«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 25 2024, 04:41
ЎЗO‘Z

Интернетни ўргатиб, оилани асраш мумкин...ми?

21 мар, 20:08 4 097 Жамият
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Интернетни ўргатиб,  оилани асраш мумкин...ми? Оилавий ажрашишларнинг олдини олиш ёки бу муаммога қарши курашишнинг аниқ дастури ҳам, механизми ҳам йўқ.

Чунки бузилаётган ҳар бир оиланинг муаммоси ўзига хос ва бир-бирига умуман ўхшамайди. Кимдир муаммо илдизини аёл ўз ҳуқуқини билмаслиги билан боғласа, бошқа биров эркак киши «ҳаққини таниган» хотин билан яшай олмаслигини таъкидлайди. Айниқса, икки ёшнинг характери бир-бирига мос келмаётгани, орага учинчи шахснинг аралашуви, эр-хотиннинг бир-бирига хиёнати, хуллас, бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Аммо барибир оилаларни асраб қолиш ва бу муммога қарши барча саъй-ҳаракатларни кўриш — жамият олдидаги жиддий масала.

Хўш, бугун ҳуда-беҳудага оилалар бузилиб кетишига қарши қандай кураш олиб борилмоқда? Яқинда «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ҳам бу борада янги бир лойиҳа бошлагани ҳақида эшитдик.
— Таҳлилларнинг кўрсатишича, оилаларнинг қийин аҳволга тушиб қолишига ўзига ишончсизлик ва билим етишмаслиги сабаб бўляпти, — дейди «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази директори Дилором ТОШМУҲАММЕДОВА.

— Мисол учун, Сирдарё вилоятидаги 250 та турмуши бузилган оиланинг 30-35 фоизи қаерга мурожаат қилишни, кимдан ёрдам олишни билмай, арзимаган сабаблар туфайли ажрашиб кетишган. Демак, уларда бугун давлат олиб бораётган сиёсат, қайси ташкилот нимага масъул, кимлар уларга ёрдам кўрсатиши мумкинлиги ҳақида тушунча йўқ. Шулардан келиб чиқиб, пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги ўн нафар ижтимоий қийин аҳволга тушиб қолган келинга бирламчи ахборот-коммуникация технологиялари билими ўргатилди. Телефон ва интернет билан қандай ишлаш, ахборот қидиришда қайси манбаларга мурожаат қилиш керак, нима қилса қийин аҳволдан чиқиш мумкин, деган саволларга жавоб беришга ҳаракат қилдик.

Мана, улар ўқишни тугатиб, айримлари ишга жойлашишди. Лойиҳа натижасида қийин аҳволдаги оилаларга албатта ёрдам берамиз. Ўқув дарсларидан психологик соатлар ҳам ўрин олган. Ўзига ишончни қандай орттириш, келишмовчиликларни енгиб ўтиш, муаммоларни ҳал қилиш борасида керакли билим берилади. Бу инсонлар ўқишни битиргандан кейин ахборот излаш ва топиш кўникмасига эга бўлади. Ўзига ишончи ортади, иш топади, банклардан кредит олади, бир-бири билан гаплашишни ўрганади. Шу орқали оилани мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқчимиз. Лойиҳамиз муваффақиятли ўтса, ҳар бир туманда мана шундай курслар ташкил этишимиз мумкин.

Хиёнатнинг электрон шакли
Турмуш жуда нозик масала. Унинг дарз кетиши учун бирор жиддий сабаб бўлиши ҳам шарт эмас. Ор, номус, андиша каби тушунчалар унинг асосий устуни ҳисобланади. Хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл ўзини оиласи учун бағишламас экан, чин бахтга ҳам эришиб бўлмайди. Тўғри, бу сўзларни шунчаки айтиш осон. Аслида икки инсон бир-бирини тушуниб, дардини ҳис қилиб, елкадош бўлиб яшаши учун анча куч, сабот ва вақт талаб этилади. Мана шу тўсиқларни енгиб ўтганларгина оиланинг ширин лаззатини ҳис этиб яшайди. Афсуски, орамизда ҳамма нарсага қўл силтаб, фарзандларининг бахтсизлигига ҳам рози бўлиб, турмушини бузиб кетаётганлар кўп.

