«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 25 2024, 09:33
ЎЗO‘Z

Италия матбуотида «диктатор-тарбиясиз» баҳси: Эрдўған бир ҳафта кутди, Драги эса ортга қайтмади

16 апр, 22:28 2 247 Дунё
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Италия матбуотида «диктатор-тарбиясиз» баҳси: Эрдўған бир ҳафта кутди, Драги эса ортга қайтмади
Фото: Getty Images

Италия бош вазири Марио Драги ўтган ҳафта Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанни «диктатор» деб атагач, шу кунларда Эрдўған Драгига жавоб қайтарди ва уни «тарбиясиз»ликда айблади. Бу эса Италияда кучли акс-садо берди.

BBC турк хизмати Италия бош вазирининг матбуот хизматидан Италия матбуотидаги иддаолар ва Эрдўғаннинг жавоби юзасидан баёнот берилиши ёки берилмаслигини сўради. Италия расмийларидан бири ОАВдаги хабарларга ҳеч қандай изоҳ берилмаслигини айтди.
Италия матбуоти бир ҳафтадан бери давом этиб келаётган тарангликни дипломатик каналлар орқали юмшатишга ҳаракат қилингани, аммо Драги «тузатиш киритиш» таклифини рад этганини ёзди.
Кеча Италия газеталарида Эрдўғаннинг Драгига берган жавоби ва Италия томонида бир ҳафтадан бери содир бўлаётган воқеалар тўғрисида маълумотлар берилди. Эрдўғаннинг кечаги сўзлари Италия газеталарида «Эрдўғаннинг ҳужуми: Драги тарбиясиз» каби сарлавҳалар билан кенг ёритилди.
Италия матбуоти Драги ўтган ҳафтанинг пайшанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Эрдўған ҳақида «диктатор» сўзини ишлатганидан бери Рим сукут сақлаганига эътибор қаратди. Газеталардаги саҳна орти маълумотларига кўра, ўтган ҳафта давомида Италия дипломатияси муносабатларни тиклаш учун иш олиб борган, аммо Драгини ортга қайтишга кўндира олинмаган.
«Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Марио Драгига кечирим сўралмаган тақдирда ҳам тузатиш имкониятини бериш учун бир ҳафта кутди», деб ёзади La Stampa газетаси. Газетанинг ёзишича, бу бир ҳафта мобайнида «Драги итальян дипломатиясини уялтириб, сукут сақлади» ва муросага эришиш бўйича ҳеч қандай қадам ташланмагач, Эрдўған жавоб қайтарди.
La Repubblica газетаси ҳам Италия томонининг бир ҳафта сукут сақлаганига эътибор қаратди ва буни қуйидагича изоҳлади:
«Рим ҳозирча сукут сақлашни танлади. «Изоҳ бермаслик» усули билан тарангликни юмшатишга умид қилинмоқда».
Собиқ Анқара элчиси «тузатишни» тавсия қилди

