«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 18 2019, 06:36
ЎЗO‘Z

Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ҳам Ўзбекистондан қочиб кетгиси келганми?

13 сен, 23:41 2 293 Жамият
Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ҳам Ўзбекистондан қочиб кетгиси келганми?
Фото: Евгений Сорочин / Spot
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Spot нашрига интервью берди. Мадина Рўзматова Spot’даги «Хатолар ва сабоқлар» лойиҳаси учун давлат хизматига ўтгани учун бизнесдан расман воз кечган бизнесмен, Akfa Group холдинги асосчиси суҳбатлашди.
***
Биз фотограф билан интервьюга барвақт келдик. Хусусан, мен ўзим бир соат аввал шу ерда эдим. Иккаламиз ҳам қордек оппоқ қабулхонада деярли одам кирмаган кабинет остонасидан ўтиш учун анча кутдик. Аслида бу кабинетда унинг соҳиби, кираверишдаги лавҳада исми-шарифи ёзиб қўйилиши лозим бўлган кишининг ўзи ҳам кам бўлади. Дастлабки дақиқаларда Жаҳонгир Обидович бизга интервью беришни деярли рад этди.
***
— Сиз ҳоким этиб тайинланган биринчи бизнесменсиз. ОАВда сизнинг ишларингиз кенг муҳокама қилинади ва эришилган айрим натижалар ҳақида сиз Alter Ego’га берган интервьюингизда ҳикоя қилдингиз. Мен сиз билан бизнесдан чиққан одам сифатида бизнес-тафаккур ва ишга бизнес ёндашув ҳақида суҳбатлашишни истардим.
— Мен ҳозир бизнес билан шуғулланмайман, бошқарувдан чиққанман, барча активларни бошқаларга берганман. Бироқ ўз хатоларим ва муваффақиятсизликларим ҳақида ҳикоя қилишга тайёрман.

— Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам хато қиладими?
— Албатта. Ҳамма ҳам хато қилади. Бизнесдаги муваффақиятсизликлар мени бугунги кунга олиб чиқди ва ҳар доим ҳам ҳамма ишга муваффақ бўла олмайсиз, бу табиий ҳол.

— Умуман бизнесмен мен учун оддий сўз эмас, бу унвон, унга лойиқ бўлиш лозим.
— Иш ва натижалар билан, пиар билан эмас. Сен тадбиркор, турли корхоналар эгаси бўлишинг мумкин, бироқ бизнесмен деб аталиш учун уни тушуниш, у қандай қурилганини билиш лозим. Шу жумладан, мамлакат макроиқтисодиётига ҳисса қўшиш керак.

— Akfa Group энг бошидан муваффақиятли бизнес бўлди.
— Йўқ, Akfa Group — ўз тарихига эга компания. Унинг ўз қийинчиликлари, турли даврлари бўлган. Ўйлайманки, у Akfa нима эканини одамлар билганларидан кейингина «муваффақиятли» бўлди.
Ҳамма бизнесни муваффақиятли қилиш мумкин, бироқ негадир фақат таниқли компанияларни муваффақиятли дейиш қабул қилинган.

Умуман — муваффақиятнинг ўзи нима? Чамаси сизни билганлари ва ютуқларингизни тан олганлари. Масалан, тез овқатланиш қаҳвахоналари кўп, бироқ МcДональдс, КФCъни муваффақиятли деб ҳисоблаш қабул қилинган.

Фото: Евгений Сорочин / Spot
— Мактаб давридан бизнес билан шуғулланганингизни айтгансиз. Akfa’ни ташкил этиш ғояси қаердан келган?
— Мутлақо тасодифан. Мен ҳамиша бизнес билан шуғулланишимни билардим. Бошқа фикрлар ҳатто хаёлимда ҳам йўқ эди.
СССРнинг йўқ бўлиши, оғир замонлар. Бозорни «қўйиб юборишлари» билан атрофимдаги барча бизнес билан шуғуллана бошлади. Мен тасодифан бу бизнесга кирдим, лекин дераза профилларини сотишни, табиийки, режалаштирмаган эдим. Бу тахминан 2000 йилларда юз берди.

Ўшанда, 1992 йили хусусий компаниялар ташкил этишга рухсат берилди ва мен ўзимнинг биринчи «Жаҳонгир» МЧЖни очдим. 76 квадрат метр майдонда сартарошхонам ва поябзал таъмирлаш устахонам бор эди, ўзим эса 17 ёшдаман. Бундан аввалроқ эса поябзал сотардим, Олой бозорида иккита савдо нуқтам бор эди.

18 ёшимда бир боксли автосервис очдим. «Волга» автомобиллари таъмиридан бошладим, кейин эса хорижий автомобилларга ўтдим — у вақтларда бадавлат одамлар Опелъда юришарди. Ёдимда, хорижий машиналар учун биринчи эҳтиёт қисмлар олиб келиш учун Дубайга боргандим.

Ўша вақтларда хорижий машиналарда прокурорлар, милиция ходимлари ва мафиозлар юришарди. Шундай қилиб 19 ёшимда уларнинг ҳаммаси билан ишлашимга тўғри келди. Бу бизнес 2000 йилгача менинг асосий ишим эди. Мени шаҳарда шундай таний бошлашди.

— Сиз уни кейин ёпдингизми? Автосервисни айтяпман.
— Йўқ, параллел ишладим. 2001 йили менинг ёнимга логистика ва карго бўйича товар ташиш билан шуғулланувчи бир турк келди. Айнан у менга алюмин профиллар сотишни таклиф қилди. Биз омборга бордик, мен товарга қарадим — ҳеч нарсани тушунмадим.

Биласанми, мен қандай қилиб бу ишга аралашиб қолдим? Менинг Рустам исмли бир синфдошим бўларди. У менга маслаҳат берди — бу жуда яхши, даромадли иш эканини айтди. У вақтларда бу ишда турклар «яккаҳоким» эди, улардан бошқа ҳеч ким дераза ромлари сотмасди.

