«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 19 2024, 04:28
ЎЗO‘Z

Евроосиё иқтисодий иттифоқининг ташкилий-ҳуқуқий асослари Ўзбекистон манфаатларига мосми?

04 дек, 11:50 3 748 Иқтисодиёт
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Евроосиё иқтисодий иттифоқининг ташкилий-ҳуқуқий асослари Ўзбекистон манфаатларига мосми? Бугунги шиддатли глобаллашув шароити жаҳон мамлакатлари ўртасида юз бераётган савдо-иқтисодий муносабатларнинг замонавий тенденциялари – халқаро меҳнат тақсимоти ва ихтисослашув имкониятларидан самарали фойдаланиш масалаларини чуқур тадқиқ этиш лозимлигини тақозо этмоқда. Бу ўринда миллий иқтисодиётлар олдида жаҳон ҳамжамиятига самарали интеграциялашувни чуқурлаштириш орқали ташқи иқтисодий сиёсатни доимий такомиллаштириб бориш вазифаси муҳим аҳамият касб этади.

Халқаро экспертларнинг фикрича, иқтисодий интеграция миллий иқтисодиётларнинг иқтисодий ўсишига таъсир кўрсатувчи динамик ривожланувчи жараёндир.

Шу маънода, бугун Ўзбекистонда амалга оширилаётган янги босқичдаги ислоҳотлар самараси жаҳон иқтисодиёти тизимига интеграциялашишга, айниқса, ҳудудий жиҳатдан яқин мамлакатлар билан савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга ҳам боғлиқдир. Шу нуқтаи назардан, МДҲ доирасида савдо-иқтисодий муносабатларни иқтисодий интеграциянинг муҳим кўриниши ҳисобланган ягона божхона иттифоқи доирасида ривожлантириш, унинг ташкилий ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири бўлиб қолмоқда.

Экспертларнинг таъкидлашларича, бу борада Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) собиқ иттифоқ ҳудудидаги омадли ва истиқболли интеграция лойиҳасидир. 1995 йилда Россия Федерацияси ва Белорусь Республикаси ўртасида имзоланган “Божхона иттифоқи тўғрисида”ги битимга асосланган ва кейинчалик ўз таркибига Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Арманистонни бирлаштирган Евросиё иқтисодий ҳамжамияти, ўзининг шаклланиш тарихи ва ривожланиш амалиётига кўра, жаҳон ҳамжамиятининг диққат марказига тушди.

Ҳозирги кунда дунёда 5 та асосий иқтисодий блок мавжуд бўлиб, улар Европа Иттифоқи, MERCOSUR - Жанубий Америка давлатларининг давлатлараро иқтисодий бирлашмаси, NAFTA – Шимолий Америка эркин савдо зонаси, ACEAN – Жанубий-Шарқий Осиё давлатлари уюшмаси ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ҳисобланади.

Европа Иттифоқи дунёдаги энг ривожланган минтақавий интеграция блоки ҳисобланади. Интеграциянинг барпо этилиши соҳасидаги режали ва тизимли ишлар Европа иттифоқи доирасида иқтисодий ва сиёсий иттифоқ тузиш шаклида ўзининг ижобий натижаларини берди. Божхона иттифоқи ва Европа иттифоқининг ҳозирги шаклда муваффақиятли шаклланиши, барча муаммоларга қарамай, Европада интеграция жараёнининг ҳаётийлигини тасдиқламоқда.

MERCOSUR – Лотин Америкаси ва Кариб денгизи ҳавзаси аҳолисининг 55,3 фоизини (300 миллиондан ортиқ) қамраб олган бўлиб, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг 40 фоизини, минтақа мамлакатлари ташқи савдосининг 33 фоизини ташкил этади. Мазкур уюшма аъзоларининг умумий ялпи ички маҳсулоти 3,3 трлн.долларни ташкил қилади ва ҳажми ҳамда иқтисодий салоҳияти бўйича Европа Иттифоқидан кейин иккинчи, эркин савдо ҳудуди ҳажми бўйича Европа Иттифоқи ва NAFTAдан кейин учинчи ўринни эгаллайди.

ACEAN уюшмаси Жанубий-Шарқий Осиёдаги 10 та давлат (Индонезия, Малайзия, Сингапур, Таиланд, Филиппин, Бруней, Вьетнам, Лаос, Мьянма ва Камбоджа)ни бирлаштирган. Ҳозирги кунда ACEANга аъзо давлатларнинг аҳолиси қарийб 500 миллион кишига етган, умумий ялпи ички маҳсулоти эса 737 млрд.долларини ташкил этмоқда.

