«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 02 2020, 10:58
ЎЗO‘Z

Барчаси коронавирус ҳақида – қисқа сатрларда

02 апр, 00:30 2 434 Дунё
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Барчаси коронавирус ҳақида – қисқа сатрларда 2019 йилнинг сўнгги кунларида Хитойнинг Ухан шаҳрида янги коронавирус пайдо бўлди. Унинг таъсири дастлаб оммавий ахборот воситаларида билинди: SARS-CoV-2 ҳақида янгиликлар, таҳлиллар, илмий мақолалар эълон қилина бошлади. Орадан бир неча ой ўтиб, 2020 йилнинг март ойи ўрталарига келиб атрофимиз деярли шу сўз билан бошланадиган ёки шу сўз қатнашадиган гаплардан иборат бўлиб қолди. Бугун “коронавирус” деган сўзни билмайдиган одам йўқ, ҳисоби – тили чиққан болакайдан ўлим тўшагида ётган кексаларгача бу ҳақда нимадир билади.

Ҳамма жойда шу сўз айланар экан, у ҳақдаги тўғрию нотўғри маълумотлар уммонига чўкиб кетиш ҳеч гап бўлмай қолди. Шунинг учун қуйида у ҳақдаги энг муҳим маълумотларни тўплаб, ушбу вирус ва у келтириб чиқарадиган касаллик ҳақидаги 80 та ҳақиқатни сизга етказишга ҳаракат қилдик. Умид қиламизки, бу сиз учун фойдали ахборот бўлади.

1-ҳақиқат. COVID-19 ва SARS-CoV-2 – бу иккиси бир нарса эмас. COVID-19 – дастлаб Уханда пайдо бўлган янги коронавирус келтириб чиқарган касаллик, ундаги D ҳарфи “disease” – “касаллик” сўзининг биринчи ҳарфини билдиради. SARS-CoV-2 – бу ўша, янги пайдо бўлган коронавируснинг расмий, Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (ЖССТ) томонидан берилган номи.

2-ҳақиқат. CoV – вирус номининг қисқартмаси, тўлиқ шакли: CoronaVirus (коронавирус). Бошоқли учи ташқаридан қараганда қуёш тожини эслатгани учун у шундай, CoronaVirus – “тожли вирус” деб номланган. Биз ҳозир тилга олаётган вирус коронавируслар оиласининг бир вакили бўлиб, унинг 40 га яқин тури бор.

3-ҳақиқат. Коронавируслар – “биологик ёлғончилар” ҳисобланади. Вируснинг ҳар бир бошоғи ўзини фойдали молекула сифатида намоён этади. Шунинг учун ҳужайра тўқималари мамнуният билан уларни ўзига тортиб олади: бошоқнинг ортидан ҳужайрага вирус тўлиқ ҳолатда кириб кетади. Зарарланиш, юқиш мана шундай рўй беради.

4-ҳақиқат. “Янги коронавирус” (novel ёки nCoV) атамаси бу вирусни шу пайтгача на олимлар, на бизнинг ҳужайраларимиз учратганини билдиради.

5-ҳақиқат. Минглаб йиллар давомидаги ривожланиш туфайли бизнинг иммун тизимимиз кўплаб таниқли юқумли касалликларга қарши курашишни ўрганиб олган. Аммо янги коронавирус нотаниш бўлгани учун иммун тизимимизни ажаблантириб, унга қарши курашни мураккаблаштириб қўйди. Шунинг учун уни бартараф этиш қийин, ундан зарарланиш эса осон.

6-ҳақиқат. Ҳужайрага тушган вирус уни “эгаллаб”, устидан назорат ўрнатади ва тўхтовсиз равишда одатий оқсиллар ўрнига ўзининг нусхаларини ишлаб чиқаришга мажбур қилади. Натижада занжирли (кетма-кет уланиб кетадиган) жараён бошланиб, ҳужайра ҳалок бўлади, касалликнинг ташувчиси эса фаол ҳолатда – бошқа одамга ўтишга шай бўлиб қолаверади.

7-ҳақиқат. Дастлабки босқичда янги коронавирус томоқда ва нафас йўлларининг юқори қисмида кўпаяди. Кейин эса пастроққа тушиб, ўпкагача етиб боради ва унинг яллиғланишига олиб келади.

8-ҳақиқат. Шунинг учун янги коронавируснинг биринчи белгиси – йўтал. Ундан кейин тана ҳароратининг кўтарилиши бошланади.