Хўш, нима учун ўшанда мени чақиришди — кимдир, ким учундир товар олиб келган, у эса сотилмаган. Мен профилни бир ҳафтага олдим ва ҳаммасини дарров сотиб юбордим. Қаердадир бир йил ишладим, сотиб олдим, сотдим. Бу вақт ичида тахминан 40 минг доллар ишладим ва тахминан шунчага тушдим ҳам.

— Қандай қилиб — бу пулларни йўқотдингизми?
— Менга профилни сотган туркларнинг ўзи оёғимдан чалди. Биз товарни реализация қилишдан аввал улардан олиш ҳақида келишган эдик, улар менга жўнатишди ва ҳар куни пулни юборишимни сўрашди.

Мен бир сўзли одамман. Қарзга ботдим, ўз пулларимни бердим. Зарарига сотдим. Бироқ ўшанда менинг қўлимда 150 киши ишларди. Ва эҳтимол, шунинг учундир, мен бу ишларни ташламадим. Баъзилари эндигина мактабни битирган бу оддий болаларни йўқотиш даҳшатли ва аламли эди. Бу жамоани сақлаб қолиш учун қариндошларим, яқинларим, акамдан қарз олдим.

Ўшанда хатолардан муҳим сабоқ олдим. Сенинг қанча пулинг борлиги эмас, балки сен билан қандай одамлар ишлаётгани муҳим.

— Одамлар туфайли сиз бизнесда қолдингиз. Афсусланмадингизми?
— Сира ҳам. Биринчи муваффақиятсизликдан кейин ходимларимдан бирини Туркияга жўнатдим, айтмоқчи, у ҳозир ҳам компанияда ишлайди, унга қаерга бориш ва товар борасида ким билан келишиб олишни тушунтирдим. Ходим менинг гапимга қулоқ солмади ва бошқа жойдан товарни арзонроқ нархда олиб келди.

Қарангки, турк ҳамкорларимиз йил давомида бизни алдаб келишган ва товарни анча қимматга сотишган экан. Бироқ, менинг назаримда, бу бизни улар билан мусобақалашишда белимизни янада маҳкам боғлашга ва бу рақобат урушида ютиб чиқишимизга ёрдам берди.

Бир йилдан сўнг сервис ва брендга киритган маблағларимиз ва жамоа ёрдамида биз бозорда етакчи бўлиб олдик. Йўқотилган пуллар ўрнини бир ярим ойдаёқ тўлдирдик.

— Ва бу энди Akfa компанияси эди.
— Сен ҳайрон бўласан, аммо Akfa кейинроқ ва кутилмаганда пайдо бўлди. Биз савдода етакчилик қилиб турган пайтларимизда бизга Akpa номи остидаги турк компанияси мурожаат қилди. У ҳеч нарсани эслатмаяптими?

Шундай қилиб, бу турк холдинги раҳбари — мен уни ўз устозим деб биламан — Аднан Чалишкан бизнинг ёнимизга келди ва ҳамкорлик қилишни таклиф этди. Уч йил бирга ишлагандан кейин мен компанияга улар брендининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси эксклюзив ҳуқуқларини сўраб мурожаат қилдим.

Сенга тушунарли бўлиши учун, бу 2000 йилларнинг бошлари эди, у вақтларда «реклама», «маркетинг» сўзларини Тошкентда кам одам эшитган, биз эса брендга кўп маблағ киритгандик. Бутун шаҳар бўйлаб ташқи рекламалар ўрнатилган, биз мунтазам равишда уни турли форматларда, ҳамма борадиган жойларда айлантирардик.

Албатта, қайсидир бир вақтда биз ўйлаб қолардик — нега фақат бизнинг жамоа реклама беради, товарни эса истаган киши сотади. Эксклюзив шартлар борасида бизга рад жавобини беришди ва мен Akpa билан барча келишувларни тўхтатдим.

Аднанбейнинг укаси бор эди, у ўшанда менга шундай деди: «Akpa — катта ва кучли бренд. Маҳсулотимизни ҳар қандай ҳолатда сотиб олишади, сенданми, бошқаданми, аҳамиятсиз». Бу ерда ноқулай ҳолат юзага келди, бу иш меники эмаслигини аниқ тушундим.

Бу — муваффақиятсизлик орқали навбатдаги бизнес-сабоқ эди. Ўз брендингизни йўлга қўйинг, ўзгаларникига фақат агар сизда эксклюзив шароитлар бўлсагина маблағ киритинг. Натижада бошқаларнинг брендини оммалаштирдим ҳамда ўз компаниямни ташкил этиб, уни моҳиятан йўқ қилдим.

— Ўзингиз бунёд этган нарса вайрон бўлаётганини тушунганингизда даҳшатга тушдингизми?
— Шахсан ўзим учун — йўқ. Менга яна жамоам учун таваккал қилиш қўрқинчли эди, энди жамоам 200 кишидан ортиқ, уларга ўз вақтида маош бериш, боқиш лозим. Бироқ негадир мен ҳаммаси яхши бўлишига ишонардим. Негадир ҳеч қачон ўзим учун қўрқинчни сезмадим. Ва турклардан ҳам хафа бўлмадим, ҳиссиётларнинг бизнесга алоқаси йўқ бўлса керак.

— Ишлаб чиқаришга ҳам сиз Akpa билан бўлган воқеа туфайли кирган экансиз-да?
— Akpa билан ҳамкорликдан воз кечганимдан кейин ўзимга ва уларга тез орада бутун мамлакат яна фақат мендан сотиб олади, деб ваъда бергандим — етти ойдан кейин шундай бўлди ҳам. Аммо бунга қадар Аднанбек билан бизнесим ҳақида суҳбатлашдик.

Ўзбекистонга ҳар ойда 10 тоннадан ортиқ алюмин профил олиб келдим, у эса мени телба деб атади. Фақат логистиканинг ўзи 70 минг долларга тушди. Нафақат у, бошқа кўпчилик менга: «Завод оч. Савдо-сотиғингга қара, сенга савдо эмас, балки ишлаб чиқариш билан шуғулланиш кўпроқ фойда келтиради», дейишди.

Фото: Евгений Сорочин / Spot
Мен деразалар учун профиллар ва аксессуарлар сотишда давом этдим. Менга нима учундир заводни эплай олмайдигандек, бу жуда қийин, қиммат ва иложсиздек кўринарди. Охир-оқибат 2005 йили заводни бирга очдик.

