«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 26 2024, 18:55
ЎЗO‘Z

Утилизация йиғими Ўзбекистон автомобиль бозорига қандай таъсир қилади?

11 янв, 17:27 6 768 Авто
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Утилизация йиғими Ўзбекистон автомобиль бозорига қандай таъсир қилади? Фото: thecoarseenvelope.com
Шу йилнинг 16 февралидан "Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги ва "Чиқиндилар тўғрисида"ги қонунларга тузатишлар кучга киради, уларга мувофиқ, Ўзбекистонда тўловларнинг навбатдаги турлари жорий этилади: барча импорт қилинган ва ишлаб чиқарилган транспорт воситалари ва тиркамалар учун утилизация йиғими киритилади.

Утилизация йиғими жорий этилиши тўғрисида 2019 йил ноябрь ойида эълон қилинганди, аммо унинг миқдори ҳалигача аниқ эмас ва бу истеъмолчиларни ҳам, автомобилсозлик бизнеси вакилларини ҳам ташвишга солмоқда, чунки у транспорт воситаларининг якуний нархига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин. Шу билан бирга, "Ўзавтосаноат" АЖ маҳаллий бозорга тўртта хорижий кроссоверни чет элдагидан арзон нархда олиб киришни режалаштирмоқда. Ўзбекистонга хорижий автомобилларни олиб кирадиган бошқа компанияларда бундай ноёб имкониятлар йўқ: бож тўланганидан кейин импорт қилинадиган машина нархи автомобилнинг модификациясига қараб 120-150 фоизга ошади.

Энди эса унга утилизация йиғими ҳам қўшилади.

Фикрлаш учун сабаб
Утилизация йиғими миқдори алоҳида қонуности ҳужжат билан белгиланади. Номаълум муддатга қолдирилган маълумотлари аниқ бўлмаган бундай ҳужжатлар Ўзбекистонда замонавий қонун ижодкорлигининг ўзига хос тенденциясига айланди. Бунинг устига, маълумотларнинг йўқлиги турли тахминларга сабаб бўлади.

Утилизация йиғими билан боғлиқ алоҳида ҳолатда унинг миқдори тўғрисидаги маълумотларнинг йўқлиги Ўзбекистондаги автомобиль бозори ишлаб чиқарувчилари ва дистрибьюторларини 2020 йил учун савдо-сотиқни прогнозлаштириш ва режалаштириш имкониятидан ҳам маҳрум қилади. Масалан, Россияда утилизация йиғими миқдорининг 2020 йил 1 январдан бошлаб оширилиши импорт қилинадиган автомобиллар нархининг 5 фоизгача кўтарилишига олиб келди, буни талабнинг мос равишда 8 фоизга пасайгани ҳақида хабар берган дилерлар ҳам тасдиқладилар.

Таққослаш учун сабаб
Утилизация нима ва у жаҳонда қанчага тушади? Пресс остига автомобилнинг металл асосигина тушади. Унинг ғилдираклари, ўриндиқлари ечиб олинади, барча суюқликлар, ёнилғиси тўкиб ташланади, механик қисми сотиш ёки қайта ишлаш учун алоҳида сараланади. Бу жараён қанчага тушишини фақатгина тахмин қилиш мумкин, чунки баъзи давлатларда (Eвропа мамлакатлари) утилизация автомашина эгаларига атиги 100-200 еврога тушади, бошқа давлатларда эса (Россия, Қозоғистон) эса бу автомобилнинг модификациясига қараб 2000 АҚШ доллари ва ундан кўпни ташкил этади ҳамда маҳаллий автосаноатни қўллаб-қувватлаш ва нархлар мувозанатини тартибга солиш воситаси ҳисобланади.

Баъзи мамлакатларда автомашина эгаларининг утилизацияда фаол иштирок этишлари рағбатлантирилади, уларга эски автомобилни утилизацияга топширганлик учун янги транспорт воситасини сотиб олишда имтиёзлар таклиф этилади.

Баҳолаш учун сабаб
Утилизация йиғими миқдори ҳозирча эълон қилинмаган экан, турли эҳтимолий ставкалар автомобилларнинг якуний нархига қандай таъсир қилиши мумкинлигини тахмин қилиш мумкин. Мисол тариқасида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг машҳур машиналари (Nexia R3, Chevrolet Spark, Chevrolet Tracker) ва иккита импорт моделлари (Lada Xray va Hyundai Accent) олинди.

Мутахассисларнинг тушунтиришларича, бир хил миқдордаги утилизация йиғимида турли автомобиль компаниялари учун якуний қўшимча қиймати ҳар хил бўлади, чунки у ички нарх сиёсатига мувофиқ ҚҚС ва бошқа тўловларни ўз ичига олади.