9-ҳақиқат. Ёки ҳеч қандай иситма бўлмайди – Уханда беморларнинг 30%и касалхонага олиб келинганида уларнинг тана ҳарорати меъёридан юқорига кўтарилмаган.

10-ҳақиқат. Касалланганларнинг кўпчилигида (18%и ёки ҳар беш кишидан бирида) ҳатто йўтал ҳам бўлмайди. Касаллик умуман аломатларсиз кечиши – инсон ўзининг касал бўлганидан шубҳаланмай уни ўтказиб юбориши, тўлиқ тузалиб кетиши ҳам мумкин.

Коронавирус билан зарарланишнинг дастлабки белгиларидан бири қуруқ йўтал саналади
11-ҳақиқат. Шунга қарамай, айнан шу – касалликни ҳеч қандай аломатсиз ўтказиб юбораётган киши вируснинг фаол ташувчиси бўлиб, бошқаларни зарарлантириши мумкин.

12-ҳақиқат. Агар COVID-19 касаллиги енгил шаклда ўтса, унинг аломатлари оддий мавсумий гриппникига ўхшайди: қуруқ йўтал, иситма, умумий қувватсизлик, баъзида бўғимларда оғриқ туриши ёки бошоғриғи.

13-ҳақиқат. COVID-19 касаллиги ҳам худди оддий грипп каби даволанади – уй шароитида ва босқичма-босқич.

14-ҳақиқат. Коронавируснинг ўта ноодатий белгиларидан бири – таъм ёки ҳид билиш ҳиссининг йўқолиши.

15-ҳақиқат. Юқорида қайд этилган охирги белги вирус билан касалланганларнинг ҳаммасида ҳам учрамайди. Шунингдек, у касалликнинг ягона белгиси эмас.

16-ҳақиқат. Шундай экан, сизда бирдан ҳид ёки таъм билиш ҳисси йўқолса, бу хавфсирашга ва керакли чораларни қўллашга арзийди.

17-ҳақиқат. Буниси муҳим: янги коронавируснинг ташувчиси ундан зарарланиши биланоқ, ҳали касаллик аломатлари кўринмаган бўлса ҳам атрофдагилар учун хавфли бўлиб қолади.

18-ҳақиқат. Яхши янгилик: хавфли вирус қанчалик ўлдирувчан бўлса, унинг тарқалиш имконияти шунчалик паст бўлади – бир киши бир вирус туфайли вафот этса, энди ўша вирус бошқа одамни зарарлай олмайди. Шунинг учун вирус янада ўлдирувчан шаклга мутация қилмайди – ўзгармайди, бу унинг фойдасига эмас.

19-ҳақиқат. Ёмон янгилик: SARS-CoV-2 (биз кўриб чиқаётган коронавирус) – айнан бошқа тоифага мансуб: у унчалик хавфли эмас, аммо ўзи ўрнашган инсонни касалланиш манбасига айлантиради. Коронавирусга чалинган киши ҳали унинг аломатлари кўринмай туриб яна бир неча кишини зарарлантириши мумкин.

Тиббий ниқоблар коронавирусдан ҳимоя қилмайди. Вируснинг зарралари шунчалик майдаки, улар ниқобдаги тешиклар орасидан осонгина ўтиб кетади.
20-ҳақиқат. Янги коронавирус билан зарарланган киши ўртача 2 нафардан 4 нафаргача инсонга уни тарқатиб улгуради. Бу сон мавсумий гриппдан юқори (касалланган инсон 1-3 кишини зарарлайди), аммо қизамиқдан (12 ва ундан кўп инсонни зарарлайди) анча паст.

21-ҳақиқат. Шундай бўлса ҳам ҳар қандай бошқа юқумли касаллик каби SARS-CoV-2 коронавирусининг ҳам ўз “супертарқатувчи”лари бўлади. Бундай кишилар нисбатан кўпроқ одамларга – юзлаб, ҳатто минглаб кишиларга вирус тарқатиб улгуради. Бунга аниқ мисолни кейинги бандда ўқинг.

22-ҳақиқат. Жанубий Кореяда коронавирусга чалинганлар сони 30 кишига етгунича ҳаммаси жойида эди. Аммо “31-рақамли бемор” деб номланган кекса аёл ўзининг касаллигини рад этиб, текширувдан ўтиш ўрнига унинг очиқ белгиларига қарамай, бир неча кун давомида 1 160 киши билан мулоқотда бўлган ва кейинчалик уларнинг аксарида коронавирус аниқланди.

