«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 24 2020, 09:00
ЎЗO‘Z

«Ҳаётдан нолийдиган малайзияликни учратмадим»

14 янв, 13:45 857 Жамият
«Ҳаётдан нолийдиган малайзияликни учратмадим»
Фото: «Xabar.uz»
«Хориждаги ватандошлар» лойиҳаси орқали дунёнинг турли нуқталаридаги ҳамюртларимиз билан интервьюлар уюштиришда давом этамиз. Навбатдаги суҳбатдошимиз Осиёнинг энг йирик туристик ўлкаларидан бири Малайзияда меҳнат фаолиятини олиб бораётган юртдошимиз Азамат Яхшибоев. Қаҳрамонимиз Самарқанд вилояти Ургут туманида туғилган. Ҳозирда у пойтахт Куала-Лумпур шаҳрида жойлашган City университетининг маркетинг бўлими менежери ҳисобланади.

— Азамат, нима учун ҳозир айнан Малайзияда меҳнат фаолиятини олиб боряпсиз?
— Болаликдан яхши ўқишга интилдим. Ўз олдимга қўйган мақсадларимга фақат яхши билим олиш орқали эриша оламан, деб ҳисоблаганман. Аммо баъзи сабаблар билан Ўзбекистонда бакалавр босқичига ўқишга кира олмадим. Очиғи ўша пайтларда ўзимиздаги олийгоҳларга кириш жуда қийин эди. Квоталар кам. Қабул имтиҳонларидаги турли ўйинлар одатга айлаганди. Тўғри, сўнгги йилларда ўзгаришлар бўляпти. Лекин олий таълим тизимимизда ҳали қилиниши керак бўлган ишлар кўп.

Хуллас, ўша пайтда ўқишга кира олмасдан бироз руҳиятим чўкди. Шундан сўнг бир муддат Россияда ишлаб, хорижда ўқиш учун етарли маблағ жамғардим. Кейин бакалавр босқичида ўқиш учун бир неча вариантлар орасидан Сингапур давлатини танладим. Сингапурдаги ўқиш ёмон эмас эди. Бироқ ўша кезлари Малайзияга саёҳат қилиб, Малайзиядаги муҳит ва аҳолининг катта қисми мусулмон эканлиги ортидан ўқишимни шу ерга кўчирдим. Ўқишни тамомлаб, бир неча вақт Австралияда амалиёт ўташга муваффақ бўлдим. Ҳозир, аниқроғи бир ярим йилдан бери Куала-Лумпур шаҳридаги City университетида маркетинг бўлими менежериман.

Фото: «Xabar.uz»
— Малайзия яхши ривожланган, айниқса, туристлар кўп ташриф буюрувчи давлат. Шу нуқтаи назардан сиз Малайзиянинг тараққиёт омилларини нималарда кўрасиз?
— Ўйлашимча, Малайзия қулай географик минтақада жойлашган. Замонавий иншоотлар билан бирга гўзал табиат ҳудудларига эга. Яна бир сабаб — мамлакатда ҳар доим ёз фаслининг бўлиши ва сайёҳлар учун барча шароитлар яратилгани ривожланишда муҳим омил, деб ҳисоблайман. Қолаверса, қонун устуворлиги ҳам етарли даражада таъминланган. Нафақат оддий аҳоли, балки хорижий инвесторларнинг фаолияти ҳуқуқий ҳимоя қилинади.

Шунингдек, давлатда асосан малай, хитой ва ҳиндлар яшашади. Малайлар мусулмон, хитой ва ҳиндлар бошқа дин вакиллари бўлса-да ўзаро аҳиллик ва бир-бирига ҳурмат бор. Яна бир муҳим жиҳатлардан бири, ҳалигача ҳаётдан нолийдиган малайзияликларни учратмадим.

— Сизнингча, Малайзиянинг қандай муваффақиятли тажрибаларини Ўзбекистонда жорий этиш мумкин?
— Малайзиянинг таълим ва туризм соҳасидаги кўплаб тажрибаларини ўрганиш мумкин.
Аммо, ҳозир фурсатдан фойдаланиб ўзимнинг кичик бир таклифимни билдириб ўтсам. Билсангиз керак, одатда нафақат Малайзия, балки АҚШ, Австралия ва Европа мамлакатларида бакалаврга қабул ягона тизимда амалга оширилади. Яъни, инглиз тилини билиш даражангизни белгиловчи IELTS ёки TOEFL сертификатингиз бўлса ва мактабда яхши баҳоларга ўқиган бўлсангиз имтиҳонларсиз ўқишга қабул қилинасиз.

Энди буни юртимиз мисолида кўриб чиқсак. Аввало, тан олиб айтиш керак, ўзимизда катталардан тортиб, кичикларгача она тилимизда етарлича саводга эга эмас. Кўпчилигимиз ўзбек тилида фикримизни равон етказиб бера олмаймиз. Яна кўпларимиз она тилимиз қолиб хорижий тилларда гаплашишга, ўзимизни чет тилини яхши биладигандек тутишга интиламиз. Тўғри, хорижий тилларни билиш замон талаби. Аммо биринчи навбатда она тилимизни чуқур билсаккина, ундан кейин, ўзга тилларни билиш билан мақтансак арзийди.

