«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 25 2024, 13:53
ЎЗO‘Z

Ўзбекистонда коллежлар хусусийлаштириладими?

25 мая, 13:37 3 445 Жамият
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ўзбекистонда коллежлар хусусийлаштириладими? Мамлакатда ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, касб-ҳунар таълими тизимини такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ, тан олиш лозим, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш энг оғриқли масалалардан биридир, деб ёзмоқда Фарҳод Толипов «Mahalla» газетасида. Унинг мақоласи ЎзА томонидан эълон қилинди.

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 13 май куни қабул қилинган «Меҳнат бозорида талаб юқори бўлган малакали кадрларни касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борадаги муаммоларни ҳал қилиш йўлидаги муҳим қадамлардан бўлди.

Ҳужжатга кўра, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирликлари ҳамкорлигида касб-ҳунар коллежларида йирик корхоналар ва кластерлар учун, шунингдек, меҳнат бозоридаги реал эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ўрта бўғин мутахассислар ва ишчи касблар бўйича кадрлар тайёрлашни ташкил қилиш лойиҳаси ишга туширилади.

Давлат-хусусий шериклик нима?

Бугун мамлакатимизда давлат-хусусий шериклик фаолиятига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш тизимларига бу тажриба муваффақиятли тарзда жорий қилинди. Давлат-хусусий шерикчилик механизмини барча соҳаларга жорий этишда чет эл тажрибасини ўрганиш, таҳлил қилиш ва улардан фойдаланиш Ўзбекистоннинг янада ривожланишида муҳим омил бўлади.

Давлат-хусусий шериклик механизмини жорий этиш таълим муассасаларининг харажатларини режалаштириш ва сарфлаш шаффофлигини таъминлаш чораларини кўриш, фаолиятининг очиқлиги ва улар мустақиллигининг оширилиши давлат-хусусий шерикликни йўлга қўйиш учун асос бўлиб хизмат қилади ва уларнинг инвестицион жозибадорлигини оширади.

Коллежларни давлат-хусусий шерикликка ўтказиш касб-ҳунар коллежларида йирик корхоналар ва кластерларда яратилаётган янги иш жойлари, шунингдек, меҳнат бозоридаги реал эҳтиёжга кўра, ўрта бўғин мутахассислар ва ишчи касблар бўйича кадрлар тайёрлаш имконини беради.

Коллежлар тайёр мутахассис етказиб беради

— Таъкидлаш жоиз, узоқ йиллардан буён коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш масаласи оғриқли нуқталардан бири эди, — дейди Республика касб-ҳунар таълими маркази бошқарма бошлиғи Ўткир Алимжонов. — Давлат-хусусий шериклик асосида фаолият юритадиган касб-ҳунар коллежлари эса ушбу муаммога ечим бўлади. Бунда кадрлар тайёрлаш масаласида ривожланган давлатларнинг илғор тажрибалари оммалаштирилади.

Эндиликда корхона бевосита кадрлар тайёрлаш жараёнида иштирок этиши, ўзи учун зарур ходимга ушбу касбнинг қайси жиҳатларини чуқурроқ ўргатиш лозимлиги бўйича талаб ва тавсияларини билдириши мумкин. Шунга кўра, биз таълим дастурларимизни қайта кўриб чиқишимиз лозим бўлади. Яъни малакали архитектор, дизайнер, деҳқон, фермер, технолог, муҳандис сингари мутахассислар бевосита дарс жараёнида иштирок этиб маслаҳатларини бериб бориши мумкин.

Ушбу коллежларда ўтиладиган дарслар фақат назария билан чекланиб қолмайди. Буюртмачи корхоналар билан келишилган ҳолда ўқувчи дарс давомида олган билимини бевосита амалиётда синовдан ўтказиб боради. Йирик корхоналарга бириктирилган коллежлар ўша корхонанинг бир қисмига, яъни корхона учун керакли кадрларни ишлаб чиқарувчи тармоғига айланади.

Мутахассислар тайёрлаш муддати қандай?

Табиийки, бу жараёнда савол туғилади. Кадрларга эҳтиёжи бор корхона давлат-хусусий шериклик асосидаги коллежга буюртма бергач, ўзи учун керакли кадрлар етишиб чиқишини қанча кутади? Бу муддатда ўша кадр бажариши лозим бўлган ишлар ўлда-жўлда қолиб кетмайдими?

