«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 20 2024, 02:59
ЎЗO‘Z

«Чет элликлар Самарқанд-у Бухорони билишади, лекин…» – Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги туризм элчиси

17 янв, 14:45 3 052 Ўзбекистон
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
«Чет элликлар Самарқанд-у Бухорони билишади, лекин…» – Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги туризм элчиси Туризм элчиларини тайинлаш – сўнгги вақтларда Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини дунёга танитишда қўллаётган янги ёндашувлардан бири. Хўш, туризм элчиларининг вазифалари ўзи нималардан иборат? Уларнинг мамлакатимизга қизиқиши ҳақиқатанам ҳам юқорими? Тайинланган элчилар Ўзбекистон ҳақида қанчалик тўлиқ маълумот эга?

Шу ва бошқа саволларга жавоб олиш мақсадида, Лондонга сафаримиз давомида Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги туризм элчиси Софи Ибботсон билан суҳбатда бўлдик.

Маълум бўлишича, Ибботсон хоним ўн йилдан буён ўзбеклар турмуши ва маданиятига қизиқиб келади ҳамда тез-тез Ўзбекистонга бориб туради. У Ўзбекистонга саёҳат қилишга оид қўлланма муаллифи бўлиб, бу китоб ҳозиргача уч марта нашрдан чиққан ва ўз йўналишида энг кўп сотилувчи инглиз тилидаги қўлланма ҳисобланади.

«Менинг Буюк Британиядаги туризм элчиси сифатидаги ролим Ўзбекистоннинг бошқа давлатлардаги туризм элчиларидан фарқ қилади. Чунки мен бу ерда ҳам маслаҳатчи, ҳам маркетингни шакллантиришга масъул шахс сифатида ишлайман. Ўзбекистон бошқа давлатларга тайинлаган туризм элчиларининг аксарият қисми катта нуфузга эга машҳур одамлардир. Улар омма орасидаги машҳурлигидан фойдаланиб, Ўзбекистонни дунёга танитишга ҳаракат қилишади. Менда эса ҳолат бироз бошқача, мен бу қадар таниқли эмасман. Бироқ туризм бўйича мутахассислигим ва Марказий Осиё давлатлари, айниқса, Ўзбекистонга бўлган қизиқишим сабаб бу лавозимга тайинланганман», – дейди Софи Ибботсон.

– Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиё мамлакатларига бўлган бу қизиқиш сизда қандай пайдо бўлган?
– Очиғи, ўзим ҳам билмайман, тўғрисини айтсам. Мени ва оиламни Марказий Осиё давлатлари билан маданий жиҳатдан боғлаб турувчи ўзига хос занжирлар бор. Оила аъзоларимнинг кўпчилиги Жанубий Осиё минтақасидан, университетда ҳам хорижий тил сифатида шу ҳудуд тилларини ўрганганман. Ҳатто Марказий Осиё тўғрисида ҳали кўп нарса билмаган вақтларимда ҳам минтақага қизиқиб, диссертациямни ҳудудга алоқадор мавзуда – тасвирий санъат ривожланиши ҳақида ёзганман.

Маълумки, Ҳиндистонда ўша даврларда яратилган кўплаб ёдгорликлар Темурийларга хос услубдаги тасвирий санъат намуналари билан безатилган. Шундай экан, мен Марказий Осиё минтақасига Ҳиндистонда бўлаётган ривожланишларнинг туртки берувчи асоси сифатида қарардим. Бундан ташқари, ҳудуд менда илмий жиҳатдан ҳам қизиқиш уйғотганди.

Марказий Осиё бўйича ишлашни 2008 йилда бошлаганман. Университетни тамомлаганимдан кейин Қирғизистон Иқтисодиёт вазирлиги билан ҳамкорликда ишлашга киришдим ва у ерга кўчиб бордим. Қирғизистон менда ҳар томонлама улкан қизиқиш уйғотган бўлса-да, маданий жиҳатдан ва урф-одатларининг ранг-баранглиги билан Ўзбекистон доим мени ўзига тортиб турарди. У ерда ишлаш имкони туғилиши биланоқ ўзбек компаниялари ва ҳукумат ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйдим.

