«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 19 2019, 22:25
ЎЗO‘Z

Негатив. Миллий терма жамоада ўзгариш керак

12 сен, 11:08 961 Спорт
Негатив. Миллий терма жамоада ўзгариш керак
Ўзбекистон терма жамоаси қаторасига иккинчи марта жаҳон чемпонати саралашидаги иккинчи босқични мағлубият билан бошлади. Ҳатто 2-ўрин билан ҳам кейинги босқичга чиқиш кафолати йўқлиги, терма жамоа ўйинидаги нурсизлик, айниқса, умидсизлик вазиятни ўнглаш учун кескин қарорларга эҳтиёж яратади. Эътиборли жиҳати, вазиятга ҳар томондан қараганимизда ҳам, бирор бир ижобий жиҳатни кўрмаймиз.

Эктор Купер
Четдан қараб ҳам пайқаш қийин эмаски, ҳозир, айтайлик, Осиё Кубогидан олдинги Купердан асар ҳам йўқ. Биз уни Суперлига ўйинларида тез-тез кўрмаяпмиз, жамоа ўйинида янги чизгилар кўзга ташланмаяпти, ҳатто ўйин пайтида футболчи алмаштиришда ҳам аниқ йўналишни сезиш қийин бўлиб қолгандек.

2009 йилда Карло Анчелотти «Челси»га келиб, ҳам чемпионатни, ҳам кубокни қўлга киритади, аммо келаси йили, 2-ўринни олган бўлса-да, лондонликлар ғолиблик учун деярли курашишмайди, умуман амбициялар борасида ўша фаол Анчелоттини таниб бўлмай қолганди гўё. Мавсум охирида у «Челси»дан кетади. Ўшанда мутахассислар бу ўзгаришнинг бошланишини аввалроқ бўлиб ўтган воқеада кўришган – ёзда Абрамович мураббий ёрдамчиларидан бирини ишдан бўшатиб юборганди. Нима сабаб, эсимда йўқ, лекин бу Анчелотти билан маслаҳатлашмасдан туриб, амалга оширилган. Табиийки, клубда нафақат мураббий, балки менежер сифатида кўрилган Карло учун бу салбий ҳолат бўлган, балки айнан ўшанда унинг «Челси»даги ўз келажагига бўлган қизиқиши пасайган бўлиши эҳтимоли юқори.

Албатта, Купер ўз ўрнида, унинг бошқарув доираси ўзгаргани йўқ, ҳеч ким унинг ишига аралашмайди ҳам, аммо аргентиналик мутахассисни Ўзбекистонга таклиф қилган жамоа аллақачон ЎФАдан кетган. Ҳатто ўша музокараларда ўртада турган Санъат Шарипов ҳам энди ЎФАда ишламаяпти. Янги раҳбарият билан мулоқот аввалгидек бўлмаслиги табиий. Йўқ, гап шароитда эмас, шартномага мос равишда бугунгилар ҳам ўз томонидан барча талабларни бажараётганликлари шубҳасиз, гап вазиятнинг руҳий томонида – ишончда. Купер ўз атрофида унга ишонадиган, доимий қўллаб-қувватлаб, муваффақиятсизлигини ўзиникидек қабул қиладиган катта гуруҳни ҳис қилмаяпти балки.

Унинг ишига ҳеч ким аралашмаган тақдирда ҳам, энди Купер вазият қиролига айлана олмаяпти, ҳар бир гапи бажарилиши керак бўлган қонундек янграмаяпти, атрофидаги ҳамма унинг Ўзбекистонни кучайтириши мумкинлигига ишонаётганини ҳам сезгани йўқ. Биринчидан, терма жамоа натижалари у қадар зўр эмаслиги, иккинчидан, унга ишониб олиб келганлар ҳозир ташкилотда йўқлиги мана шундай негатив ҳолатни юзага келтирган бўлиши табиий.

Оқибатда, у вазиятларга анча бефарқ бўлиб қолган, аллақачон истеъфога ўзини тайёрлаётган бўлишиям мумкин, энг ёмони, агар бу йўл берса, ўз ғояларини исботлаш имкониятидан маҳрум бўлганидан ўкиниб ҳам ўтирмайди, ҳаммасини сокин ва хотиржам қабул қиладиган кайфиятда. Менимча.

ЎФА
Ассоцияциянинг янги раҳбарлари учун ҳам Купер энг муаммоли мерослардан бири. Биринчидан, бугунги терма жамоамиз ва мақсадимиз учун мос келяптими, вазиятни ўнглай оладими, бу алоҳида савол. Иккинчидан, бу мураббийни бўшатиб юбориш ҳам осон эмас – шартномага кўра, яхшигина компенсация тўлашга тўғри келади.

