«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 25 2024, 19:38
ЎЗO‘Z

Аҳолига хорижий валюта сотила бошланди: бу ёғи нима бўлади?

22 сен, 12:17 4 251 Иқтисодиёт
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Аҳолига хорижий валюта сотила бошланди: бу ёғи нима бўлади? 2019 йилнинг 20 август санасидан бошлаб Ўзбекистонда тижорат банклари томонидан доллар сотилиши йўлга қўйилган. Чет эл валютасини валюта айрибошлаш шохобчаларида сотиб олиш мумкин. 21 августдан Ўзбекистон банклари хорижий валютани нақд пулда сотишни бошлади. Биринчи кун ичида аҳоли томонидан 15 миллион АҚШ долларидан зиёд валюта харид қилинган бўлиб, шундан 9,6 миллион доллар нақд кўринишда амалга оширилган. Шунингдек, банклар аҳолидан 20 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий валюта харид қилган.

Аввало айтиш лозимки, Президентимизнинг қарори ижроси асносида қўйилган бу қадам ҳаққоний бозор иқтисодига етаклайдиган зарур қадамдир. Бунга қадар хорижий валютани фақат карталарга сотиб олиш мумкин эди.

Бундан сал олдин доллар курси кескин ошган ва 9 август куни Марказий банк Ўзбекистонда доллар нега кескин кўтарилганига изоҳ берган эди. Унга кўра, курс ошишига ташқи ва ички омиллар сабаб бўлган: 2019 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб, Ўзбекистоннинг асосий савдо шериклари бўлган баъзи мамлакатларда (Россия, Қозоғистон ва Хитой) миллий валюталарнинг қадрсизланиши бошланган, бу эса ички валюта бозоримиз иштирокчиларининг алмашув курси бўйича кутилмалари ва қарорлар қабул қилиш жараёнига маълум даражада таъсир кўрсатган. Шунингдек, юртимиздаги асосан импорт қилувчи хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хорижий валютага бўлган талабнинг ўсиб бориши кузатилган. Бу аснода Россия, Хитой, Ҳиндистон олтин сотиб олишга киришган.

Инқилобий қарор
2017 йилнинг 2 сентябрида Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони эълон қилинди. Мазкур фармонга мувофиқ, мамлакатимизда валюта муносабатларини тартибга соладиган ҳамда юридик ва жисмоний шахслар хорижий валютани эркин сотиш ва сотиб олишга имкон берадиган янги бозор механизмини жорий қилиш бошланди.

Янги тартибга кўра, энди миллий валютамизнинг чет эл валютасига нисбатан айирбошлаш курси валюта биржасининг банклараро электрон савдоларида валютага бўлган талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда шакллантириладиган бўлди.

Маълумки, Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 7 февралда имзолаган «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармоннинг «Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш» деб номланган бўлимида валюта сиёсатини ислоҳ қилиш ушбу йўналишдаги биринчи зарурий қадам эканлиги таъкидланган ва ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан пул-кредит, солиқ-бюджет ва иқтисодий сиёсатнинг бошқа соҳаларида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг самарали мувофиқлаштирилиши билан чамбарчас боғлиқлиги аниқ таъкидланган эди.

Миллий пул бирлигининг эркин конвертация қилиниши ислоҳотларнинг тақдири учун ҳал қилувчи аҳамиятга эгадир. Конвертация, энг аввало, мамлакатимизда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, экспортни рағбатлантириш, корхоналарнинг рақобатбардошлигини ошириш учун зарур. Хорижий сармоядорга қанчалик имтиёзлар берилмасин, нақадар жозибадор муҳит яратилмасин, миллий пул бирлик эркин конвертация қилинмаса, омилкор инвесторлар бундай юртга келмайди. Чунки у киритган валютасини хоҳлаган пайтда ва хоҳлаган миқдорда конвертация қилиши, айниқса, ўзи ишлаб топган фойдани бошқа мамлакатга олиб чиқиш имкониятига (ҳуқуқига) эга бўлиши шарт.

Айнан конвертация бошланганидан сўнг хориждан жалб этилаётган сармоялар миқдори кескин ошди. Бу ҳодиса - валюта соҳасини либераллаштириш мамлакатимиз экспорт салоҳиятини оширишни ҳам рағбатлантирди. Масалан, мамлакатимиз юридик шахслари товар, иш ва хизматлар импорти, фойда репатриацияси, кредитларни қайтариш, хизмат сафари харажатлари каби тўловларни амалга ошириши учун хорижий валюталарни чекловсиз сотиб олиш имкониятига эга бўлишди. Бир пайтнинг ўзида барча экспортчи корхоналарнинг чет эл валютасидаги тушумини мажбурий сотиш бўйича талаб ҳам бекор қилинди.

Дарвоқе...
Дарвоқе, 2017 йилда долларни сотиб олиб, аҳолига нақд валюта сотилмаслиги, Ўзбекистонда конвертация очилиши билан, ҳорижий валюта фақат конверсион карточкаларга ўтказиш орқали сотилиши валюта ислоҳоти сари тўлиқ қадам қўйилмагани қатор салбий ҳолатларга сабаб бўлиб келаётган эди.