2011 йилга келиб, ишлаб чиқариш ҳажми бир неча минг фоизга ўсди. Биз барча деталлар, аксессуарларни ишлаб чиқара бошладик, бутун циклни йўлга қўйдик. Ўша вақтда Ўзбекистонда 6 мингдан ортиқ, МДҲ бўйича 500 дан ортиқ мижозларимиз бор эди — ўшандаёқ экспортни бошлагандик.

Мен ҳозир хусусий мижозлар тўғрисида эмас, балки B2B бозори ҳақида гапиряпман. Барча кичик цехлар бутловчи қисмларни биздан сотиб олар, улардан дераза ясаб сотишарди. Akfa’да у вақтларда 7500 киши ишларди.

— Сиз йўлга қўйган, бироқ, юришмаган, кейин ёпишга тўғри келган лойиҳалар борми?
— Албатта, бўлган. Яхшики, улар холдинг ичидаги кичик бизнеслар, қандайдир аралаш йўналишлар, кичик компаниялар эди. Биз ишлаб чиқаришни кенгайтираётганда кўп хатолар қилдик — ишлаб чиқаришда жуда қиммат лойиҳаларни йўлга қўйдик, импортдан қиммат товарлар ишлаб чиқардик.

Мен иш бермайдиган компания ёки лойиҳани ёпишни орқага суришни кўп қизиқмаслик керак бўлган жуда хавфли ўйинга тенглаштираман. Сен ҳаммасини ютишинг ёки ҳаммасини ютқазишинг мумкин. Лотереядаги каби.

Шунинг учун бизнес юритганимда ҳамиша қоидалардан четга чиқмасликка ҳаракат қилганман — фойда келтирмайдиган, муваффақиятсиз, истиқболсиз лойиҳаларни ёпишни узоқ чўзиш керак эмас. Охир-оқибат барибир ютқазасан. Мағлубиятни дарҳол тан олиш керак, бу арзонроқ тушади. Мен одатда компанияни ёпганман, бошқарувчиларни ишдан бўшатганман, шунақаси ҳам бўлган.

— Ўз хатоларни тан олиш қийин.
— Йўқ. Менинг назаримда жуда қаттиқ таваккал қилмаганман. Муваффақиятсизликларга ҳам хотиржам муносабатда бўлишга ҳаракат қилганман. Чамаси, 15 фоиз компанияларни қисқартирганмиз.
Энг қийини одамларингни йўқотиш.

Бизнесдан чиқишимдан олдин биз топ-менежмент билан бу мавзуни муҳокама қилгандик. Ҳисоблаб кўрсак, Akfa Group фаолияти давомида топ-менежментдан атиги уч киши бўшабди. Қолганлар 25 йилдан ортиқ вақтдан бери компанияда ишлайди.

— Сизда пул етмаган вақтлар ҳам бўлганми?
— Аслида яхши бизнесменга ҳамиша пул етмайди. Ҳамиша. Бизнесда мен шундай маданиятни шакллантирдимки, бошқарув кенгаши доим янги имкониятлар қидиради. Бу ҳам пул доим етишмаслиги лозимлиги билан боғлиқ.
Бизнесменда ортиқча пул бўлса, тамом, у нотўғри йўлда. Агар пул етарли бўлса, бизнес ривожланишдан тўхтайди.

Мен компания раҳбари бўлган вақтларимда биз доим ҳал этилиши лозим бўлган муаммоларимиз бўлишига ҳаракат қилардик, ўз бошимизга иш орттирардик. Назаримда, бу мен вужудга келтирган бизнес ичидаги корпоратив маданият асоси бўлиб қолди.

Табиийки, жуда мураккаб даврлар бўлди, мен бизнесни 20 йиллар аввал бошлаганман. Бу шундай давр эдики, собиқ безорилар бизнесмен бўлиб қолди, ҳамма нарса кўча қонунлари билан ҳал этиларди. У вақтларда ҳамма шундай ишларди. Барча мафия ва милициядан қўрқарди.

— Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қачондир қийин бўлганига ишонгинг келмайди.
— Қийин бўлган, албатта. Бизнесинг қанча катта бўлса, масъулият ҳам шунча юқори бўлади. 2011 йили менежмент билан келгусида қайси йўлдан боришимизни жиддий муҳокама қилдик. Ташқаридан бу телбалик бўлиб туюлар — бизнес гуллаб-яшнаяпти, савдо кетяпти ва мен интенсив ривожланишни тўхтатиб туриш ҳақида қарор қабул қилиш учун кенгаш чақиряпман.

Айни ўшанда компания гуллаб-яшнаб турган бир пайтда биз диверсификация тўғрисида қарор қабул қилдик. Чунки бозорда энг йирик иштирокчи бўлиб қолиш анча хавфли эди.

Биринчидан, монопол бўлиб қолиш хавфи мавжуд, биз эса ҳеч қачон бунга интилмаганмиз. Иккинчидан, танглик юз берса, компанияни ёпишга тўғри келади. Биз янги ишлаб чиқаришни, бу сафар маиший техника ишлаб чиқариш корхонасини очишга қарор қилдик.

— Ўшанда қарорингизга нима таъсир кўрсатди?
— Отам. У СССРда хизмат кўрсатган муҳандис, бутун умр газчи бўлиб ишлаган. Ишлаб чиқариш тўғрисида ўйлаган пайтимда у менга электроника, маиший техника томон боришни маслаҳат берди. Artel шундай пайдо бўлди. Бу янги риск эди. Биз ҳамкорларим билан уч йўналишга бўлиндик ва ҳар биримиз ишлаб чиқаришнинг янги линиясини барпо этишга кетдик.

— Сиз Artel’ни очганингизда янги муваффақиятсизликлар юз берган...
— Албатта. Мен учун ишлаб чиқариш очиш, завод қуриш — бу қандайдир бошқача лаззат беради. Бизнесда шахсан мени ҳамиша бу жараён ҳаяжонга солган — қачон барпо этасан, иш ўринлари очасан, қачон бу улкан машина ишлай бошлайди.

