«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 30 2024, 22:58
ЎЗO‘Z

Пайғамбар тиббиётини ўрганган Елена — Россияда бахтини топган Баҳром ака ҳикояси

10 мар, 14:50 4 466 Ҳаёт тарзи
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Пайғамбар тиббиётини ўрганган Елена — Россияда бахтини топган Баҳром ака ҳикояси Kun.uz мухбири Россияга ижодий сафар давомида, рус аёли билан турмуш қуриб, ҳозирда олти фарзандни вояга етказаётган қўқонлик ватандошимиз хонадонида бўлди.

Баҳром Раипов рафиқаси Елена билан 2011 йилда оила қурган. Еленанинг айтишича, илк бор Қуръон тиловатини тинглаганида кўз ёшини тута олмаган, кейинчалик пайғамбар тиббиёти – ҳижомани ўрганган. Баҳром ака эса уй ва офис таъмири билан шуғулланади.

«Буларнинг хонадонида меҳмонхонасини таъмирлаш керак бўлиб қолган. Таъмирлаш ишларини олиб бораётганимда оилавий муаммоларга ҳам дуч келиб, кучайиб, чуқурлашиб кетган вақтлари эди. Шунда Елена билан танишиб қолдик. Гапимиз гапимизга тўғри келди. Худо шуни хоҳлабди, оила қурдик», – дейди Баҳром ака.

Унинг айтишича, Еленанинг христиан динига эътиқод қилувчи ота-онаси уларнинг турмуш қуришига аввалига қарши бўлмаган.
«Аллоҳнинг фазли билан-да ҳамма нарса. Улар бизга «брачний контракт»ни таклиф қилишди. Ҳалигача ўзимиз ҳам кулиб эслаб турамиз.

Кейинчалик, рафиқам намоз ўқий бошлаб, рўмол ўраганида бироз қаршиликлар бўлди. Вақт ўтиб бу муаммо ҳам бартараф бўлди. Ҳатто меҳмонга борганимизда ҳам ҳалол гўштдан овқат тайёрлашади», – дейди Баҳром ака.

– Оила қурганингизга қанча вақт бўлди?
– 2011 йилда никоҳ ўқитдик, 2015 йилда расман ЗАГСдан ўтдик. Кичиккина тўй қилдик. Акам, келинойим, дўстларим келишди.

Иккимиз ўртамизда 5 фарзандимиз бор. Аёлимнинг олдинги оиласидан катта ўғли алоҳида бўлиб, отасининг ёнига кетган. Иккинчи ўғли биз билан қолган, унга Алижон деб исм қўйганмиз. 6 нафар фарзандни катта қиляпмиз.

– Россияга қачон келгандингиз?
– 2006 йилда ишлаш ниятида келдим. Шундан буён бориб-келиб турдим. 2011 йилдан буён салкам муқим бўлиб қолдим, десак ҳам бўлади.

Асли Қўқон шаҳриданман. Бу шаҳар ҳунармандлар шаҳри, ўзим ҳам устаман, ўймакорлик қилганман. Ҳозир ҳам хонадонлар ва офис таъмири билан шуғулланиб келмоқдаман.

Тўғриси, Россияга ҳалигача мослаша олганим йўқ. Чунки, бу ерда ўзингизни ватандагидек эркин тута олмайсиз. Менталитетимиз бошқачалиги боис, мослаша олганим йўқ. Еленага юзланарканмиз, дастлаб у ўзбек тилини қанчалик тушунишига қизиқдик.

– По-узбекски понимаете?
– Совсем чуть-чуть. (Жуда оз)

– Энди, келинойи деймизми, келинми? Айтинг-чи, оилада ўзаро тушунмовчилик рўй бериб қолса, қандай йўл тутасиз?
– Ён бера олишни билиш керак. Оилавий муносабатларнинг муваффақияти айни шу ён беришга боғлиқ. Биринчи навбатда, Яратгандан тўғри йўлга йўллашни, яраштиришни сўраш керак. Бундай ҳолат биринчи навбатда Парвардигорга илтижо қилишни талаб қилади.

