«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 18 2024, 17:15
ЎЗO‘Z

Янги ёки фойдаланилган автомобиль?

16 сен, 14:29 5 260 Авто
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Янги ёки фойдаланилган автомобиль? Фойдаланилган автомобилларнинг «кулранг» бозорида янгилик бўладими?
Иқтисодчи ва таҳлилчи ҳамда мустақил эксперт Игорь Цой нега бизда фойдаланилган автомобилларнинг қолоқ бозори ҳали ҳам сақланиб қолаётгани тўғрисида.

Эртами-кечми айрим одамлар олдида фойдаланилган ва янги автомобилни харид қилиш борасида танлов масаласи юзага келади. Ва қарор қабул қилиш, одатда, унчалик ҳам осон бўлмайди.

Яқиндагина янги автомобилларни харид қилиш учун навбатлар, машиналар келишини узоқ вақт кутиш, «шапка» кабилар бор эди. Бу одамларни автомобиль харид қилишнинг ноқонуний қинғир йўлларига мурожаат қилишга ёки машинани автомобиль бозорида харид қилишга мажбур қилар эди. Аммо вазият ўнгланмоқда. Ва бугунги кунда автомобилнинг бўлажак соҳиби иккиланиб қолмоқда: нима харид қилган маъқул, янги машинами ёки фойдаланилган машинами?

Мана сен қандай экансан, фойдаланилган машиналар бозори
Автомобилларнинг иккиламчи бозори мураккаб иқтисодий тизимнинг бир қисми ҳисобланади. Бир томондан, у эркин бозор хусусиятларига эга, унда нарх талаб ва эҳтиёжнинг ўзаро таъсири натижасида юзага келади. Бошқа томондан, ушбу бозордаги фаоллик ва нарх мамлакатдаги умумий иқтисодий вазиятга, автомобилларнинг бирламчи бозоридаги вазиятга, қонунчиликдаги ўзгаришларга ва умуман иқтисодиётга таъсир кўрсатувчи бошқа омилларга боғлиқ.

«Ўзавтосаноат» раисининг ўринбосари Умиджон Салимовнинг хабарига кўра, 2017 йилда Ўзбекистонда автомобиль билан таъминланганлик даражаси 1 минг кишига 83 автомобилни ташкил қилган (Қозоғистонда 1 минг кишига 250 автомобиль, Россияда 1 минг кишига 334 атомобиль).

Иккиламчи автомобиль бозорининг пешқадами шубҳасиз ўзимизнинг Chevrolet маркаси ҳисобланади. Бежизга Ўзбекистонни «оқ Шевроле мамлакати» деб айтишмайди. 2019 йилнинг январь-июль ойлари мобайнида ушбу маркадаги автомобиллар фойдаланилган автомобиллар бозорининг 53 фоизини эгаллади. Иккинчи ўринда LADA маркаси, унинг солиштирма ҳажми автомобиллар иккиламчи бозорининг 19,2 фоизини ташкил қилади.

Россияда, 2019 йилнинг 7 ойи якунлари бўйича, юрган енгил автомобиллар бозорида LADA 2114 энг оммабоп модель бўлиб қолмоқда, ушбу даврда унинг сотувлар кўрсаткичи 77,1 минг донани ташкил қилди. Иккинчи ўринда фойдаланилган Ford Focus автомобиллари (74,3 минг дона).

Фойдаланилган машиналар бозорига ўзгаришлар нисбатан камроқ таъсир қилади: нархи янгисига нисбатан секинроқ ўсади, унчалик кескин пасайиб кетмайди. Ўтган йили мамлакатимизда янги автомобиллар сотувлари 1,5 бараварга ўсди, фойдаланилган автомобиллар сотувлари эса – тахминан 10 фоизга ўсди. Шу билан бирга 2018 йил якунлари бўйича иккала бозорнинг пул кўринишидаги ҳажми тахминан бир хил бўлди – 1,9 млрд доллар (Россияда янги ва фойдаланилган автомобиллар сотувининг ҳажми тенг – тахминан ҳар бири 35 млрд долларига тенг).

* - баҳолаш;
** - 2019 йил январь-май ҳолатига кўра;
*** - 2018 йил январь ҳолатига кўра;
**** - 2019 йил январь ҳолатига кўра.