Мен бир неча ой олдин «Фишка. Ростан яхши ёлғонлар» сарлавҳаси билан мақола ёзгандим. Ўшанда раҳбарият ўзгармаганди, ЎФА ходимлари Куперни ҳаддан ташқари ҳимоя қилишлари бироз ғашимни келтирганди. «ЎФА чет элдан тажрибали, малакали мураббийни олиб келди, унга барча шароитларни яратиб берди, бўлди, энди худди мухлислар қаторида туриб, натижа кутишга ҳақли. Мабодо Купер ишончни оқламаган тақдирда ҳам, айб ЎФАга тушмаслиги керак, ахир бошида ҳаммаси тўғри ва мантиқлидек кўринган. Шунинг учун ЎФА ўзининг эски қарорини ҳимоя қилиши, Купернинг штабидаги инсонлар каби, уни оқлашга эҳтиёж бўлмаслиги керак», деб ёзгандим. Хуллас, бугун ҳаммаси ўзгарди, ЎФА мураббийни худди ўз «меваси»дек ҳимоя қилишга муҳтож эмас. Ҳаммаси ёмон бўлган тақдирда ҳам, барчанинг кўз ўнгида жавобгар Эктор Купер ва уни тайинлаган аввалги раҳбарият бўлади.

Бу ҳолат, агар молиявий томонни эътиборга олмасак, ЎФАнинг вазифасини осонлаштиради, улар бемалол Купердан воз кеча олишади. Шунча пул сарфлаб олиб келиб, оқибатда қарор нотўғри бўлиб чиққанига ҳам жавобгарлик йўқ, шунчаки, вазият вақтида ўнглангандек бўлади, холос. Мана шундай вазиятда, яъни ЎФА учун охиригача Куперни қувватлашдан кўра, бўшатиш осонроқ бўлиб турган пайтда, ташкилотда терма жамоага нисбатан бирор позитив қараш борлигига ҳам ишониш қийин.

Футболчилар
Эсингизда бўлса, декабрь ойида футболчиларнинг кайфияти жуда яхши эди. Ҳамма Купернинг янгича машғулотларига маҳлиё бўлган, терма жамоа эшиги ҳамма учун очиқлиги барчанинг руҳиятини кўтариб юборган, бор имкониятни мураббийнинг ишончини қозонишга сарфлаш учун ҳамма тайёр эди. Ҳар қандай мураббий янги келганда шунақа бўлади, лекин вақт ўтиб, унинг ҳам ўз жамоаси, ишонганлари, ёқимтойлари пайдо бўлгач, муносабат ўзгаради.

Денисов масаласидаги қайсарлик, Осиё Кубогидаги аксарият ҳолатларда ҳимоявий ўйин, бир қатор журналист ва мутахассисларнинг Купернинг услуби борасига бироз танқидий қарашлари, табиий равишда, футболчиларга ҳам юқади. Ўтган йилги тайёргарликлар давомида, бу сафар нима бўларкин, янгича йўналишда тайёргарлик кўряпмиз, бир нима чиқар, дегандек қарашлар ўрнини энди, ишончсизлик эгаллаб олган.

Осиё Кубоги-ку, майли, айниқса, сентябрь ойидаги голсиз ўйинлар вазиятни янада оғирлаштирди. Ҳеч кимни нопрофессионалликда айбламасдим, лекин, ишонч, руҳият, мураббийнинг режалари амалиятда ижобий натижани олиб келмаётгани футболчиларнинг ўйинига кескин таъсир кўрсатади. Улар ҳам одам – мураббий аввало ўз ғоя ва кўрсатмаларига футболчиларнинг миясини ишонтира олиши керак. Агар Купер футболчига бирор тактик кўрсатма берса-ю, футболчи бу кўрсатма бирор натижа келтириши мумкинлигига ишонмаса, ўша вазифани бор куч билан бажара олмайди.

Ироқ билан ўйинда нурсиз ўйиннинг давом этгани, яъни Фаластин билан ўйин ва унинг натижаси тасодифий экани исботланмагани жамоа муҳитига янги салбий чизгиларни қўшгани табиий.

Мухлислар
Аслида, бундай кутилмаган мағлубиятлар кўп бўлган, эртасига Саудия Арабистони терма жамоаси очко йўқотиши, Фаластиннинг мағлубияти мухлисларни хурсанд қилиб юбориши, энди яна имконият ўзимизда қолиб, барчасини ўнглаш мумкинлиги ҳақида умидлар пайдо бўлиши керак эди. Лекин йўқ, ўша ўйинлар билан ҳеч кимнинг иши бўлмади, натижалар ҳам анча скептик қарши олинди. Сабаби, бошқа ўйинларни ҳисоб-китоб қилиш учун, аввало ўз ўйинимизга ишонч бўлиши, қаердандир ёруғлик келишига умид керак. Эртага Яманни ёки Сингапурни енга олишимизга қатъий ишонч бўлмай туриб, имкониятлар ҳақида гапириш албатта кулгили бўлади.