La Stampa газетасидаги саҳна орти маълумотларга кўра, бош вазир Драгининг дипломатик маслаҳатчиси бўлиб ишлаган Италиянинг Анқарадаги собиқ элчиси Луиджи Маттиоло Эрдўған «диктатор» деб аталган чиқишнинг ортидан дарҳол масалага аралашган.
La Stampa бош вазирлик манбаларига асосланган хабарида шундай ёзади: «Маттиоло бош вазирга унинг бу гапи «жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини тушунтирди. Уни (Эрдўғанни – таҳр.) диктатор деб атаб бўлмайди, биз буни қандайдир тарзда тузатишимиз керак», деган туркларнинг табиатини яхши билган собиқ Анқара элчиси. Аммо унинг бу тавсиясини Драги «Мен ҳеч нарсани тузатмайман» деб рад этган.
Драги 8 апрель куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Европа Иттифоқи раҳбарларининг Анқарага ташрифи пайтида содир бўлган протокол инқирозини баҳолаш асносида Эрдўғанни «диктатор» деб таърифлаганди.
Эрдўған: Бу – қўполлик, тарбиясизликдир
Эрдўған берган жавобида шундай дейди: «Италия бош вазирининг баёноти ўтакетган одобсизлик, ўтакетган тарбиясизликдир. Туркия-Италия муносабатлари энди янги бир босқичга кўтарилишини умид қилиб турган бир пайтимизда Драги деган одам ўзининг ушбу баёноти билан, афсуски, орамиздаги муносабатларга болта урди».
«Ахир, сен тайинланган бир одамсан, сайланмагансан. Тоййиб Эрдўғанни бундай деб аташдан олдин ўз тарихингдан хабардор бўлишинг керак, аммо кўрдикки, сенинг хабаринг йўқ. Биз ўз миллатимиздан олган кучимиз билан, миллатимизнинг бизга берган иродаси билан унга хизмат қилиш йўлидан борамиз», дейди Туркия президенти.  
Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, Италияда аввалги коалицион ҳукумат ағдарилгач, президент янги ҳукумат тузиш вазифасини Европа Марказий банкининг собиқ президенти Марио Драгига берганди. Драги бош вазирлиги даврида – ўтган февраль ойида тузилган ва қисман технократлар ва қисман сиёсатчилардан ташкил топган ҳукумат парламентдаги партияларнинг аксарияти томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Сиёсий етакчилар Драгини қўллаб-қувватламоқда
Эрдўғаннинг сўзларига Италия бош вазирлигидан жавоб бўлмагач, сиёсий партия раҳбарлари Драгини қўллаб-қувватлашди.
«Бугун мен ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ Драги, демократия, эркинлик ва Ғарбнинг ёнидаман», дейди коалицион ҳукуматдан ўрин эгаллаган Лига партиясининг етакчиси Маттео Сальвини.
«Мухолифатдаги депутатларни ҳибсга олган ва курд қишлоқларини бомбардимон қилган жаноб Эрдўғаннинг Италия бош вазирига одоб-ахлоқдан дарс беришни хоҳлаб қолиши жуда кулгили», дейди Италия сўл партияси етакчиси Никола Фратоянни.
«Драги фақат ҳақиқатни айтди», дейди Тирик Италия партияси депутати ва парламент ташқи алоқалар қўмитаси аъзоси Геннаро Миглиоре. 
Ижтимоий тармоқларда қолдирилган изоҳларда ҳам Туркия тарафидан Драгини «тарихидан хабарсиз»ликда айбланиши ва «Муссолини» билан боғлиқ эслатмаларга муносабат билдирилди. «Унинг Драгига ўтмишда бизнинг диктаторимиз бўлганини эслатиши ғалати. Эрдўған, ҳарҳолда, диктаторимизнинг тақдири нима билан якун топганини эсламаса керак», каби изоҳлар ёзилди.




Мавзуга оид янгиликлар
  • Қозоғистон бош вазири ўринбосари Кобулда “Толибон” вакиллари билан учрашди 25 апр, 08:20 0
  • Байден тегишли қонунни имзолади: АҚШда TikTok блокланиши мумкин 25 апр, 07:46 4
  • Россияда «катта балиқ» тўрга тушди. У нимада айбланмоқда? 25 апр, 07:13 82
  • АҚШ Украинага яширинча ATACMS ракеталарини етказиб берди 25 апр, 06:00 86
  • Эронда рэпер Тумож Солиҳий ўлим жазосига ҳукм қилинди 24 апр, 23:35 213
  • Шойгунинг ўринбосари ҳибсга олинди. Бу иш ҳақида ҳозиргача нималар маълум? 24 апр, 23:12 227
  • Сўнгги янгиликлар
  • Хонанда Авазбек Олимовдан “Севар ёрим” қўшиғини рухсатсиз куйлаб келаётгани учун 540 млн сўм ундириш сўралмоқда 25 апр, 08:44 0
  • Қозоғистон бош вазири ўринбосари Кобулда “Толибон” вакиллари билан учрашди 25 апр, 08:20 0
  • Байден тегишли қонунни имзолади: АҚШда TikTok блокланиши мумкин 25 апр, 07:46 4
  • Россияда «катта балиқ» тўрга тушди. У нимада айбланмоқда? 25 апр, 07:13 82
  • Яшил ҳудудларда яшаш депрессия ва ташвишни камайтиради 25 апр, 06:38 12
  • АҚШ Украинага яширинча ATACMS ракеталарини етказиб берди 25 апр, 06:00 86
  • Ўзбек профессионал бокси тарихидаги энг катта жанг тасдиқланди! 25 апр, 00:33 280
  • Хосе Венансио: Эронга қарши ўйиндаги ғалаба Жаҳон чемпионати олдидан жамоамизга яхши таъсир кўрсатади 25 апр, 00:23 127
  • Ўзбекистон биринчи чоракда 2,7 млрд долларлик олтин сотди 25 апр, 00:06 45
  • Эронда рэпер Тумож Солиҳий ўлим жазосига ҳукм қилинди 24 апр, 23:35 213
  • Шойгунинг ўринбосари ҳибсга олинди. Бу иш ҳақида ҳозиргача нималар маълум? 24 апр, 23:12 227
  • Олимлар 2024 йилда кучли жазирамадан азият чекиши кутиладиган ҳудудларни айтди 24 апр, 22:42 291
  • Бўлимлар