«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 03 2024, 17:29
ЎЗO‘Z

Эсингиздан чиқмасин, терма жамоа - бу халқники! Навбатдагиси шунчаки муваффақиятсизлик эмас, бунга ким жавоб беради?

17 июн, 23:19 4 120 Спорт
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Эсингиздан чиқмасин, терма жамоа - бу халқники! Навбатдагиси шунчаки муваффақиятсизлик эмас, бунга ким жавоб беради?
Ҳа, биз шу даражага етиб келдик! Қачонлардир юз берган ўзгаришлардан кейин осмонларга парвоз қилишга тараддуд кўрдик, аммо қарасак пастга шўнғиётган эканмиз. Ачинарлиси, бу шўнғишни кўра билиб туриб, гўёки кўрмасликка олдик-а?
Тўғри, ҳар бир Ўзбекистон фуқароси сифатида аслида барчамиз терма жамоамизнинг ғалабаларини кутардик, умид қилардик ва хоҳлардик. Аммо бу биз учун ўй-ҳаёллар эди. Терма жамоамизга қараш учун пардани олиб ташлаганимизда ҳаммаси кўринди. Футбол жамоатчилигидаги вакиллар билан гаплашганимизда аксарияти ишонмаётганини, кучли хавотир борлигини айтишдан чарчашмади. Чунки воқеликка реал кўз билан қарашаётганди. Аммо, барибир яхшиликка умид қилавердик.

Мана, охири нима бўлди? Бу фақат шармандагарчилик! Энди бунга ким жавоб беради? Вадим Абрамов дейсизми, шубҳасиз у натижага жавобгар. Қўпол қилиб айтганда, ҳаммасини расво қилди. Лекин масала биргина Абрамов билангина боғлиқ эмас. Уни ким тайинлади ва нима учун? Бу ёғи саволлар кетидан саволлар туғилаверади. Натижада футболимиздаги оғриқли муаммолар кўлами кенгайиб бораверади, аммо тайинли жавоб йўқ!

Равшан Эрматов футболимиз тепасига келгач, қандай ўзгаришлар бўлди? Биз қаёққа қараб йўл оляпмиз? Бу кимнидир шахсий клуби эмаски, хоҳлаганини қилса?! Бу жамоа халқники. Абрамовдан ташқари Эрматов ҳам халқ олдида жавоб берса адолатдан бўлади. Бу ерда гап аёвсиз танқидлар ёки кимнидир ерга уриш ҳақида кетмаяпти. Фақат кўзни каттароқ очиб, футболимизда нималар рўй бераётганига теран нигоҳ ташлаш лозим. Шунинг учун улар ўтган вақт давомида нима қилишди, қаерда хатога йўл қўйишди, тан олиш ҳам марднинг иши.

Наҳот, Ўзбекистон жаҳон чемпионатига муносиб бўлмаса?! Биз ҳақли эмасмизми? Бутун бошли ҳалқ неча йилдирки терма жамоамизни жаҳон чемпионатига чиқишини орзиқиб кутиб яшаяпти. Одатда, бош жамоамиз жаҳон чемпионати учинчи саралаш босқичида охиригача курашарди ва битта гол ёки бир очко бизни мундиалдан мосуво қилиб қоларди. Ўшанда Миржалол Қосимов, Самвел Бабаян кабилар аёвсиз танқид қилинди. Энди бўлса, Абрамовни кўрсатган бундай шармандали натижаси олдида уларникини шунчаки тасаввур қилиб олаверинг. Биз Вадим Карленовичга шунинг учун ишонганмидик?! Поезд кетиб бўлди, энди аттанг қилишдан фойда йўқ. Алам қиладигани яна мухлислар бундан қаттиқ изтироб чекишяпти.

Ёдингизда, Абрамов Куперни ўрнига келган. Кечаги мағлубиятдан кейин дарҳол аргентиналик мураббийни беихтиёр кўпчилик эслади. У четдан келиб ишни аввало терма жамоамизнинг оғриқли муаммоси – ҳимояни кучайтиришдан бошлади. Лекин ўшанда деярли барча, ҳозирги терма жамоадагилар, бошқа мураббийлар ҳам Купернинг тактикасини кескин танқид қилди. Биз ҳужумкор футболга мослашганмиз дея мистернинг услубини ёқтиришмади. Кейинчалик аслида ким тўғри йўлдан борганини вақт кўрсатиб қўйди. Абрамов ҳеч қачон ҳимояга қарамаган, доим ҳужумкорликни истайди. Айнан шу услуб уни тарафдорларига айни муддао эди. Аммо таассуфки, Абрамовнинг ўша ожиз нуқтаси якунда қимматга тушди. Саудияга Тошкентда ютқазганимиз ёдингиздами?

Жамоа ҳужумга берилиб кетиши эвазига ҳимояни унутдик ва бундан араблар фойдаланиб, ютиб кетишди ва бу Абрамовнинг мағлубияти эди. Ахир энг яхши ҳужум ҳимоядан бошланади, деган тушунча бор-ку, футболда. Кўплаб мутахассислар Вадим Карленовични ўзи билганидан қолмаслиги ҳақида кўп айтишарди ва бу яна ўз исботини топди. Лекин терма жамоа – бу Абрамовнинг шахсий жамоаси эмас.  

Хуллас, биз ҳали ҳам жаҳон чемпионатидан анча олисдамиз. Мундиалга муносиб бўлиш учун футболимиздаги тизимни тубдан ислоҳ қилиш шарт. ЎФА президенти футболдаги коррупция, тотализатор каби салбий иллатларга қарши курашаётгани албатта яхши. Лекин бу ҳали етарли эмасдек. Терма жамоамизнинг шармандали натижасидан кейин ҳаммасини бир бошидан кўриб чиқиш лозим. Ҳозирги тизим эса ўзини оқламаётганини ҳамма билиб турибди.  

