«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 08 2020, 19:39
ЎЗO‘Z

30 кишилик тўй таассуротлари: янги келин олган оила хонадонига ташриф

13 июл, 00:23 1 707 Жамият
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
30 кишилик тўй таассуротлари: янги келин олган оила хонадонига ташриф Фото: Kun.uz
Халқимизда бир ёмонликда бир хайр бор, деган нақл бор. Пандемия туфайли мамлакатимизда дабдабадан, исрофгарчиликдан холи файзли тўйлар ўтказила бошланди.
10 июлдан яна қатъий карантин бошлангунига қадар, камчилик билан бўлса-да уйида тўй ўтказаётган ҳамюртларимиз ҳақида тез-тез эшитиб турган эдик.

Бир неча кун олдин халқимиз учун мутлақо ноодатий тарзда ўтаётган тўйлар ҳақида кўпроқ тасаввурга эга бўлиш мақсадида Юнусобод тумани Ғайратий маҳалласида бўлиб, яқинда 30 кишилик тўй ўтказиб келин олган хонадон эгалари билан суҳбатлашдик деб ёзади Kun.uz нашри.

— Ассалому алайкум! Эшитимизча, яқинда файзли, озчиқим тўй қилибсизлар. Мана шу тўй таассуротлари билан ўртоқлашсангиз, деб хонадонингизга келдик. Шу ҳақда гапириб берсангиз.
Ёқутхон ҳожи она Шермуҳамедова (куёвнинг бувиси): — Ҳа, тўйимизни ихчамгина 30 кишилик қилиб ўтказдик. Жуда яхши ўтди. Шундай тўйларни ўтказиш жуда қулай ва камчиқим экан. Бу шароитни кўриб, тўйга айтмадинг деб биров хафа бўлмади.

Бу – еттинчи невара келиним бўлди. Ўзим 82 ёшга кирган бўлсам, 26 нафар эварам бор. Бундан буёғига ҳам шу тарзда, уйда тўй қилиш анъана бўлиб қолишини хоҳлардим.

Тўйхоналарда 200-300 одам йиғилиб, исрофгарчилик қилиб... Бировнинг кучи етади, бировники етмайди. Мана шундай ихчам тўй қилса ҳам бўларкан. Жуда файзли ўтди.
Келиним ҳали талаба, 3-курсга ўтди. Неварам Қудратилла «Нархоз»ни тугатган, банкда ишлайди.

— Раҳматилла ака, мана тўйларни ҳам ўтказиб олдингиз. Шу 30 кишилик тўйда ҳаммани ҳам таклиф қила олмагансиз. Шу пайтда сиздан хафа бўлишмадими?
Раҳматилла Шермуҳамедов (куёвнинг отаси): — Йўқ, умуман хафа бўлишмади. Чунки мана, шароитни кўриб турибди. Кейинги невара кўрганингда келармиз, деб қўйишди. Қайтанга бизга ҳам анча енгиллик бўлди.

Ўзим 28 йилдан бери темир йўл соҳасидаман. Ишга кетаётган муҳожирлар билан кўп мулоқотда бўламиз. Кўпчилиги тўй қилишим керак ёки қарзим бор, деб ишлагани чиқар эди. Тўйларнинг қисқартирилгани жуда яхши бўлди, деб ўйлайман.

— Харажатлари ҳақида ҳам гапириб берсангиз.
— Олдинги тўйлардан харажати анча кам ва енгил. Оддийроқ қилиб 30 кишилик тўй қилса, 5-6 млн сўм кетади.
Фарзандим ҳам бошида иккиланиб турганди, лекин мана, жуда яхши тўй ўтди. Бу ҳолатни кўриб қўшниларимизнинг ҳам тўй қилгиси келиб қолди. Келин қидиришга тушиб кетишди.

— Баъзи ота-оналарда тўйни катта қиламан, катта ресторанларда қиламан, деган орзу-ҳавас бўлади. Сизларнинг орзу-ҳавасларингиз қандай эди?
— Орзу-ҳавасимиз албатта бор эди. Лекин энг кераги – икки ёшнинг бахти. Тўй ресторанда бўладими, уйдами, чет элдами – асосийси ёшларнинг бахти.