Умуман, дунё давлатларининг иқтисодий интеграцияга мослашуви қандай омилларга асосланмоқда, уларнинг бирлашувига қандай сабаблар таъсир кўрсатмоқда? Энг асосий сабаб, биринчидан, иқтисодий ҳаётнинг глобаллашуви, иккинчидан эса халқаро меҳнат тақсимотининг чуқурлашувидир. Шунингдек, дунё миқёсидаги илмий ва технологик инқилоблар ва миллий иқтисодиётларнинг очиқлигини оширишга эҳтиёж ҳам мамлакатларнинг ўзаро интеграциялашувига сабаб бўлмоқда.

Шу жиҳатдан қараганда, бугун турли баҳс-мунозараларга туртки бўлаётган масала – Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)га аъзо бўлиши юзасидан фикр-мулоҳазаларимизни билдиришни жоиз, деб билдик.

Бу ўринда, энг аввало, ЕОИИ доирасидаги ташкилий-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи органлар ва уларнинг фаолияти, ҳамкорлигининг ҳуқуқий асослари, ўзаро келишув ва битимларни чуқур таҳлил қилиш мақсадгамувофиқдир.

Таъкидлаш лозим, ЕОИИнинг аъзо давлатлари (Россия, Беларусь, Қозоғистон, Арманистон ва Қирғизистон) ўртасида товарлар ва хизматлар ҳаракати, мигрантлар ҳаракатланиши ва капитал ҳаракатининг эркинлиги таъминланган бўлиб, ягона божхона тизимига эга бўлган умумий иқтисодий ҳудуд шакллантирилган.

Евроосиё иқтисодий иттифоқининг олий органи аъзо давлатлар раҳбарлари таркибидан ташкил топган Олий Евроосиё Иқтисодий Кенгаши (ОЕИК) ҳисобланади. Кенгаш иттифоқ фаолиятининг асосий масалаларини кўриб чиқади, интеграцияни ривожлантириш стратегияси, йўналишлари ва истиқболларини белгилайди.

ЕОИИ Шартномаси, ЕОИИ доирасидаги халқаро келишувлар ва Олий Кенгаш қарорларининг бажарилиши ва мониторинги аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарларидан иборат Ҳукуматлараро Кенгаш томонидан таъминланади.

ЕОИИ Суди – доимий фаолият юритувчи суд органи ҳисобланиб, унинг штаб-квартираси Минск шаҳрида жойлашган. У аъзо давлатлар томонидан ЕОИИ Шартномаси тартиб-қоидаларидан тенг равишда фойдаланилишини таъминлайди ва низоларни ҳал қилади.

Евроосиё Иқтисодий Комиссияси (ЕИК) – доимий фаолият юритувчи миллий бошқарув ва тартибга солувчи орган бўлиб, унинг таркиби аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарларининг ўринбосарлари ва ҳар бир давлатдан уч кишидан иборат бўлган ҳайъатдан иборат. Комиссия қарорлари барча давлатларга ижро учун мажбурийдир.

Евроосиё Иқтисодий Комиссияси иқтисодий иттифоқнинг 170 тадан иборат функцияларини бажаради:

Жумладан, божхона-тариф ва нотариф тартибга солиш; божхона маъмурчилигини тартибга солиш; санитария, ветеринария ва фитосанитария чора-тадбирларини тартибга солиш; учинчи мамлакатларга нисбатан савдо режимларини ўрнатишни тартибга солиш; макроиқтисодий ва рақобат сиёсатини белгилаш; саноат ва қишлоқ хўжалигига субсидиялар, табиий монополиялар, давлат харидлари, транспорт ва ташишга оид чора – тадбирларни тартибга солиш ва бошқалар.

Шу ўринда, айрим фактларни ҳам келтириб ўтиш ўринли. Яъни, ЕОИИни ташкил этувчи бешта аъзо давлат ҳудуд, аҳоли сони ва иқтисодиёт ҳажми жиҳатидан бир-биридан кескин фарқ қилади. Иттифоқнинг энг катта мамлакати Россия, энг кичиги Арманистондан 574 марта каттароқдир ва шунга ўхшаш, Россиянинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) Арманистондан 170 баравар катта. Умуман, Россиянинг ЯИМи қолган тўрт аъзонинг умумий ЯИМидан тахминан 6 баравар катта. Тўрт аъзо давлат – Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистоннинг умумий аҳолиси қарийб 42 миллион, Россия аҳолиси эса 147 миллионга яқин.