Шу ўринда жуда оғриқли бир савол: аёлнинг оиласига қилган хиёнатини кечириш мумкинми? Жавобига эса ҳожат йўқ. Умуман хиёнат кечириб бўлмайдиган жуда оғир гуноҳ. Бутун авлоднинг томирини чиритадиган иллат. Бу ҳаммага маълум ҳақиқат. Энг алам қиладигани эса инсонлар бир-бирининг юзига оёқ босиб, оилалар бузилиб кетаётгани. Бунга сабаб бўлаётган омиллар эса жуда кўп.

Замоннинг шиддат билан ривожланиши, ахборот технологияларининг кундан-кунга илғорлаб бораётгани ҳам маълум маънода бунга йўл очиб бераётганидан кўз юма олмаймиз. Бугун кимга қараманг қўлида телефон. Ҳатто оилада эр-хотиннинг бир-бири билан гаплашишга вақт топа олмаслигини қандай тушуниш мумкин?!

Эндигина тўйи бўлган келинчакнинг оиласи бузилди. Нима эмиш, телефонда ғойибона ким биландир гаплашиб юрармиш. Қайнона буни сезиб қолгач, анча вақтгача кузатиб юради. Фарзандининг оиласига бегона одамнинг аралашганига ишончи комил бўлгач, ноилож ҳақиқатни ошкор қилади. Шундай бўлгач, ким ҳам бундай келинни қабул қила олади дейсиз. Шуларни эшитиб, кўриб туриб ҳам қизининг сарпосига энг сўнгги русумдаги телефон қўшаётганлар қанча. Уларни йўлдан қайтармоқчи бўлсангиз, «қизимнинг бошқалардан қаери кам экан», деб ўдағайлаб ҳам қўяди.

Аслида ўзганинг хонадонига келин бўлиб бораётган қизнинг бошқалар билан ортиқча сўзлашиши, уйдаги гапларни ким биландир ўртоқлашиши тинч ҳаётига совуқчилик солиши мумкинлигини ўшалар ҳам яхши билади. Келин ҳам уй ишларини ўз ўрнида, саранжом-саришта қилиш ўрнига телефонга тикилиб ўтириши қайси эрга ёки қайси қайнонага ёқади?

«Бахтга элтувчи» техника
Фикрларимиздан худди техника ривожига қарши чиқаётгандекмиз. Йўқ, бундай қарашдан йироқмиз. Асл мақсадимиз, оила мустаҳкамлиги. Барча ривожланишу янгиликлар фақат оиланинг бахту саодати учун хизмат қилсин. Шу маънода, «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази бошлаган янги лойиҳанинг асл мақсадини бироз таҳлил қилиб кўрмоқчимиз. Тасаввур қилинг, сузишни умуман билмайдиган одамни катта бир уммонга итариб юбордингиз. Ўзингиз эса қирғоқдан туриб унга қандай ҳаракат қилишни ўргатяпсиз. Сира мантиққа тўғри келмаяпти, шундай эмасми? Лойиҳа ҳам кишида шундай таассурот уйғотади. Бу қанчалик тўғри қарор?

Оиласида муаммоси бўлган, ўзаро келиша олмаётган эр-хотинларни ахборотлар уммонига олиб кириш билан уларнинг турмушини яхшилашга қанчалик эришиш мумкин? Бундай вазиятда хотинидан чарчаган эр ўзига янги суҳбатдош ёки аксинча бўлмаслигига ким кафил бўла олади?
Тўғри, инсон яралибдики, садоқат ва хиёнат каби тушунчалар мавжуд. Бу ҳар кимнинг виждонига ҳавола. Фақатгина жар ёқасида турган оиланинг ҳаётига бундай аралашув салбий таъсир кўрсатмайдими деган хавотиримиз бор.

