«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 05 2020, 06:35
ЎЗO‘Z

Коронавирусга чалинган беморни уйда даволаш ва ундан вирус юқтириб олмаслик бўйича қандай кўрсатмалар мавжуд?

12 июл, 23:53 1 188 Жамият
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Коронавирусга чалинган беморни уйда даволаш ва ундан вирус юқтириб олмаслик бўйича қандай кўрсатмалар мавжуд? Фото: HTHayat
Айтайлик, сиз ўзингизда коронавирус аломатларини сезяпсиз ёки бу бўйича аниқ ташхис қўйилгач, уйда даволанишингизга тўғри келяпти. Хўш, бундай вазиятда ўзингиз ва оилангиз учун муҳим бўлган қандай кўрсатмаларга амал қилишингиз керак? Қандай қилиб инфекция тарқалишининг олдини олиш мумкин? Мутахассисларнинг бу борадаги тавсиялари нималардан иборат? Қуйида ушбу саволлар юзасидан соҳа мутахассисларининг тегишли тавсиялари берилади.

Аслида, коронавирусни уйда индивидуал ҳаракатлар билан даволаш тўғри эмас. Сипмтомлар даражасидан қатъи назар, тест натижаси мусбат бўлса, даволаниш шифохона шароитида, беморлар учун ажратилган махсус хизматларда ва изоляция қилинган шифокор назорати остида амалга оширилиши мақсадга мувофиқ.

Коронавирус ташхиси қўйилганларнинг аксариятида енгил симптомлар кузатилиши ва улар уйда даволанишлари мумкин.

Шунингдек, аломатлар бир неча кун давомида намоён бўлиши, вирус билан касалланган одамлар тахминан бир ҳафта ичида ўзларини яхши ҳис қилишлари мумкин. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти беморни парвариш қилувчиларга касаллик аломатлари бошланганидан кейин 14 кун давомида (Ўзбекистон санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси томонидан бу муддат 10 кун этиб белгиланган) унинг соғлиғи билан боғлиқ ўзгаришларини кузатиб боришни тавсия қилади.

Коронавирусдан уйда даволаниш симптомларни енгиллаштиришга қаратилган бўлиб, мазкур жараён дам олиш, суюқлик истеъмол қилиш ва шифокор томонидан тавсия этилган дориларни вақида қабул қилишни ўз ичига олади.

Энг аввало, бемор парвариши учун уйни изоляция қилиш бўйича шифокорнинг тавсияларига қатъий риоя қилиш даркор. Айни пайтда беморни парвариш қилиш сизнинг соғлиғингизга қандай таъсир қилиши мумкинлигини ҳам кўриб чиқишингиз лозим. Агар сиз хавф гуруҳига кирадиган ёшда бўлсангиз ёки сурункали касаллик (масалан, юрак ёки ўпка касаллиги ёки диабет)га чалинган бўлсангиз, вирус юқтириб олишингиз хавфи анча юқори бўлади. Бундай ҳолатда сиз ўзингизни бемордан узоқ тутишингиз, унга ғамхўрлик қилиш учун эса бошқа кишини қўйишингиз лозим бўлади.

Масалан, Туркияда ҳам тест натижаси мусбат чиққан, аммо юқори ҳарорат ва нафас қисиши каби оғир аломатлар кузатилмаётган беморлар уй шароитида даволанмоқда. Чунончи, Соғлиқни сақлаш вазирлиги илмий қўмитаси аъзоси профессор-доктор Алпай Азап Anadolu Agency нашрига берган маълумотларида коронавируснинг енгил ҳолатларини уйда даволаш илмий жиҳатдан тўғрилигини айтди. У коронавирус ҳолатларининг аксарияти енгил аломатлар билан кечаётганини таъкидлаган.

«Баъзи беморларнинг даволаниш жараёни қисқа муддатли курсда якунланяпти. Бундай беморларни касалхонага ётқизиш уларнинг нуқтайи назарига кўра ҳам тўғри эмас. Биз нафақат Covid-19’да, балки бошқа барча касалликларда ҳам беморларни зарур ҳолда касалхонада тутиб турамиз ёки уйига кузатамиз. Уйда даволанаётган беморлар албатта изоляция остида бўлишлари шарт», деди у.

