«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 20 2024, 16:03
ЎЗO‘Z

Ўзбекистонда сўз эркинлиги ва журналистиканинг янги даври: онлайн ОАВ вакиллари қандай фикрда?

04 ноя, 20:02 2 855 Жамият
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ўзбекистонда сўз эркинлиги ва журналистиканинг янги даври: онлайн ОАВ вакиллари қандай фикрда? «Alter Ego» дастури муаллифи Кирилл Альтман Ўзбекистондаги онлайн медиа вакиллари билан суҳбат уюштириб, уларнинг мамлакатдаги журналистика ва сўз эркинлиги борасидаги фикрлари билан қизиқди.
«АОКА раҳбари Комил Алламжонов ОАВ ва блогерлар тўртинчи ҳокимиятга айланиб, жамиятга таъсир ўтказа боряпти, дея фикр билдирганди. Сиз мана шу ҳокимиятни ҳис қиляпсизми?» дея суҳбатдошларига савол билан юзланган Кирилл Альтман.

Саволга жавобан, Kun.uz'нинг собиқ мухбири Алишер Рўзиохунов Ўзбекистонда матбуот тўртинчи ҳокимиятга айланмоқда, деган фикрга қўшилмаслигини билдирди. Шу билан бирга, у замонавий дунёда медиа аллақачон учинчи ҳокимиятга айланиб боряпти, деган фикрни илгари суради.

«Ривожланган мамлакатларда журналист ёзган мақола ёки блогернинг блогпостидан келиб чиқиб, ҳали суд қилинмай туриб, шахслар устидан қарор чиқариляпти», дейди Рўзиохунов.

У мисол сифатида шу йил баҳорда бўлган воқеа – Австрия вице-канцлери Хайнц-Кристиан Штрахе россиялик экани тахмин қилинган аёл билан хуфиёна учрашгани ҳақидаги видео ортидан мамлакатда муддатидан олдин парламент сайловлари ўтказилгани борасида гапириб ўтди.

Айни пайтда, Spot.uz бош муҳаррири Тимурмалик Элмуродов Ўзбекистонда ОАВнинг тўртинчи ҳокимият даражасига чиқаётганини сезаётганини айтади.

«Ҳақиқатан ҳам, блогерлар, оммавий ахборот воситалари қандайдир масалаларни кўтариб чиқишяпти ва бу масалалар ўз ечимини топяпти. Агар бу муаммолар кўтарилмаганда, шунчаки ўтиб кетилган бўларди.

Мисол учун, дарахтларнинг кесилиши. Блогерлар ва ОАВ бу ҳақда ёзяпти, шу боисдан ҳам қандайдир чоралар кўриляпти. Шу каби масалаларда, яъни маиший масалаларда шубҳасиз [матбуотнинг таъсири сезилмоқда]», – дейди Элмуродов.

Gazeta.uz мухбири Сабина Бакаева, Тимурмалик Элмуродовнинг фикрларига қўшилишини билдирар экан, сўз эркинлиги борасида чекловлар борлигини сезмаётганини ҳам қўшимча қилди.
«Қандайдир даражада таъсир ўтказяпмиз, менимча. Сўз эркинлигига келсак, мени нимададир чегаралаб туришганини сезаётганим йўқ», – деди Сабина Бакаева.

Repost.uz муҳаррири Али Қаҳҳоровнинг фикрича, Ўзбекистондаги кўплаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар, жамиятдаги эврилишлар журналистлар ҳиссаси билан рўй беряпти.
«Уч йил олдин юзага келган ошкоралик натижасида биз секин-аста майдонни кенгайтириб бордик. Авваллари энг маиший мавзуларни ҳам, масалан кимдир кимнидир ўлдириб қўйгани ҳақида гапира олмаган бўлсак, ҳозир бу каби янгиликлар оддий қабул қилинади.

