Фаластин ва Исроил ўт очишни тўхтатишга келишиб олди. Бу ҳақда Ғазо секторидаги телеканаллар хабар қилган.
Reuters ахборот агентлигининг фаластинлик манбага иқтибос келтирган ҳолда хабар беришича, Миср воситачилигида эришилган келишув 6 май соат 4.30дан амал қила бошлаши
белгиланган.
Кейинроқ исроиллик ҳарбийлар Фаластин томонидан ўт очилиши сабабли мамлакат жануби аҳолиси учун киритилган барча чекловлар соат 7дан олинишини эълон қилишган. Бу эса ўт очишни тўхтатиш ҳақида келишувга эришилганини тасдиқлашини билдиради.
Май бошида фаластинликлар томонидан Исроилнинг ўққа тутилиши бошлангандан кейин Исроилга 600 га яқин ракета ва миналар отилган. Исроиллик ҳарбийлар бунга жавобан Ғазо секторидаги деярли 300 га яқин объектга авиазарба берган. Охирги маълумотларга кўра, ўзаро ҳужумлар оқибатида Исроил томонидан 4 киши, Фаластиндан 25 киши ҳалок бўлган.
Ўзаро зарбалар берилиши икки томон ўртасида деярли бир ойлик осойишталикка чек қўйган ва 2014 йил ёзидан бери энг кўп қон тўкилгани бўлган. Бу ҳолат Тел-Авивда май ўртасида ўтказилиши белгиланган “Евровидение” халқаро мусиқий танлови ўтказилишини хавф остига қўйиши мумкин.