаниясининг йиллик тушуми 20 млрд доллар, соф фойда эса 10 млрд доллардан ошиб кетган. Солиштириш учун, бу энг катта рақобатчи ҳисобланган MasterCard даромадидан қарийб 2 баравар кўп. Ушбу йил статистикаларига кўра, VISA орқали амалга оширилган пул айланмаларининг йиллик миқдори 11 триллион доллардан кўпроқ. Ер юзи бўйлаб бугунги кунда қарийб 3,5 млрдга яқин VISA карталари мавжуд. Улар жаҳоннинг 160дан ортиқ давлатларида амал қилади.

Хўш, муваффақият сирлари нимада? Аввало, ўта жарангдор ва эътиборни тортувчи ном. Муваффақиятли брендинг бизнес ривожининг энг муҳим омилларидан биридир.

Унинг энг биринчи даврларда муваффақиятга эришишига асосий сабаб сифатида бизнес эгалари ривожланиш учун харажатлардан қочмаганлиги ва истеъмолчилар орасида ўз карталарини оммалаштириш учун қаттиқ уринганликларини келтириш мумкин. Бундан ташқари, VISA муваффақиятли маркетинг ишларини амалга оширади. Кўплаб спорт турлари бўйича жаҳон чемпионатларининг асосий ҳомийси VISA ҳисобланади. Бундан компания фойда ҳам кўради, чунки турнир ғолибларига мукофот пуллари айнан VISA карталари орқали тўлаб берилади. Шу тариқа VISA дунёдаги электрон пуллар қиролига айланади.

Абдулвосид Валихонов




Мавзуга оид янгиликлар
  • Хитойда энг кўп сотилаётган смартфонлар номи маълум қилинди 27 апр, 12:15 139
  • Учар автомобил йўловчи билан биринчи парвозини амалга оширди (видео) 27 апр, 05:35 291
  • Исталган қонни биринчи гуруҳ қонига айлантириш йўли топилди 26 апр, 12:40 102
  • Олимлар 15 дақиқада сунъий олмос етиштириш усулини ихтиро қилди 26 апр, 00:00 59
  • Огоҳлантиришнинг янги рангли шкаласи тақдим этилди 24 апр, 08:13 52
  • Россия дунёдаги биринчи водород ёқилғили автомобилни тақдим этди 24 апр, 00:40 521
  • Сўнгги янгиликлар
  • Грузия бош вазири мамлакат президентини “сотқин” деб атади 30 апр, 18:50 0
  • Андижонда келин эрининг уйидан сепларини МИБ орқали қайтариб олди 30 апр, 18:28 0
  • Турк сериаллари юлдузи Демет Ўздемирнинг Истанбулдаги шинам вилласига саёҳат 30 апр, 18:02 1
  • Эрон Афғонистон билан чегарасида бетон девор қуришни бошлади 30 апр, 17:39 0
  • Абдуқодир Ҳусанов ва Ҳожимат Эркинов клуби ихтиёрига қайтди 30 апр, 17:21 3
  • НАТО раҳбари: “Украинага берган ваъдамизни бажармадик” 30 апр, 17:00 34
  • Абдуқодир Ҳусанов Осиё Кубоги финалида Ўзбекистон термасига ёрдам бера олмайди 30 апр, 16:46 46
  • Тошкентдан Чорвоққа автобус қатнови бошланди 30 апр, 16:27 24
  • Тошкентда мебел цехи 1 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланди 30 апр, 16:05 8
  • Интернет-қароқчилик. Бунинг учун қандай жавобгарлик бор? 30 апр, 15:37 55
  • Соф қуйма олтин сотаётган шахслар қўлга тушди 30 апр, 15:15 44
  • Тошкент вилоятида икки йигит такси ҳайдовчисининг жонига қасд қилмоқчи бўлди 30 апр, 14:49 111
  • Бўлимлар