Журналистика жамиятнинг кўзи ва қулоғи бўлиши, жамиятни қизиқтирадиган нарсалар, нима рўй бераётгани ҳақида гапириши керак. Дарахтлар кесилиши ҳақида ҳамма гапиряпти, лекин ҳаракатлар бўлмаётганини ижро ҳокимиятидан сўраш керак», – дейди Қаҳҳоров.

Repost.uz муҳаррири сўз эркинлигига эришиш жараёни табиий равишда босқичма-босқич кечади, деган фикрда.
«Ўзбекистон – сўз эркинлиги йўқ мамлакат эди. Ҳозир вазият анча ижобий. Лекин тараққий этган жамиятларда кўриб ўрганганим даражадаги сўз эркинлиги йўқ. Кўплаб ахборотларга кириш имкони йўқ. Техник жиҳатдан, матбуот хизматлари фаолиятини нормал йўлга қўя олмаяпмиз.

Сўз эркинлиги ёш болакайга ўхшайди, у улғайиб боради. Америкада ҳам, бошқа жамиятларда ҳам сўз эркинлиги босқичма-босқич қарор топган. 1970-1980 йилларда Италия, Францияда социалистик партияларга тил теккизиш табу бўлган. Американи оладиган бўлсак, 1960 йиллар, 1970 йилларнинг бошларида – хиппилар ҳаракати, жинс инқилобига қадар ирқчилик нормал ҳолат бўлган. Мартин Лютер нутқ сўзлаганида унинг нутқини чоп этган газеталар ёпилган. Шундай экан, бу – мутлақ эволюцион жараён. Биз бугун: «Мана, энди сўз эркинлиги ўрнатилди», дея олмаймиз», – дейди у.

Алишер Рўзиохунов сўз эркинлиги ҳақида гапирар экан, Ўзбекистонда мазкур эркинлик ҳали тўла таъминланмаганини айтади.
«Мисол учун, уч йил ичида нечта президент қарори чиқиб, нечтаси бекор қилинди? Товуқ кампанияси, арзон дори ишлаб чиқариш, қайта молиялаш ставкасидан паст арзон уй-жойлар – булар муаммо олиб келмадими? Сўз эркинлиги бўлганида, булар ҳақида кимдир айтарди. «Қайта молиялаш ставкасидан паст кредит бермайлик, Марказий банк нотўғри қиляпти», деб айтарди кимдир. Айтолмади. Чунки биз маиший, ижтимоий мавзулар билан чекланганмиз.

Нега конституцион ислоҳот қилинмаётгани, ҳозиргача Конституцияда импичмент йўқлигини бирорта одам айтмади? Нега айтмаяпмиз, демак сўз эркинлиги салгина чекланган экан-да. Ёки ҳаммада самоцензура бор», – деб қайд этди Рўзиохунов.

Ўзбекистонда тўғридан-тўғри гапириб бўлмайдиган мавзу борми? Али Қаҳҳоровнинг ҳисоблашича, бундай мавзулар йўқ эмас. Улардан бири – 1991-2016 йиллар даврига батафсил баҳо бериш масаласидир.

«27 йил давомида биз билан нималар бўлганини ҳали тўлиқ кўриб чиққанимиз йўқ. – деди Қаҳҳоров. – Ёмон эди, деган умумий гапларни айтяпмиз. Менимча, 27 йил мобайнида нима рўй бергани ҳақида жиддий ўйлаб кўришимиз керак. Сиёсий, юридик, иқтисодий томонлама баҳо беришимиз керак. Каримовнинг ҳаракатларига баҳо бермадик.

Эҳтимол, ҳозиргача президент ҳақида гапириб бўлмайди. Гап яхши-ёмон дейишда эмас, одамларимизда шундай ички ишонч бор – катталарга тегиниб бўлмайди; бу оиладаги тарбияга бориб тақалади. […] Нега ўзим президентни танқид қилмайман? Бундан нима маъно, ҳатто ўз яқинларим ҳам тушунишмайди; «Нега бундай қилдинг?» дейишади».