Чунки юртингизнинг салоҳияти ҳар томонлама юқори эканини билардим. Бу нафақат юқори маданият, балки иқтисодий ўсиш суратларида ҳам яққол намоён бўлади. Шундай экан ишончим комилки, биз туризмни ривожлантириш орқали фақат соҳанигина эмас, унга қўшиб иқтисодиётнинг бошқа тармоқларини ҳам ўстиришимиз мумкин.

– Ўзбекистонга биринчи ташрифингизни хотирлай оласизми? У сизда қандай таассурот уйғотган? Мамлакат уни 2008 йилда билган вақтингизга нисбатан қай даражада ўзгарган?
- Aлбатта, Ўзбекистонга илк ташрифимни яхши хотирлайман. Ўшанда Британиядан Aфғонистонга машинада йўлга чиққандим. Йўлда мен ҳудудини кесиб ўтган мамлакатлар орасида Ўзбекистон шубҳасиз энг диққатга сазовори бўлган.

Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабз бўйлаб юриб, Тожикистон ҳудудига ўтгандим. Биласизми, бир неча кунлаб Қозоғистон чўлларида автомашинани бошқариб, йўлда на тунашга жой, на ейиш учун бирор мазали егулик ва на эътиборни тортадиган бирор қизиқарли нарса топмагач, Тошкентга келиб Aлишер Навоий номидаги опера ва балет театрини кўриш, кейин эса Самарқандга бориб, унинг жозибасидан баҳра олиш жуда ажойиб бўлганди. Самарқанднинг бетакрорлигидан ҳайратга тушгандим ўшанда. Қаерга бормай, одамлар мени хуш кайфиятда, очиқ юз билан кутиб олишганди.

Ўзбекистонда менга кўрсатилган илиқ муносабатни бошқа ерда кўрмаганман. Бу менга қаттиқ таъсир қилган, очиғини айтсам. Ўша вақтлардаёқ бу ерга яна қайтиб келишни, мамлакатни ўзим учун тўлароқ кашф қилишни мақсад қилиб қўйгандим. Умид қиламанки, ўтган йиллар давомида Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантиришда озми-кўпми ўз ҳиссамни қўша олдим.

– Одамлар, хоҳ Британияда бўлсин, хоҳ бошқа ерда, сизга Ўзбекистон тўғрисида энг кўп қанақа саволларни беришади?
– Одамлар асосан «У ер хавфсизми?» деб сўрашади. Ҳудуддаги давлатларнинг номи ўхшашлиги ва Aфғонистондаги муаммолар сабаб Ўзбекистонда ҳам хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар бор, деб ўйлашади. Мен эса уларга доим Ўзбекистон сайёҳлар учун, жумладан аёл саёҳатчилар учун ҳам мутлақо хавфсиз давлат эканини таъкидлаб келаман. У ерга хоҳ ёлғиз, хоҳ гуруҳ бўлиб саёҳатга борган туристлар ҳеч қандай ҳатар ҳақида ўйламасалар ҳам бўлади. Агар билсангиз, бу – жуда муҳим жиҳат. Чунки Париж ёки Милан каби шаҳарларга борадиган сайёҳлар киссовурларга дуч келишдан, ёки майда безориликларга учрашидан хавфсираб туради одатда.

Шахсан мен ҳеч қачон Ўзбекистонда бирор туристнинг ҳужумга учрагани, тунаб кетилгани ҳақида эшитмаганман. Шундай экан, мен атрофимдагиларга Ўзбекистон мутлақо хавфсиз, деб бемалол айта оламан.

Бундан ташқари, одамлар яна мендан Ўзбекистонда кўришга арзирли қанақа жойлар бор, деб сўрайди. Мен уларга ЮНЕСКО Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган шаҳарлар – Самарқанд, Бухоро, Хива ҳақида сўзлаб берсам, улар бу жойлар ҳақида эшитганини таъкидлашади. Aммо улар бу шаҳарларнинг айнан Ўзбекистонда эканидан бехабар.

