«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 15 2019, 16:23
ЎЗO‘Z

Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларига оид хорижий давлатлар тажрибаси

09 ноя, 11:47 306 Жамият
Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларига оид хорижий давлатлар тажрибаси
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш мақсадида, жорий йилнинг 11 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5817-сон Фармони қабул қилинди.

Фармон билан Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузурида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги ташкил этилди. Агентлик истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқади ва амалга оширади.

Агентликка истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уни бузган шахсларга нисбатан чора кўриш учун судга мурожаат қилиш, судга киритиладиган даъволар бўйича давлат божи тўлашдан озод қилиш каби бир қатор ҳуқуқлар берилди.

Хорижий тажрибани ўрганиш шуни кўрсатадики, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими бир қатор қўшимча ва кўп томонлама институционал механизмларни ўз ичига олади. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари истеъмолчиларнинг ўзлари танлаш ҳуқуқини ёки тадбиркорларнинг қонуний фаолият юритиш эркинлигини ҳаддан ташқари чеклашга олиб келмаслигини таъминлашда давлат муҳим роль ўйнайди.

Шу сабабли, мамлакатлар ушбу соҳада юзага келадиган ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш мақсадида истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қиладиган ихтисослашган муассасаларни яратадилар.
Бундай муассасалар тегишли вазирликлар билан яқиндан ишлаши ва бошқа манфаатдор томонлар, мисол учун, истеъмолчилар ташкилотлари, саноат соҳаси, илмий доиралар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари кабилар билан маслаҳатлашувлар олиб бориши мумкин.

Таъкидлаш керакки, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ихтисослашган агентлик истеъмолчилар манфаатларига тегишли барча муаммоларни ҳал қилмайди. Шундай умумий амалиёт мавжудки, бир қанча бошқа давлат идоралари ҳам истеъмолчиларни ҳимоя қилишда муҳим бўлган соҳалар учун жавобгар ҳисобланадилар. Мисол учун, озиқ-овқат, соғлиқ ва овқатланиш масалалари – Соғлиқни сақлаш вазирлигининг, истеъмол кредитлари – Молия вазирлиги ёки Марказий банкнинг, истеъмолчилар учун таълим масалалари – Таълим вазирлигининг, оқилона фойдаланиш масалалари эса – Экология ва коммунал хизматлар вазирлигининг маҳаллий, минтақавий ёки федерал муассасаларининг жавобгарлигида бўлиши мумкин.

Қайси вазирлик ёки идора жавобгар бўлишидан қатъий назар истеъмолчиларни қизиқтирган маълум бир соҳани тартибга солиш учун, маслаҳатлашувлар ва ҳамкорликнинг ҳукуматлараро механизмларини шакллантириш ўта муҳим бўлиб, бундан мақсад ягона сиёсатни ишлаб чиқиш жараёнида истеъмолчилар манфаатларини ҳисобга олишни таъминлашдир.
Интернетдаги очиқ манбалардан олинган маълумотларнинг таҳлили бизга истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича масъул тузилмаларни ташкил этишда амалдаги тажрибанинг баъзи жиҳатларини ажратиб кўрсатишнинг имконини беради.

Россия Федерацияси
Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлиги соҳасини назорат қилиш федерал хизмати (Роспотребнадзор) - бу федерал ижроия органи бўлиб, у истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсати ва ҳуқуқий тартибга солишни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, давлат санитария-епидемиология қоидалари ва гигиена стандартларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, шунингдек, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида федерал давлат санитария-епидемиология назорати ва федерал давлат назоратини ташкил этади ва амалга оширади. 2004 йил 12 мартда ташкил етилган бўлиб, ходимлар сони 110 минг тага тенг.