Жадвалда кўрсатилган 100, 1400, 2000 ва 3000 долларлик йиғим миқдорлари тасодифий рақамлар эмас. Улар утилизация тўловини мажбурий тўловлар рўйхатига аллақачон киритган хорижий давлатлар амалиётидан олинган. Яънивоқеалар ривожининг яхши ва ёмон сценарийлари.

Масалан, 100 евро - Европадаги утилизация йиғими миқдори. У бевосита утилизацияга жўнатишга тайёр машинадан олинади ва бу мантиқан тўғри. Европа Иттифоқида автомобилларни утилизация қилиш масаласи жуда жиддий. Эскирган машинани ташлаб кетган шахсга 2000 еврогача жарима солинади. Шунинг учун, масалан, Германияда автомашина эгалари жаримадан кўра утилизацияни маъқул кўришади ва бу фойдали ҳамдир.

Сертификатланган марказларда эски машинани утилизацияга топшириш учун 100 евро тўланади ва бундан ташқари, агар у юрмайдиган бўлса, уни олиб келиш учун яна шунча тўлашга тўғри келади. уни ташишда ҳам шундай бўлиши мумкин. Шу билан бирга, унинг барча яроқли эҳтиёт қисмлари қайта сотишга жўнатилади ва машина эгаси улар учун пул олади.

Параллелларни кўриб чиқиш учун сабаб
Жадвалда берилган 1400 ва 2000 АҚШ доллари миқдоридаги утилизация йиғими миқдори Россия тажрибасидан олинган. Аммо таъкидлаш жоизки, Россияда бундай юқори тўловлар Россия 2012 йилда Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) кирганидан кейин автомобиллар учун импорт божларининг 30 фоиздан 15 фоизгача пасайиши муносабати билан ўзига хос компенсацияга айланди.

Дастлаб, утилизация йиғими фақат импорт қилувчилардан олинган, аммо ЖСТнинг талабига биноан, Россия 2014 йилдан бошлаб ушбу мажбуриятни маҳаллий автомобиль ишлаб чиқарувчиларга ҳам жорий этишга мажбур бўлди ва уларни зудлик билан янги субсидиялар орқали ҳимоя қилди. 2020 йил 1 январдан бошлаб Россияда утилизация йиғими миқдори бож тўловлари пасайиши ҳисобига яна ўзгарди: двигатель ҳажми 1 литргача бўлган машиналар учун 46,1 фоизга, двигатель ҳажми 1 литрдан 2 литргача бўлган энг оммабоп автомобиллар учун - 112,4 фоизга ошди.

Қозоғистонда утилизация йиғими 2016 йилдан бошлаб жорий этилган ва бугунги кунда унинг миқдори транспорт воситаларининг тоифасига қараб 1000 доллардан 6000 долларгачани ташкил этади. Ушбу чора хорижий брендларнинг автомобилларини йиғиш билан шуғулланадиган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш деб очиқчасига айтилади, чунки улардан утилизация йиғими олинмайди. Таъкидлаш жоизки, Қозоғистонда қарийб уч йилдан буён эски машиналар эгаларини жалб этишга қаратилган утилизация дастури мавжуд. Машинанинг ҳолатига қараб, иштирокчиларга маълум миқдордаги маблағ компенсацияси ёки янги маҳаллий автомобилларни сотиб олишда фойдаланиш мумкин бўлган сертификат берилади.

Бож ставкаларини эслаш учун сабаб
2020 йил 16 февралга қадар Ўзбекистон утилизация йиғими миқдорини Россия ёки Қозоғистондан кўчирадими ёки йўқми, деган тахмин турибди. Йўқ, деб ишонишни истардим. Зеро, бу давлатлардан фарқли ўлароқ, бизда божхона тўловлари фақат ўсмоқда. Бугунги кунда улар автомобилнинг модификациясига қараб тахминан 120-150 фоизни ташкил этади, бу эса нархи 10000 шартли бирликка тенг бўлган янги хорижий автомобилнинг нархини автоматик равишда 26000 шартли бирликкача оширади.

Бу бизнинг мамлакатимизда утилизация йиғими учун юқори ставкалар жорий этишга сабаб йўқлигини англатади. Мабодо қонун чиқарувчилар импорт қилинадиган автомобиллар нархларини манипуляция қилиш орқали маҳаллий автосаноатни қўллаб-қувватлаш учун россиялик ва қозоғистонликларнинг қулай схемасидан нусха кўчиришни истаб қолишмаса.

Ташвишланиш учун сабаб
Материални тайёрлаш жараёнида дистрибьюторлар ҳукумат томонидан утилизация йиғими миқдорини 120 БҲМ (2019 йил сентябр ойидан бери ишлатилаётган базавий ҳисоблаш миқдори) даражасида белгилаш имконияти кўриб чиқилаётганидан хавотирланиб бизнес омбудсман ва қатор идораларга хат юборгани маълум бўлди. Бу қарийб 26 миллион сўмни ташкил этади.