23-ҳақиқат. Аниқланишича, у ўта диндор бўлган, қаттиқ йўтал ва юқори иситма бўлса ҳам черковга қатнашда давом этган, коронавирусга қарши текширувдан ўтиш таклифини инкор қилган.

24-ҳақиқат. Натижада атиги 10 кун ичида Жанубий Кореяда коронавирус билан касалланганлар сони 30 кишидан 500 кишига ошиб кетди.

25-ҳақиқат. COVID-19 касаллигидан вафот этиш кўрсаткичини ҳозирча аниқ айтиш мушкул. Аммо кўплаб тадқиқотларга кўра бу касаллик билан оғриганларнинг 1-3%и ундан вафот этади.

26-ҳақиқат. Бу мавсумий гриппга нисбатан 20 баравар юқори, аммо ўзининг ўтмишдошлари бўлган SARS (10%) ва MERS (25%) вирусларига яқин ҳам келмайди.

Коронавирусдан вафот этганлар сони бўйича Италия мутлақ етакчи бўлиб турибди
27-ҳақиқат. COVID-19’дан ўлим даражаси муайян мамлакатдаги соғлиқни сақлаш тизими ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш сифатига боғлиқ: касалликдан ўлим кўрсаткичи тиббиёти яхши ривожланган Германияда 0,3%ни, шу пайтгача тиббиётида муаммолар етарлича бўлган Италияда эса деярли 9%ни ташкил этяпти.

28-ҳақиқат. 70 ёшдан юқори гуруҳда ўлим кўрсаткичи 5%дан ошади, 80 ёшдан юқори гуруҳда эса COVID-19’га чалинган ҳар ўн кишидан бири вафот этади.

29-ҳақиқат. Айнан шунинг учун ҳам бутун дунёдаги ҳукуматларнинг асосий вазифаси – эпидемия тарқалишини узоқроқ муддатга чўзиб туриш ва бир вақтнинг ўзида кўпроқ одам коронавирус билан касалланмаслигига эришиш ҳисобланади. Шунда касалхоналар тўлиб қолмаслиги ва ҳар бир беморга ёрдам кўрсатилишига эришиш мумкин.

30-ҳақиқат. SARS-CoV-2 коронавирусининг тарқалиши пандемия даражасига етганидан кейин тезлик билан ривожлана бошлади: бу вирус аниқланган биринчи кишидан 100 мингинчи кишига етгунича 67 кун керак бўлди; 100 мингинчидан 200 мингинчи беморгача 11 кун кетди; ундан кейин беморлар сони 300 000 га чиқишига 4 кун етарли бўлди.

Жараён шу тарзда давом этяпти:
300 000 дан – 400 000 кишигача 2 кун;
400 000 дан – 500 000 кишигача 47 соат;
500 000 дан – 600 000 кишига 41 соат;
600 000 дан – 700 000 кишигача 31 соат ва ҳоказо.

31-ҳақиқат. Ҳар куни коронавирус билан касалланганлар сони умумий ҳисобнинг учдан бирича миқдорда кўпайяпти.

Коронавирус дунёдаги энг олис аҳоли манзилгоҳи бўлган Пасха оролига етиб борди. У Чили соҳилларидан 3 514 км, энг яқин аҳоли яшаш жойи – Питкерн оролидан 2 075 км узоқликда жойлашган.
32-ҳақиқат. Пандемия Ер юзининг инсон яшайдиган энг узоқ ҳудудларига ҳам етиб борди: 24 март куни Чилига қарашли Пасха оролида 42 ёшли эркакда коронавирус аниқланди. Тинч океанида жойлашган Пасха ороли дунёда энг олис аҳоли яшаш жойи ҳисобланади: у Чили соҳилларидан 3 514 км, энг яқин аҳоли яшаш жойи – Питкерн оролидан 2 075 км узоқликда жойлашган.

33-ҳақиқат. Мутахассислар йирикроқ кўламдаги фалокатга руҳан тайёр туришни уқтирмоқда: коронавирусга чалинганлар сони ўн миллионларга етиши, ўлганлар сони эса юз минглаб кишини ташкил қилиши эҳтимоли бор.