Алҳамдулиллаҳ, ҳозирча, Аллоҳ тўғри йўлда кетишни насиб этмоқда. Ўзимиз ҳам ён беришга ҳаракат қиляпмиз. Ёш чоғингда қон қайноқ бўлади, бирор нарса билан келишиш ҳам осон бўлмайди. Ёш ўтган сайин тажриба бор, қолаверса, барча ғашликларни йўқотувчи фарзандлар ҳам бўлади.

– Ота-онангиз сизнинг Баҳром акага турмушга чиқиш қарорингизни қандай қабул қилишди?
– Улар жуда хурсанд бўлишди. Биринчи-иккинчи учрашувдаёқ улар никоҳ шартномаси тузишни таклиф қилишди. Биз яқинроқ танишганимиздан сўнг, Баҳром Ислом динини тушунтира бошлагач, турли мураккабликлар ҳам пайдо бўла бошлади.

Бутун умр насронийлик эътиқодида бўлган инсон бошқа динни қабул қилиши қийин бўлади. Шунинг учун қийинчиликлар бўлган. Албатта, барчасини тушуниш, англаш учун вақт керак.

Аёл ва эркак никоҳсиз учрашганида, шайтон уларга васваса солади. Биз муносабатларимиз ўзаро рухсат берилган бўлишини истаганмиз. Орадан йиллар ўтгач, никоҳимизни расмийлаштирганмиз.

Кейинчалик, ота-онам бизни тушунишди. Йўналишимиз тўғри эканини англашди. Биз алкоголли ичимликлардан, бошқа айрим ишлардан тўлиқ воз кечдик. Биз ҳаётимизда ўрнак бўлиб кўрсатмоқдамиз.

Баъзида отам, нега ҳар доим рўмолда юрасан, деб сўрарди. Ҳозир буни тушунади. Онам муслималар учун либослар ва рўмол ҳадя қилади. Байрам кунлари биз учун махсус ҳалол гўшт харид қилади ва бўғирсоқчалар тайёрлайди.

– Баҳром ака, Еленани Ўзбекистонга олиб бордингизми?

– Ҳа, икки марта бордик. 2014 йилда илк марта, 2016 йилда иккинчи марта бордик. Насиб этса, 2020 йилда яна борамиз.

Елена: – Ҳа биз бир неча марта бордик Ўзбекистонга. Болаларимизга суннат тўй қилдик. Жуда кўп одам келди. Биринчи гал, эҳтимол, 200 киши келгандир. Наҳорги ошга 300 киши келди. Кечқурунги зиёфатга, 500-600 киши келди, шекилли.

Бу ердаги қариндошларимиз, биз сизларга ўхшаб кўп киши келишини, таниган-танимаганлар бўлишини истамаймиз, дейишди. Тўйимизда чамаси 30 киши қатнашди-а? Албатта, тўйимиз кенг дастур асосида ўтказилди. Паркка боришга, кўлда сайр қилишга ҳам улгурдик.

– Россиялик келинни ўзбекистонликлар қандай қабул қилди?
Баҳром ака: – Қабул қилмаган фақат акам ва келинойим қолган. Тоға, жиянлар, амма-холам яхши қабул қилишди. Қолаверса, биз бошқалар учун яшамаймиз-ку. Ундай бўладиган бўлса, бирор нарсани жойидан жилдириш ҳам қийин бўлади.

Бошқаларнинг гапидан кераклисини оляпмиз, кераксизига эътибор бермаяпмиз.

Еленага онамни кўриш насиб этмади. Уйланган йилим онам оғирлашиб, ўтиб қолди. Лекин мен бориб, онамга айтганман. Дастлаб, бошқа динда экан, деб норози бўлдилар, лекин қубба ўқитганимни айтганимдан сўнг (Қўқонда никоҳ – қубба дейиларкан), хайрли бўлсин деб, розилик бердилар.

