«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 29 2024, 20:12
ЎЗO‘Z

Ўйин олдидан. «Миржалол Қосимов йўли»

14 ноя, 15:00 2 037 Спорт
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ўйин олдидан. «Миржалол Қосимов йўли» Бугун навбатдаги жаҳон чемпионатига саралаш ўйинлари учун энг муҳим ўйинда майдонга тушамиз. Янги терма жамоамиз дастлабки ҳақиқий синовга дуч келади. Ўйиннинг муҳимлиги шундаки, гап фақат очколар ёки турнир жадвалида эмас, айнан шу ўйин, унинг натижаси нафақат бу, балки кейинги босқич учун ҳам катта аҳамият касб этади. Сабаби, кучли жамоаларга қарши қандай ўйнашимиз кейинги босқичдаги рақибларимизга қарши ўйинлар учун ўзига хос пойдевор, ишонч вазифасини бажаради.

ЖЧ-2014 саралаш ўйинларида биз тарихимиздаги энг кўп очкони тўплаганмиз ва йўлланма учун жуда яқин келгандик. Эсингизда бўлса, ўшанда саралашнинг дастлабки босқичларида Япония бизга рақиб бўлган, уларга қарши икки ўйинда 4 очко олишга муваффақ бўлгандик. Ўша ўйинлар футболчиларимизга ҳар қандай рақибга қарши ўйнай олишимизни, ҳар қандай кучли жамоани енгишга қодир эканимизни кўрсатган. Мана шу жиҳатдан Саудия Арабистонига қарши ўйиндаги ғалаба, асосийси, бу ўйинда биз ташаббускор тараф сифатида бўлишимиз, ўйинни назорат қилишимиз футболчиларимиз учун жуда ҳам муҳим. Ўзига ва белгиланган вазифани бажарилишига ишонган футболчилар билан кейин бош мураббийга ҳам осонроқ бўлади.

Одатда ўйин олдидан, барча тайёргарликлар амалга оширилиб, энди қўшимча куч олиш керак бўлганда, мураббийлар мотивацион нутқ қилишади. Бу футболнинг ажралмас қисмига айланган, қайсидир тарихий ғалабалар олдидан мураббийлар нималар деганлари ҳақида афсоналар юради, мухлислар учун жуда қизиқ мавзу. Мен ҳам шунақа мотивацион бирор нарса айтмоқчиман ва бу учун Европа футболидан, чет элдан бирор мисол келтиришим шартмас. Мисоллар шу ерда, атрофимизда. Масалан, Миржалол Қосимов ҳикояси. У ҳеч қачон жаҳон чемпионатига чиқа олмаган бўлса-да, доим шунга лойиқ ўйин кўрсатган, зеро натижага кўпинча биз жавобгар эмасмиз – «бизга ютиш эмас, курашиш буюрилган». Яъни қоида доим ўзгармайди, натижа учун бор имкониятни ишга сол, қолгани билан ишинг бўлмасин. Сен мана шу ҳаракатинг учун масъулсан.

Миржалол Қосимов истиқлол йилларида шубҳасиз, мамлакатимизнинг энг яхши футболчиси. Футболимиз тарихида ҳам унинг ўз ўрни бор ва анча юқорида. Абдураимов, Красницкий, Федоров, Анлар билан бир қаторда. Лекин биласизми, Миржалол бир жиҳати билан бу руйхатда устунлик қиладики, буни таъкидлаш жуда ҳам зарур.

Мухлислар ўртасида ҳам, матбуотда ҳам жуда кўп эшитиб қоламиз, бизда юлдуз футболчилар учун шароит йўқ, янги Қосимовларни бой беряпмиз ва ҳоказо. Шерзод Каримов янги Қосимов бўлиши мумкин эди, биз уни йўқотдик. Чиркин футболимиз фалончиевга тўсқинлик қилди ва у ўртамиёна бўлиб қолди. Махситалиевни сақлаб қолишимиз керак эди ва ҳоказо. Янги Қосимовлар таксистлик қиляпти, дейишади!

Ўйлаб қоламан, Қосимов таксичи бўлиши мумкинмиди? Йўқ!.. Ҳеч қачон!

Унга ҳаммаси осмондан тушиб қолганмиди? Ҳа, ўсмирлик чоғидаёқ ҳамманинг эътирофига сазовор бўлди. Кейинчи? Уни момиқ пахтадек «папалаб», ундан терма жамоа сардорини «ясаганмидик»? Унақа эмас-ку?

Абдураимов ҳам, Ан ҳам, умуман 60-80-йиллардаги юлдузларимизнинг ҳаммасидан талаб қилинадиган асосий талаб футбол ўйнаш эди, холос. Инсондан ҳеч қандай муҳим танлов талаб қилинмайдиган турғунлик йиллари эди, футболчилар ўзлари севган ва қўлларидан келадиган машғулот – футбол билан шуғулланишган. Тўғри, баъзида бойроқ ва кучлироқ ҳисобланган Москва ва Киев жамоалари таклифларини рад қилиб, ўз ватанпарварликларини намойиш этиб туришган, буни инкор қилиб бўлмайди, уларнинг хизматини камситиш ниятим ҳам йўқ эди, асло.

Миржалолнинг синовлари оғирроқ бўлган. У айни ўсиши керак, ўзини кўрсатиши керак бўлган пайтда собиқ иттифоқ чемпионати парчаланиб кетди. 21 ёшидаёқ, ҳали футболга бўлган муносабат тўғри шаклланмаган, футбол ўн иккинчи даражали бўлган шароитларда тўп суришга мажбур бўлди. Россия терма жамоаси сафида жаҳон чемпионатида қатнашиш таклифи берилди. Рад қилди. Кейин Ўзбекистонга қайтди. Маълум сабабларга кўра футболдан четда юришга мажбур бўлди. Яна қайтди. Яна кетди. Хиросимада чемпион бўлди. Россияда чемпион бўлди. Жароҳатлар. Тикланди. Яна жароҳатлар. Унга ҳам осон эмасди.