Унга қуйидагилар бўйсунади:
- барча субъектлардаги Россия Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлиги соҳасини назорат қилиш федерал хизмати бошқармалари;
- барча суъктлардаги гигиена ва эпидемиология марказлари;
- илмий-тадқиқот институтлари ва марказлари;
- силга қарши кураш муассасалари;
- вазирлик ва идорларнинг санитария эпидемиология хизматлари (Мудофаа, ИИВ вазирликлари, Хавфсизлик федерал хизмати, Қўриқлаш федерал хизмати, Президент ишлар бошқармаси, Жазони ижро этиш федерал муассасаси, Медико-биологик федерал агентлиги).

Хитой Халқ Республикаси
ХХР Савдо ва саноат админстрацияси бош давлат бошқармаси (ССАБДБ) – ХХР Давлат кенгашига бевосита бўйсунадиган марказий давлат идораси бўлиб, 1953 йилда ташкил топган.

ССАБДБнинг ваколатига тадбиркорлик фаолияти, хўжалик юритувчи субъектларни рўйхатдан ўтказиш, товар белгиларини рўйхатдан ўтказиш (шу жумладан: хизмат кўрсатиш белгилари, жамоавий ва сертификатлаштириш белгилари) ва таниқли белгиларга бўлган ҳуқуқларни тан олиш, монополистик шартномалар тузишда монополияга қарши текширишлар ўтказиш (нархлар монополистик шартномалар бундан мустасно), бозорнинг устун мавқеини суиистеъмол қилиш рақобатни истисно қилиш ёки чеклаш учун маъмурий ваколатни суиистеъмол қилиш киради.
ССАБДБ қонунлар ва маъмурий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ва тижорат ва ишлаб чиқариш фаолиятини бошқариш билан боғлиқ масалалар бўйича мустақил равишда идоравий ҳужжатларни қабул қилади.

Қозоғистон Республикаси
Рақобат ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш органининг ташкил этилиши 1991 йил 11 июнда Қозоғистон Республикасининг “Рақобатни ривожлантириш ва монополистик фаолиятни чеклаш тўғрисида” ги қонунини қабул қилишдан бошланган.

Ҳозирги вақтда Қозоғистон Республикаси Президентининг “Қозоғистон Республикаси давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 2017 йил 25 январдаги 412-сонли қарори ва Қозоғистон Республикаси Ҳукуматининг 2017 йил 17 февралдаги “Соғлиқни сақлаш
ва республика иқтисодиёти вазирликларининг айрим масалалари тўғрисида”ги 71-сонли қарори билан Миллий иқтисодиёт вазирлигининг Табиий монополияларни тартибга солиш ва рақобатни ҳимоя қилиш ва Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмиталари қўшилиши орқали Қозоғистон Республикаси Миллий иқтисодиёт вазирлигининг Табиий монополияларни тартибга солиш, рақобатни ҳимоя қилиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси қайта ташкил этилан.

Aмерикa Қўшмa Штaтлaри
AҚШ Федерал Савдо Комиссияси (ФСК) AҚШ ҳукуматининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва хусусан монополияга қарши қонунларга риоя этилишини назорат қилиш учун мўлжалланган мустақил агентлигидир. Комиссия 1914 йилда Президент Вудро Уилсон томонидан қабул қилинган “Федерал савдо комиссияси тўғрисида”ги қонун асосида тузилган.

Ўша пайтларда трестлар ва монополияларга қарши кураш курашнинг асосий мезонларидан бири эди. Комиссия ташкил этилганидан буён монополияга қарши кураш актларига риоя қилинишини назорат қилиб келади. ФCК томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлайдиган асосий бўйсунувчи орган Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бюроси ҳисобланади.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бюроси одамларни савдогарларнинг адолатсиз ёки чалғитадиган хатти-ҳаракатларидан ёки одатларидан ҳимоя қилишга қаратилган. Комиссиянинг ёзма розилиги билан бюронинг адвокатлари амалдаги федерал қонунлар ва ФCК қоидаларига риоя қилишни кузатиб борадилар.

Бюронинг вазифалари рўйхатига шикоятлар ва шубҳали фактларни текшириш, истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилишига жавоб чоралари, тадбиркорлар ва истеъмолчиларни ўқитиш киради. Бюро назоратининг асосий йўналишлари реклама ва маркетинг, молиявий маҳсулотлар
ва амалиётлар, телефон маркетингига қарши курашиш, шахсий маълумотни ўғирлаш, махфийликни ҳимоя қилиш ва бошқалар киради.