— Ўзбек аёллари тўйларга алоҳида эътибор билан ёндашишади. Она сифатида нима дея оласиз? Сизда ҳам кўплаб орзу-ниятлар бўлгандир. Тўй сизга маъқул бўлдими?
Раънохон Шермуҳамедова (куёвнинг онаси): — Маъқул тушди. Камчиқим ўтди. Қуда томон ҳам бундай ҳолатни тўғри тушунишди.
Асосан аёллар иштирокида ўтадиган турли анъаналар: чаллари, келин салом, ҳафталиклар, ўн беш кунликлар бўлмади. Акс ҳолда, биз ҳам 5-6та тоғора билан боришимизга тўғри келар, улар ҳам қайтариши керак бўларди. Буларга харажат кетмади.

— Мана, 30 кишилик тўйни ўтказиб олдингиз. Яқинда тўй қиламан, деб юрганларга нима деган бўлардингиз?

Фото: Kun.uz
Ёқутхон ҳожи она Шермуҳамедова: — Шундай имкониятдан фойдаланиб қолишларини сўрар эдим. Бундан 20 йил олдин ҳам ўғлимни уйлантирганман, худди мана шу ҳовлида, 20 минг сўмга. Агар мана шу 30 кишилик деган гап бўлмаганида нечи минг доллар пулимиз кетар эди. Оддий ресторанга бир кишига 120-150 минг сўм берилади.

Ресторанга пул бериб қўйган эдик. Кейин қайтариб олиб, уйда 30 кишилик тўй қилдик. Ундан ортганини мана рўзғорга ишлатяпмиз.

Олдинлари халққа бир марта ош берилар эди, шу билан катта тўй ўтар эди. Охирги пайтлар эса тўйларнинг турлари кўпайиб, харажати ошиб кетаётганди. Бунга кимнингдир қурби етади, кимникидир етмайди. Мана, вилоятлардан ишлашга келишади Тошкентга. Айнан пул топиб уйланаман деган мақсадда.

Неварам ҳам жуда хурсанд бўлди. Келин томонга иккита ўртоғи билан бориб, келинни олиб келишди. Қуда тарафимизга ҳам жуда енгиллик бўлди, деб ўйлайман. Исрофгарчилик ва оворагарчиликлар бўлмади.

— 30 кишидан бир неча кун тўй қилиш ҳолатлари учради. Сизларда қандай бўлди?
— Йўқ, бизда умуман бошқача бўлди. Куёв соат 15:00ларда келинникига борди, удумларини қилишди, кейин уйга олиб келиб, соат узоғи 22:00гача тўй тарқалди. Қуда томондан 12 киши бўлиб келишди.

— Элнинг ошини еганман, мен ҳам ош беришим керак, деган қараш бор...
Раҳматилла Шермуҳамедов: — Тўғри, одамлар мен ҳам тўйларга борганман, одамларнинг ошини еганман деб ўйлаши мумкинки. Лекин мана шу 30тага ҳам рухсат бергани учун хурсандман. Асосийси фарзандларимизнинг бахти эмасми?

Орзу-ҳавас деб, яхши кунлар келади деб юрганлар ҳам кўникиб мана яқинда тўй қилишди. Қўни-қўшни, ҳамкасблар, қариндошлар ҳам ҳаммаси тўғри тушунишди. Ҳеч ким гина-кудрат қилмади, вой мени айтмабсан деб. Ҳаммаси икки ёшга бахт тилашди.

Ёқутхон ҳожи она Шермуҳамедова: — Бизга керакмас бўлган анъаналар бор эди. Ким тўй қилса куёвларига ёки қуда томондагиларга чопон кийғизиш керак бўлган. Кимгадир етмай қолса, дарров хафа бўлар эди. Бундай тўйларда умуман унақа нарсаларга ҳожат қолмайди.