Юрган автомобилларнинг анча «навқирон» ёшда сотилиши Ўзбекистонда автомобилларни, шу жумладан «темир-терсакка» айланган автомобилларни олиб кириш учун импорт божхона божларининг ва акциз солиқларининг таъқиқловчи ставкалари мавжуд бўлганлиги ва ҳозир ҳам борлиги билан изоҳланади.

Бундан ташқари, Қозоғистон, Россия ва Украинада ишлаб чиқарилган автомобиллар учун СТ-1 келиб чиқиш сертификати тақдим этилганда, божхона расмийлаштирувида имтиёзлар амал қилади. Агар автомобиль Ўзбекистон билан эркин савдо ҳудуди тўғрисида шартнома имзолаган мамлакатда ишлаб чиқарилган бўлса ҳам имтиёзлар тақдим этилади.

Бу арзон нархлардаги енгил автомобилларнинг таклиф қилинаётган ассортиментини кенгайтиришга олиб келди, ва кўпчилик автомобиль эгаларида Chevrolet маркасини бошқасига ўзгартириш ёки уни янгилаш истаги пайдо бўлди.

Россиянинг «Автостат» таҳлилий агентлигининг маълумотларига кўра, Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига кирмайдиган мамлакатлар ўртасида Россияда йиғилган автомобилларни импорт қилиш бўйича биринчи ўринга чиқди. Мисол учун, 2019 йилнинг биринчи ярмида республикамизга Россиядан, асосан LADA маркасидаги 4,3 мингта автомобиль олиб кирилган, бу ўтган йилнинг худди шу кўрсаткичидан 30 фоизга кўп.

Ўз бозоримиздан фарқли равишда, РФ фойдаланилган машиналарнинг замонавий сотув бозори шакллана бошлади. Масалан, ўтган йилда 760 мингта автомобиль расмий дилерлик марказлари орқали сотилган эди. Бунинг устига бозорнинг ушбу сегменти фаол ривожланмоқда. Иккиламчи бозорда сотувлардан тушган фойда 15 фоизга етади, бу эса уни автомобилларнинг чакана савдоси учун манфаатли қилади.

Бизда эса автомобилни сотиш – бу сотувчининг шахсий муаммоси. Гарчи машинани чегирма билан дарҳол харид қилувчи жуда кўп воситачи – олибсотарлар бўлса ҳам. Фойдаланилган автомобилни харид қилишда ҳам кутилмаган «совғалар»га дуч келиш мумкин.

Эркак автомобиль ҳақида орзу қилади. Аёл ҳам...
Автомобиль – у бир дўст, шунинг учун фойдаланилган автомобилни танлашга жиддий ёндашишади. Иккиламчи бозорда вазият шундайки, яхши автомобиллар дарҳол олибсотарларга кетиб қолади, агар эгасининг ўзи сотадиган бўлса, у ҳолда бундай машиналарнинг нархи нисбатан баланд бўлади.

Экспертлар ҳамжамияти – фойдаланилган автомобилнинг нархи, асосан, унинг ишлаб чиқарилган йилига боғлиқ бўлади, - деган фикрда якдил. Қолган омиллар, шу жумладан, бир қарашда муҳим кўринган автомобилнинг босиб ўтган масофаси каби омил ҳам унча катта таъсир кўрсатмайди.

Ҳар йили босиб ўтиладиган масофанинг меъёрий кўрсаткичи 10-15 минг километрни ташкил қилади, - деб қабул қилинган. Ишлаб чиқарилган йилини билган ҳолда, бундай автомобилнинг тахминий босиб ўтган масофасини ҳисоблаб чиқиш осон. Масалан, 10 йиллик автомобиль 100-150 минг километр йўл босган бўлади. Ушбу кўрсаткичлардан анча фарқ қилган тақдирда, масофа орқага қайтарилганлик эҳтимоли юқори бўлади.

Салон қай аҳволда эканлигига эътибор қаратиш зарур. Агар ўн йиллик машинанинг одометри 30 минг километр босиб ўтганини кўрсатса-ю, аммо салоннинг ҳолати жуда ёмон бўлса, у ҳолда спидометрнинг кўрсаткичлари ўзгартирилгани эҳтимолдан ҳоли эмас.