Daryo.uz муҳаррири Муҳрим Аъзамхўжаевнинг фикрича, кўплаб мавзуларни кўтариб чиқишда ҳамон қўрқув бор.
«Гапириб бўлмайдиган мавзулар кўп. Мавзу кўп деган билан, бизда ҳали ҳам қўрқув бор. Балки 2016 йилда мумкин бўлмаган юзта мавзудан 75таси ҳозир мумкин бўлган бўлиши мумкин. Биз қўрқаётганимиз учун ҳали ҳам бу мавзуларга тегмаяпмиз. Бунинг оқибатини билмаймиз. Агар ёзсак, бизга телефон бўлмайдими, олдимизга кимдир келмайдими...

Тақиқланган мавзулардан ҳам олдин, бу ерда энг асосий муаммо – ўзимиздаги қўрқув. Қўрқув ҳали чиқиб кетгани йўқ. Чиқиб кетмаётганига сабаб ҳам бор: бир хил ҳолатлар бўляптики, бир минора «А» деган бўлса, эртасига иккинчи минора чиқиб, «Йўқ, А эмас, Б», деяпти. Биз эса тушунмаяпмиз, қайси бири бўйича кетишимиз керак?», – дейди Аъзамхўжаев.

Таъкидлаш жоиз, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов мазкур кўрсатувга муносабат билдириб, жумладан шундай дегани диққатга сазовор:
«Барчангиз ажойиб ижодкорсизлар. Ҳақиқат ва тўғри сўзни айтишдан ҳеч қачон қўрқманг».
Ўзбекистон, сўз эркинлиги




Мавзуга оид янгиликлар
  • Тошкент–Термиз автомобил йўлини таъмирлаш учун $153 млн кредит олинади 20 апр, 14:50 29
  • Трейдерлик билан шуғулланишини айтиб, ўзганинг пулини ўзлаштирган шахс ушланди 20 апр, 10:27 20
  • Тошкентда хорижга ишга юборишни ваъда қилган шахс ушланди 20 апр, 08:26 22
  • Зироат Мирзиёева Фарғонада мактаб-интернат ўқувчилари билан учрашди 19 апр, 20:36 90
  • Мижознинг сочини унинг хоҳишига зид тарзда калга олиб ташлаган сартарош 10 суткага қамалди 19 апр, 20:29 299
  • Тошкентда болаларнинг қўлига игна ва “саморез” санчган ўқитувчига нисбатан жиноят иши қўзғатилди 19 апр, 16:48 106
  • Сўнгги янгиликлар
  • “Ўзбекконцерт” хонанда Лола билан унинг кийиниш маданияти юзасидан суҳбат ўтказди 20 апр, 15:43 2
  • Эрон зарбаси катта зарар етказмади, лекин Исроил барибир ютқазди... 20 апр, 15:15 17
  • Тошкент–Термиз автомобил йўлини таъмирлаш учун $153 млн кредит олинади 20 апр, 14:50 29
  • Мухолифатчи Волковга суиқасд уюштиришга буюртма берган шахс ушлангани маълум қилинди 20 апр, 14:24 44
  • Ўзбекистон автомобиль бозорида кетма-кет учинчи ой фаолликнинг пасайиши кузатилди 20 апр, 14:03 52
  • НАТО Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа соҳасида ёрдам ваъда қилди 20 апр, 13:58 41
  • АҚШ Исроилнинг жисмоний ва юридик шахсларига нисбатан санкциялар жорий этди 20 апр, 12:56 46
  • Душанбеда Ўзбекистон элчихонасининг янги биноси очилди (фото) 20 апр, 12:28 85
  • Сутни меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш юрак хуружига сабаб бўлиши мумкин 20 апр, 12:05 32
  • «Россия урушга бугуноқ нуқта қўйиши мумкин»: «Катта еттилик» талаб билан чиқди 20 апр, 11:45 506
  • Исроилнинг Эронга ҳужуми оқибатлари ҳақида маълумот берилди 20 апр, 11:21 250
  • Зироат Мирзиёева Марғилонда илк бор ташкил этилган инклюзив ижодий фестивалда иштирок этди 20 апр, 10:54 57
  • Бўлимлар