ФCК тўғрисидаги қонунга биноан комиссия адвокатлари ташкилот номидан ишларни AҚШ Федерал судига юборишга ҳақлидирлар. Истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатларида суд жараёни AҚШ Aдлия вазирлиги кўмагида ёки биргаликда амалга оширилиши мумкин.

AҚШ Федерал Савдо Комиссиясининг расмий веб-сайтига кўра, Бюронинг мақсади – ғайриқонунийликни, фирибгарлик ва фирибгарлик амалиётларини қуйидаги йўллар билан тўхтатиш ҳисобланади:
- шикоятлар тўплаш ва текширувлар ўтказиш;
- қонунни бузган жисмоний ва юридик шахсларни судга бериш;
- адолатли бозор муносабатларини таъминлаш қоидаларини ишлаб чиқиш;
- истеъмолчилар ва бизнес вакилларини уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида хабардор қилиш.

Юқоридагилардан келиб чиқиб хулоса қилиш мумкинки, ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш мақсадида истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қиладиган ихтисослашган муассаса яъни Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузурида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги ташкил этилганлиги муҳим жиҳат ҳисобланади.

Шу билан бирга ушбу Агентлик ўзига юклатилган вазифалар ижросини самарали таъминлашда бошқа бир қанча вазирлик ва идоралар билан, хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Давлат экология қўмитаси, «Ўзстандарт» агентлиги, Савдо-саноат палатаси, Олий суд, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, шунингдек, илмий-тадқиқот муассасалари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ҳамжиҳатликда ишни ташкил этиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Асосий мақсад истеъмолчиларни қизиқтирган ҳар бир масалани тартибга солиш учун, ҳамкорликнинг ҳукуматлараро самарали механизмларини шакллантириш ва ягона давлат сиёсатни ишлаб чиқиш жараёнида истеъмолчилар манфаатларини тўлиқ ҳисобга олишга эришишдир.
Н.Норбаев
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти
бўлим бошлиғи

“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Мавзуга оид янгиликлар
  • Ўзбекистонда янги агентлик ташкил қилинади 31 май, 15:40
  • Ўтган йилда истеъмолчилар энг кўп қайси соҳадан шикоят қилишди? 23 янв, 14:36
  • Ўтган йилда истеъмолчилар энг кўп қайси соҳадан шикоят қилишди? 23 янв, 14:36
  • Истеъмолчилар кўпроқ қайси давлат органига ишонади? 25 фев, 09:23
  • Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг виртуал қабулхонаси очилди 21 ноя, 14:39
  • Сўнгги янгиликлар
  • Саудия Арабистони мураббийи Вадим Абрамовга: "Жамоанг шунчаки даҳшат!" 15 ноя, 15:45 109
  • Тошкент чорраҳаларида яна бир янги чизма белгиси. У нимани англатади? 15 ноя, 15:23 180
  • Рўмол ҳақида «эски ва янги гаплар...» 15 ноя, 15:02 192
  • «Тилла топиб олдим, кимники?» 15 ноя, 14:39 289
  • Ўзбекистонликлар учун Умра мавсуми бошланди 15 ноя, 14:16 169
  • “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади 15 ноя, 13:53 275
  • 1 доллар маош оладиган президент 15 ноя, 13:30 564
  • Ботир Қодиров онаси ҳаётдан кўз юмган пайт қаерда бўлгани ҳақидаги ҳақиқатни сўзлаб берди (видео) 15 ноя, 13:06 888
  • Ўзбекистонлик йигитлар шиппак ёрдамида қувур чалиб, CАGТ танлови ҳакамларини хайрон қолдирди (видео) 15 ноя, 12:50 476
  • Қамчиқ довонида юк машинаси ҳандаққа тушиб кетди (фото) 15 ноя, 12:38 437
  • Бўлимлар