Фойдаланилган автомобилни харид қилишда алоҳида эътиборни юридик жиҳатдан тозалигига, ҳужжатларда ва автомобилнинг ўзида барча рақамларнинг мос келишига, кузовнинг сўнгра двигателнинг ҳолатига (баҳоси бўйича кузов, ундан кейин двигатель машинадаги энг қиммат деталь ҳисобланади) алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Умуман олганда автомобилни танлаш учун мутахассисни таклиф қилиш мақсадга мувофиқ бўлади: кейинчалик «тойчоқ»ни керакли даражага етказишга катта маблағ сарфлагандан кўра, яхшиси унга маслаҳати учун пул тўлаган маъқул.

Ҳақиқатан, фойдаланилган автомобилнинг нархи ишлаб чиқарилган йилига боғлиқ. Аммо ушбу қоида узоқ вақт Ўзбекистонда амал қилмади. Қизиғи шундаки, эски машинани янги машина нархида ва ҳатто ундан ҳам қимматроқ сотиш мумкин эди.

Автомобилларнинг бирламчи бозори юрган машиналар нархининг шаклланишига жиддий таъсир қилар эди. Бундан ташқари, автомобиллар танқислиги муҳим ўрин тутарди. Бу автомобилларни сотишда порахўрликнинг ривожланишига имконият туғдирди. 2018 йилнинг май ойига қадар Ravon автомобиллари Россияда Ўзбекистонга нисбатан арзон сотиларди. Ўзавтосаноатда эътироф этилганидек, экспорт зарарига ишлади.

Экспортдан кўрилган зарар ички бозорда автомобилларни юқори нархларда сотиш эвазига қопланар эди. Нархларнинг доимий ўсиши шунга олиб келдики, кўпчилик аҳоли «Эски машинани янги машинанинг нархидан баландроқ нархда сот» қабилида ўзига хос тадбиркорлик билан шуғуллана бошладилар. Машиналар ёппасига сотиб олинарди, бир-икки йилдан кейин янги нархларда, «шапка»ни ҳисобга олган ҳолда сотиларди. Нархлар иккиламчи бозорда шу тарзда шаклланар эди.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз автомобиль ишлаб чиқарувчиларимизни ҳам қамраб олди. Кадрларнинг ўрни алмаштирилди, таннархни пасайтириш чоралари кўрилди, дилерлар билан муносабатлар мақбуллаштирилди, онлайн сотувлар тизими жорий этилди. Машиналар эркин сотувда пайдо бўлди, етказиб бериш муддатлари кескин қисқартирилди, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва порахўрлик заминига барҳам берилди.

Мамлакатимиз автосаноати маҳсулотини сотиш учун асосий бозор бўлиб ички бозор ҳисобланади. UzAuto Motors фаолиятининг тартибга солиниши иккиламчи бозорда нарх белгилашни тартибга солишга имкон берди ва ишонч билан айтиш мумкинки, фойдаланилган автомобилни салондаги янги автомобиль нархида сотиш каби вазият ўтмишда қолди. Автомобилнинг сармоявий жозибадорлиги ҳам ўтмишга айланяпти: чунки йилдан-йилга унинг баҳоси тушиб бораверади-да. Бироқ, агар гап нодир автомобиллар ҳақида эмас, балки оммавий тарзда ишлаб чиқариладиган автомобиллар ҳақида кетаётган бўлса, айнан шундай бўлиши керак. Автокредитлаш ривожланиши билан жисмоний шахслардан автомобилни ижарага олиш ҳам манфаатли бўлмай қолади.

Ҳеч нарса сизнинг машинангизни қўшнининг янги машинасидек қадрсизлантирмайди...
Янги машина... Янги автомобилнинг ҳиди... Унинг ялтираб туриши... Лекин барибир фойдаланилган, аммо ишончли машинани харид қилган яхшироқми?

Автомобилнинг ишончлилиги – бу техник-фойдаланиш сифатларини сақлаб қолиш хусусиятлари ва ишлаб чиқарувчи-завод томонидан белгиланган (ёки меъёрий) масофани босиб ўтиш мобайнида фойдаланганда ўз вазифасини бекаму-кўст бажариш демакдир.

Ишончлиликнинг илмий назарияси мавжуд, у ҳар қандай техник қурилмалар ишини уч босқичга ажратади:
Бузилиш ҳолатларининг жадаллиги:
- Киришиш даври;
- Нормал ишлаш даври;
- Эскириш даври.

Биринчи босқич – бу киришиш даври.Автомобиль учун бу илк 5 минг километр масофани босиб ўтиш демак. Бу вақт ичида автомобиль обкаткадан ўтади, ва айнан мазкур босқичда мавжуд камчиликлар аниқланади.