Биз Artel’ни очишга қарор қилдик ва энг бошида ҳаммаси силлиқ кетаётгандек эди. Чет элга бордик, уларнинг тажрибасини ўргандик, битимлар имзоладик, кредитлар тўпладик. Завод барпо этдик, газ плиталарининг биринчи туркуми чиқди, бозорга товар чиқардик… у эса сотилмади. Вақт ўтар, товар ишлаб чиқарилар ва омборда қоларди. Ҳеч ким сотиб олмасди.

Мен шахсан «Малика»га бордим, сотувчилардан улар нега Artel’ни сотмаётганликларини сўрадим. Ёш бир сотувчи йигитга яқинлашаман, фақат угина менинг саволимга жавоб берди.

Бозорда ёзилмаган қоида бор эди — у йирик ишлаб чиқарувчилар ва импорт ўртасида бўлинган эди. Агар янги ишлаб чиқарувчини олсанг — кимдир сенга ўз товарини ўтказмаслиги мумкин, шунинг учун сотувчилар бизни инкор этишди. Ўша йигит менга шундай деди: «Ака, сизнинг техникангизни қўя олмайман, қўйсам кўчада оч қоламан». Бошқа бир неча дўконда ҳам шундай жавоб беришди. Шундай қилиб бозор расталари бўйлаб юрдим, ҳамма ерда рад жавобини олдим.

Дўконларнинг бирида мени таниб қолишди. Ўшанда Akfa ҳақида билишарди ва сотувчи мен билан саломлашиб, нега биз фақат газ плитасини сотувга қўяётганимизни сўради.

Мантиқан тўғри, одамлар турли ишлаб чиқарувчилар техникасини сотиб олишни хоҳлашмайди, бунда сервис хизмати харажатлари ошиб кетади. У менга техникани комплект қилишни маслаҳат берди. Биз бир йил ҳеч нарса сота олмадик, чунки фақат газ плиталари чиқаргандик.

— Бу сизга қанчага тушди?

— Artel’ни Akfa’нинг пуллари ҳисобига ривожлантирдик. Қарийб бир йил омборга ишладик, савдо деярли йўқ эди. 1,5 млн доллардан ортиқ маблағ сарфладик. Савдо дўконлари бўйлаб қилган экскурсиядан жуда хафа бўлиб қайтдим, чунки яна лойиҳа «иш бермайдиган» ва одамлар ишини йўқотадиган бўлиб кўринди. Бу ахир бутун бошли завод эди, биз уни қуриб бўлгандик.

Маҳсулотлар қаторини кенгайтириш, маиший техникани тўплам қилиб ишлаб чиқариш ҳақида қарор қилдик.
Ишларни бўлиб олдик, мен музлатгич ишлаб чиқариш, ўринбосарим — кондиционер, қолган ҳамкорларимиз — телевизор ва бошқа буюмлар ишлаб чиқариш билан шуғулландик. Ҳамма янгича ишлади. Чет элларга борамиз, жиҳозлар олиб келамиз, қурамиз, йўлга қўямиз.

Ва бутун келаси йил давомида биз бир-биримиз билан мусобақалашдик. Умуман, биз доим шундай челленжлар ўтказардик — ким яхшироқ, кўпроқ ишлаб чиқаради, кимнинг маҳсулоти харидоргир бўлади.

Савдо дўконларидаги ўша воқеадан 1,5 йил ўтиб, биз бозорга тўла комплект билан чиқдик. Жуда тез брендни айлантирдик, талаб жуда улкан эди. Ва бу бизнесда ҳеч қандай имтиёз йўқ, фақат мақбул пулларга сифатли маҳсулот бор эди, холос.

Фото: Евгений Сорочин / Spot
Artel маҳсулотлари нафақат бизнинг бозорда сотилади, менинг билишимча, компания ҳозир ҳам кўп экспорт қилмоқда, ҳали мен боримда экспорт анча салмоқли эди, яқинда эшитишимча, АҚШга ҳам маҳсулот етказиб бера бошлашди.

— Сиз ҳар доим одамлар, уларни йўқотиш сизга оғирлиги, бизнесни улар туфайли ташламаганингиз ҳақида кўп гапирасиз. Сизга сотқинлик қилишганми?
— Йўқ. Гапиришга арзигулик даражада ҳеч қачон бундай бўлган эмас. Қандайдир майда-чуйда қилмишлар бўлган менинг йигитларимда, эҳтимол кичик можаролар. Аммо сотқинлик қилишмаган.

Akfa Groupда 35 мингдан ортиқ киши ишлайди, уларни ҳеч ким зўрлик билан ушлаб турмайди. Улар бу компанияни ҳар куни танлайди, демак, уларни нимадир ушлаб турадими?
Мен хиёнатга лойиқ бўлиш керак, деб ҳисоблайман.

Бу менинг тушунчам. Агар сен ўз вақтида одамлар билан мулоқот қилсанг, унинг меҳнатини холис ва одилона баҳоласанг, у билан муаммолар ҳақида очиқ гаплашсанг, улар нега сени сотишсин?

— Муваффақиятсизликка учрасангиз, биринчи навбатда нима қиласиз?
— Аввалига асабийлашаман. Кейин бундан қандай хулоса чиқариш, фойда олиш ҳақида ўйлайман. Ҳар бир салбий ҳолат мен учун ижобий, ҳар қандай муваффақиятсизликдан фойда олишим мумкин. Камида тажрибам ошади. Албатта, жиддий тангликлар бўлган, ўшанда менежмент билан ўтириб муаммоларни зудлик билан ҳал қилганмиз.

— Сиз қатиққўл раҳбармисиз?
— Талабчан. Бироқ ҳеч қачон урушмайман. Шундай раҳбарлар бор, ходимларга овозини кўтариши, уларни сўкиши мумкин. Компаниядаги 15 йиллик фаолиятим давомида мен сўкиниш нима эканини буткул унутдим. Умуман, қандайдир қаттиққўллик зарур бўлган вазиятлар жуда кам бўлган.

Ҳозир давлат хизматида, албатта, асабий вазиятлар кўп. Мен муаммони одамлардан қидирмасликка ҳаракат қиламан, бизнес учун ўзим жавобгарман. Одам, умуман, одатда ўзига ўзи муаммо.