Шу жиҳатдан қараганда, умумий ЯИМнинг 87 фоизи, умумий аҳолининг 80 фоизи Россия Федерацияси ҳиссасига тўғри келиши ҳамда ЕОИИга аъзо давлатларнинг иқтисодий жиҳатдан баравар эмаслиги Россиянинг доминантлик позициясини намоён этади.

Шу билан бирга, Евросиё Иқтисодий Комиссиясининг принципларига кўра, мазкур Комиссия қарорларни тенг вакиллик ва консенсус принципи асосида қабул қилиши - ҳар бир давлатга унинг иқтисодий кучи ва аҳолиси сони катта-кичиклигига нисбатан эмас, балки тенг аъзо сифатида қаралиши кўрсатиб ўтилган.

Шунингдек, айрим экспертлар томонидан ЕОИИ тузилмасига иқтисодий блок сифатида эмас, балки кўпроқ сиёсий блок сифатида қаралади. Ўз навбатида, Евроосиё Иқтисодий Комиссияси ваколатлари доирасида сиёсий масалалар ушбу Комиссия ваколатига кирмаслиги ҳам белгилаб қўйилган.

Ҳозирги вақтда ЕОИИ томонидан хорижий шериклар билан ҳамкорлик алоқалари Жаҳон Савдо Ташкилоти (ЖСТ) нормалари ва тамойилларига мувофиқ тарзда ўрнатилган.

Кузатувчилик мақоми. 2017 йил апрель ойида Молдова Республикаси билан ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди, ЕОИИ мамлакатлари президентлари Молдованинг Иттифоқда кузатувчи мамлакат мақомини олиш тўғрисидаги мурожаатини қабул қилдилар. 2018 йил май ойида Молдовага ЕОИИда кузатувчи давлат мақоми берилди.

Эркин савдо зонаси келишувлари. 2017-2018 йилларда ЕОИИ учинчи давлатлар билан халқаро иқтисодий алоқаларни сезиларли даражада кенгайтиришга муваффақ бўлди. Бугунги кунга қадар Вьетнам (2016 йил октябрь) ва Сингапур (2018 йил ноябрь) билан эркин савдо зонаси тўғрисидаги, Хитой билан иқтисодий ҳамкорлик (2017 йил) тўғрисидаги битимлар имзоланган, Эрон билан эса мазкур мақсадда вақтинчалик битим (2018 йил) имзоланган.

Шунингдек, яна қатор давлатлар билан эркин савдо зонаси келишувини амалга ошириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Жумладан,

Ҳиндистон. 2015–2016 йилларда Ҳиндистон Республикаси билан ЕОИИ эркин савдо зонаси тўғрисида Битим тузишнинг мақсадга мувофиқлигини ўрганиш бўйича қўшма тадқиқот гуруҳи ўтказилди. Тадқиқот натижаларига кўра, эркин савдо режимига ўтиш ЕОИИнинг Ҳиндистон билан ўзаро импортининг ҳам, экспортининг ҳам 18 фоиз ўсиши прогноз қилинди. 2017 йил июнь ойида ЕОИИ билан эркин савдо зонасини ташкил этиш бўйича музокараларни бошлаш тўғрисида баёнот имзоланди.

Миср. 2016 йилда ОЕИКнинг йиғилишида Миср Араб Республикаси билан эркин савдо битими тузиш бўйича музокараларни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. 2017 йил декабрь ойида ушбу масалада Миср томони вакиллари билан техник маслаҳатлашувлар ўтказилди.

Мўғулистон. 2015 йил июнь ойида ЕОИИ ва Мўғулистон ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашиш, ўзаро савдони ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чораларини кўриш мақсадида ОЕИК ва Мўғулистон ҳукумати ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Таиланд. 2016 йил 1 апрелида Россия ва Таиланд ўртасида эркин савдо зонасини яратиш бўйича музокаралар бошланди.

Шунингдек, Венгрия, Исроил, Камбоджа, Лаос, Покистон, Перу, Корея Республикаси, Сурия, Тунис, Чили, Япония ва Индонезия каби 50 га яқин давлатлар ушбу иттифоқ билан эркин савдо зонасини яратиш юзасидан қизиқиш билдирган.