Иккинчи босқич – нормал ишлаш даври. Бу вақт ичида автомобиль камдан-кам ҳолларда бузилади ва бузилишлар тасодифий хусусиятга эга бўлади. Бу давр 5 мингдан 150 минг километрга қадар босиб ўтилган масофа мос келади (моделга қараб у 200 минг километрга қадар оширилиши мумкин).

Учинчи босқич – эскириш даври. Кўп ҳайдовчилар «машина тўкилиб кетди» деган иборани ишлатишади: бирин-кетин ҳеч бир муболағасиз барчаси ишдан чиқади. Фақат мукаммал таъмирлаш орқали бундай машинанинг «умрини узайтириш» мумкин, аммо иқтисодий нуқтаи-назардан у ҳар доим ҳам мақсадга мувофиқ бўлавермайди.

Шунинг учун фойдаланилган автомобилни харид қилишда асосий муаммо эскириш даврига қадар қолган нормал ишлаш заҳирасини аниқлашнинг имконияти йўқлигидан иборат. Эски «ишончли» машиналарни харид қилаётганда аллақачон заҳираси тугаган ёки шунга яқин машинани харид қилиш мумкин. Ва бундай машинанинг бузилиши сиз ёмон машина танлаганингиздан эмас, балки машинанинг эскиришидан бошланади, холос.

Бу қанча кўп такрорласак ҳам, энг яхши машина – бу янги машина. Жуда кўп ҳолларда, шундай имкониятга эга бўлганлар, ўз автомобилларини харид қилгандан кейин ҳар уч-тўрт йилда (нормал ишлаш даврида) янгилаб туришади. Йўқ, қайта сотишдан фойда кўриш мақсадида эмас – бунинг энди иложи ҳам йўқ, - балки машинадан хотиржам фойдаланиш учун. Албатта, янги машинани танлаш вақтида, деярли барча харидорлар (ҳисоб-китобларга кўра 90 фоиз) 2 ёки 3 йилдан кейин дастлабки нархидан у қанча йўқотиши ҳақида ўйлаб кўришади.

Россиянинг «Правильная цена» компанияси «Автостат» агентлигининг маълумотларини таҳлил қилиб фойдаланилган машиналарни сотиш бўйича қизиқарли тадқиқот ўтказди. Иккиламчи бозорда нархи энг кам тушиб кетадиган автомобиллар Жанубий Корея ва Япония автомобиллари ҳамда Россиянинг LADA машиналари экан.

Ҳар уч йилдан кейин машиналарни алмаштириш имкониятига эга бўлмаганлар, юқорида таъкидлаб ўтилганидек, унинг ишлаб чиқарилган йилига ва босиб ўтган масофасига эътибор қаратишлари лозим. Иккиламчи бозорни норасмий иқтисодиётдан чиқариш ва trade-in дастурларини ривожлантириш юрган машина танлашда катта ёрдам кўрсатган бўлар эди.

Иккиламчи автомобиль савдосини ёруғликка олиб чиқиш...
Автомобилни дилерлик тармоқлари орқали сотиш ва харид қилиш машина эгасига ҳам, ва эҳтимолий харидорга ҳам, давлатга ҳам манфаатли бўлиши учун фойдаланилган автомобиллар бозори тартибга солинишга муҳтож. Айниқса, Россия тажрибаси фойдаланилган машиналарнинг шаффоф бозорини ривожлантириш самарали эканлигини кўрсатмоқда: дилерларнинг сотувлар улуши 2014 йилдаги 6 фоиздан 2018 йилда 14 фоизга қадар ошди.

Ривожланган хорижий бозорларда дилерлар орқали барча юрган машиналарнинг тахминан 30 фоизи сотилади. Бизда ҳам шунга ўхшаш тузилмаларни ривожлантириш зарур. Фойдаланилган автомобиллар бозорининг деярли учдан бир қисми (32,2 фоиз) Тошкент шаҳрига тўғри келишини ҳисобга олган ҳолда, буни амалга ошириш унчалик ҳам мураккаб эмас (РФ машиналарининг бутун иккиламчи бозорида Москвага 5,1 фоиз, Санкт-Петербургга – 3,3 фоиз тўғри келади).