Доктор Алпай Азап коронавирусга чалинган беморларнинг касалхонада даволаниш мезонлари ҳақида ҳам изоҳ берди. Туркия соғлиқни сақлаш вазирлиги қарорларига кўра, қуйидаги гуруҳларга мансуб беморларни шифохонада даволаш мақсадга мувофиқ ҳисобланади:
- Иммунитет тизими заиф беморлар;
- Оғир пневмония аломати борлар;
- Лаборатория натижалари касаллиги оғир эканини кўрсатган беморлар;
- Интенсив хавф гуруҳига киритилганлар.

Фавқулодда вазиятлар
Касаллик оғирлашиши ёки аломатлар кучайиши жараёнини диққат билан кузатиб бориш керак. Агар аломатлар ёмонлашса ёки бирор фавқулодда вазият белгилари, шу жумладан, қуйидаги ҳоллар кузатилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш керак:
- нафас қисилиши;
- доимий кўкрак оғриғи ёки кўкракдаги босим ҳисси;
- лаб ёки юзнинг кўкимтир тусга кириши;
- юқори ҳарорат.

Тиббий тавсиялар
Агар сиз ўзингизни касал ҳис қилсангиз, дам олишингиз, кўпроқ суюқлик ичишингиз ва тўйимли овқат истеъмол қилишингиз керак. Оила аъзоларингиздан алоҳида хонада туринг ва иложи бўлса, алоҳида ҳаммомдан фойдаланинг. Тез-тез алоқа қиладиган сиртларни тозаланг ва дезинфекция қилинг.

Шифокор томонидан тавсия этилган дори-дармонларни мунтазам равишда ўз вақтида қабул қилинг. Тавсия қилинмаган бошқа дори-дармонларни ишлатманг.

Унутманг, бемор ётган хонага кирган кишилар албатта ниқоб тақиши, хонани тарк этгач эса ниқобини ташлаб юбориши керак.
Уйдаги ҳар бир киши соғлом турмуш тарзини олиб бориши лозим. Сиз ҳам соғлом овқатланиш ва уйқу режимига риоя қилинг, ҳаракат қилинг.

Психологик тавсиялар
Оғир дамларда, айниқса, болалар катталарнинг кўпроқ меҳр ва эътибор кўрсатишига муҳтож бўлади. Танг вазиятларда қайғу ва стрессни бошдан кечириш табиий ҳол. Бундай пайтларда дўстларингиз ва оилангиз билан телефон ёки интернет орқали мулоқот қилиш фойдали бўлиши мумкин.

Умумий тавсиялар:
- Тузалгунингизга қадар ишхона, мактаб ва жамоат жойларидан узоқроқ туринг;
- Жамоат транспортидан фойдаланишдан сақланинг;
- Иложи борича оила аъзоларингиз ва бошқа одамлардан узоқроқ туринг (камида 2 метр масофа);
- Ҳаво айланиши учун ойналарни очинг;
- Уйингиздаги умумий фойдаланиш жойларидан имкон қадар камроқ фойдаланишга ҳаракат қилинг;
- Ошхона ва бошқа умумий фойдаланиш жойларни тез-тез шамоллатиб туринг;
- Сиз учун ажратилган алоҳида хонанинг эшик тутқичларини, чироқ ёқиш тугмаларини ҳар кун тозаланг;
- Идиш-товоқ, сочиқ ва чойшаб каби шахсий уй буюмларингизни ким биландир бирга ишлатишдан сақланинг;
- Бошқаларнинг ёнида ниқоб тақинг. Ниқобингизни ҳар куни, иложи бўлса, ҳар икки соатда алмаштиринг;
- Ниқоб тақмаган пайт йўталганингизда ёки аксирганингизда оғзингиз ва бурнингизни рўмолча ёки тирсакнинг ички қисми билан ёпганингизга мутлақ ишонч ҳосил қилинг. Фойдаланган рўмолчангизни ва уст кийимларингизни албатта ювинг;
- Камида 20 сония давомида қўлингизни совунлаб ювинг ёки энг камида 60 фоиз спирт таркибли қўл санитария воситасидан фойдаланинг.
Ҳар қандай шароитда ҳам ҳаётингиз ўзингиз ва яқинларингиз учун ниҳоятда қадрли эканини асло унутманг!

