Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида бир қозонда 6 тонналик сумалак тайёрлаш режалаштирилмоқда. Наврўз байрамини нишонлаш кунлари рекорд-сумалак тайёрланади.
Nampravda
хабарига кўра, сумалак тайёрлаш бўйича акция 19-21 март кунлари «Сумалак сайли» туризм ва миллий қадриятлар иккинчи фестивали доирасида бўлиб ўтади. Ўтган йили биринчи рекорд ўрнатилганда, тайёрланган сумалак оғирлиги 5 тоннани ташкил этган. Шу тариқа, олдинги кўрсаткични янада яхшилаш режалаштирилган.
Режага кўра, «рекорд сумалак» учун 1 тонна буғдой, 500 килограмм ёғ, 3 тонна ун кетади. У махсус қозонда тайёрланади, қозон ташкилотчилар буюртмаси бўйича Олмалиқ кон-металлургия комбинати Марказий таъмирлаш-муҳандислик заводида яратилди. Наманганга диаметри 3,8 метр, ҳажми 7 минг литр ва умумий оғирлиги 4600 килограмм бўлган қозон аллақачон олиб келинган.
Сумалак тайёрлаш учун танлов асосида 30 нафар тажрибали аёл ошпаз танлаб олинди. Уларнинг барчаси тиббий кўрикдан ўтказилган.