— Бу лойиҳани амалга оширишдан олдин жуда кўп ўйладик, — дейди Дилором Тошмуҳаммедова. — Ҳақиқатан, ахборот-коммуникация технологияларининг одамларга салбий таъсири бор. Лекин ижобий жиҳатлари бир неча баробар кўплигига амин бўлдик. Салбий жиҳатидан қўрқиб бу ишимизни тўхтатиб қўйсак, мамлакатимиз, жамиятимиз ортда қолиб кетади. Иккинчи масала, агар ёшларга интернетдан тўғри фойдаланишни ўргатсак, ­муайян муаммоларнинг ҳам олдини олган бўламиз. Учинчидан, ҳар тарафдан жамиятнинг маданиятини ошириш муҳим вазифалардан бири. Айнан ахборот технологияларининг оила бузилишига сабаб бўлган ҳолатлари бўйича ҳали тадқиқот ўтказмадик. Бундай сабаблар бор, эшитяпмиз, аммо жуда катта фоиз эмас. Агар болаларга мактабданоқ АКТ билан ишлашни, ишончли сайтларга киришни ўргатсак, хавотирга ўрин йўқ.

Баъзан ривожланиш ва инсонийлик тушунчалари бир-бирига зид келиб қоладигандек. Аммо бир нарса аниқ, одамлар бир-бирига кўрсатадиган меҳрни роботлар бера олмайди. Оилани мустаҳкамлаш учун эса қўрғон пойдевори пишиқ бўлиши керак. Шунда ташқаридан келган ҳеч қандай куч уни маҳв эта олмайди.
Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА

Манба: «Оила даврасида»




Мавзуга оид янгиликлар
  • Олимлар 2024 йилда кучли жазирамадан азият чекиши кутиладиган ҳудудларни айтди 24 апр, 22:42 149
  • Вазирнинг “дакки”си, бу ишлардан зериккан Жўраевлар оиласи ва Ботир Қодировнинг иқрори... 24 апр, 21:37 220
  • Зоҳиршоҳ Жўраев Ботир Қодиров билан ўтаётган суд юзасидан изоҳ берди 24 апр, 18:50 526
  • Оролбўйидан динозавр изи топилгани ростми? 24 апр, 18:06 75
  • Ҳамкорлик давом этмоқда 24 апр, 15:05 67
  • Самарқандда эрини тириклай ёқиб юборган аёл: “Бор-йўғи 1,5 литр бензин қуйдим” 24 апр, 14:42 349
  • Сўнгги янгиликлар
  • Ўзбек профессионал бокси тарихидаги энг катта жанг тасдиқланди! 25 апр, 00:33 86
  • Хосе Венансио: Эронга қарши ўйиндаги ғалаба Жаҳон чемпионати олдидан жамоамизга яхши таъсир кўрсатади 25 апр, 00:23 44
  • Ўзбекистон биринчи чоракда 2,7 млрд долларлик олтин сотди 25 апр, 00:06 23
  • Эронда рэпер Тумож Солиҳий ўлим жазосига ҳукм қилинди 24 апр, 23:35 103
  • Шойгунинг ўринбосари ҳибсга олинди. Бу иш ҳақида ҳозиргача нималар маълум? 24 апр, 23:12 100
  • Олимлар 2024 йилда кучли жазирамадан азият чекиши кутиладиган ҳудудларни айтди 24 апр, 22:42 149
  • Россия мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов тергов изоляторига жўнатилди 24 апр, 22:20 65
  • Еврокомиссия раҳбари: “Россиянинг Украинадаги ғалабаси Европа тарихини ўзгартиради” 24 апр, 22:00 203
  • Вазирнинг “дакки”си, бу ишлардан зериккан Жўраевлар оиласи ва Ботир Қодировнинг иқрори... 24 апр, 21:37 220
  • Элдор Шомуродов трансферига нарх белгиланди! 24 апр, 21:25 285
  • Футзал. Ўзбекистон Вьетнам устидан иродали ғалаба эришиб, ярим финалга йўл олди 24 апр, 21:09 160
  • Америкалик олимлар барча учун бирдек фойдали жисмоний фаоллик турини аниқлади 24 апр, 20:50 106
  • Бўлимлар