Дарвоқе, миллий терма жамоамизнинг мағлубиятларига кўникканмиз. Аламли ўйинларнинг гувоҳи бўлганмиз. Лекин бу сафаргиси анча оғриқли бўлди. Сабаби битта: биз ҳеч қачон жаҳон чемпионатининг иккинчи саралаш босқичида қолиб кетмаганмиз. Учрашувдан аввал айрим ҳамкасбларимиз саудияликларга қарши учрашувни терма жамоамизнинг энг муҳим ўйини деб аташди. Аммо бундай эмас, ишонинг. Ўзбекистон учун энг муҳим ўйинлар учинчи саралаш босқичидаги охирги баҳслар бўлган ва буни барчамиз яхши биламиз. Чунки ўшанда ўртага мундиал чиптаси тикилган учрашувларда қатнашганмиз.

Саудия Арабистонига қарши беллашувда вакилларимиз кўп нарсага қодир эди. Бироқ яна ўша ўйин ҳақида эслагим ҳам келмаяпти. Шунчаки, бу ўйин футболимизнинг бугунги даражасини яққол кўрсатиб берди. Кўзимизни очди! Шу пайтгача қилган барча ҳаракатлар айнан шунинг учунмиди?! Футболимиздаги муаммолар йиғилиб-йиғилиб шу ҳолатга етиб келди. Равшан Эрматов бунгача ҳам бир неча бор ўзбек футболини ривожлантириш, миллий терма жамоамизни жаҳон чемпионатига олиб чиқиш асосий мақсад эканлиги ҳақида бир неча бор айтди. Кўряпсизки, бари қуруқ гаплар бўлиб қоляпти. Шу боис Эрматов ҳам энди халқ олдида жавоб бериши лозим. Боя бежизга айтмадик, терма жамоа – бу халқники, кимнингдир шахсий жамоаси эмас.

Интернетда ҳам кенг жамоатчилик бу мағлубиятни жуда оғир қабул қилаётганини кўряпмиз. Ачинарлиси, ўзбек футболига бўлган ишонч қолмаяпти, мухлисларда. Қаерга қараманг, терма жамоамиз ҳақида турли приколлар, хазиломуз видеолар тарқаляпти. Футбол мутасаддиларига мана шундай масхара бўлиш керакмиди?!  Аслида бу жуда оғир ҳолат. Шундай экан, футболимизда жиддий ислоҳотларга қўл уриш вақти келди (ҳатто ўтиб ҳам кетди). Ўйлаймизки, ЎФА президенти вазиятни яхши тушуниб турибди. Лекин ҳайронман, халқимиз терма жамоамизни жаҳон чемпионати иштирокчисига айланишини яна қачонгача кутаркин?!
Айтганча, 19 июнь куни ЎФАнинг навбатдан ташқари конгресси ўтказилади. Балки унда футболимиздаги бурилиш нуқтасини кўрармиз?!

Шуҳратбек Жўраев





Мавзуга оид янгиликлар
  • “Зенит” футболчиси Файзуллаев ҳақида нималар деди? 03 мая, 16:31 2
  • Осиё кубоги финал учрашуви: Бугун “оқ бўрилар” япон “самурайлари”га қарши майдонга тушади 03 мая, 14:10 40
  • ЦСКА устози Федотов Аббос Файзуллаевнинг жамоага қайтгани ҳақида нима деди? 03 мая, 13:25 129
  • Ироқ U-23 устози Радҳи Шенаишил: "Қўл остимдаги барча футболчилар Олимпиадага боришга муносиб" 03 мая, 12:44 39
  • Индонезия U-23 мураббийи Шин Таэ Йонг: "Охирги имкониятдан фойдаланишга уриниб кўрамиз" 03 мая, 12:23 63
  • Заргарлик дўконидан 49 млн сўмлик тилла буюмларни ўғирлаб кетган 12 ёшли бола ушланди 03 мая, 11:30 75
  • Сўнгги янгиликлар
  • “Зенит” футболчиси Файзуллаев ҳақида нималар деди? 03 мая, 16:31 1
  • АҚШда эркак хотинини пичоқлаб, уни тириклайин кўмди, аёл эса тирик... 03 мая, 15:54 15
  • Ўзбекистон ва Қатар ишчиларни жалб этиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйяпти 03 мая, 15:47 6
  • Россия қўшинлари Нигердаги АҚШ базасига жойлашди 03 мая, 14:59 49
  • «Зики эски шаҳар» лақаби билан танилган Лутфулла Умаровга суд ҳукми ўқилди 03 мая, 14:56 40
  • Осиё кубоги финал учрашуви: Бугун “оқ бўрилар” япон “самурайлари”га қарши майдонга тушади 03 мая, 14:10 40
  • АҚШда оғир-босиқлиги билан машҳур бўлган аллигатор ўғирлаб кетилди (фото) 03 мая, 13:43 60
  • ЦСКА устози Федотов Аббос Файзуллаевнинг жамоага қайтгани ҳақида нима деди? 03 мая, 13:25 129
  • ОАВ эркинлиги рейтинги: Дунёдаги вазият - охирги 10 йилдаги энг ёмони 03 мая, 13:00 43
  • Ироқ U-23 устози Радҳи Шенаишил: "Қўл остимдаги барча футболчилар Олимпиадага боришга муносиб" 03 мая, 12:44 39
  • Индонезия U-23 мураббийи Шин Таэ Йонг: "Охирги имкониятдан фойдаланишга уриниб кўрамиз" 03 мая, 12:23 63
  • Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари ҳам Россияга киритилмаяпти 03 мая, 12:00 185
  • Бўлимлар