Ҳозир, машина харид қилиш учун, машина бозорига бориш керак, норасмий дилерлар билан мулоқот қилиш, сотув тўғрисидаги эълонга қўнғироқ қилиш, барча танланган вариантларни шахсан бориб кўриш керак. РФ машина тўғрисидаги барча маълумотларни, яъни ишлаб чиқарилган йили, эгалик қилганлар сони, босиб ўтган масофаси, мажбуриятларнинг (лизинг, автокредит, гаров) мавжудлиги, чекловлар ва жарималар, йўл-транспорт ҳодисасида иштирок этганлиги, суғурта ва суғурта ҳодисалари, ўтказилган техник кўриклар, техник хизмат кўрсатиш ва таъмир тўғрисида махсус сервислар орқали онлайн олиш мумкин...

Юрган машиналарни сотишнинг мезони ҳам ўзгарди. Энди мижозларнинг ўзи транспорт воситасининг тўлиқ техник текшируви каби кўрсаткичларнинг мавжудлигига, юридик жиҳатдан тозалигига ва машина тарихи текширилганига, қўшимча хизматлар тўплами мавжудлигига эътибор қаратишади. Юрган машинани сотув олди текширувини амалга ошириш автомобиль савдосида албатта бажариладиган шартга айланмоқда. Ҳозирги вақтда Россиядаги автомарказлар фойдаланилган автомобилларни текширув картасини расмийлаштирган, автомобиль тарихини текширган ва дилердан кафолат тақдим этган ҳолда, уларга техник хизмат кўрсатгандан кейин сотувга чиқаришади.

Фойдаланилган машиналар бозорида шаффофликни жорий этиш – бу зарурат. Автомобилнинг бутун тарихи исталган харидор учун очиқ бўлиши лозим. Ва бу замонавий иккиламчи бозорнинг асосий йўналиши.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси автомобиль саноатини жадал ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар ҳақида»ги қарори Ўзбекистоннинг замонавий иккиламчи бозорини шакллантириш учун катта рағбат бўлди. Қарорда кўрсатилган ва 2019 йилнинг 1 октябридан амалга оширила бошланадиган trade-in дастури автоулов эгаси томонидан фойдаланилган автомобилни расмий дилерга топширганда ўзимизда ишлаб чиқарилган янги автомобилни харид қилиш имкониятини назарда тутади.

Шу билан бирга автомобиль эгаси эски ва янги машина ўртасидаги фарқни тўлаши лозим.

Бу жуда ҳам яхши ташаббус, у автомобиль бозорини норасмий воситачилардан – олиб- сотарлардан халос этади ва машиналарнинг янгиланиш жараёнини тезлаштиради.

Таъкидлаш жоизки, trade-in дастури анъанавий кўринишда машина харидорига қўшимча чегирмалар тақдим этади: автомобиль ишлаб чиқарувчиси автомобиль баҳосининг бир қисмини у сотилаётганда қоплаб беради. Ва бундай савдо тизими энди Ўзбекистонда ҳам жорий қилинди. Бир йил олдин LADA trade-in дастурини амалга оширишни бошлади, унга автомобиль ишлаб чиқарувчисининг ўзи молиявий ёрдам кўрсатмоқда.

Хотима ўрнида, ёки фойдаланилган машинани харид қилаётганда алданиб қолма
Бир инсонга машиналар жуда ҳам ёқарди. Аммо машиналар моделларидан бири унга ҳаммасидан кўра кўпроқ ёқарди. Чиройли ва ярқираб турган машина деярли ҳар тун унинг тушларига кириб чиқарди.

Ҳа, бу ўзи орзу қилган машина эди. Доим у ҳақда ўйларди. Пул йиғиш учун тинмай ишларди, иш вақти тугагандан кейин ҳам, ҳатто дам олиш кунлари ҳам ишларди. Ва, ниҳоят, ўзи орзу қилган машинани олиш учун етарли маблағ тўпланди.

У барча автосалонларга борди, аммо айнан ўша марка ва модель йўқ эди. Ва ниҳоят айнан бугун омадим чопади ва ўзим орзу қилган машинани миниб кетаман деган илинж билан ҳар куни салонларга борарди. Аммо кунлар кетидан кунлар, ойлар кетидан ойлар ўтарди, аммо у излаган машина ҳамон йўқ эди. Сотувчилар хижолат бўлиб, елка қисишиб, – ушбу модель ишлаб чиқаришдан олиб ташланган, энди уни сотмаймиз, - дейишарди холос. Аммо жон талвасасида қайсарлик билан тинмай барча автосалонларга борарди.