— Умуман, битта тўй учун неча кишини чақириш меъёрида бўлади, деб ўйлайсиз?
Раҳматилла Шермуҳамедов: — Менимча, пандемия тугатганидан кейин ҳам, шу ўзбекчиликни ҳисобга олган ҳолда, бир тўйга 70-80та ўрин қилинса, шу меъёр деб ўйлайман. Энди, ака-укачилик, қариндош-уруғчиликлар бор, шу томонларини ҳисобга олган ҳолда.

Яна бир томони – четдан кириб келган, бизга умуман керак бўлмаган удумлар бор. Уларда ўзбекчиликдан асар ҳам йўқ. Санъаткорларни ҳам ихчамроқ қилиш керак.

Карантиндаги тўйда юрагингиз шовуллаб тураркан: мен сабаб бошқалар касал бўлиб қолишмасин деб, 24 кун ўтганидан кейин ўзимга келдим. Одам барибир ҳам қўрқар экан. Лекин, мана давлат томонидан ҳам бирма бир текшириб туришди.

— Яқинда тўй қилмоқчи бўлган ота-оналарга нималарни тавсия қиласиз?
Ёқутхон ҳожи она Шермуҳамедова: — Маслаҳатим, шу коронавируслар йўқ бўлиб, ўтиб кетганидан кейин ҳам ихчамгина тўй қилинглар. Катта тўй қиламан деб, чет элга бориб ишлаб ёки қарзга тушиб қолиш керак эмас.

Ресторанлар очилганида ҳам тўйда қатнашадиганлар сони кўпи билан юз нафардан ошмаслиги керак. Ҳозир кўпчилик ишсиз, шунинг учун қурби етганича исрофгарчиликларсиз тўй қилиш керак, деб ўйлайман.

Раҳматилла Исроилов суҳбатлашди.




 Добавление комментария


Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив

Мавзуга оид янгиликлар
  • Қизим эшик очади... (Ибратли ҳикоя) 06 июн, 15:22
  • Алматов: Франциядан келган илк бемор ўз хонадонида 35 кишилик байрам қилган 24 мар, 13:20
  • Хонанда Нилуфар Усмонова ўз исмини нима учун ўзгартирди? 23 апр, 11:08
  • Андижонда ички ишлар ходими уриб ўлдирилди 23 ноя, 08:30
  • Алифбо ислоҳоти халқни саводсиз қиладими? 07 ноя, 21:20
  • Тарихнинг зарҳал саҳифаси: Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ўз устози билан 27 сен, 17:34
  • Сўнгги янгиликлар
  • Тест синовлари қачон ва қай тартибда ўтади? 08 авг, 19:05 0
  • Бу йил ОТМ тўлов-контракт миқдори ўзгармайди 08 авг, 18:41 0
  • Бош вазир: «Яхши ҳам ОАВ, яхши ҳам блогерлар бор экан» 08 авг, 18:17 3
  • Бугун беморларнинг барчаси Тошкент шаҳри ҳамда вилоятида аниқланди 08 авг, 17:53 1
  • Коронавирусга чалинганларда ўлим хавфи юқорилигини кўрсатувчи симптом топилди 08 авг, 17:30 5
  • Россияда мигрантлар учун талаб юқори бўлган касблар айтилди 08 авг, 17:07 4
  • "Толибон" қуролларни кимдан сотиб олишини маълум қилди 08 авг, 16:43 662
  • Германиялик экспертлар коронавирусга қарши курашда ҳамкорлик қилиш учун Ўзбекистонга келмоқда 08 авг, 16:19 185
  • Ўрта-махсус маълумотли йўл-патрул ходимларини олий маълумотлиларига алмаштириш чоралари кўрилмоқда 08 авг, 15:53 324
  • Мутахассис нима учун тиббий ниқоб тақиш муҳимлигини тушунтирди (видео) 08 авг, 15:30 228
  • Коронавирусли беморларнинг аҳволини яхшилайдиган ягона омил айтилди 08 авг, 15:06 935
  • Aмaл тeгиб… 08 авг, 14:42 765
  • Бўлимлар