— Янги тартибга кўра, уч йилдан кейин кадр тайёрлаб бериш деган тушунча йўқ, — дейди Республика касб-ҳунар таълими маркази бошқарма бошлиғи ўринбосари Азиз Мелибоев. — Авваллари коллеж ўқувчилари касбдан қатъи назар, уч йиллик ўқишни тамомлагандан сўнггина бирор корхонага ишга кириши мумкин эди. Эндиликда оддийроқ касб бўйича мутахассислар қисқароқ, мураккаб касб бўйича мутахассислар эса 2 йилгача бўлган муддатда тайёрланади.

Бу жараёнда буюртмачи корхона учун енгиллик шундаки, назария ва амалиёт бир вақтнинг ўзида олиб борилади. Яъни ўқувчи ўқиш давомида ўрганганларини бевосита иш жараёнида ҳам қўллаши ва бу орқали корхонанинг ушбу мутахассисга бўлган талабини қондириши мумкин бўлади. Бу тажриба дунёнинг қатор ривожланган давлатларида «дуал таълим» тизими деб номланади. Унга кўра, ўқувчи ҳафтанинг баъзи кунларида назарий, қолган кунларида амалий билим олади.

Дейлик, гидропоник усулдаги иссиқхона ташкил қилган корхона буюртмачи сифатида коллеж билан шартнома имзолади. Унинг талабига кўра, тайёрланаётган кадр маълум муддат давомида соҳадаги янгиликларни ўрганиб, иш берувчи билан келишган ҳолда амалиётга жорий қилиши мумкин. Натижада ҳам амалий, ҳам назарий билимларини мустаҳкамлаб борган ўқувчи ўқишни тамомлагунча тажрибали мутахассис бўлиб етишади.

Тадбиркор бўлиш учун ҳам уқув керак

Бугун мамлакатимизда кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор имтиёзлар яратилган, тижорат банклари томонидан кредитлар ажратилмоқда. Бироқ ҳамма ҳам ўша кредит билан тадбиркор бўлолмайди. Бунинг учун тажриба, уқув ва малака зарур. Дейлик, коллежни битирган ўқувчи буюртмачи корхонада ишлашни хоҳламади. Аксинча назарий ва амалий билимларини қўллаб, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйишга қарор қилди. Бунинг учун унда етарли тажриба ва касбий малака борлиги боис унинг муваффақиятга эришиши нисбатан енгилроқ кечади.

Зеро, қайси соҳада бўлишидан қатъи назар, ўша соҳани ипидан игнасигача билиш, турли кутилмаган вазиятларга тайёр бўлиш муваффақиятга етаклайди. Шундай экан, ўқиш жараёнида амалиётда бевосита иштирок этган ўқувчилар тажриба тўплаши ва ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши ҳам мумкин бўлади. Зеро, у амалиёт давомида камчиликлар ва ютуқларни сарҳисоб қилиш ва фаолиятини мустаҳкам асос билан бошлаш имконига эга бўлади.

Ўқитиш тизими қандай бўлади?

Хусусий шерикчилик асосидаги касб-ҳунар коллежларида ўқитиш шартномада кўрсатилган тартибда бўлади. Яъни буюртмачи ва давлат ўртасида тузилган шартномага кўра, ўқиш давомидаги харажатларнинг маълум қисми давлат томонидан, қолгани эса корхона томонидан тўлаб борилиши кўзда тутилган. Шундан келиб чиққан ҳолда ўқитиш харажатлари ишлаб чиқилади.

Бу жараёнда корхона ўзи буюртма берган ходимларининг ўқиши учун кетадиган харажатларни ўз ҳисобидан қоплаб боради. Лекин икки тарафлама шартномадан ташқарида бўлган харажатларга давлат бюджетидан маблағ йўналтирилиши ҳам мумкин бўлади. Шунингдек, ўз қизиқиши доирасидаги касбни ўрганиш истагидаги ўқувчи истаган коллежига бориб, пул тўлаб билим олиши ва ҳунар эгаллаши мумкин бўлади.

Савол туғилади, коллежлар буюртмачи учун зарур кадрни етказиб бергандан сўнг қаровсиз ҳолда қолиб кетмайдими?

— Коллежлар фақат битта буюртмачи ёхуд маълум таълим шакли билан чекланиб қолмайди, — дейди Ўткир Алимжонов. — Мунтазам равишда мутахассисликлар ҳам, буюртмачилар ҳам ўзгариб туриши мумкин. Бугун юртимизнинг барча ҳудудларида янги-янги корхоналар ишга тушмоқда. Бу эса ўз-ўзидан ишчи кучига эҳтиёжни юзага келтиради. Шундай экан, давлат-хусусий шериклик асосидаги касб-ҳунар коллежлари доимий талабга мувофиқ фаолият юритади.