– Келгусида ҳам Россияда қолмоқчимиз ёки Ўзбекистонга қайтиш ниятингиз борми?
– Ҳозирча бир тўхтамга келмадик. Аммо, ватанга тортиб туради. Энди, биргаликда муҳокама қилиб, фойдали-зарарли томонларини тарозига тортиб бир қарорга келамиз.

– Баҳром ака, суҳбатимизни Елена келинойи билан давом эттирайлик. Ўзбекистон сизда қандай таассурот қолдирди?
– Жуда чиройли, тоғли ҳудудлар экан. Бағдод тумани, Риштон туманида инсонлар жуда ғамхўр. Россиядаги урф-одатларга ўхшаш томонлари кам. Меҳмон келганидан дастурхон ёзишаркан, зиёфат қилишади. Меҳмон кутишмаган тақдирда ҳам, барча нарса шай турар экан.

У ерда бир неча кун бўлдик. Менга кўрпачада ухлаш жуда ёқди. Юза қаттиқ, қолаверса, болалар каравотдан тушиб кетади, деб хавотирланмас экансан. Хурмо, анжир ва бошқа меваларни бевосита пишган жойида истеъмол қилиш тўғри бўлади, деб ҳисоблайман.

Интернет йўқлиги ёқди. Қишлоқда ўзаро муносабатлар жуда илиқ экан. Кир ювиш машинаси бўлмаса-да, қариндошларни чақирсанг, ёрдамга келишаркан. Бир зумда кир кийимлардан асар ҳам қолмайди. Бу ерда қўни-қўшнилар ўртасидаги муносабат ундай эмас.

– Ўзбекистонга кўчиб ўтиш истиқболини қандай баҳолайсиз?

– Мен Ўзбекистонга бажонидил меҳмон бўлиб борган бўлардим. Ҳозирча, фақат меҳмонга.

– Демак, бир қарорга келмагансизлар?
– Йўқ, биз меҳмонга борамиз, барчадан ҳол-аҳвол сўраймиз, зиёрат қиламиз. Биз бу ерда ўз хўжалигимизни йўлга қўймоқчимиз. Албатта, бу Ўзбекистонда қулайроқ бўларди, балки. Аммо, менимча, бу ерда мақсадга мувофиқ бўлади.

– Рус ошхонаси ўзбек миллий таомларидан кескин фарқ қилади. Ўзбек пазандачилигига ҳам ўрганиб кетдингизми?
– Мен ўзбекча таомларни ўзимизга хос тарзда тайёрлайман. Ёғ камроқ қўшаман, камроқ қовураман. Бироқ палов, мастава, хоним, гулмантиларни бажонидил тайёрлайман.

Қанчалик уддалаяпман, буни эримдан сўрашимиз керак. Аммо, менимча, яхши тайёрлай оламан. Лекин, эрим тайёрлаган таом мутлақ ўзгача бўлади. Шунчалик лаззатли ва мазали бўладики, таърифга тил ожиз. Бу борада мен шогирдликка ярайман, холос.

– Аёл учун бахт нимани англатади?
– Оиладаги тинчлик-хотиржамлик. Болаларнинг бахт-саодати, уларнинг барчани хурсанд қилиши. Эринг ғамхўр бўлса, оилада сокинлик бўлса, мана шу мен учун бахт.

– Ислом динини қабул қилибсиз. Ислом ҳақида қандай фикрдасиз?
– Ислом жуда покиза ва тинчлик дини. Қуръонда инсонлар тинч-тотув истиқомат қилишлари лозимлиги тушунтирилади. Рамазон вақтида тўғри муносабатларга кўникма ҳосил қилишади, ёмон сўзларни сўзламасликни ўрганади. Улар Рамазонда ўрганганларини бошқа ойларда ҳаётига татбиқ қилишади.

