«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 24 2024, 17:50
ЎЗO‘Z

Сизга тақиқланган нарса ташлаб қўйишса нима қилиш керак?

12 июн, 00:20 4 757 Жамият
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Сизга тақиқланган нарса ташлаб қўйишса нима қилиш керак? Ноқулай журналистик суриштирувлари билан машҳур «Meduza» интернет-нашрининг журналисти Иван Голуновга полиция (ва уларнинг орқасида турган ФСБ генерали) наркотик моддаларни ташлаб қўйиб, қаматиб юбормоқчи бўлди. Иван Голуновнинг ўзини йўқотиб қўймагани ва тўғри ҳаракат қилгани, жамоатчиликнинг босими туфайли полициячиларнинг режаси чипакка чиқди. Энди уларнинг ўзига қарши жиноят иши очилмоқда. Лекин ҳамма ҳам таниқли журналист эмас, жамоатчилик ҳар битта оддий одамга доимо ҳам туриб бермайди.

Голунов воқеаси жамиятни жунбушга келтирди ва миллий оммавий ахборот воситаларининг асосий мавзуларидан бирига айланди, лекин Иваннинг бошига тушган кун деярли барча постсовет ҳудудидаги ҳар бир мамлакат фуқаросининг, хусусан, ўзбекистонликларнинг ҳам бошига тушиши мумкин.

Аввалроқ ички ишлар ходимлари ҳужжатларни текшириш учун кўчада тўхтатганда бу вазиятдан тезроқ ва иложи борича талофатларсиз чиқиб кетиш йўллари ҳақида ёзганмиз.

Уйда тинтув ўтказиш жараёнида сизга ёрдам бериши мумкин бўлган қисқача маслаҳатларни ҳам келтирганмиз.
Бу гал эса «Команда 29» ҳуқуқ ҳимоячиларининг эслатмасини Ўзбекистон шароитига мослаб эътиборингизга ҳавола этамиз.

Сизга тақиқланган нимадир ташлаб қўйишса ёки ташлаб қўймоқчи бўлишса нима қилиш кераклиги ҳақида муфассал йўриқнома.

Кимларга наркотик ёки "Ҳизбут-таҳрир" варақасини ташлаб қўйиш хавфи бор?
Одатда оммавий ахборот воситаларининг эътибори машҳур кишилар билан юз берган воқеаларга қаратилса-да, аслида кўпинча оддий одамлар ўзбошимча «орган ходимлари»нинг қурбони бўлишади.

Уларнинг жамоатчилик қўлловисиз кучишлатар тизимларнинг зўравонлигидан ўзларини ҳимоя қилиши анча қийин кечади.

Нафақат наркотиклар, балки Ўзбекистон ҳудудида тақиқланган ҳар хил дори-дармонлар, шунингдек, ўзлари наркотик модда ҳисобланмайдиган, лекин наркотик ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган моддалар – прекурсорлар ҳам жиноят иши қўзғатилишига сабаб бўлиши мумкин.

Қуроллар, ўқ-дорилар ёки тақиқланган адабиётлар, варақаларни ташлаб қўйиш ҳам амалиётда учраб туради. Лекин қуролга келсак, камдан-кам ҳолларда улардан фойдаланилади, чунки масалан тўппончанинг қаердан олинганини аниқлаш номаълум кукуннинг қаердан олинганини аниқлашдан анча осон.

Қандай тайёр бўлиш керак?
Ўзбошимча орган ходими билан тўқнашувга тайёр бўлишнинг энг яхши усули – олдиндан ишончли адвокат топиб қўйиш, шунингдек, мобил телефонингизга ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотларнинг телефон номерлари ва «Telegram»даги чатларини киритиб қўйишдир.

Адвокат ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг контактларини қариндошларингиз ёки яқин танишларингизга ҳам бериб қўйинг.

Агар сизнинг ўзингиз ҳуқуқ ҳимоячиси ёки журналист бўлсангиз, агар ҳокимият органларига озгина тегиб кетадиган бирон-бир ижтимоий фаолият билан шуғуллансангиз олдиндан адвокат топиб қўйганингиз маъқул деб ҳисоблайди адвокатлар.