Таъкидлаш жоиз бу жараёнда коллеж директорининг ишбилармонлиги, фаолиятини тартибли тарзда йўлга қўйиши ва келажак режаларини тўғри тузишига ҳам кўп нарса боғлиқ.

Бир сўз билан айтганда, мазкур чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида касб-ҳунар коллежларида ўқитиш сифати ва самарадорлигини янада ошириш, иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, пировардида турмуш фаровонлигини юксалтириш, фарзандларимизнинг танланган мутахассисликларини пухта эгаллашлари учун зарур имкониятлар эшиги очилади.

Коллежлар қаерларда ташкил қилинади?

Бу йил эксперимент тарзида давлат-хусусий шериклик асосидаги коллежларни ташкил этиш бўйича Республика ишчи гуруҳи тузилган бўлиб, улар республиканинг ҳар бир ҳудудига чиқиб, мазкур лойиҳа бўйича талабгор корхоналар ва коллежларнинг бугунги кундаги ҳолатини ўрганади. Натижада талабга кўра, ҳар бир ҳудудда давлат-хусусий шериклик асосида фаолият кўрсатадиган коллежлар ташкил этилади. Мазкур лойиҳа маълум муддатга белгиланган бўлиб, якунда унинг самарадорлиги ишчи гуруҳ томонидан таҳлил қилинади. Шунга кўра, лойиҳа йилдан-йилга кенгайтириб борилади.

Айни пайтда ишчи гуруҳ томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази билан биргаликда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида талаб юқори бўлган ўрта бўғин мутахассисларни ҳамда ишчи касблар бўйича кадрларни тайёрлашни ташкил этиш учун касб-ҳунар коллежлари ҳамда уларга бириктирилган йирик корхоналар ва кластерлар рўйхати тузилган. Давлат-хусусий шериклик механизми бўйича ташаббус билдирган корхоналар билан ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Тез орада Давлат-хусусий шериклик принципи асосида касб-ҳунар таълимида кадрлар тайёрлашни тартибга соладиган низом лойиҳаси тайёр бўлади.




Мавзуга оид янгиликлар
  • МИБ ходими ва икки солиқчи жиноят устида ушланди 25 апр, 11:55 2
  • Атмосфера ҳавосини зарарлаётган 500 дан ортиқ автомобил эгаларига чора кўрилди 25 апр, 11:12 30
  • Ўзганинг номига онлайн қарз олиб, пулини ўзлаштирган шахс ушланди 25 апр, 10:35 36
  • Яшил ҳудудларда яшаш депрессия ва ташвишни камайтиради 25 апр, 06:38 73
  • Олимлар 2024 йилда кучли жазирамадан азият чекиши кутиладиган ҳудудларни айтди 24 апр, 22:42 535
  • Вазирнинг “дакки”си, бу ишлардан зериккан Жўраевлар оиласи ва Ботир Қодировнинг иқрори... 24 апр, 21:37 485
  • Сўнгги янгиликлар
  • Ортиқча вазнли инсонлар учун соғлом овқатланишнинг бешта муҳим қоидаси 25 апр, 12:59 0
  • МИБ ходими ва икки солиқчи жиноят устида ушланди 25 апр, 11:55 2
  • Москва вилояти ҳукумати раҳбарининг собиқ ўринбосари қўлга олинди 25 апр, 11:33 16
  • Атмосфера ҳавосини зарарлаётган 500 дан ортиқ автомобил эгаларига чора кўрилди 25 апр, 11:12 30
  • Хосе Венансио Лопес: Рақибимиз жаҳоннинг энг кучли терма жамоаларидан бири эканини яхши биламиз 25 апр, 11:05 83
  • Ўзганинг номига онлайн қарз олиб, пулини ўзлаштирган шахс ушланди 25 апр, 10:35 36
  • Пентагон Украинага янги ёрдам пакетининг таркибини очиқлади 25 апр, 10:11 101
  • Исроил Мадримов—Теренс Кроуфорд бокс оқшомининг карди эълон қилинди 25 апр, 09:48 40
  • Исроил Мадримов: Кроуфордни ҳурмат қиламан, лекин бу менинг дивизионим 25 апр, 09:29 82
  • Хави “Барселона”даги фаолиятини давом эттиришга рози бўлди 25 апр, 09:10 44
  • Хонанда Авазбек Олимовдан “Севар ёрим” қўшиғини рухсатсиз куйлаб келаётгани учун 540 млн сўм ундириш сўралмоқда 25 апр, 08:44 234
  • Қозоғистон бош вазири ўринбосари Кобулда “Толибон” вакиллари билан учрашди 25 апр, 08:20 215
  • Бўлимлар