Ислом мен учун жуда қизиқ дин. Мен бу динни бажонидил ўрганмоқдаман, Қуръонни бажонидил ўқийман. Албатта, алҳамдулиллаҳ, биз умрбўйи ўқиб-ўрганамиз.

Исломда ота-онага бўлган муносабатдан, ҳурматдан ҳайратдаман. Эрим мисолида бунга гувоҳ бўлдим. Бундан ташқари, Исломга кирмасдан олдин ҳам фарзандларимни хатна қилдирган эдим.

Мен ўзим алкоголли ичимликларга Исломни қабул қилмасимдан олдин ҳам қарши бўлганман. Бир сафар ишхонада туғилган кунимни нишонлаганимда болалар шампанидан бир қути олиб борганимда, барчаси гўёки вазиятни тузатишмоқчи бўлишган. Лекин мен кескин рад этганман. Ота-онамга ҳам туғилган кун байрамим алкоголсиз ўтади, деганман. Ахир, жуда кўп фойдали ичимликлар бор.

– Насронийлик дини билан қандай ўхшашликлари бор?
– Нималардадир ўхшаш жиҳатлари бор, аммо фарқли томонлари кўп. Исломда менга кўпроқ меҳрибонлик борлиги ёқади. Осонроқ тушунтирилади. Насронийликда, мен бир неча маротаба Инжилни ўқишга уринганман, эски рус тилида бўлгани боис, тушуниш мураккаб. Қуръонни қўлингга олганингда ҳам бироз тайёрланиб олиш даркор, аммо мутолаани бошлагач, тўхтата олмайсан, қизиқишинг ортади.

Насронийликда роҳиблар бирор ибодат маросимини 2-3 соатлаб ўтказганларида, чидаш бироз қийин бўлади. Айниқса, чўқинтириш маросимларида болаларга жуда қийин бўлади. Ҳам мақсади номаълум.

Қуръон тиловатини дастлаб эшитганимда, жуда йиғлаганман. Кўз ёшларим дарёдек оққан. Ўзимга нима бўлганини тушунмаганман. Кўз ёшимни тўхтата олмаганман, ваҳоланки арабчани англамас эдим. Ислом одамга қандайдир ички хотиржамлик беради.

– Елена, сиз бирор университет ёки институтда таҳсил олганмисиз?
– Ҳа, юридик ва тиббий маълумотларим бор. Исломни қабул қилганимдан сўнг, мен пайғамбар тиббиёти – ҳижомани ўргандим. Бемор инсонга дори-дармонларсиз, ўт-ўланлар билан ёрдам бера олишимиз, баъзида инсон организмини бузадиган таблеткаларсиз даволай олиш жуда ажойиб. Давлатимизнинг айрим ҳолларда болаларга бепул таблеткалар тақдим этиши, аслида зарарлидир.

– Баҳром ака қандай ота?
– Алҳамдулиллаҳ, жуда ғамхўр ота. Жуда қаттиққўл ота. Ҳақиқат учун қаттиққўл. Яхши кўрса, бутун юраги билан яхши кўради. Болалар ҳам уни жуда яхши кўришади. Аммо, ўғил болалар учун, айниқса улар бир неча нафар бўлса, қаттиққўллик жуда керак. Ҳатто, бир нафар ўғил бўлса ҳам отанинг таянчи зарур бўлади, чунки ўғилларни она тарбия қилиши нотўғри.

– 6 фарзандни тарбиялаш оғирлик қилмаяптими?
– Оғир албатта, аммо ҳар бир бола – бу бахтдир. Ҳар бири хурсанд қилади, ҳар бирининг ўз ўрни, характери бор. Кайфиятни кўтаради. Турмуш ўртоғим ҳам ишга кетгач, орада бирровга келиб, ҳар бирини уйғотади, ўйнайди. Уларнинг бирортасини озгина кўрмай қолсак, жуда соғиниб қоламиз.

