«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 28 2024, 18:03
ЎЗO‘Z

СССР доҳийсининг ўғли отасининг ўлимидан сўнгги йилларини қамоқда ўтказган эди

20 фев, 00:02 7 143 Дунё
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
СССР доҳийсининг ўғли отасининг ўлимидан сўнгги йилларини қамоқда ўтказган эди Василий Сталин отаси билан.
Фото: Wikipedia

Турли даврларда «Сталин» фамилияси СССР халқлари орасида турли хил туйғулар – қўрқув, нафрат, ҳурмат билан эсланган. Буларнинг барчаси, қоида тариқасида, фақат Сталинга – Совет Иттифоқи лидери Иосиф Виссарионовичга қаратилган эди.

Раҳбарнинг кенжа ўғли Василий Иосифович Сталин ҳар доим отасининг соясида қолган. Баъзан у ўзининг энг яқин дўстларига «Мен отам тириклиги учунгина тирикман», дер эди. Бу тахминлари Василий Сталинни алдамади – отасининг вафотидан кейин унинг ҳаёти ҳам пастга қулай бошлади. Бу ҳақда анъанавий тарих рукнида «Дарё» колумнисти Нурбек Алимов ҳикоя қилади.
***
Василий Сталин 1921 йилнинг 21 мартида Иосиф Сталин ва унинг иккинчи хотини Надежда Аллилуеванинг оиласида туғилган.
ХХ асрнинг 20-йилларида Сталин оиласини билганлар улар жуда бахтли ҳаёт кечирганини айтади. 1926 йилда Василийнинг синглиси Светлана туғилди. Улардан ташқари, оилада Артём лақаби билан таниқли бўлган инқилобчи Фёдор Сергеевнинг ўғли Артём Сергеев ҳам тарбияланган. Артём Сергеевни отасининг ўлимидан кейин Сталин асраб олган.

Унинг эслашича, Сталин болаларига етарли вақт ажратар ва оиласи билан вақт ўтказишни яхши кўрар эди. Отанинг энг севимли фарзанди эса қизи Светлана бўлган.

Она меҳрисиз ўтган болалик
1932 йилнинг 9 ноябрида Надежда Аллилуева жонига қасд қилганидан кейин оилада ҳамма нарса ўзгарди. Бундан қаттиқ таъсирланган Сталин ишга шўнғиб кетди ва болалар хавфсизлик хизмати ходимларига ишониб топширилди. Таълимнинг бундай усули Василийга салбий таъсир кўрсатди.

Доҳийнинг болалари ҳам бошқа совет раҳбарларининг болалари каби Москвадаги 25-сонли мактабда таҳсил олди. Василий ёмон ўқиши ва безорилик қилишига қарамай, меҳрибон, мулойим ва хушмуомала, доим бошқаларга ёрдам беришга тайёр эди. Василийнинг назорати Сталин соқчилари бошлиғи генерал Николай Власик ва унинг қўл остидагилар томонидан амалга оширилган. Власик Сталинга ўғли ҳақида маълумот бериб, ундан кўрсатма олган. Сталин Василийга ҳеч қандай имтиёз бермасликни ва яхши ўқишини қатъий талаб қилишни буюрган.

Сталиннинг парвози
Василий Сталин фамилияси одамларга қандай сеҳрли таъсир кўрсатишини жуда эрта тушунган ва ундан фойдаланишга кўп ҳаракат қилган эди.

Ўқишни тугатганидан сўнг Василий акаси ва яқин дўсти Артём Сергеев сингари артиллерия мактабига ўқишга кирмоқчи эди. Бироқ у учувчи бўлишга қарор қилиб, фикрини ўзгартирди. Василий Сталин Қримда жойлашган таниқли Качинский ҳарбий авиация мактабида ўқишни истади. Лекин шаҳодатномасидаги баҳолари уни ўқишга қабул қилишга имкон бермасди. Аммо бу муаммо ҳам ечилди.

Фото: Wikipedia
Янги келган курсант дарҳол эски ҳунарига қайтди. Яқинда отаси Қримга ташриф буюришини айтиб, ўқув юрти бошлиғидан ўзи учун алоҳида хона олди ва шоҳона безади. Бу ҳақда Иосиф Сталин хабар топганида, у курсант Сталинни умумий казармага топшириш, қатъийликни сақлаш, ўқиш давомида тўлиқ дастурни сўраш ҳақида қисқа ва қатъий буйруқ берди.