34-ҳақиқат. SARS-CoV-2 коронавируси аниқ қаердан пайдо бўлгани ҳалигача номаълум. Аммо унга ўхшаш вируслар кўршапалак ва панголинларда учрайди.

35-ҳақиқат. Катта эҳтимол билан вирус мутацияга (ўзгаришга) учраб, бошқа бир ҳайвонга, ундан эса инсонга ўтган.

36-ҳақиқат. Коронавирус биринчи марта инсонга ўтганида одамлар учун хавфлимиди? Ёки у мутацияга учраб, бизнинг ҳужайраларимизга киришни ўрганиб олганидан кейин хавфга айландими? Олимлар бу саволларга ҳали жавоб топганича йўқ.

37-ҳақиқат. Агар одамлар ўзаро алоқа қилганида вирус ўтиши хавфи бўлса, унда у ҳалигача ҳайвонот дунёсида ҳам кезиб юрибди: эртами-кечми инсонни яна зарарлаши мумкин.

38-ҳақиқат. Айнан шунинг учун ҳам Уханда касаллик тарқала бошлаганида биринчи бўлиб у ердаги ёввойи ҳайвонлар сотиладиган бозорни ёпишди.

39-ҳақиқат. Айтганча, бу Хитойда оддий ҳол – ҳар сафар янги юқумли касаллик чиқиб, карантин эълон қилинганида биринчи бўлиб бозорлар ёпилади. Бу одатда вазиятни ўнглашга ёрдам беради. Бироқ бу сафар кеч қолишди: белгиси доим ҳам кўринмайдиган вирус омма ичида тарқаб кетишга улгурди.

Ухан шаҳрида ёпилган ёввойи ҳайвонлар бозори
40-ҳақиқат. Йўқ, вирус қандайдир биологик лабороториядан ташқарига чиқиб кетгани йўқ. Гарчи бунга кимдир ишонишни истамаса ҳам бор гап шу.

41-ҳақиқат. Вируснинг сунъий равишда ишлаб чиқарилгани ҳақидаги тахмин бир вақтнинг ўзида турли хил давлатларнинг бир қатор олимлари томонидан синчиклаб ўрганилди ва… асосга эга бўлмагани учун бу фикр рад этилди.

42-ҳақиқат. “Ўтказган таҳлилларимизнинг кўрсатишича, SARS-CoV-2 лабороторияда ишлаб чиқарилмаган ва қандайдир аниқ мақсадни кўзлаб тарқатилган вирус эмас” – Nature журналидаги тадқиқий мақоладан олинган иқтибос.

43-ҳақиқат. Модомики, коронавирус ҳақидаги асотирларни (миф) фош қилишни – ёлғонлигини очишни бошладикми, унда яна биттаси билан танишинг: тиббий ниқоблар коронавирусдан ҲИМОЯ ҚИЛМАЙДИ. Вируснинг зарралари шунчалик майдаки, улар ниқобдаги тешиклар орасидан осонгина ўтиб кетади.

44-ҳақиқат. Агар коронавируснинг ўлчамини тасаввур қилмоқчи бўлсангиз, мана, бир мисол: игнанинг учига вируснинг 100 миллионта нусхасини жойлаштириш мумкин.

45-ҳақиқат. Коронавирус билан касалланган киши йўталганида сўлакнинг майда томчилари ҳавога тарқалиб кетади, ҳар бир томчида миллиардлаб (!) вирус зарралари бўлади.

46-ҳақиқат. Тиббий ниқобларни тақишдан мақсад – коронавирусга чалинган бемор бошқаларни зарарлантирмаслигидир. У касалликдан 100% ҳимоя қилмайди, аммо атрофдагилар учун хавфни бироз камайтиради.

47-ҳақиқат. Кўпчилик томонидан тасдиқланган фикрга кўра, уй ҳайвонлари коронавирусни ТАРҚАТА ОЛМАЙДИ. Бирон киши ит ёки мушукдан зарарлангани ҳақида биронта ҳам ҳолат қайд этилмаган.

48-ҳақиқат. Аммо вирус аввал у билан касалланган бемор кириб ўтган бўм-бўш бинода сақланиб туриши ва бошқа одамга ўтиши мумкин.

49-ҳақиқат. Коронавирус ҳавода уч соат давомида ҳаётий лаёқатини сақлаб туриши, яъни, одамларни зарарлаши мумкин.