Сизга бўладиган таҳдидлар сизни ҳимоячи излашга мажбур қилади. Уларни қайд этиб қўйганингиз, яъни скриншот олганингиз, телефон сўзлашувларини ёзиб олганингиз маъқул. Адвокатлар таҳдидларга эътиборсиз қарамасликка ва улар ҳақида бевосита бошлиғингизга, ҳамкасбларингиз ва дўстларингизга албатта хабар беришга, шунингдек, полицияга ариза ёзишга чақиради. Таҳдидлар амалга оширилган ҳолатларда таҳдид қилингани ҳақидаги далиллар ишнинг ривожида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши мумкин.

Ушланаётганда нима қилиш керак?
Амалиётнинг кўрсатишича, ушлаш ва тақиқланган моддаларни топиш жараёни ЙПХ ходимлари автомобилни тўхтатишидан тортиб полициячилар билан кўчада бевосита тўқнашувгача ҳар хил тарзда кечиши мумкин. Шунга қарамай ушбу ҳолатларнинг ҳаммасида қуйидаги асосий қоидаларга риоя қилиниши шарт.

Биринчидан, бармоқ изларингиз ёки бошқа излар қолмаслиги учун сизники бўлмаган нарсаларга тегиниш қатъиян тақиқланади, ҳатто улар сизнинг нарсаларингиз орасида турган бўлса ҳам. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари билан бевосита алоқада бўлишдан ҳам сақланинг.

УЛАРНИНГ ҚЎЛИНИ ҚИСМАНГ, ЕЛКАНГИЗГА ҚОҚИБ ҚЎЙИШИГА, НАРСАЛАРИНГИЗГА, ҲАТТО ПАСПОРТИНГИЗГА ҲАМ ТЕГИНИШИГА ЙЎЛ ҚЎЙМАНГ.

Мазкур ҳаракатлардан исталган бири тақиқланган моддалар изини қолдириш имконини беради, бундан эса кейинчалик сизга қарши далил сифатида фойдаланилиши мумкин.

Иккинчидан, сизни ҳибсга олишганда бу ҳақда иложи борича кўп одамга, биринчи навбатда адвокатингизга хабар берганингиз маъқул. Имкони бўлса ҳуқуқ ҳимоячиларига, қариндошларга, танишларга телефон қилиш керак, бунга имкон беришмаса иложи борича ўткинчиларнинг эътиборини тортишга ҳаракат қилинг, чунки кейинчалик улар кучишлатар органларнинг ходимлари сизни зўравонлик билан қўлга олишгани ҳақида гувоҳлик беришлари мумкин бўлади.

Учинчидан, тинтув вақтида қонуннинг барча нормаларига риоя қилинишини, шу жумладан гувоҳлар жалб этилишини талаб қилинг. Орган ходимлари билан мулоқотингизни аудиоёзув ёки видеотасвирга тушириш ниҳоятда қўл келиши мумкин.

Бундан ташқари ички ишлар органлари ходимлари сизга кўчада мурожаат қилса нафақат шахсини тасдиқловчи ҳужжатини кўрсатиб ўзларини таништиришлари, балки тўхтатиш сабабини ҳам айтишлари шартлигини унутманг. Дейлик, қайсидир жиноятни содир этган шахс қидирилаётгани ҳақидаги ёзма маълумот (ориентировка) ёки суднинг қарори сизни тўхтатишларига сабаб бўлиши мумкин.

Ушлангандан кейин нима қилиш керак?
Ушлаш вақтида ҳам, полиция автомобилида ёки участкасида ҳам юз берган барча воқеаларни эслаб қолиш ва қайд этиб қўйиш, ҳуқуққа хилоф барча ҳаракатлар ва зўравонликларни далолатномаларда иложи борича акс эттириш керак. Далолатнома ёзганда (ҳам қўлда, ҳам босма) бўш жой қолдирмаслик лозим, акс ҳолда кейинчалик унга қўшимча қўшиб қўйилиши мумкин. Бунинг учун бўш сатрларни чизиб чиққанингиз ёки нотариуслар сингари «Z» белгисини чизганингиз маъқул.