Шу жиҳатдан Ўзбекистонда ҳам юқоридагидек ўзбек тили даражангизни белгиловчи сертификатлаштириш дастури бўлса, ана шу сертификат ва мактабда ўқиган баҳолар инобатга олиниб, тўлов-шартнома асосида қабул амалга оширилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Агар талаба семестрларни яхши топшира олмаса ўқишдан четлаштирилиши мумкин. Очиғи, ҳозирги ўқишга қабул тизими жуда мураккаб. Абитуриент катта қийинчиликлар билан талаба бўладида, ўқишни деярли қийинчиликларсиз битиради. Ўйлашимча, бизда ўқишга қабул ҳозирги жараёндан осонлаштирилиб, семестр имтиҳонлари қийин бўлиши керак. Яъники, истаги бор одам ўқишга қабул қилинсин. Лекин ўқишни эплаб кетганларигина диплом олсин. Албатта, булар шахсий қарашларим. Аввало, Ўзбекистонда ҳар қандай янгиликни жорий қилишдан олдин ҳар томонлама таҳлил қилиниб, кейин амалиётга татбиқ қилиш лозим.

Фото: «Xabar.uz»
— Куала-Лумпур қандай шаҳар ва малайзияликла Ўзбекистон ҳақида қандай таассуротга эга?
— Куала-Лумпур ажойиб шаҳар. Замонавий иншоотлар қатори сўлим табиат гўшалари бор. Менга кўпроқ пойтахтнинг бироз чекка қисмида жойлашган кичик шаҳар – Петалинг Жая жуда ёқади. Йўлингиз тушиб
Куала-Лумпурга келсангиз, албатта, Петалинг Жаяга келишни тавсия қиламан. Шаҳар марказидан метро орқали тақрибан 30 дақиқалик йўл.

Мамлакатимиз ҳақида асосан пойтахтликлар билишади. Айниқса, Ал-Бухорий, Ат-Термизий каби боболаримизни алоҳида ҳурмат билан тилга олишади. Бундан ўзбекистонлик сифатида фахрланаман.
Билишимча, яқинда малайзияликлар учун Ўзбекистонга бориш учун виза талаб қилинмайдиган бўлди. Ўйлашимча, мана шундай ишлар халқларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

— 2019 йилда қандай китоблар мутолаа қилдингиз?
— Очиғи, инсон улғайгани сари турли ҳаёт ташвишлари билан бўш вақт топишга қийналиб қолар экан. Лекин, шундай бўлишига қарамай, бўш вақтларимда сузиш ва табиат қўйнида сайр қилиш баробарида китоб ўқишга ҳаракат қиламан. Тўғриси, 2019 йилда кам мутолаа қилдим. Фақат Жейн Ҳарпернинг «Қуруқлик», Жек Ричернинг «Тунги мактаб» ва Амит Дҳанднинг «Қоронғу кўчалар» асарларини инглиз тилида ўқиб чиқдим. Мазкур асарларни албатта ўқишни тавсия қиламан. Умуман, китоб инсонни ҳеч қачон тарк этмайдиган ва беминнат кўп нарсани ўргатадиган ягона дўсти, деб ўйлайман.

— Келгусидаги режалар қандай?
— Бир муддат яна шу ерда ишлаб тажриба тўплаш ниятим бор. Кейин таълим соҳасидаги бизнес режаларимни амалга ошириш орқали юртимиз ривожига ҳисса қўшиш ниятидаман. Қолганини вақт кўрсатади.

Нурилло Тўхтасинов
суҳбатлашди

“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Мавзуга оид янгиликлар
  • «Ўқитувчининг маошига машина беради». Норвегиядаги ҳамюртимиз билан суҳбат 10 дек, 10:50
  • 78 ёшли Маматқул Бердиалиев институтга ўқишга кира олмади 02 сен, 07:04
  • АҚШнинг Вебстер университети Ўзбекистонда фаолиятини бошлади (фото) 29 июл, 23:47
  • Тошкентда қизларни фоҳишалик учун Малайзияга олиб кетаётган аёл қўлга тушди 20 июн, 11:52
  • Манипал халҳаро университути Ўзбекистонлик собитқадам ёш талабалар учун ўз эшикларини очмоқда 17 дек, 22:09
  • Сўнгги янгиликлар
  • Ҳарвард университети Қуръон оятини адолатнинг энг яхши эътирофи деб топди 24 янв, 08:28 130
  • Қўлга олинган шахслар ҳимояси учун янги лойиҳа ишлаб чиқилди 24 янв, 08:00 138
  • Украина аҳолиси рекорд даражада қисқариб бормоқда 24 янв, 07:31 546
  • Инсонга юқтирилган коронавируснинг дастлабки белгилари қандай? 24 янв, 07:01 584
  • Грейпфрут озишга ёрдам бериши мумкин 24 янв, 06:30 184
  • Ўзбекистондаги банкоматлардан 2019 йилда қанча пул ечиб олингани маълум қилинди 24 янв, 06:00 266
  • Бокира гўзаллик: Қорақалпоғистон саҳросидан мафтункор суратлар 24 янв, 00:23 893
  • "Умид авто лизинг" юзлаб фуқаролар умидини пучга чиқарди 24 янв, 00:02 1 245
  • Хитойдаги янги коронавирус манбаи аниқланди 23 янв, 23:40 1 976
  • Россия ва Беларусда ягона валюта қачон жорий этилиши маълум бўлди 23 янв, 23:20 966
  • Бўлимлар