Бу импорт қилинадиган автомобилларнинг якуний нархига таъсир кўрсатиб сотувларга кучли зарба бериши, улар фаолиятининг қисқариши ёки тугатилишига, бу эса иш ўринларининг йўқолишига ва умуман олганда, хорижий автомобиль саноатининг Ўзбекистон бозорига қизиқиши пасайишига олиб келишига дистрибьюторларнинг ишончи комил. Охир оқибат эса давлат бюджетига солиқ ва бошқа тушумлар манбаларининг сезиларли даражада камайишига сабаб бўлади. Зеро, Давлат статистика қўмитасининг қайд этишича, Ўзбекистонга енгил автомобилларнинг йиллик импорт ҳажми ўртача 17,5 минг донани ташкил этади.

Шубҳа учун сабаб
Энди эса йилига 17,5 минг дона янги замонавий импорт қилинган автомобилларга қайтамиз. Утилизация нуқтаи назаридан янги автомобилларга асосий экологик хавф сифатида қараш керакми, зеро айнан улардан утилизация йиғими олинади. Ўзбекистондаги автомобиллар паркининг умумий сони қарийб 3 миллион донани ташкил этади. Ва уларнинг ярми 10-20 ва ундан кўпроқ йил олдин ишлаб чиқарилган автомобиллар. Давлат экология қўмитасининг маълумотларига кўра, 2018 йилда ўтказилган техник кўрик натижасида 2,8 миллион автомашинадан 1 миллионга яқини мажбурий хавфсизлик талабларига жавоб бермаган, 24 мингдан ортиқ машина эса фойдаланишга бутунлай яроқсизлиги сабабли улардан фойдаланиш бекор қилинган.

Шундай экан, нима учун қонун чиқарувчилар камида бир миллионта эски автомобилни утилизация қилишнинг барча тўлов юкини ишлаб чиқарувчилар, импортчилар ва янги автомобилларни сотиб олувчиларга юклашни таклиф қилишлари тушунарсиз қолмоқда. Ахир, утилизация йиғими ҳисобига янги машиналарнинг нархи ошиши мамлакат автопаркини янгилашни ортга суради-ку. Аксарият истеъмолчилар қимматлашган автомобиллардан кўра иккинчи ва учинчи қўллардан замонавий минимал экологик стандартлардан узоқ бўлган эскирган автомобилларни сотиб олишни афзал кўрадилар.

Ва автомашиналар эгалари ҳовлиларда занглаб ётган ва кўчаларда юрган эски машинани нима қилиш кераклиги тўғрисида бош қотирмайдилар.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин.




Мавзуга оид янгиликлар
  • Тошкентда 02 кодли авторақамлар тахминан қачон пайдо бўлиши айтилди 24 апр, 10:02 183
  • Ўзбекистонда ўтган уч ойда қанча автомобиль ишлаб чиқарилган? 22 апр, 18:53 159
  • Damas учун онлайн контрактация очилади 22 апр, 16:22 212
  • Ўзбекистон автомобиль бозорида кетма-кет учинчи ой фаолликнинг пасайиши кузатилди 20 апр, 14:03 139
  • На что обратить внимание при покупке машины в салоне? 18 апр, 10:25 73
  • Шавкат Мирзиёев Жиззахдаги автомобиль заводи фаолияти билан танишди (фото) 08 апр, 20:30 370
  • Сўнгги янгиликлар
  • Украина Американинг Abrams танкларини олдинги чизиқдан олиб ташлаяпти 26 апр, 17:43 0
  • «Ўзавтосаноат» АЖ таркибидаги 38 та корхона сотилади 26 апр, 17:18 19
  • UFC Арман Сарукянни промоушендан четлатиши мумкин 26 апр, 17:01 9
  • Оқ уй Киевнинг ғалабасига шубҳа қилмоқда 26 апр, 16:38 58
  • Футзал. Жаҳон чемпионати йўлланмаси учун Марказий Осиё жамоалари курашадиган бўлди 26 апр, 16:19 84
  • “Майнц” футбол клуби стадионидан 500 килолик бомба топилди 26 апр, 15:51 89
  • Иқтисодиётда давлат иштироки қисқартирилади 26 апр, 14:53 51
  • Қизга тегажоғлиқ қилиб тасвирга олганларга нисбатан жиноят иши очилди 26 апр, 14:28 110
  • Бош прокуратура Ниғматилла Йўлдошев «қидирувда бўлган шахслар билан гаплашиб тургани» ҳақидаги видеога изоҳ берди 26 апр, 14:02 243
  • Руслар Abrams танкларининг заиф томонини топишди 26 апр, 13:48 301
  • Мария Захарова украиналикларни Америка ҳиндуларига ўхшатди 26 апр, 13:25 129
  • Тошкент шаҳрида қайси вилоят ҳайдовчилари кўпроқ таксичилик қилмоқда? 26 апр, 13:03 151
  • Бўлимлар