— Сизга одамларни ишдан бўшатиш жуда қийинми?
— Буни жуда ёмон кўраман. Хато қилганини ҳис қиламан. Бунинг устига ходимгина эмас, менинг ўзим қаердадир хатога йўл қўйган бўламан, уни ишдан бўшатишгача олиб келган вазиятни олдиндан кўрабилмаганман.
Модомики мен раҳбар эканман — ҳаммаси учун шахсан ўзим жавобгарман. Бошқалар эмас.

— Сиз бизнесни қариндошларингиз билан қурганмисиз?
— Йўқ, ўзим.

— Қўлингизда қариндошларингиз ишлашганми?
— Юқори лавозимда эмас, бу принципиал вазият. Ҳамма учун умумий шарт-шароитлар.
Мен агар бизнесга хавф туғдирадиган бўлса, қариндошларим билан ишламасликка ҳаракат қиламан.
Агар лойиқ бўлмаса, уларнинг ҳеч бирининг лавозими ҳам кўтарилмайди. Мен учун умуман ишда «қариндош» деган тушунча йўқ, ҳамма учун тартиб бир хил.

— Ҳозирги саволимни беришни истамасдим, бироқ уни кўп эшитаман, шунинг учун сўрамоқчиман. Нега сизнинг ходимларингиз ҳамма ерда сизни ҳимоя қилишади? Бунинг устига бошқаларнинг фикрини эшитишмайди.
— Ҳимоя қилишадими?

— Афтидан, ҳа.
— Нима деб ўйлайсан? Мана, ҳокимликда, қара ҳозир қандай?

— Билмадим, бугун масалан дам олиш куними, бу ерда жуда жим-жит.
— Компаниядами, бу ердами, хоҳлаган одамингдан сўрашинг мумкин. Улар қаерда мен билан ишлашмасин, доим ўз одамларимни ҳимоя қиламан. Уларнинг ҳаммаси буни аниқ билишади. Ҳатто улар ҳақ бўлмасалар ҳам (пауза).

Бу ички иш, хато бўлиши мумкин, мен ўзим кейин улар билан буни аниқлаштираман. Бироқ агар бу одам атайлаб хато қилмаган бўлса, уни охиригача ҳимоя қиламан.

— Мамлакатдан кетмоқчи бўлганмисиз?
— Ҳа. 2013 йилда.

— Нега, бу бирор нарса билан боғлиқмиди?
— Ўша вақтдаги сиёсат билан.

— Нега қолдингиз?
— Ортимда қанча одамлар бор эди, агар мен қочиб кетсам уларга нима бўларди? Мени та’қиб қилишганди, агар қочсам компанияни ёпишарди, ўн минглаб одамлар кўчада қолган бўларди. Мен шундай ўйладим — майли, мени қамашсин, бироқ бу одамлар ишсиз қолмасин.

— Бу осон қарор бўлмаган бўлса керак.
— Бу ерда ҳеч қандай қаҳрамонлик йўқ. Мен Ватанда қолганим учун зўрман ёки қаҳрамонман, демоқчи эмасман. Умуман, Яратган сенга қанча бойлик, пул, ресурс ва имкониятлар берган экан, худди шунча муаммо ва синовларга ҳам дуч келасан. Масалан, бир миллион пул ишлаб топсанг, унинг муаммоси ҳам миллионга тенг бўлади. Ўша икки йил, яъни 2012—2013 йиллар барча бизнесменлар учун жуда мураккаб бўлган.

— Сизга босим ўтказишдими?
— Ҳа, ҳаммага ўтказишгани каби. Мен яна бу шаҳарни жуда яхши кўрганим учун кетганим йўқ. Бу ерда менинг оилам, дўстларим, тарихим бор. Бошқа бирор жойда мен ким ҳам бўлардим?

— Бизнесдан чиққан одам учун сиёсатда қийин бўлса керак?
— Қийин.

— Энг қийини нимада?
— Бизнесда ҳамма нарса тез ҳал бўлади. Сиёсатда эса узоқ вақт керак. Ҳар бир сўзингни ўйлаб гапиришинг, кўп мулоқотда бўлиш, очиқлик ва машҳурлик лозим.

— Сизга машҳур бўлиш ёқмайдими?
— Йўқ, мутлақо ёқмайди. Мен ҳеч қачон бунга интилмаганман. Агар машҳур бўлишни хоҳлаганимда, эҳтимол, қўшиқ ёзармидим (кулади).

— Бизнес билан шуғулланаётганингизда нега ҳеч қачон интервью бермагансиз?
— Одамга машҳурлик нимага керак? Пул учунми? Менда пул шундоқ ҳам етарли бўлса. Менда ҳатто Facebook ёки Instagram ҳам йўқ эди. Ҳозир бор, давр тақозоси. Бироқ оммавийликда ҳеч қачон бизнес ёки ўзим учун имконият кўрганим йўқ. Менга бунинг қизиғи йўқ.

Кейин, оммавийликка бўлган бу тренд тез орада ўтиб кетади, деб ўйлайман. Бир йилдан сўнг ўзини блогер, медиа кишиси деб аташ ҳозиргидек урф бўлмай қолади. Мен учун журналист ва блогерлар бошқа касб эгалари каби одамлар.

Фото: Евгений Сорочин / Spot
Нега мен, масалан, журналистлар билан учрашув туфайли кимнидир қабул қилмаслигим керак? Қандайдир имтиёзларни бериш, уларнинг шахсий масалаларини навбатдан ташқари кўриб чиқишим керакми? Шаҳарда ҳамманинг муаммоси бир хил.

Ҳозир мен ўзимни яхшилаб пиар қилишим учун ҳамма ресурслар бор, чиройли суратлар чизиш, ҳеч нарса қилмай, кўп интервью бериш ва машҳур бўлиш. Мен бундай қилмайман.

Менинг пиарим — бу иш, аниқ ўзгаришлар. Майли, муваффақиятсизликлар, негатив, мураккаб мулоқотлар, менинг шахсий хатоларим эвазига бўлсин. Бу ишларнинг натижаси кўринади, уларга чиройли мақолалар ёки репортажларнинг ҳожати йўқ.