Махсус имтиёзли ҳолатини йўқотиб қўйган Василий тушкунликка тушмади. У тез орада курсдошлари билан дўстлашди ва гуруҳнинг илғорларидан бирига айланди. Шу билан бирга, курсантларнинг барча безорилик хуружлари етакчиси ҳам бўлди.

Учувчилик мактабини битиргач, ёш офицер Қизил армия ҳаво кучлари бош штаб-квартирасида ҳарбий ҳаво кучларининг парвоз инспекциясига ишга тайинланди. Василий бундай хизматни ёқтирмади ва уруш бошланганидан кейин у фаол равишда фронтга талпина бошлади. 1942 йилнинг ёзида эса унинг истаги амалга ошди.

Душманнинг қанча самолёти Василий Сталин томонидан уриб туширилгани ҳақида турли хил маълумотлар мавжуд. Совет Иттифоқи қаҳрамони Сергей Долгушин шундай деб эслайди: «1943 йил февраль март ойларида биз ўнлаб душман самолётларини уриб туширдик. Василий иштирокида – учта».

Бу вақтга келиб, Василий Сталин аллақачон 32-гвардия қирувчи авиация полкига қўмондонлик қила бошлаган эди.

Балиқ овидаги ҳалокат
Моҳир ва жасур учувчи Василий Сталинни икки нарса вайрон қилди – ароқ ва интизомнинг йўқлиги.

Совет Иттифоқи қаҳрамони Виталий Попков полковник Сталин қандай ишдан ҳайдалганини эслайди. 1943 йилнинг баҳорида, парвозлардан танаффус пайтида Василий Сталин Попковни балиқ овига чақирди. Учувчи бунга қаршилик қилмади, аммо «Қандай қилиб буни амалга оширамиз? На балиқ тутувчи тўрларимиз ва на қармоқларимиз бор», деди. Кейин улар авиацияда ишлатилувчи портловчи снарядлардан фойдаланмоқчи бўлди. Натижада, снаряд белгиланган вақтдан олдин портлаб кетади ва бир нафар ҳарбий муҳандис ҳалок бўлади, бир неча киши, жумладан Василий ҳам жароҳат олди.

Бу воқеа ҳақида Сталинга хабар берилганида у қаттиқ ғазабланди – уруш давом этмоқда, бадбахт ўғлининг безорилиги сабаб эса ҳарбийлар ўлмоқда. Василий эгаллаб турган лавозимидан бўшатилиб, резервнинг авиация полкларидан бирига инструктор лавозимига юборилди, учиши эса тақиқланди.

Спорт ҳомийси
Тақиқ Василийдан 1944 йил ўрталарига келиб олиб ташланди. У 3-қирувчи авиация гвардияси дивизиони командири этиб тайинланди.

Василий Сталин 1-Беларусь фронтининг авиация дивизияси қўмондони сифатида урушни тугатди. Барча камчиликларига қарамай, у авиациядаги оламида, учувчилар даврасида ўзини чиндан ҳам бахтли ҳис қиларди.

Фото: Wikipedia
1946 йил мартда, 26 ёшга тўлиши арафасида Василий Сталин авиация генерал майори унвонига сазовор бўлди.
Унинг карьераси 1948 йил генерал-лейтенант рутбасида Москва ҳарбий округининг ҳарбий ҳаво кучлари қўмондони этиб тайинланганида ўзининг энг юқори чўққисига етди.

Василий Сталиннинг спортга бўлган иштиёқи ҳақида алоҳида таъкидлаш лозим. У мамлакатнинг турли йўналишлардаги энг яхши спортчиларини бирлаштирган «Ҳаво кучлари» спорт клубини бошқарарди. «Ҳаво кучлари» хоккей жамоаси СССРнинг уч карра чемпионига айланган, клуб спортчилари кўплаб спорт турлари бўйича ҳам ғолиб бўлган эди. Василий Сталин амалга оширолмаган ягона нарса бу ҳаво кучлари футбол жамоасини чемпион қилиш эди.