Жумладан,

Исроил. Эркин савдо битимини тузиш бўйича ишларни фаоллаштириш мақсадида 2018 йил 23-24 апрель кунлари томонлар музокараларнинг биринчи босқичини ўтказдилар. Унинг доирасида битим тузиш бўйича музокаралар олиб бориш юзасидан ҳужжат имзоланди. Ҳужжат ўзаро ҳамкорлик йўналишларини белгилаб, келгусида ишлаш ва музокаралар форматига оид қатор муҳим келишувларни ўз ичига олди.

Корея Республикаси. 2015 йил октябрь ойида Комиссия ва Корея Республикаси Давлат харидлари хизмати ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Ҳужжатда давлат харидларини тартибга солиш, хусусан, электрон харидлар тизимини такомиллаштириш соҳасида тажриба алмашиш кўзда тутилди. Бундан ташқари, 2015 йил 30 ноябрь куни ЕИК ва Корея Республикаси Саноат, савдо ва энергетика вазирлиги ўртасида савдо-сотиқ соҳасидаги ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик. ЕОИИ халқаро ташкилотлар ва институтлар билан фаол ҳамкорлик олиб бормоқда. Жумладан, Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ), Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ), Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (ОЕCД), Жаҳон божхона ташкилоти (WCО), Халқаро миграция ташкилоти (МОМ) ва бошқалар билан ўзаро алоқалар йўлга қўйилган. Шунингдек, мазкур иттифоққа аъзо давлатларнинг асосий қисми Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га ҳам аъзо ҳисобланади.

ЕОИИ ва МДҲ давлатлари ҳамкорлиги. ЕОИИ ва МДҲ давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик 2013 йилдан буён тизимли равишда ривожланиб бормоқда. ЕИК ташаббуси кўра, МДҲнинг Ижроия қўмитаси билан ўзаро англашув меморандуми ва ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланган.

Сўнгги йилларда ЕИК ва МДҲ Ижроия қўмитаси турли соҳаларда, айниқса, меҳнат миграцияси масалаларини мувофиқлаштириш соҳасида фаол ҳамкорлик қилмоқда. 2018 йил ноябрь ойида ЕИК ва МДҲ Ижроия қўмитаси ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисида меморандум имзолади.

Ҳозирги кунда ЕОИИ билан МДҲга аъзо бошқа давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий алоқалар 2011 йилда ташкил этилган МДҲ Эркин савдо зонаси доирасидаги ўзаро имтиёзлар тизими орқали амалга оширилмоқда.

МДҲнинг ЕОИИга аъзо бўлмаган давлатлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш ЕОИИнинг халқаро фаолиятидаги устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Шу ўринда, Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида ҳал этилиши зарур бўлган устувор вазифалар ҳақида тўхталадиган бўлсак, биринчи навбатда давлатлараро устувор аҳамият касб этувчи ташқи савдо ва божхона сиёсатига жиддий эътибор қаратиш лозим, деб ҳисоблаймиз. Чунки пухта ўйланган ташқи савдо ва божхона сиёсатининг амалга оширилиши нафақат Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти доирасидаги интеграциянинг янги босқичга кўтарилишига, балки аъзо давлатларнинг халқаро савдо жараёнларида фаол иштирок этишида ҳам муҳим омил бўлади. Бу йўналишда қуйидагиларни алоҳида таъкидлаш ўринли:

• давлатлараро тўлақонли эркин савдо режимини жорий этиш;
• ягона божхона тарифлари ва тартибга солишнинг ягона нотариф усулларини жорий этиш;
• товар ва хизматлар савдосининг умумий қонун-қоидаларини жорий этиш ва уларнинг иштирокчи давлатлар ички бозорларида қатъий амал қилишини таъминлаш;
• иштирокчи давлатлар томонидан Жаҳон Савдо Ташкилоти (ЖСТ) ва бошқа халқаро иқтисодий ташкилотлар билан ўзаро муносабатларни ўрнатишда ягона келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш;
• ЕОИИ ташқи чегараларида иқтисодий хавфсизликни таъминлаш.

Шунингдек, ташкилий-ҳуқуқий йўналишни такомиллаштириш учун қуйидагиларни инобатга олиш зарур:
- ЕОИИга аъзо давлатларнинг миллий қонунчиликларини ўзаро мувофиқлаштириш;
- ЕОИИ доирасида умумий ҳуқуқий маконни яратиш мақсадида иштирокчи давлатлар ҳуқуқий тизимларининг ўзаро таъсирчанлигини сўзсиз таъминлаш.