Бемордан вирус юқтириб олмаслик бўйича тавсиялар:
Коронавирус ташхиси қўйилган беморга қаровчи шахс ўзини ўзи ҳимоя қилиши учун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қуйидагиларни тавсия қилади:
1. Қўлларингизни тоза ва юзингиздан узоқроқ тутинг
Қўлингизни, айниқса, яқин алоқадан сўнг, шунингдек, беморнинг хонасида бўлганингизда совун билан 20 сония давомида ювинг ёки камида 60 фоизли спирт таркибли қўл санитария воситасидан фойдаланинг. Кўзларингизга, бурнингизга ва оғзингизга тегмасликка ҳаракат қилинг.

2. Юз ниқоби тақинг
Бемор ётган хонага ниқоб таққан ҳолда киринг. Ниқобингизнинг олд қисмига тегманг. Касал одамдан камида 2 метр масофада туринг. Агар ниқобингиз ҳўл ёки ифлос бўлса, уни тоза ва қуруқ ниқоб билан алмаштиринг. Ишлатилган ниқоблардан қайта фойдаланманг. Ниқобни алмаштиргандан кейин қўлларингизни ювинг.

3. Уйни тез-тез тозалаб туринг
Ҳар куни столлар устини, эшик тутқичларини, умуман, тез-тез тегиниладиган юзаларни тозалашда спрейлардан ёки салфеткалардан фойдаланинг. Беморнинг изоляция қилинган хонасини ва ҳаммомини тозалашдан сақланинг. Агар тозалаш зарурати туғилса, шахсий ҳимоя воситаларидан, масалан, ниқоб ва қўлқоплардан фойдаланинг ва бу жараёндан сўнг уни тўғри шаклда ечиб, алоҳида чиқинди қутисига ташланг. Шундан кейин қўлингизни ювишни унутманг. Бемор фойдаланадиган чойшаб ва буюмларни алоҳида жойда сақланг ва имкон қадар куттирмасдан тезроқ ювинг.

4. Кир ювишга эътибор беринг
Беморнинг кирланган либосларини ҳар доим бир хил кир ювиш воситасидан фойдаланган ҳолда ювинг. Ювилган нарсаларнинг яхши қуриганига ишонч ҳосил қилинг. Беморнинг кир бўлган кийимларини бир марта қўлланилувчи қўлқоп кийган ҳолда олинг ва уларни танангиздан узоқда тутинг. Қўлқопни ечгач, қўлларингизни ювинг. Нопок қўлқоплар ва ниқобларни алоҳида чиқинди қутисига ташланг ва уйда уни жуда кўп ушлаб турмасликка ҳаракат қилинг.

5. Беморнинг танасидан чиққан суюқликлар билан бевосита алоқа қилишдан сақланинг
Сўлак, бурун суюқлиги, нажас, сийдик ёки бошқа тана чиқиндилари билан ишлаш жараёнида бир марталик қўлқопдан ва юз ниқобидан фойдаланинг. Қўлқоп ва ниқобни ечишдан олдин ва кейин қўлингизни ювинг. Ниқоб ва қўлқопларингизни қайта ишлатманг.

6. Уйингизга меҳмон чақирманг
Бемор тўлиқ тузалмагунча ва коронавирус аломатлари тўлиқ йўқолмагунча уйингизда меҳмон қабул қилманг.

Изоляцияни якунлаш
Коронавирус билан касалланган беморларни уйда изоляция қилиш жараёни қуйидаги ҳоллардан сўнг якунланиши мумкин:
- Иситмани туширадиган дори-дармонларсиз уч кун тўлиқ иситмасиз ҳолда кечирилганда;
- Бошқа аломатлар кузатилмаганда;
- Аломатлар пайдо бўлгандан кейин камида 14 кундан сўнг (Ўзбекистон санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси томонидан бу муддат 10 кун этиб белгиланган).
Албатта, бемор одатий ҳаёт тартибига қайтгандан кейин ҳам умумий стандарт ҳимоя чораларини кўришда давом этиши лозим.

Стресс билан курашиш
Сизга бу жараёнда руҳий далда керак бўлиши мумкин. Телефон қўнғироғи, рақамли алоқа ёки видеоконференциялар орқали бошқалар билан алоқада қолинг. Ташвишларингизни ўртоқлашинг. Коронавирусга оид янгиликларни кўп тинглаш, ўқиш ва томоша қилишдан сақланинг. Дам олинг, мутолаа, фильм томоша қилиш ёки онлайн ўйин ўйнаш каби қизиқарли машғулотларга эътибор қаратинг.