— Келинг, бизнесингизга қайтамиз. Бизнесингиз бошқарувидан бутунлай чиқиб кетдингиз. Бу руҳан оғир бўлдими?
— Мен нимага ва нима учун кетаётганимни билганман. Биласанми, бу Яратганнинг иши. Ҳеч қачон сени нима кутаётганини билмайсан.

— Сиз жамоангизни тўплаб: «Бўлди, болалар, энди мени офисда ҳар куни кўрмайсизлар, мен кетяпман», деган кунингизни эслайсизми?
— Шундай бўлганини сен қаёқдан биласан? (жилмаяди). Ҳақиқатан шундай мажлис ўтказганман, ўрнимга одам таклиф қилганман, ўз режаларим ҳақида гапирганман. Мен кўпдан бери бу компаниянинг ягона эгаси эмасдим ва унинг истиқбол тақдири ҳақидаги қарорни биргаликда қабул қилганмиз. Табиийки, кетиш осон бўлмади.

— Жамоа сизнинг кетиш ҳақидаги қарорингизга қандай қаради?
— Ахир раҳбарини мамлакат Президентининг шахсан ўзи бундай лавозимга тайинлагандан кейин улар қандай муносабатда бўлишарди? Албатта, улар мен учун хурсанд бўлишди. Бу улкан масъулият. Мен уни рад этишим мумкинми? 32 миллион фуқаро орасидан мен танландим, ўша дамларда ҳақиқатан бахтли эдим.

— Президент сизни ҳозир ҳам қўллаб-қувватлаяптими?
— Қўллаб-қувватлаяпти.

— Кунига неча соат ишлайсиз?
— Ҳар хил. Илгари эрталаб 7:00 да бошлардим, ҳозир соат 8:00 дан ярим тунгача. Баъзан оқшом 20:00 ларда иш тугайди. Ўртача 16—17 соат иш.

Фото: Евгений Сорочин / Spot
— Сиз Кирилл Алтман (Alter Ego бошловчиси)га берган интервьюингизда тўрт ой мобайнида фақат бир марта оилангиз билан кечқурун бирга овқатланганингизни айтгансиз. Яқинларингизни кам кўраётганингизга ачинмайсизми?
— Кеча кечқурун бирга овқатландик. Ҳозир уларга сал кўпроқ вақт ажратишга ҳаракат қиляпман. Қаттиқ ачинаман, бироқ бошқа иложим йўқ. Шунга қарамай, рафиқам, фарзандларим мени жуда қўллаб-қувватлашади. Агар мен кабинетда ўтирсам ва ҳеч нарса қилмасам, бу вақтни беҳуда ўтказганим учун қаттиқ хафа бўлган бўлардим.

— Шоколад фабрикаси [Crafers]га сармоя киритиш ғояси қандай пайдо бўлди?
— Мен унда шаҳар ҳокими эмас эдим, менга яхши танишим қўнғироқ қилди ва қандолат-шоколад фабрикасига сармоя киритишни ташкил қилди.

Мен ҳайрон бўлдим, унга: «Бизнесим бутунлай бошқа йўналишда ва мен маҳсулот ёки бошқа бирор нарса билан шуғулланишни режалаштираётганим йўқ», деб айтдим. Биз узоқ гаплашдик ва у мени бу соҳага инвестиция киритиш масаласини ўйлаб кўришга кўндирди. Бу менинг Akfa Group’даги мураккаб, охирги лойиҳам эди.

— Нега Амилов Crafers’га ўзгартирилди?
— Эгаси номи шов-шув бўлишини истамади. Шунчаки оммалашишдан чўчиди, бу нормал ҳолат. У машҳурликка анча тоби йўқ одам, брендни ўз номи билан боғланишини хоҳламади.

— Бизнесдаги охирги қарорни қабул қилиш барибир сизда қолган, шундайми?
— Йўқ, бўлмаган гап. Менинг фикрим — кўп фикрларнинг биридир. Барча қарорлар коллегиал қабул қилинган, бошқарув кенгашининг ҳар бир аъзоси уларнинг муҳокамаси ва қабул қилинишига ўз таъсирини ўтказиши мумкин эди.
***
Интервьюнинг катта қисмини биз Жаҳонгир Обидович билан бирга шаҳар айланиб олдик. У бизга иш кунлари қандай йўлга қўйилгани, шаҳар ҳокимини Тошкентни айланганда нималар ташвишлантириши ҳақида сўзлади.

Tashkent City’га энг охирида келамиз. Бу ерда, МДҲда ўхшаши йўқ ноёб мусиқий фаввора ёнида туриб, у бизга ушбу лойиҳага ҳеч ким ишонмагани ҳақида ҳикоя қилади.

Қуриб битказилган Hilton меҳмонхонаси, Тюссо хоним музейи, кўп қаватли янги бинолар қурилишлари, улкан паркни кўриб, мен шаҳарнинг бу қисмини зўрға танийман ва ўзимизнинг Тошкентда турганимга ишонгим келмайди.
***
— Интервьюингизда сиз Tashkent City’га маблағ киритишни таклиф қилган деярли барча инвесторлар буни рад этганларини айтгансиз. Нега?
— Улар бу лойиҳа амалга ошишига ишонмади.

— Уларни ишонтира олмадингизми?
— Бу ўтиш даври эди, ҳали конвертация очилмаганди, бундан кейин ислоҳотлар қандай давом этиши мавҳум эди. Уларнинг аксарияти қурилишни бошлаганимиздан кейин Ўзбекистонда бўлишди, ҳозир ҳайрон қолишяпти.

— Ҳар бир янги рад этишдан қандай хулоса чиқардингиз?
— Менга улар телбадек туюлди. Шундай вақтлар бўлдики, музокаралардан кўнглим айниди. Кунига 20—30 бесамар учрашувлар бўларди. Рад этиш ортидан рад этиш, лойиҳага ўзимнинг ҳам ишончимни йўқотмаслик осон эмасди. Бироқ мен негадир кўр-кўрона у амалга ошишига ишондим.