Бизнинг асосий вазифамиз – одамларга шу маълумотларни етказишдан иборат. Улар Ўзбекистон Буюк ипак йўлининг юрагида жойлашганини, Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарлар эса Ўзбекистоннинг бир қисми эканини билишлари лозим. Чунки, айтиб ўтганимдек, кўпчиликнинг бундан хабари йўқ.

Ўзбекистоннинг замонавий тарихини ўтмиши билан, эътиборга молик жойлари билан боғлай олишимиз жуда муҳим. Мисол учун, одамлар Тож Маҳалга бормоқчи бўлса, у Ҳиндистонда эканини яхши билади. Худди шундай, агар улар Регистонга келмоқчи бўлса, унинг Ўзбекистонда жойлашганидан хабардор бўлишлари лозим. Бу – маркетинг орқали ҳал этиладиган масала, яъни улар кўрмоқчи бўлган жойлар Ўзбекистондалигини уларга етказишимиз керак.

Суҳбат давомида Софи Ибботсон Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчиси этиб тайинланиши қандай рўй бергани, бу лавозимдаги вазифаларига нималар кириши, халқаро майдонда Ўзбекистоннинг имижини оширишга қаратилган лойиҳалари, февраль ойида қатор хорижлик журналистларларни Ўзбекистонга олиб келаётгани, мамлакатнинг туризм салоҳияти ва бошқа масалаларга ҳам батафсил тўхталиб ўтди.




Мавзуга оид янгиликлар
  • Ўзбекистонда ҳафта охирида кузатиладиган об-ҳаво прогнози эълон қилинди 18 апр, 11:56 234
  • 18 апрель куни ҳаво ҳарорати 30 даражагача кўтарилади 17 апр, 11:55 54
  • Ўзбекистонда 1 км/кв майдонга қанча аҳоли тўғри келиши маълум қилинди 15 апр, 12:06 150
  • 15 апрел учун об-ҳаво маълумоти эълон қилинди 14 апр, 18:03 151
  • Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида 13 апрель куни ёмғир ёғиши кутилмоқда 12 апр, 13:24 299
  • Ўзбекистонда 11 апрель куни ҳаво ҳарорати 32 даражагача кўтарилади 10 апр, 13:11 55
  • Сўнгги янгиликлар
  • Аббосбек Файзуллаевнинг қачон Қатарга бориши аниқ бўлди! 20 апр, 01:59 0
  • А Серия. Дастлаб иккита гол урган "Кальяри" якунда "Ювентус" билан дуранг қайд этди 20 апр, 01:52 20
  • Шомуродов кутилмаган ишга қўл урди 20 апр, 01:16 136
  • Часив Яр ҳам хавф остида. Бу шаҳарни йўқотмаслик Украина учун нега бунчалик муҳим? 19 апр, 23:23 81
  • Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистон ҳудудида жойлашган Барак эксклави аҳолисини кўчиришни якунлади 19 апр, 22:56 165
  • Германия ва Польша авиакомпаниялари Тель-Авивга рейсларни бекор қилди 19 апр, 22:30 33
  • «Кўз ўнгимиздаги ҳақиқат». Алонсо қайси жамоани танлаган? 19 апр, 22:00 67
  • Дубайда 50 дан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари қолиб кетгани аниқланди 19 апр, 21:30 90
  • Озиш учун нонуштанинг учта олтин қоидаси 19 апр, 21:00 56
  • Футзал бўйича Осиё Кубоги. Ўзбекистон 2-турда Ироқни йирик ҳисобда мағлубиятга учратди 19 апр, 20:41 138
  • Зироат Мирзиёева Фарғонада мактаб-интернат ўқувчилари билан учрашди 19 апр, 20:36 57
  • Мижознинг сочини унинг хоҳишига зид тарзда калга олиб ташлаган сартарош 10 суткага қамалди 19 апр, 20:29 227
  • Бўлимлар