Сталин Совет Иттифоқининг афсонавий спортчиларидан бири Всеволод Бобров билан дўст эди, Василийнинг учинчи рафиқаси эса сузиш бўйича СССР чемпиони Капитолина Василева бўлган.

«Улар отамни ўлдиришди!»
Отасининг ҳаёти давомида Василий Сталин яна бир марта катта қовун туширди. 1952 йил 1 майда генерал-лейтенант Сталин бошчилигидаги ҳаво парадидан кейинги қўниш жараёнида ҳавони булут қоплаганлиги сабабли иккита янги Ил-28 русумли реактив самолётлари ҳалокатга учради.

1952 йил июлда Тушинода янги авиапарад эса муваффақиятли ўтди. Хурсанд бўлган Иосиф Сталин ўғлини ҳукумат қабулига таклиф этди. Аммо Василий тадбир бошлангунича уни «нишонлашга» улгурди ва зиёфатга маст ҳолда келди. Ғазабланган ота Василийни ҳайдаб юборди ва шу заҳотиёқ лавозимидан четлатди. Бунга расмий сабаб қилиб май ойидаги фалокат кўрсатилди.

Фото: Wikipedia
Генерал Сталин бош штаб ҳарбий академияси тингловчилари сафига қабул қилинди, лекин синфда умуман кўринмади ва ўқишга қизиқиш билдирмади.
Ўзаро муносабатлари қийин бўлишига қарамай, Василий Сталин отасини яхши кўрар ва ҳурмат қилар эди. 1953 йил март ойида Сталин вафот этгач, у буни жуда оғир қабул қилди. У қабр устида йиғлар ва вақти-вақти билан «Улар отамни ўлдиришди!» деб такрорларди.

Бундан ташқари, дўстлари билан суҳбатда Василий чет эллик журналистларга Сталиннинг атрофидагилар, шу жумладан, давлатнинг юқори лавозимли расмийлари ҳаёти ҳақида ҳамма нарсани гапириб беришини айтиб қўрқитган эди.

«Василий Васильев»
Сталиннинг ўғли СССРнинг янги раҳбарлари учун муаммога айланган эди. СССР мудофаа вазири Николай Булганин уни ҳузурига чақириб, узоқ ҳарбий округлардан бирига ишга боришни таклиф қилди. Лекин итоатсиз генерал рад жавобини берди ва 1953 йилнинг 26 мартида, яъни отасининг ўлимидан 20 кун ўтгач, армиядан форма кийиш ҳуқуқисиз бўшатилди.

Бу бошланиши эди. Орадан бир ой ўтгач, у ҳибсга олинди. Василийга мамлакат раҳбариятига қарши туҳмат, тажовуз, ваколатни суиистеъмол қилиш ва яна бир қатор жиноятлар билан айблов қўйилди. У икки йилдан кўпроқ вақт қамоқда ўзига ўқилиши керак бўлган ҳукмни кутиб яшади. Натижада Василий Иосифович Сталин советларга қарши тарғибот ва хизмат вазифасини суиистеъмол қилгани учун саккиз йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Аммо у колонияга жўнатилмади – Владимирский централ қамоқхонаси Василий учун жазони ўташ жойига айланаи. Бу ерда у ҳатто фамилиясидан ҳам маҳрум бўлди: маҳбус ҳужжатларда «Василий Павлович Васильев» деб кўрсатилди.

Фото: Wikipedia
Василий Сталинни қамоқда таниганлар у ҳақда фақат яхши нарсаларни гапиради. Соқчилар Сталиннинг ўғли моҳир чилангар ва механик бўлиб чиққанини эслайди. Василий кўп ишларди ва режани ортиғи билан бажарарди.
Унинг қариндошлари мамлакат раҳбарларига мурожаат қилиб, ишни қайта кўриб чиқишни ва Сталинни озод қилишни талаб қилди, аммо бу натижа бермади.

Ноқулай одамнинг жимгина ўлими
Фақат 1960 йилнинг январь ойида Сталин озод қилинди ва Никита Хрушчёв билан учрашувга келтирилди. Никита Сергеевич энди Василий ўзига яраша сабоқ чиқарган ва ўрнини билиб олган деб умид қилиб, эски гиналарни унутишга тайёр эди.