50-ҳақиқат. SARS-CoV-2 вируси пластик ва пўлат юзаларда уч суткагача, қоғоз ва картонда бир суткагача, мисда тўрт соатгача яшаши мумкин. Демак, энг хавфли юзалар – пластик ва пўлат сиртлар ҳисобланади.

51-ҳақиқат. Айнан шунинг учун ҳам касалликнинг олдини олиш учун энг асосий ва ишончли восита – уйингиздан ташқаридаги ҳар қандай юзани ушлаганингиздан кейин қўлни яхшилаб, совунлаб ювиш бўлади.

52-ҳақиқат. Қўлни қандай ювиш кераклиги ҳақидаги кўрсатмаларни шу кунларда қайта-қайта кўраверганингиздан ёд бўлиб кетгандир. Айтиш керакки, бунда ҳеч қандай ноодатий нарса йўқ: ҳар доимгидек диққат билан, қўлнинг олдию орқасини, бўғимлар орасини, тирноқлар тагини тахминан йигирма сония давомида ишқалаб ювсангиз кифоя.

Мутахассислар қўлни 20 сония давомида ювиш, йўталганда ва аксирганда оғизни қўл ёки қоғоз сочиқ билан тўсиш, юзга қўл билан тегинмасликни тавсия қилмоқда
53-ҳақиқат. Агар яқин ўртада сув ва қўлни ювишга шароит бўлмаса, унда антисептик суюқликдан фойдаланиш мумкин. Аммо қўлни ювиш ишончлироқ восита.

54-ҳақиқат. Агар сизда ҳар қандай турдаги ичимлик ёки техник спирт бўлса, ундан уй шароитида ҳам антисептик тайёрлаш мумкин.

55-ҳақиқат. Жуда бўлмаса дезинфекция учун мирамистин ёки хлоргексидиндан фойдаланиш мумкин – буларнинг ҳар иккиси фақат батерияларнигина эмас, вирусларни ҳам ўлдиради.

56-ҳақиқат. Антибиотиклар коронавирусга қарши бефойда. Бу воситалар ҳеч қандай вирусга, ҳатто грипп ва герпес – терида яраларни келтириб чиқарувчи вирусларга ҳам қарши тура олмайди.

57-ҳақиқат. Бутун дунёда амал қилаётган карантин ва бошқа чеклов чоралари токи коронавирусга қарши вакцина ёки COVID-19’дан самарали даволаш усули топилгунича (бироз танаффуслар билан) чўзилиши мумкин.

58-ҳақиқат. SARS-CoV-2 коронавирусига қарши вакцина келгуси 1-1,5 йил, яъни, 2021 йил ўрталари ёки охиридан аввал пайдо бўлмаслиги АНИҚ. Унгача эса катта эҳтимол билан вирус таҳдид солаётган одамларнинг катта қисми унга чалиниб, даволаниб ҳам бўлади.

59-ҳақиқат. Эҳтимол, коронавирусга қарши вакцина ҳеч қачон ишлаб чиқилмас. Масалан, ОИТВга (одам иммун танқислиги вируси – ВИЧ) қарши вакцина ишлаб чиқариш устида бутун дунё 25 йилдан бери ҳаракат қилади – бундан ҳалигача натижа чиқмади. Фақат унинг олдини олиш учун самарали восита бўлган таблеткагина бор.

Коронавирусга қарши вакцина қачон пайдо бўлиши номаълум. Балки у умуман ишлаб чиқарилмас
60-ҳақиқат. SARS-CoV-2 вирусига чалинган одамни махсус даволаш усули ҳозирча мавжуд эмас. Касалланганлар улардаги касаллик белгиларига қараб даволаняпти. Яъни, касалликнинг ўзига эмас, унинг натижаларига қарши курашиляпти.

61-ҳақиқат. COVID-19 касаллигига чалинганлардан қарийб 185 000 киши ундан тўлиқ тузалиб кетди.

62-ҳақиқат. Касалланганларнинг аксарияти – 80%дан ортиғига шифокорларнинг ёрдами умуман керак бўлмайди. Улар уйда, оддий гриппга қарши воситалардан фойдаланиб даволаняпти ва ўртача бир ҳафтада тўлиқ тузалиб кетяпти.

63-ҳақиқат. Ҳар бешинчи ёки олтинчи бемор касалхонага боришга эҳтиёж сезяпти. Бу асосан кекса ёшдагилар ёки аввалдан сурункали касалликка эга кишилар бўляпти.