Шу тариқа бир йил ўтди. Ва тасодифан, нотаниш кўчага адашиб кириб, фойдаланилган автомобиллар сотиладиган салонга дуч келади. Ойнадан ичкарига қараб у ҳайратдан қотиб қолади: дўкон ичида ўзи орзу қилган машина турарди! Айнан ўша маркали, худди ўша моделда ва айнан ўша, таърифига тил ожиз ранглиси. У ёритгичлар нурида жилоланиб турарди. Унга ҳатто машина ҳам кўз қисиб қўйгандек туюлди. Ҳа, бу айнан ўша – ахир у ушбу машинани минглаб бошқа машиналар ичидан дарҳол таниб олган бўларди.

У салонга бостириб кирди, машинани гир айланиб, кассага отилди. У сотувчидан нархини сўраганда, унга нархи анча пастдек туюлди. Бунга эътибор бермасдан, у карточкасини чиқарди ва харидни тўлади.

Барчаси тамом! Орзуим рўёбга чиқди! Доим битта машина ҳақида ўйлаган, уни харид қилиш учун йиллар давомида пул йиққан ва уни топишдан аллақачон умидини узган одам нимани ҳис қилишини биласизми? Ва ниҳоят ўша машина унинг қаршисида турибди. Ёнгинасида, жуда ҳам яқин... У меники!

У ҳайдовчи ўриндиғига ўтирди ва меҳр билан руль чамбарагига қўлини қўйди. Пешанасини тер босган, юрак шиддат билан урмоқда, бармоқлар шу қадар қалтирайдики, ҳатто ўт олдириш тизимига калитни бир мартада солиб ҳам бўлмаяпти.

У секин-аста калитни бурайди ва... ҳеч нарса юз бермайди. У яна бир бор уриниб кўради. Натижа яна ўша. Юраги орқага тортиб кетади.
«Унга нима бўлган», - деб сўрайди у сотувчидан.
Ва сотувчи жавоб беради: «Унинг двигатели йўқ».
Таҳририят фикри мақола муаллифи нуқтаи-назарига тўғри келмаслиги мумкин.

Манба: Kun.uz




Мавзуга оид янгиликлар
  • На что обратить внимание при покупке машины в салоне? 18 апр, 10:25 47
  • Шавкат Мирзиёев Жиззахдаги автомобиль заводи фаолияти билан танишди (фото) 08 апр, 20:30 359
  • Ўзбекистонда электромобилларга ўтиш тенденцияси қандай кетяпти? 03 апр, 20:28 198
  • Экспертлар: электромобиллар арзонлашиб кетади 03 апр, 08:16 532
  • Автомобилларни давлат рўйхатида ўтказиш ставкалари ошди 31 мар, 22:28 643
  • Кимларга яшил стикер текширувларсиз берилади? 30 мар, 19:19 371
  • Сўнгги янгиликлар
  • Жиноий иш қўзғатилгач келишувга эришилди 18 апр, 16:48 0
  • Шифокор тавсиясисиз қабул қилиб бўлмайдиган 3 хил витамин 18 апр, 16:23 1
  • Қозоғистонда сув тошқинлари оқибатида 7 киши ҳалок бўлди 18 апр, 16:00 0
  • G7 вазирлари Украина ва Яқин Шарқдаги урушларни муҳокама қилди 18 апр, 15:35 2
  • Ўзбекистонлик спортчи финал йўлланмасини қўлга киритди 18 апр, 15:18 11
  • «Қасри Миллат»да тор доирада учрашув ўтказилди 18 апр, 15:01 42
  • Шавкат Мирзиёевни Душанбе аэропортида мамлакат раҳбари Эмомали Раҳмон кутиб олди 18 апр, 14:58 19
  • 2018 йилда ўлдига чиқарилган миллиардер тирик бўлиши мумкин 18 апр, 14:55 78
  • Ҳиндистонни ривожлантириш стратегияси сунъий интеллект ёрдамида яратилди 18 апр, 13:45 17
  • Ўзбекистонда зилзилага тайёргарлик кучайтирилади 18 апр, 13:24 68
  • Crocus терактида айбланаётган тожикистонлик Муҳаммадсобир Файзовнинг қариндошлари ўз ҳақиқатлари билан бўлишди 18 апр, 12:46 411
  • Хотирани яхшилашнинг жуда оддий усули топилди 18 апр, 12:22 76
  • Бўлимлар