Хоҳлайсанми, бориб кўрамиз? У ерда бинолардан ташқари чиройли парк, ноёб фаввора, яна кўплаб бошқа ажойиб масканлар бўлади.
Хулоса фақат битта — қулай шарт-шароитларни кутмасдан ишга киришиш лозим.

Ҳозир кўпчилик биз агар яна Tashkent City лотларини таклиф қилсак, музокараларда улар ўзларини бошқача тутишларига ишонаман.

Фото: Евгений Сорочин / Spot
— Сиз шаҳар маъмурияти бошқарувига бизнес-механизмларни жорий этишингиз ҳақида гапирдингиз. Энг қийини нима? Бу ҳолатда халқ ким — ҳамиша ҳақ бўладиган мижозми ёки сизни активларни бошқариш учун ёллаган миноритар акциядор?
— Мижоз эмаслиги аниқ. Бу шаҳар одамларники, улар барча жараёнларнинг бевосита қатнашчиси. Акциядорлар? Бўлиши мумкин, бироқ улар бизнесда CEO’ни ёллайдилар ва агар ўз дивидендларини олиб туришса, унинг ишига аралашмайдилар.

Мен учун бу жуда тўғри қарор бўларди, бироқ жорий воқеликда бундай эмас. Улар мени сайлаганлари йўқ, бироқ шаҳарликлар кейинроқ бонусларини олишларига ишонаман.

Агар бу қиёслашни давом эттирсак, ҳозир мен шаҳар ресурсларини режалаштиришга, кейинроқ бу режаларни амалга оширишга бизнес-ёндашувни жорий этишни режалаштиряпман.

Шаҳар пул ишлаши керак. Пойтахтга оғир саноат иншоотлари керак эмас, бизга кўпроқ хизматлар керак, Тошкент сервис секторини ривожлантириши зарур. Умумий овқатланиш, бизнес-марказлар, гўзаллик салонлари, магазинлар, хизмат кўрсатиш соҳаларининг турли йўналишлари.

— Яъни қандай?
— 1 миллион сўмлик режалаштириб, чўнтагингга фақат минг сўм тушса — бу ёмон. Ҳозир мен тизимни шундай тузяпманки, шаҳар қисман ўз харажатларини қопласин. У фақатгина солиқ тўловчилар пулларига яшай олмайди — бу моҳиятан нотўғри ёндашув. Ҳокимлик пул топиши мумкин ва пул топиши лозим.

Мисол келтираман. Кўряпсанми, шаҳарда ҳозир ҳар ойда, ҳар ҳафтада турли тадбирлар ўтказиляпти. Келаси йили шаҳар бу ивентлардан реклама ва иштирокчилар учун жойлар ҳисобидан 250 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ олади. Шу билан бирга шаҳарликлар учун бу тадбирларнинг барчаси бепул бўлиб қолади.

Фото: Евгений Сорочин / Spot
— Ҳоким бўлиб ишлаш — машаққатли ва айни пайтда, таъбир жоиз бўлса, қадрсиз иш. Сиз яхши биласиз, шаҳар учун ҳам, ундаги ўзгаришлар учун ҳам ҳеч ким раҳмат демайди. Бунинг устига кўп нарса катта машаққат, баъзан даҳшатли ҳодисалар эвазига амалга оширилади. Бизнесдан чиқиш ва шаҳар бошлиғи бўлиш — ҳар қалай сиз учун нима, муваффақиятсизликми ёки омад?
— Буни вақт кўрсатади. Ҳозирча муҳокама қилишга эрта. Бироқ, агар бизнесдаги хатоларим, тажрибам бўлмаганда бу ерда бўлмаган бўлардим.

Вақтим тугаяпти, шаҳардаги тадбирни кўришга боришим керак (суҳбат Мустақиллик кунининг 28 йиллиги байрами кунлари бўлиб ўтди — Spot). Мен бир неча объектларга боришим лозим, улар менинг ўзимга ҳам жуда ёқади, кел, суҳбатни у ерда давом эттирамиз.

— Яхши.
***
Йўлга чиқишдан аввал мен Жаҳонгир Обидовичдан ишдаги энг яхши кўрган жойи ҳақида сўрадим. У менга шу вақтгача кўрган «музокаралар столлари» орасидаги энг ғайритабиийси — мўъжазгина ошхонани кўрсатди. У кабинетига қараганда бу ерда кўпроқ бўлади. Бу ерда унинг бевосита қўл остида ишловчилар билан тезкор учрашувлар ўтади. Шу ерда ҳоким навбатдаги бир финжон аччиқ қаҳвани ичади.
***
—Биз йўлда кетаётганда, бўш вақтларингизда нима билан шуғулланишингиз ҳақида сўзлаб беринг?
Агар бўш вақт топсам китоб ўқийман, ухлайман, даволанаман.

Фото: Евгений Сорочин / Spot
— Агар бўш вақтингиз бўлса, нима қилган бўлардингиз?
— Пианино чалган бўлардим. Кўпдан бери пианино ёнига келмадим, у жуда яхши тинчлантиради одамни.

— Жаҳонгир Обидович, биз ҳозир Анҳор яқинидаги парк бўйлаб кетяпмиз. Бу ердаги «снос»лар билан боғлиқ воқеани эслайман. Сиз «снос»ларга қандай муносабатда эканингиз ҳақида сўзлаб беринг, одамларни уйларидан кўчиришингиз, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш зарурлигини тушуниш ва тунлари хотиржам ухлаш… бу нима?
— Мен ҳозир бошқа мисолни эслаяпман. Себзор яқинидаги уйларнинг бузилишини. Менга бир кеча-кундуз вақт беришди. Мен шахсан бордим. Ҳали-ҳануз тунлари ўша даҳшатлар тушимга киради.

Сен уй олдида турасан, чекасан ва ҳозир бу одамларга уларнинг уйи бузилишини айтишинг кераклигини биласан. Бунинг устига бу сўзлар илтимос маъносида айтилмайди.