Адвокат етиб келгунича тергов ҳаракатлари ўтказишдан буткул бош тортиш ҳам ёмон стратегия эмас. Бунда конституцияга асосланишингиз ва ҳеч қандай ҳужжатни имзоламаслигингиз, шунингдек иложи бўлса ҳеч қандай экспертизада қатнашмаслигингиз мумкин. Бу нафақат вақтдан ютиш, балки адвокатингизга ўз ваколатларидан фойдаланиб ва конкрет вазиятдан келиб чиқиб сизни ҳимоя қилиш йўлларини топиш имконини беради.

Албатта, улар бармоқ изингизни ё кийимингиздан намунани сиздан куч билан олишлари, қўлингизга кишан ургач сизни хоҳлаган кўйларига солишлари мумкин. Кейинчалик тергов ҳаракатларини ўтказишда йўл қўйилган барча қоидабузарликлардан уларнинг натижалари бўйича баҳслашишда фойдаланиш мумкинлиги бошқа гап. Баъзан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари қанча кўп хато қилса сизга шунча яхши бўлади. Бироқ конкрет шароитлардан келиб чиқиб ҳар бир ишда тарозининг посангисини тенг ушлаш – адвокатнинг иши. Мана нима учун адвокатга ишонишингиз ва у ҳамма ишни тўғри қилишига амин бўлишингиз шунчалик муҳим экан.

Ишнинг жамоатчиликка ошкор бўлиши, жамоатчиликнинг эътибори ишнинг иложи борича шаффоф ва адолатли тергов қилинишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Шунинг учун сиз билан содир бўлаётган воқеаларга иложи борича кенгроқ жамоатчилик эьтиборини тортишга ҳаракат қилинг.

Манба: Minbar.uz




Мавзуга оид янгиликлар
  • Ҳамкорлик давом этмоқда 24 апр, 15:05 13
  • Самарқандда эрини тириклай ёқиб юборган аёл: “Бор-йўғи 1,5 литр бензин қуйдим” 24 апр, 14:42 85
  • Бухорода эр рашк туфайли даҳшатли жиноятга қўл урди 24 апр, 12:23 190
  • Тошкентда қалбаки 70 минг долларнинг муомалага киритилишига чек қўйилди 24 апр, 12:00 40
  • Латвия Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича грант лойиҳасини бошлайди 24 апр, 11:11 25
  • Дэвид Кэмерон Ўзбекистонга нима мақсадда келганини айтди 24 апр, 10:23 172
  • Сўнгги янгиликлар
  • Озодбек Назарбеков: “Учта тирранча буюк санъаткорни лойга булғаяпти” 24 апр, 17:00 0
  • Жаҳонгир Отажоновдан ўзгача клип: Бу «ижод»лардан мақсад нима? 24 апр, 16:35 0
  • Футзал. Эрон кетма-кет 9 марта жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди 24 апр, 16:27 0
  • Украина дронлари Россиядаги нефть базаларига ҳужум қилди 24 апр, 16:20 0
  • Германияда мактаб ўқувчилари оммавий равишда ислом динини қабул қилмоқда 24 апр, 15:56 0
  • Махачев UFC 302 жанги олдидан Дастин Порьенинг заиф томонларини айтди 24 апр, 15:36 8
  • Футзал. Тожикистон ярим финалчига айланиб, жаҳон чемпионатига йўлланма олди 24 апр, 15:17 23
  • Ҳамкорлик давом этмоқда 24 апр, 15:05 13
  • Самарқандда эрини тириклай ёқиб юборган аёл: “Бор-йўғи 1,5 литр бензин қуйдим” 24 апр, 14:42 85
  • Илмий тадқиқот: D витамини танқислиги бедаво касалликларга олиб келиши мумкин 24 апр, 14:14 20
  • Иброҳим Раисий: “Эронга қайта ҳужум бўлса, яҳудий давлатидан ҳеч нарса қолмайди” 24 апр, 13:57 79
  • Сариқми ёки яшил: қайси турдаги банан фойдалироқ? 24 апр, 12:45 85
  • Бўлимлар