СССР мудофаа вазири буйруғига биноан Василий Сталинга генерал формасини кийиш ҳуқуқи қайтариб берилди ва нафақа тайинланди, Москвадан уч хонали квартира ажратилди.

Ўша пайтгача собиқ жасур учувчидан жуда оз нарса қолган эди. 40 ёшида Василий Сталин кўплаб касалликлардан азоб чекди – қамоқдаги ҳаёт ва узоқ вақт давом этган ичкиликбозлик унга таъсир қилиб улгурган эди. У қийналиб юрарди, лекин феъл-атвори ўзгармаганди. Кўп ўтмай у сукут сақламаслиги ва «антисовет характеридаги туҳматларини» давом эттириши аниқ бўлди. Сталин яна ҳибсга олиниб, Лефортовога жўнатилди – уни янги жазо кутмоқда эди.

1961 йилнинг баҳорида уни пойтахтда ва отасининг юрти Грузияда яшамаслик шарти билан қўйиб юборишди. Қувғиндаги генерал учун мамлакатнинг Қозон шаҳри яшаш жойи этиб тайинланди. 1962 йил январда унга «Василий Жугашвили» номига янги паспорт берилди.

1962 йилнинг 19 мартида Василий Иосифович Сталин 42 ёшга тўлишига бир неча кун қолганида вафот этди. Ҳатто дафн маросимининг тавсифида ҳам номувофиқликлар бор – баъзи гувоҳларнинг таъкидлашича, Василийни сўнгги сафарга олиб бориш учун бир неча киши келган, бошқалари – Қозон аҳолисининг ярми Сталиннинг ўғли билан хайрлашиш учун келган деб таъкидлайди.

Василий Иосифович Сталиннинг ўзи учун бу энди аҳамиятсиз эди. Охир-оқибат у ҳаётида топа олмаган тинчликни топди.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.




Мавзуга оид янгиликлар
  • Рус нашрлари: «Крокус»да теракт уюштирганлар наркотик таъсирида бўлган 28 мар, 17:40 29
  • Россия НАТО билан жанг қилиш ниятидами? Путин нима деб жавоб берди? 28 мар, 15:07 275
  • АҚШ полициячиларининг «ақлли қарори» Legoга маъқул келмади 28 мар, 14:00 90
  • Дубай ҳукмдорининг энг гўзал қизи қандай ҳаёт кечиради? 28 мар, 13:31 426
  • Россия ФВВ: Crocus'даги теракт: қурбонлар сони 143 кишига етди 28 мар, 13:10 81
  • Усмоновнинг шикояти бўйича Германияда икки прокурорга нисбатан иш очилди 28 мар, 12:49 182
  • Сўнгги янгиликлар
  • Рус нашрлари: «Крокус»да теракт уюштирганлар наркотик таъсирида бўлган 28 мар, 17:40 29
  • Тошкентда қалбаки долларни сотишга уринган шахслар қўлга олинди 28 мар, 17:17 10
  • Тошкентнинг “Бунёдкор” клубига янги бош мураббий тайинланди 28 мар, 17:00 79
  • Лезвия билан баданини кесган йигит ҳодисаси бўйича расмий маълумот берилди 28 мар, 16:44 121
  • Қандли диабет касаллигида рўза тутса бўладими? 28 мар, 16:20 68
  • 29 март куни Ўзбекистон ҳудудида қандай об-ҳаво кутилмоқда? 28 мар, 15:53 96
  • Жиззахда икки раҳбар 64 гектар ерни сотаётганда қўлга олинди 28 мар, 15:30 53
  • Россия НАТО билан жанг қилиш ниятидами? Путин нима деб жавоб берди? 28 мар, 15:07 275
  • Тошкентдан Фарғона водийсига микроавтобус қатнови ташкил этилади 28 мар, 14:43 45
  • Тошкентда 29 март куни «Автомобилсиз кун» тадбири ўтказилади 28 мар, 14:24 45
  • АҚШ полициячиларининг «ақлли қарори» Legoга маъқул келмади 28 мар, 14:00 90
  • Дубай ҳукмдорининг энг гўзал қизи қандай ҳаёт кечиради? 28 мар, 13:31 426
  • Бўлимлар