64-ҳақиқат. COVID-19 касали билан оғриганларнинг ўртача 4%и оғир аҳволга тушяпти: беморни сунъий нафас берувчи жиҳозга улаш керак бўляпти. Бундай беморлар сони кўпайиб кетган мамлакатларда жиҳозлар етишмаяпти. Натижада бир қатор автомобил ишлаб чиқарувчи компаниялар сунъий нафас берувчи жиҳозларни ишлаб чиқаришни бошлади.

65-ҳақиқат. Айнан шу – сунъий нафас берувчи жиҳозларнинг етишмаслиги Италияда коронавирусдан ўлим даражаси ортиб кетишининг асосий сабабларидан бири бўлиб турибди. Бу мамлакатда кекса ёшдаги беморлар сонининг кўплиги, касалхоналарда юкламанинг ошиб кетиши, тиббиёт ходимлари ва тиббий жиҳозларнинг етишмаслиги катта фожеа бўлди.

66-ҳақиқат. Италияда COVID-19’га чалинганлардан 15 729 киши тузалган, 12 428 киши вафот этган. Яна 77 635 киши эса ҳали даволаняпти. (2020 йил 1 апрел кунидаги маълумот).

67-ҳақиқат. Коронавирусга қарши аниқ бир даволаш усули бўлмагани билан унга қарши дори топиш учун ҳаракатлар тўхтовсиз давом этяпти. Янги дори воситаларини ишлаб чиқишга вақт йўқ, шунинг учун тиббиёт ходимлари шу пайтгача мавжуд вирусга қарши дориларни қўллаб, текшириб кўришяпти. Уларнинг қайси бири SARS-CoV-2 коронавирусига қарши самарали натижа бериши ҳали аниқ эмас.

68-ҳақиқат. 2020 йил феврал ойида хитойлик шифокорлар коронавирусга қарши хлорохин ёмон самара бермаслигини аниқлаган эди. Хлорохин аслида безгакнинг олдини олиш ва даволаш учун ишлаб чиқарилган дори. Хитойлик шифокорларнинг тажрибаларидан кейин ўтказилган бир қатор тадқиқотлар ҳам хлорохиннинг COVID-19’га қарши самара беришини тасдиқлади.

69-ҳақиқат. Бундан ташқари, коронавирусга қарши ёрдам бериши мумкин бўлган яна иккита дори воситаси бор: лопинавир – одатда ОИТВ (одам иммун танқислиги вируси – ВИЧ) билан касалланган беморларни даволашда ишлатилади; ремдесивир – дастлаб Эбола иситмаси ва Марбург вирусини даволаш учун ишлаб чиқарилган. Ҳозирча бу икки дори воситаси ҳам синовлардан муваффақиятли ўтяпти.

70-ҳақиқат. Сўнгги умид берувчи кашфиётлардан бири – авиган (фавипиравир) вирусга қарши воситаси. У Японияда гриппга қарши даволанишда оммабоп. Авиган РНК-вирусларга қарши курашиш учун махсус ишлаб чиқилган.

Коронавирусга қарши вакцина ёки аниқ бир дори воситаси йўқ. Аммо шу пайтгача бошқа касалликларга қарши қўллаб келинган авиган (фавипиравир), хлорохин, лопинавир ва ремдесивир билан даволаш самара бергани кузатилган
71-ҳақиқат. Коронавирус ўчоғи бўлган Уханда авиган қўлланган беморлар ўртача тўрт кунда касалликдан тузалиб кетди.

72-ҳақиқат. Хитойда деярли барча беморларга даволаниш жараёнида замонавий тиббий воситалар билан бир қаторда анъанавий хитой табобати (АХТ) воситалари ҳам қўлланган.

73-ҳақиқат. АХТ (анъанавий хитой табобати) билан даволаш усули Гуанчжоудаги 8-халқ касалхонасида ишлаб чиқилган, Гуандун провинцияси илм-фан ва технологиялар вазирлиги томонидан эътироф этилган ва минтақавий ҳукумат томонидан тасдиқланган.

74-ҳақиқат. Синхуа ахборот агентлиги маълумотларига кўра COVID-19 касаллигидан даволашда асосий терапея воситалари билан бирга Цинфей пайду (Qingfei Paidu) аралашмасини қўллаш айниқса самарали ҳисобланади.