Шомуродовнинг «Ростов»даги ўйинлари сўнгги ойларда ўзбек мухлислари учун алоҳида ижобий ҳисларни яратаётган, ҳамма ҳужумчининг ниҳоят терма жамоамизга келиб, голли юришларини давом эттиришини кутаётганди. Ҳатто мана шу ягона позитивдан ҳам ажралдик – ўйинлар натижасида ҳатто Шомуродовга нисбатан ҳам танқидий қарашлар кўпайди. Отабек Шукуровнинг ўз клубида майдонга қайтгани, яъни энди терма жамоамиз ярим ҳимояси тартибга тушиши мумкинлиги ҳақида ҳам фикрларни кўрмадим – ахир муаммо каттароқ экани, бундай ўйинни Шукуров ҳам ўзгартира олмаслигини ҳамма билиб тургандек.

Нима қилиш керак?
Ҳозирги вазият худди бир йил олдин «Манчестер Юнайтед» ва Моуриньо билан юзага келган пайтни эслатиб юбормоқда. Вазиятни ўзгартириши мумкин бўлган барча томонни негатив чулғаб олган. Бу ҳолатда Купер ҳам, ЎФА ҳам, футболчилар ҳам, ҳатто мухлислар ҳам вазиятни ўнглаш учун максимал ҳаракат қилишига ишонмайман. Худдики, бир қарорга келиш учун барча яна бирор воқеани, масалан, мағлубиятни кутаётгандек тасаввур уйғотади. Энг ёмони, навбатдаги мағлубият энди ҳеч кимни ҳайрон қолдирмайди. Терма жамоамиз раҳбарияти, мураббийлари, футболчилар-ю, мухлислари кўриб, билиб турган ҳолда мағлубият томон кетаётгандек. Бир нима қилиш керак.

Чунки тарихда ЖЧ саралашларининг бошида бундай шароитга тушиб қолмаганмиз. Деярли ҳар доим биринчи босқич оғриқсиз босиб ўтилган. Ҳатто ўтган циклдаги илк ўйинда Шимолий Кореядаги мағлубиятимиз ҳам бунчалик оғриқли бўлмаган, чунки, корейслар гуруҳда асосий рақибимиз эди. Биз энг кучли жамоага ютқазгандик, гуруҳдаги бошқа рақибларни бемалол юта олишимизга ишонгандик. Аммо ҳозир бир энг ўртача жамоага мағлуб бўлдик, кейинги ҳар бир ўйинда ғалабага ишонч катта эмас.

Айни пайтда энг тўғри йўл мураббийни алмаштириш бўлади. Янги мураббий ким бўлиши умуман аҳамиятсиз, шунчаки футболчиларни ўйнатса бўлди. Шундай гуруҳдамизки, ёмон ўйнамасак бўлди – ғалаба қозонамиз. Яманга ҳам, Сингапур ёки Фаластинга ҳам яхши ўйнаб туриб, ютқазиш иложсиз.

Биргина ўзгариш футболчиларимизни кучли қилиб қўймаслиги аниқ, жамоамизга қандайдир янги, ҳужумкор тактикани сингдирмаслиги ҳам турган гап, лекин бу ўзгариш ҳозир мавжуд бўлган барча негативни чиқариб юборади, умид пайдо қилади. Умид эса, ҳар қандай вазифани уддалашга қодир.

Қаҳрамон Асланов

Манба: Kun.uz

“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Мавзуга оид янгиликлар
  • Эктор Купер: "Ҳеч бир рақибга беписандлик билан қараб бўлмайди" 17 июл, 16:54
  • Осиё Кубоги. Бугунги ўйинлар анонси билан танишинг 15 янв, 17:20
  • Эктор Купер: «Терма жамоа ўйинида ўсиш бор» 20 ноя, 20:24
  • Эктор Купер: “Терма жамоа ўйинида 1 ойдан сўнг ўзгариш бўлади” 05 сен, 15:47
  • Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Осиё ўйинларида ҳужумкор ўйин намойиш қилмоқчи 10 июл, 15:55
  • Сўнгги янгиликлар
  • Иқтисодиёт ва Молия институтида ректордан бошқа барча раҳбар ходимлар ишдан олинди 19 сен, 21:42 154
  • Фарғонада туғилган уч эгизакка Бибихоним, Амирбек ва Темурбек деб исм қўйилди 19 сен, 21:15 163
  • АҚШлик «Бақалоқ» суғур YouTube юлдузига айланди (видео) 19 сен, 20:48 159
  • Олий маълумотли фуқаролар ҳам 12 ой ҳарбий хизматни ўтайдиган бўлди 19 сен, 20:22 269
  • Вазирлар ва ҳокимлар биттадан мактабни оталиққа олади 19 сен, 19:55 257
  • Ошхонадаги қинғирлик 19 сен, 19:30 547
  • "France Football" дунёнинг энг яхши дарвозабони учун Яшин мукофотини таъсис этди 19 сен, 19:07 233
  • Автомобилларнинг божхона тўловлари босқичма-босқич пасайтириб борилади 19 сен, 18:43 497
  • Сабабсиз дарсга келмайдиган ўқувчиларнинг ота-оналарига нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланади 19 сен, 18:20 442
  • Ипотека кредити олишда юқори ёш чегараси белгиланди 19 сен, 17:57 627
  • Бўлимлар