Юқорида қайд этилган чора-тадбирларнинг барчасини ЕОИИга аъзо давлатларнинг ўзаро тенг манфаатлари нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда амалга ошириш, бунда иштирокчи томонларнинг ягона “консенсус”ларга эришиши орқалигина амалга ошириш мумкин. Зеро, халқаро иқтисодий муносабатлар тизимида интеграция жараёнларининг макро даражаси – иқтисодий сиёсатни давлатлараро мувофиқлаштириш орқали ҳудудий миқёсда сифат жиҳатдан янги иқтисодий муҳитни яратиш демакдир.

Мутахассисларнинг эътироф этишларича, макро даражада ана шундай интеграция гуруҳларини шакллантириш, пировард натижада миллий хўжаликлар кўламида барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, юзага келган ижтимоий номутаносибликларни бартараф этиш имконини беради.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳозирги замонавий шароитда халқаро меҳнат тақсимоти асосида давлатлар ўртасида барқарор иқтисодий алоқаларнинг ривожланиши глобал характер касб этмоқда. Ўзбекистоннинг мазкур интеграцион уюшмага аъзо бўлиши республикада ривожланаётган илмий ва технологик инқилоблар, халқаро савдо, капиталнинг кўчиб юриши, замонавий транспорт, алоқа ва ахборот тизимлари иқтисодий ҳаётнинг халқаролашуви жараёнининг глобал шаклланган даражага ўтишига ёрдам бериши мумкин.

Шунингдек, Ўзбекистон ва бошқа аъзо давлатлар ўртасидаги ўзаро интеграллашув ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсишига, янги технологияларнинг кенг ва жадал тарқалишига, инфратузилмаларнинг ривожланишига, халқаро иқтисодий ташкилотлар, фондлар ролининг янада ошишига, савдо ва бозорларнинг эркинлашувига ва бошқа ютуқларга эришилишига олиб келиши мумкин.

Шуҳрат ДЕҲҚОНОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази ходими, журналист-ҳуқуқшунос,
халқаро муносабатлар магистри




Мавзуга оид янгиликлар
  • Доллар курси янги марра сари яқинлашмоқда 18 апр, 18:48 147
  • Ўзбекистонда 1 грамм олтин нархи 1 млн сўмдан ошди 17 апр, 19:48 114
  • Долларнинг ўзбек сўмига нисбатан янги қиймати белгиланди 16 апр, 18:57 109
  • Ўзбекистонда хусусий мулк ва мулкдорлар ҳуқуқлари ҳимояси кучайтирилади 16 апр, 08:14 73
  • Хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан янги қиймати белгиланди 15 апр, 19:30 211
  • Кувайт Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга сармоя киритмоқчи 13 апр, 17:27 66
  • Сўнгги янгиликлар
  • Геосиёсий зиддиятлар: Ўзбекистон позицияси қандай бўлиши керак? 19 апр, 00:12 94
  • Германияда икки нафар рус жосуси қўлга олинди 18 апр, 23:50 125
  • Россиянинг "қашшоқлашаётган" миллиардерлари 18 апр, 23:30 205
  • Шармандали мағлубиятдан кейин “Барса” ўйинчилари ўртасида зиддият келиб чиқди 18 апр, 23:12 260
  • Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарлари концерт томоша қилдилар 18 апр, 22:53 99
  • Қозоғистонлик миллиардерлар сув тошқинидан зарар кўрган ҳудудларга маблағ ажратди 18 апр, 22:30 123
  • Қондаги шакар миқдорини тартибга солувчи фойдали мева номи айтилди 18 апр, 22:11 149
  • Сенсация! U23 Осиё Кубоги 2-турида Индонезия Австралияни мағлубиятга учратди 18 апр, 21:49 217
  • Марказий Осиё давлатлари 2024 йил ёзи учун Амударё ва Сирдарё сувини тақсимлаб олди 18 апр, 21:45 196
  • Оғабек Собиров, Муножат Йўлчиева, Озодбек Назарбеков ва Юлдуз Усмонова «Тожикистон халқ ҳофизи» бўлди 18 апр, 21:20 164
  • Қирғизистонда инсон аъзоларини сотиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ аниқланди 18 апр, 21:07 218
  • Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон баёнот билан чиқдилар 18 апр, 20:00 332
  • Бўлимлар