Гарчи, расман Ўзбекистон ҳудудида долларда савдо қилинмаса-да, халқимиз йиллар мобайнида бўлгани каби савдо-сотиғини долларда қилишда давом этди. Уй-жойлар, автомашиналар савдоси долларда ҳисоб-китоб қилинар, бозорда ҳам бирор ашёга харидор бўлсангиз, сотувчи «фалон сўм» деб нархни айтиш ўрнига, қўлига калькулятор олиб, ашёнинг доллардаги нархини ўша кунги «қора бозор» нархига кўпайтириб, кейин айтарди. Ҳатто поралар ҳам долларда олинади.

Бозорда нега нарх ошганини айтсангиз, импорт молларни эмас, ҳатто гуруч ё помидор сотувчи ҳам то ҳануз доллар курси ошганини баҳона қилади.
Банк долларни факат карточкага тушириб бериши, накд долларни сотмаслиги «қора бозор» янада кучайишига олиб келди.

Нега четга чиқмайдиган оддий халқ ҳам долларни афзал кўради?
Аввало, реал инфляциянинг суръати бунга сабабдир, бу одамларни зўрға орттирган бир-икки тангасини ҳам валютада сақлашга ундайди. Каттароқ харажатларга – иморат қуришга, машина олишга, ўқишга «киритиш»га ва ҳоказоларга йиғадиган пулини халқ долларда сақлайди, чунки сўмда қадрсизланади. Юқорида айтганимиздек, салмоқлироқ ҳамма нарса бозорда, долларга чақилиб, сотилади. Конверсион пластик картага тушган валютани фақат чет элда ишлатиш мумкин, холос. Бунинг устига валютани нақдга айлантириш чоғи фоиз йўқотилади, картадан устама фоиз ололмаймиз, қолдиқ капитализацияси ҳам мавжуд эмас – яъни сизнинг пулингизни банк айлантириб, фойда кўради, холос.

Шу ўринда муҳим бир гап – ҳали-ҳануз кучда бўлган монополиячилар ўз бозорларида нархларни кўтаришга уриниши ҳам сўмни қадрсизлантиради. Сунъий монополия юзага келган соҳа ва бозорларда рақобатни кучайтириш учун бу масалани ўйлаб чиқиш керак. Бу инфляцияни тўхтатиб туриш нуқтаи назаридан ҳам, рақобатни ривожлантириш нуқтаи назаридан ҳам муҳимдир.

2017 йилдан 2019 йилнинг август-сентябригача бозорнинг асосий иштирокчилари валюта сотиш ва харид қилиш бўйича эҳтиёжларини банклар орқали қаноатлантирди. Фақат аҳолининг нақд валютага бўлган талаби қаноатлантирилмаётганди. Нақд валюта керак бўлганлар халқ фақат қора бозорга борарди.

Албатта, қора бозор анча кичик ҳажм ва алмашув курсидаги минимал фарқ билан анча вақт яшаши мумкин. Уни батамом йўқотиш учун валюта алмаштириш пунктларини ҳар бир эҳтиёж бўлган, зарур ерда очиш лозим. Бозор ва банк курслари фарқини минимумга етказиш учун аҳолининг ҳам нақд доллар харид қилиш имкониятини таъминлаш керак эди.

Шу маънода валютанинг аҳолига эркин сотила бошлангани инқилобий қадамдир. Энди бу соҳада у ҳам бошқа бозорлардаги каби талаб ва таклиф қонунлари амал қилади.

Валютани бозорга ким таклиф этади?
Энг аввало, мамлакатимиздан маҳсулотни четга экспорт қилувчилар валютани сотади, чунки улар ишчиларга маошларни сўмда тўлаш, хом ашё харид қилиш, электр энергияни тўлаш ва бошқа хизматлар учун, даромадидан Ўзбекистонда фойдаланиш учун валютани сотиши лозим. Валютанинг салмоқли қисми четда ишлаётган меҳнат мигрантларидан келади. Қолаверса, юртимизда заводлар-қураётган, янги технологиялар киритаётган, қурувчи, бичувчи, тикувчи ва ҳоказо ходимларни ишлатаётган, ашё ва ускуналар сотиб оладиган чет эллик сармоядорлар долларини сўмга айлантиради. Чунки ҳозирча бизда ягона айланадиган валюта сўмдир.

Валютани кимлар талаб қилади?
Валюта мамлакатга маҳсулот киритувчиларга – импортчиларга керак. Четга дам олиш, саёҳат, ишлаш, ўқиш учун бормоқчи бўлган кишиларга керак. Ўз жамғармаларини чет эл валютасида сақловчиларга лозим, чунки одамларимиз миллий валютага ҳали ишонқирамай туришибди.
Ана шу талаб ва таклиф ҳам алмашув курсини шакллантиради.