– Баҳром ака, Россияда болаларга давлат томонидан қанчалик эътибор берилади?
– Учинчи фарзанд туғилганида, кўп болали оила мақомини оласиз. Қўлингизга ҳужжат берилади, поликлиникаларда махсус дафтарча билан, ҳатто онлайн навбатда ҳам навбатсиз кира оласиз.

Ўқийдиган болаларга мактаб формаси, сумкалар тақдим этилади. Ижтимоий ҳимоя дейишади, оиладаги аҳволдан хабар олиб туришади. Кир ювиш машинангиз йўқ бўлса, олиб беришади, музлатгичнинг муддати ўтган бўлса, янгисини беришади. Телевизор бўлмаса, уни ҳам. Ҳатто, катта ўғлимизга ноутбук тақдим этишган.

Илгари Ўзбекистонда ҳам бўларди. Ҳар ойда сут маҳсулотлари бериб туришади. Иккинчи фарзанд туғилганда махсус ҳисоб рақам очилиб, унга 450 минг рубль (тахминан 7,5 минг АҚШ доллари) маблағ қўйилади. Уни уй олиш мақсадида, онасига нафақа сифатида ёхуд болалар эҳтиёжига сарфлаш мумкин.

– Баҳром ака, келажакдаги режаларингиз?
– Фарзандларга тўғри тарбия бериб, уларни вояга етказиб, Ўзбекистонга қайтиб борган тақдирда ҳам, ватанга фойдаси тегадиган инсонлар қилиш. Қолаверса, барча мусулмонлар сингари, келажакда, Аллоҳ насиб этса, Байтига чақирса, Ҳаж ёки Умрага оилавий бўлиб бориш.




Мавзуга оид янгиликлар
  • Энг яхши суперфуд: исмалоқнинг фойдали хусусиятлари 29 апр, 10:30 100
  • Японларни дунёдаги энг узоқ умр кўрувчи миллатга айлантираётган фойдали одатлар 27 апр, 11:27 270
  • Ортиқча вазнли инсонлар учун соғлом овқатланишнинг бешта муҳим қоидаси 25 апр, 12:59 133
  • Сариқми ёки яшил: қайси турдаги банан фойдалироқ? 24 апр, 12:45 314
  • Қайси кундалик одатлар иммунитет пасайишига олиб келишини биласизми? 24 апр, 06:00 212
  • Парҳезшунос узоқ яшаш учун муҳим сирни «очди» 22 апр, 21:30 274
  • Сўнгги янгиликлар
  • Ўз қўлимиз билан муаммо яратмайлик... 30 апр, 21:56 1
  • Доналд Трамп судга ҳурматсизлик қилгани учун жаримага тортилди 30 апр, 21:33 10
  • Кўп квартирали уйларда «квартплата»нинг энг кам миқдори тасдиқланди 30 апр, 21:10 21
  • АҚШнинг Марказий Осиё давлатлари бўйича стратегиясида Россия ва Хитойнинг тилга олиниши 30 апр, 20:43 37
  • Тошкент вилоятида 17 та ноқонуний майнер давлатга 16 миллиард сўм зарар етказди 30 апр, 20:18 12
  • Президентнинг янги қарори бўйича маълумот берилди 30 апр, 19:54 144
  • Май ойида кутилаётган об-ҳаво маълумоти тақдим этилди 30 апр, 19:30 97
  • Green Card жавоблари қачон чиқиши эълон қилинди 30 апр, 19:13 35
  • Грузия бош вазири мамлакат президентини “сотқин” деб атади 30 апр, 18:50 193
  • Андижонда келин эрининг уйидан сепларини МИБ орқали қайтариб олди 30 апр, 18:28 48
  • Турк сериаллари юлдузи Демет Ўздемирнинг Истанбулдаги шинам вилласига саёҳат 30 апр, 18:02 74
  • Эрон Афғонистон билан чегарасида бетон девор қуришни бошлади 30 апр, 17:39 154
  • Бўлимлар