75-ҳақиқат. Ушбу анъанавий табобат воситаси шифобахш гиёҳлар ва бошқа ўсимликлар асосида тайёрланади. Унинг таркибига Хитой игнабаргли дарахти ва қизилмия илдизи киради. Аммо бу дори воситасини тайёрлашда ўнлаб, баъзида юзлаб ўсимликлардан фойдаланиладиган усуллар ҳам бор.

76-ҳақиқат. Баъзида COVID-19 касаллигининг оғир шаклига чалинганларни ҳам сақлаб қолса бўлади. Бунинг учун ушбу касалликни ўтказиб, тўлиқ тузалган кишининг вирусга қарши антижисм ҳосил бўлган қонини беморга қуйиш керак. Бу тажриба SARS, MERS ва Эбола вируслари тарқалганида муваффақиятли ўтган ва Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (ЖССТ) томонидан расман тавсия этилган.

77-ҳақиқат. Аксириш коронавируснинг белгиси ЭМАС. Йўтал – коронавируснинг белгиси бўлиши мумкин, аммо аксириш – унинг белгиси бўлмайди.

78-ҳақиқат. SARS-CoV-2 мутацияга учрашда (ҳолатини ўзгартиришда) давом этяпти. 2019 йил декабр ойидан 2020 йил март ойига қадар вируснинг бир қатор кўринишлари 14 марта геномини (таркибий ҳолатини) ўзгартиришга улгурди.

79-ҳақиқат. Умуман олганда, ушбу вируснинг генетик турлари – кичик фарқлар билан – аллақачон 1 200 тадан ортиб кетди. Уларни мана бу ҳавола орқали кузатишингиз мумкин.

80-ҳақиқат. Санкт-Петербург Грипп институти олимлари томонидан ўрганилган коронавируснинг “Россия талқини” генетик жиҳатдан унинг европача кўринишига яқин бўлиб чиқди. Бу ушбу юқумли касаллик Россияга бевосита Хитойдан эмас, Европа орқали келганини билдиради.



 Добавление комментария


Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив

Мавзуга оид янгиликлар
  • Коронавирус - биологик қуролми? 01 апр, 00:13
  • Aмерикалик олимлар коронавирус ҳақидаги афсонани рад этди 31 мар, 16:05
  • Хитой ўз ҳудудида коронавирус эпидемияси тўхтаганини эълон қилди 30 мар, 12:47
  • Хитойда коронавирусга чалинган бир неча ўн минг одам расмий ҳисоб-китобга киритилмагани маълум бўлди 23 мар, 10:33
  • Хитойнинг Хубэйдан ташқари бошқа ҳудудларида коронавирус билан касалланган 282 бемор қолди 20 мар, 15:00
  • Коронавирус сунъий яратилган: бу фитнами ёки ҳақиқат? 20 фев, 16:27
  • Сўнгги янгиликлар
  • Ўзбекистонда коронавирус юқтирганлар сони ошди 02 июн, 10:02 0
  • Ҳидоятга келган насроний руҳонийлар 02 июн, 09:25 0
  • Миллий малака рамкаси тасдиқланди. Таълимда қандай ўзгаришлар кутиляпти? 02 июн, 09:00 0
  • Қозоғистонда коронавирус юқтирганлар сони 11,5 мингдан ошиб кетди 02 июн, 08:39 0
  • Туркияда Неслиҳан Атагул бош ролни ижро этган машҳур сериалнинг давоми суратга олинади 02 июн, 08:20 0
  • Косачёв АҚШдаги намойишларга Россия алоқадорлиги ҳақидаги сўзларни ёлғон деб атади 02 июн, 08:00 304
  • Смартфонларни “ўлдирадиган” расм интернетда тарқалди 02 июн, 07:30 515
  • Пайариқ тумани – "қизил" ҳудуд. Аммо автомобиллар яширин йўлдан қатнамоқда (видео) 02 июн, 07:00 408
  • Россиялик олимлар инсон характерини унинг суратига қараб аниқлайдиган нейротармоқ яратди 02 июн, 06:30 283
  • АҚШда норозилик намойишлари узр сўраш билан якунланди (фото, видео) 02 июн, 00:30 678
  • Туркияда ресторан, музей ва бозорлар очилди 02 июн, 00:13 422
  • Green Card жавоблари 6 июнда маълум бўлади 02 июн, 00:04 432
  • Бўлимлар