«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 19 2019, 22:30
ЎЗO‘Z

Актам Ҳайитов ва бошқа амалдорларга: халқни айблашдан уялмайсизларми?

11 сен, 20:20 1 757 Жамият
Актам Ҳайитов ва бошқа амалдорларга: халқни айблашдан уялмайсизларми?
Фото: «Kun.uz»
Халқимиз гўштни ҳаддан зиёд кўп истеъмол қилаётган эмиш! Куни кеча Сиз — мамлакат фермерлари пешвоси қилган иддао ижтимоий тармоқда ҳам, кўча-кўйда ҳам кўпчиликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлди. Раиятни исрофгарликда айблаган Сиздай ишбоши вилоятларда қозони ҳафталаб, ойлаб гўшт кўрмайдиган дасти калта оилалар борлигини биласизми?

Оддий халқ ҳаётидан эҳтимол узилиб қолгандир, бироқ сиз каби амалдорлар жиллақурса соҳа бўйича халқаро ташкилотлар ҳисоботларига бир қур назар ташлаб қўйса кифоя-ку! Биргина далил: БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти тадқиқотида Ўзбекистон кам гўшт ейдиган мамлакатлар гуруҳига киритилган.

Афсуски, кейинги пайтларда мансабдорларимиз орасида ўз соҳасидаги камчиликларни мардона тан олиш ўрнига айбни халқ гарданига юклаш ҳолатлари кўп учрамоқда.

Фуқаронинг бошпанасини бузиб ташлаган ҳоким мулкдорга кепак пули тутқазади, мулкдор қонуний ҳақини талаб қилса, «Шукр қилсанг-чи, 5-6 йил олдин шуни ҳам ололмасдинг-ку!» деб таъна-маломат қилади.

Электр энергияси соҳаси корчалони халқ электрни кўп ишлатаётганидан лоф уради. Ростанми?! Сиз қайси халқ, қайси мамлакат ҳақида гапиряпсиз? Юзлаб қишлоқ-қасабаларда электр энергияси соатлаб ўчиши маълуму машҳур-ку! Муболаға ҳам эви билан-да.

Молия соҳаси расмийси Ўзбекистонда бензин арзонлигидан чўпчак айтади. Саховату ҳимматингизнинг чеки йўқ, жаноб! Юз бора раҳмат, минг бора қуллуқ! Аммо сиз муқояса этаётган мамлакатларда ўртача маош, аҳоли даромади бизникидан осмону ерча фарқ қилади-ку! Ёқилғи нархи ҳақида нутқ ирод этилар экан, маошлардаги тафовутга ҳам эътибор қаратилса яхши бўларди.

Диний соҳа масъулларидан бири қонуний ҳақини талаб қилган юртдошимизга «Яқингача машинангда жойнамоз ҳам олиб юролмасдинг-ку!» деб миннат қилади. Нима, шу юртда яшовчи мусулмон Конституцияда кафолатланган ҳуқуқларидан фойдалана олмасинми? Яратган томонидан инъом этилган, халқаро ҳужжатларда мустаҳкамланган ҳуқуқлардан фойдалангани учун таъна-дашном эшитиши керакми?

Пойтахт жамоат транспорти идораси ҳатто авжи жазирамада ҳам автобусларда кондиционер ишлатилмаслигини хаспўшлаш йўлини топганига тасанною офарин дейсиз. Қарангки, жамоат транспорти корхонаси фуқароларнинг соғлиғини ўйлаб кондиционерларни ёқмаётган экан. Агар арзанда матоҳ ишлатилгудек бўлса, йўловчилар совқотиб қолар эмиш! Узоқ хорижга бориш шарт эмас, бизга қўшни мамлакатларда ҳам ёз кунларида автобусларда кондиционер мунтазам ёқилади. Ҳали биров совқотиб жон талашиб қолгани ҳақида хабар эшитмадик...

Кўп бўлмади, мажбурий тиббий суғуртани жорий этиш бўйича телемуҳокамада либерал партия вакили доҳиёна гап айтди: «Аҳолида пул кўп, қўрқмай мажбурий суғуртани жорий қилаверинглар!» Қизиқ, нотиқ хонадонма-хонадон юриб, одамларнинг сандиғу тахмонини текшириб-ҳисоблаб чиқдимикан? Бунча ишонч, бунча жасорат қаердан пайдо бўлди? Мажбурий суғуртани жорий этишдан аввал анча путурдан кетган тиббиёт тизимини оёққа турғазиш керакдир...

Тан бериш керак, аксар мансабдорларимиз гапга тўн кийдиришни қотиради. Аммо қўли қадоқ, елкаси ямоқ оддий халқ ҳаётидан узилиб қолгани чатоқ. Давлат раҳбари мансабдорлар халқдан қарздор, фуқаро қаршисида ҳисобдор эканини қайта-қайта таъкидлаётганига қарамай, айрим корчалонлар ҳамон эски қўшиқларни хиргойи қилмоқда.

Ўпкангизни босиб олинглар, жаноблар! Сиз бор-йўғи халқнинг хизматкорисиз. Кўп сонли раият сизга бошқарувни ишониб топширган экан, ишончни оқланг. Халқни айблаш, миннату маломат қилишдан ҳазир бўлинг. Дарвоқе, ёдингиздан кўтарилган бўлса, Чўлпоннинг халқ қудрати ҳақидаги машҳур шеърини яна бир марта ўқинг...
С.Салим

Манба: Xabar.uz

“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Мавзуга оид янгиликлар
  • Биз ростдан кўп гўшт еймизми? 11 сен, 14:43
  • «Биз жуда кўп гўшт емоқдамиз» - Актам Хайитов гўшт нархи ошиб кетаётгани сабаби ҳақида 10 сен, 21:00
  • БМТда ҳашаротлардан тайёрланувчи таомларнинг фойдаси ҳақида сўзланди 16 май, 10:30
  • Қирғизистон Ўзбекистонга картошка ва гўшт етказиб бермоқчи 13 фев, 17:20
  • Сунъий гўшт қачон сотувга чиқиши айтилди 28 янв, 16:15
  • Сўнгги янгиликлар
  • Лола Каримова-Тиллаева: «Опам учун фақат дуо қила оламан» 19 сен, 22:05 194
  • Иқтисодиёт ва Молия институтида ректордан бошқа барча раҳбар ходимлар ишдан олинди 19 сен, 21:42 307
  • Фарғонада туғилган уч эгизакка Бибихоним, Амирбек ва Темурбек деб исм қўйилди 19 сен, 21:15 183
  • АҚШлик «Бақалоқ» суғур YouTube юлдузига айланди (видео) 19 сен, 20:48 193
  • Олий маълумотли фуқаролар ҳам 12 ой ҳарбий хизматни ўтайдиган бўлди 19 сен, 20:22 303
  • Вазирлар ва ҳокимлар биттадан мактабни оталиққа олади 19 сен, 19:55 279
  • Ошхонадаги қинғирлик 19 сен, 19:30 595
  • "France Football" дунёнинг энг яхши дарвозабони учун Яшин мукофотини таъсис этди 19 сен, 19:07 240
  • Автомобилларнинг божхона тўловлари босқичма-босқич пасайтириб борилади 19 сен, 18:43 525
  • Сабабсиз дарсга келмайдиган ўқувчиларнинг ота-оналарига нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланади 19 сен, 18:20 455
  • Бўлимлар