Коронавирусга чалинган яқинларингизнинг парвариши билан шуғулланаётганингизда кучли стрессни ҳис қилишингиз мумкин. Чунки сиз бир пайтнинг ўзида нафақат ўз соғлиғингиз, балки бемор яқинингизнинг соғлиғи ҳақида ҳам қайғурасиз. Бу сизнинг овқатланиш, ухлаш ва концентрация қилиш қобилиятингизга, шунингдек, агар мавжуд бўлса, сурункали касаллик билан боғлиқ муаммоларингизга таъсир қилиши мумкин. Бундан ташқари, спиртли ичимлик ва тамаки каби маҳсулотларини истеъмол қилиш бу жараёнда кучайиши мумкин. Агар сизнинг ҳам аҳволингиз ёмонлашса, шифокор-мутахассисга мурожаат қилинг.

Ўзингизга ғамхўрлик қилиш учун қуйидаги амалларни бажаринг:
- Душ қабул қилиш ва кийинишни ўз ичига олган кундалик тартибингизни сақланг;
- Коронавирус янгиликларидан, шу жумладан, ижтимоий тармоқлардан танаффус олинг;
- Соғлом овқатланинг ва етарли миқдорда сув истеъмол қилаётганингизга ишонч ҳосил қилинг;
- Жисмоний машқлар бажаринг;
- Кўп ухланг;
- Спиртли ичимликлар истеъмол қилишдан сақланинг;
- Чуқур нафас олиш машқларини бажаринг ва медитация қилинг;
- Ёқимли ишларга эътибор қаратинг;
- Бошқалар билан боғланинг ва ўзингизни қандай ҳис қилаётганингизни айтинг.
Унутманг, ўзингизга ғамхўрлик қилишингиз стрессни енгишингизда, яқинларингизнинг тезроқ соғайиб кетиши ва уларни қўллаб-қувватлашда ёрдам беради.

Манба: Kun.uz



 Добавление комментария


Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив

Мавзуга оид янгиликлар
  • Ўзбекистонда коронавирус қандай тарқалди? Мутахассис тафсилотларни маълум қилди 24 мар, 15:28
  • Ўзбекистонда беморлар билан алоқада бўлмасдан туриб ҳам вирус юқтириш ҳолати қайд этилди 24 мар, 13:43
  • Нима учун коронавирусни кўпроқ эркаклар юқтиришмоқда? 23 мар, 22:50
  • Ўзбекистонда қанча одам ишга муҳтожлиги расман маълум қилинди 23 мая, 11:48
  • 16 февраль воқеалари иштирокчиси Зокир Раҳимов Туркияда қўлга олинди (видео) 20 июл, 20:07
  • Энди шу кам эди! Отнинг жойи отхонада, тўйхонада эмас 10 окт, 21:31
  • Сўнгги янгиликлар
  • Мутахассис бир вақтда грипп ва коронавирусга чалиниш эҳтимоли мавжудлигини айтди 05 авг, 06:00 0
  • Коронавирусни даволашда қўлланилаётган дорилар рўйхати эълон қилинди 05 авг, 00:30 692
  • «COVID-19» беморлари касаллик даражасига кўра қайси шифохоналарга йўналтирилади? 05 авг, 00:13 344
  • Бугун мамлакатимизда 746 ҳолатда касаллик қайд этилди 04 авг, 23:54 410
  • ЎФА президенти ФИФА, ОФК ва Марказий Осиё минтақасидаги ассоциациялар президентлари билан онлайн мулоқот ўтказди 04 авг, 23:36 311
  • Терма жамоа йиғинини тарк этган 6 футболчи кимлар? 04 авг, 23:17 1 020
  • Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашда маҳалла идораларининг иштироки кескин кучайтирилади 04 авг, 22:53 621
  • Интернетда Тошкентдаги қўшнилар жанжали акс этган видео юзасидан ИИББ муносабат билдирди 04 авг, 22:30 576
  • «Қора ният» турк сериалининг янги мавсуми тизери эълон қилинди: Шаҳика қамоқда (видео) 04 авг, 22:07 442
  • Адебайор: «Реал» Роналдуни сотиб нимани йўқотганини яхши билади, бундай футболчилар 200 йилда бир марта пайдо бўлади 04 авг, 21:43 617
  • Москвада Lada 4х4 модели ғилдираклар устидаги уйга айлантирилди (фото) 04 авг, 21:21 688
  • Давлат тест маркази ОТМга кириш тестлари қачон бўлиб ўтиши юзасидан расмий баёнот билан чиқди 04 авг, 20:56 1 980
  • Бўлимлар