Бундай мажбуриятдан мени бахтли деб ўйлайсанми? Бу бутун фаолиятим давомидаги энг оғир лаҳзалар бўлса керак (пауза).
***
Биз узоқ вақт жим қоламиз. Жаҳонгир Обидович кўп чекади. Ва айни шу ердан Қорақамишдаги соҳил бўйларини кўриш учун боришни таклиф қилди, бу жойлар қачонлардир жиноятчиликда етакчи эди, энди эса ҳар оқшом сайр қилиб юрган аҳолини кўрасиз. Бу соҳилбўйини қурганларида шаҳарга одамлардаги қўрқувларни бартараф этиш учун кўп вақт ва куч-ғайрат сарфлашга тўғри келди.
***
Ўша тунда мен умуман ухлаганим йўқ (пауза). Одамларга ноқулайлик, ташвиш ва оғриқ келтирувчи ҳар бир «снос» — менинг оғриғим, бу билан ҳисоблашмай бўлмайди. Биринчи марта, гарчи мен шаҳардаги энг кўнгли бўш одам бўлмасам ҳам, томоғимда нимадир тиқилиб турарди.

Мен учун ишдаги иккинчи ана шундай ҳиссиётли лаҳза қачон бўлганини биласанми? Мен бу одамларга уларнинг янги уйлари калитларини топшириш учун келганимда. Буни сен ёзолмасанг керак, бироқ уйлар шаҳар пуллари ҳисобидан эмас, балки хусусий маблағлар, шу жумладан, Akfa Group’нинг янги эгалари ва раҳбарлари қарорига кўра компаниянинг пуллари ҳисобидан сотиб олинди.

Бу пиар учун айтилган сўзлар эмас. Мен ҳақиқатан қурувчилар, бизнесменлар, девелоперлар хато қилган ва одамларга муносиб товон пули бермаган ҳар бир ҳолатни ўз муваффақиятсизлигим дебгина билмайман, шахсан аралашишга, бунинг учун жавобгарликни зиммамга олишга ҳаракат қиламан.
***
Биз парк бўйлаб борарканмиз, ҳоким билан кўп суратга тушишади, кўпинча бизга ўтишга ҳам қўйишмайди.
***
— Сиз танқидни ўзингизга оғир оласиз.
— Йўқ, жуда ижобий ёндашаман. Муҳими, танқид иш бўйича бўлиши керак, бироқ мен халқ мени ёмон кўради ёки мен уларда фақат негатив уйғотаман, деб ўйламайман. Агар мени халқ ёмон кўрса, ҳозир сен билан шаҳар марказида хотиржам суҳбатлашиб кета олармидим?

Фото: Евгений Сорочин / Spot
— Бизнесда аёлларга қандай муносабатдасиз?
— Сен аудиёзув ҳақида сўрамоқчимисан? Аёлларга муносабатим яхши, компаниямда ҳар доим иштиёқманд, фаол ва жуда чиройли аёллар ишлаган. Мен уларнинг лавозимлари ўсишига ҳеч нарса халал бермаслигини шахсан ўзим назорат қилиб борардим.

Ўша вазиятда, биринчидан, ёзувни кесиб олишган. Иккинчидан менга аёл киши ўзини эркаклар каби тутиши ёқмайди. Ўшанда айни шунинг учун ўзимни тутолмадим. Бундай қилиш керак эмас, аёлларни эҳтиётлаш, эъзозлаш, бахтли қилиш лозим.

Ўша куни шундай бўлганига ҳозир ҳам жуда афсусдаман ва мен ҳозир расман баёнот бераман — менда уларга нисбатан ҳеч қандай ёмон муносабат йўқ. Аёлларни жуда ҳурмат қиламан, айниқса бизнесдаги аёлларни.

— Ўз хатоларингиздан қандай асосий сабоқ олдингиз?
— Ўзингга мос бўлмаган бизнесга ҳеч қачон кирма.

— Қайси бизнесга сиз ҳеч қачон кирмайсиз?
— Нефтьгаз сектори, олтин, пахта.

— Сизнинг хатоларингиз пулга чаққанда миллионлаб долларга тушгандир?
— Ҳеч қачон санамаганман. Эҳтимол.

— Эндиги саволни мен бу туркумдаги интервьюни ниҳоялаётганда ҳаммага бераман, у кўп такрорланган, бироқ муҳим. Муваффақиятсизликлар қимматга тушади, бироқ…
— Муваффақиятсизликларда ҳам яхши пул топиш мумкин.

“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Мавзуга оид янгиликлар
  • Жаҳонгир Ортиқхўжаев: «Менинг мингта кўзим йўқ» 15 май, 11:12
  • Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев қанча маош олишини айтди 14 май, 14:21
  • Жаҳонгир Ортиқхўжаев сенатор этиб сайланди 15 сен, 09:27
  • Тошкент шаҳар ҳокими: "Менга ҳам бу ҳокимлик азоб. Маза қилиб яшаб юргандим" 13 май, 18:05
  • Тошкент шаҳрига янги ҳоким тайинланди 26 апр, 19:40
  • Сўнгги янгиликлар
  • Энди абитуриентлар 5 та фандан имтиҳон топширади 18 сен, 06:00 111
  • Хива турк дунёсининг маданий пойтахти бўлиши кутилмоқда 18 сен, 00:13 216
  • Баҳодир Жалолов ҳам чорак финалга чиқди 17 сен, 23:58 236
  • Дилшодбек Рўзметов ҳам чорак финалга чиқди 17 сен, 23:42 164
  • Автомобилларга уч фоизлик йиғимни харидор эмас, ишлаб чиқарувчи тўлайди 17 сен, 23:26 344
  • Россияда ўзбекларнинг полицияга ҳужум қилгани тасдиқланди 17 сен, 23:00 574
  • Қора туйнуклар орқали замонлар оша саёҳат қилиш мумкин дейишмоқда 17 сен, 22:34 630
  • Ўзбекистоннинг яна икки вакили жаҳон чемпионатида чорак финалга чиқди 17 сен, 22:11 293
  • Хайрулла Ҳамидов шеъри: Бадниятлар 17 сен, 22:00 643
  • iPhone ХR ва XS’да бир вақтда бир неча камерадан фойдаланиш имконияти пайдо бўлади 17 сен, 21:35 208
  • Бўлимлар