Лекин биласизми, бизда ҳеч қачон Қосимов бой берилгани ҳақида туйғу бўлмаган. Унинг жароҳатларидан, унинг муаммоларидан у эмас, терма жамоамиз ютқазарди доим. У эса барибир профессионал эди. Футбол юлдузи эди. Ҳақиқий юлдуз бўлиш бу фақат тўп тепишни ўрганиш эмас, иккита тўғри қарордан тўғрироғини танлаш ва буни доимо бажариш кераклигини ҳис қилиш. Бу жуда қийин ва футболчининг ички жараёни, ишонинг!

Мана шу жараён футбол шахсиятини тарбиялайди. Футбол юлдузи бўлиш учун иқтидорнинг ўзи кифоя қилар, аммо шахсият бўлиш осон эмас. Месси майдонда ҳеч ким эплай олмайдиган ишларни қилар, лекин у шахсият эмас футболда.

Аргентинадан бирор истеъдод чиқиб қолса Марадонага қиёслашади ва албатта «янги Марадона шу» дейишади. Ортега, Рикелме, Аймар, Тевес, Савиола... Месси... Яна кўп, эслаганларим шулар. Лекин уларнинг бирортаси ҳам Марадона бўла олмади. 18-20 ёшида улар Марадонадан истеъдодсизроқ эдиларми? Буни ўлчаш қийин, лекин кузатувчилар ҳам аҳмоқ эмас, Марадона бўлиш учун нимасидир бор эди уларнинг. Хўш, нега улардан Марадона чиқмади? Тизимми?.. Тақдирми?..

Мана шу ерда яна мавзуга қайтиб қолаверамиз. Марадонани Марадона қилган, Махситалиев Қосимовга айланишига тўсиқ бўлган, Қосимовнинг таксичига айланишига йўл қўймаган омил – дриблинг, тезлик, жарима зарбалари, гол уриш, диспетчерлик маҳорати ва ҳоказолар эмаслигини энди исботлашим шарт эмасдир, тўғрими?

Бир ерда Қосимовдан «янги Қосимовлар қачон чиқади?» деб сўрашганида, у Пелега ўхшатиб, ҳазил тариқасида «Буни отамдан сўраш керак» деб жавоб берганди. Гўёки мақтанчоқликдек туюлган бу жавоб, аслида камтарлик – Миржалол бу гап билан барчаси худо томонидан берилган истеъдод меваси эканига урғу бериб, ўз меҳнатини, футболдаги ибратларга тўла ҳаёт йўлини инкор қилаётгандек.

Лекин биз инкор қилмаймиз. Миржалол «Пахтакор» ва терма жамоамиз сафида ўйнаб, бизга жуда муҳим голлар ва ғалабалар тақдим этгани билан бирга, бўлажак юлдузлар учун ўзига хос мактаб, ибрат ярата олди. Қосимов бўлмоқчимисиз, марҳамат... Ҳаммаси ўз қўлингизда.

Қаҳрамон Асланов




Мавзуга оид янгиликлар
  • Great Silk Way-2024 халқаро турнири. Боксчиларимиз яна тенгсиз! 29 мар, 18:53 25
  • Вадим Абрамов: "Бундай сифатли ва савияли футболчига доим таркибда жой топилади" 29 мар, 11:50 247
  • Шомуродовнинг аҳволи ҳақида маълумот берилди 29 мар, 10:53 429
  • Сўровнома: Нурсултон Рўзибоев 1-раунддаёқ рақибини "ухлатиб" қўяди 29 мар, 10:25 225
  • Шоҳжаҳон Эргашев панамалик боксчини биринчи раунддаёқ нокаутга учратди (видео) 29 мар, 08:35 287
  • Мексикадаги матбуот анжуманида бутун жамоа иштирок этиб, мухлислардан узр сўради 28 мар, 23:27 211
  • Сўнгги янгиликлар
  • АҚШнинг Украинага берган умумий ёрдами 113 миллиард доллардан ошди 29 мар, 19:49 2
  • Президент қатор раҳбарларга жазо кўрилганини қайд этди 29 мар, 19:29 35
  • Тошкентда одамлар гавжум жойлар кучайтирилган тартибда қўриқланмоқда 29 мар, 19:09 22
  • Great Silk Way-2024 халқаро турнири. Боксчиларимиз яна тенгсиз! 29 мар, 18:53 25
  • Канада мактаблари ижтимоий медиа гигантларини судга берди 29 мар, 18:28 11
  • Апрел ойида қандай об-ҳаво кутиляпти? 29 мар, 18:13 112
  • Босқинчилик ва одам ўғирлаш билан шуғулланган шахслар қўлга олинди 29 мар, 17:37 121
  • Тожикистонда «Крокус» ҳужумчилари билан алоқадорликда гумонланган 9 киши қўлга олинди 29 мар, 17:17 205
  • Олимлар қашшоқлик миянинг тез қаришига сабаб бўлишини аниқладилар 29 мар, 16:53 45
  • ИШИД ўз тарафдорларини Исроилда ҳужумлар уюштиришга чақирди 29 мар, 16:30 195
  • Россияда «Крокус»даги теракт ҳақида изоҳлар учун қўлга олишлар бошланди 29 мар, 16:03 307
  • Халқаро суд Исроилга мажбурият юклади 29 мар, 15:40 82
  • Бўлимлар