Айримлар конвертация жорий этилгани туфайли иқтисодиётнинг долларлашуви кучаяди деган хавотирни билдиради. Бу нотўғри қарашдир. Иқтисодиётимиз айнан конвертация йўқлиги ва доимий валюта етишмовчилиги туфайли долларлашган эди. Каттароқ нарсалар харид қилиш каби кўплаб битимлар ҳамон долларда амалга оширилган. Кўплаб товарлар расман долларларда сотилган: авиачипталар, пахта, ип-газлама ва бошқалар. Долларлашувнинг юқори даражаси айнан валюта тақчиллиги ва уни харид қилиш қийинчиликлари билан боғлиқдир.

2019 йил 20 августдан киритилган эркин конвертация бўйича навбатдаги қадам долларлашувнинг кўплаб сабабларини бартараф этади.
Энди банк ислоҳотларига эҳтиёж жиддийлашди - банклар имкониятлари кенгайиши керак, банк соҳасидаги рақобат кучайиши лозим.

Алал-оқибат...
Албатта, нақд валютани эркин сотишни 2017 йил сентябридаёқ киритиш мумкин эди ва биз бугун бир қадар олдинга сиджиган бўлардик. Уни кечиктириш фақат ҳадик ва хавотирлар, журъатсизлик билангина изоҳланиши мумкин. Бу ҳолат «қора бозор»нинг пул айланмаси катта бўлиб қолишига олиб келди. Нақд валютанинг энди эркин сотилиши унинг айланмасини сезиларли қисқартиради. «Қора бозор»нинг кейинги сақланишига пул алмаштириш пунктлари ривожланмагани, улар ишлаш вақтининг чеклангани, мамлакатимизда контрабанда ва «яширин» импорт сақланиб қолишига, айрим маҳсулотларни олиб киришга давлат божлари баланд қолаётганига ва импорт йўлига қўйилган бошқа протекционистик тўсиқларга боғлиқдир.

Валюта эркинлашуви алмаштириш курсининг тебранишларига сабаб бўлади, албатта. Сўм бир қадар қадрсизланиши мумкин. Бу жараёндан мамлакатдан маҳсулот чиқариб, сотувчилар ютади, четдан маҳсулот олиб кирувчилар, валютада кредит олганлар бироз ютқазади. Нархлар бир қадар ошади. Шу билан бирга, истиқболда ишлаб чиқариш ўсади ва аҳоли бандлиги таъминланади.

Энди инфляциянинг асосий сабабларидан бўлган пул эмиссияси ва «имтиёзли кредитлаш» тизимини ислоҳ қилиш керак. Бугун пул эмиссиясининг асосий манбаси – имтиёзли кредитлар бериш бўлиб қолмоқда. Банк секторининг 80 фоиздан ортиқ активлари ҳукумат ва турли давлат идораларига тегишли бўлган бир шароитда, кредит эмиссияси назорат қилинмайди, банк сектори, гоҳо хусусий банклар ҳам имтиёзли кредит беришга қатъий даъват қилинади. Имтиёзли кредит берган банклар зарар кўради.

Масала кўндаланг қўйилиши керак: банклар бозор шароитида ишлаши керак, давлат кредит секторига маъмурий тарзда аралашмаслиги керак, акс ҳолда ҳеч қачон бозорда барқарор нархлар барқарор бўлмайди ва валюта алмаштириш курси сакрашда давом этмайди.

Ҳалол ва ҳаққоний бозор иқтисоди ҳаққи-ҳурмати имтиёзлардан кечиш керак. Монополистлар тинимсиз қўлга киритаётган имтиёзлардан ҳам, уларнинг чўнтагини қаппайтириш учун берилаётган имтиёзли кредитлардан ҳам, 40 фоиздан ошган кредит эмиссиясидан ҳам воз кечиш шартдир. Бу ҳолат инфляциянинг асосий манбаидир – у иқтисоддаги рақобатни ўлдирмоқда, яъни ишлаб чиқарувчиларни тенг бўлмаган шароитга дучор қилмоқда – айрим шахсларнинг бизнеси ривожланиб, бошқалариники ўлиб бормоқда. Бир тоифага имтиёзли кредит берган банк бошқа тижорат лойиҳаларига фоиз ставкасини оширишга мажбур.

Давлат ва ҳукумат ҳам, банк ва мижозлар ҳам чўнтагига яраша яшаши керак. Улкан лойиҳалар ва маҳобатли объектлар имтиёзли молиялаштирилиши учун бутун иқтисод азоб чекиши – юқори инфляция ва девальвацияга маҳкум бўлиши, юқори солиқ ставкалари сақланиши аниқдир. Энг аввало хусусий секторни ривожлантириш, ишлаб чиқаришни молиялаштириш, фуқароларнинг даромадларини ошириш керак. «Асрга татигулик» улкан иншоотлар юксалиши оддий фуқароларнинг даромади тинмай у ёки бу сабаб билан давлатга қайтарилишига олиб келмоқда.

Юқори солиқлар, коммунал хизматлар – газ, сув, бензин ва ҳоказоларнинг нархи тинимсиз ошиши, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималарнинг нархи аста-секин машинанинг нархига яқинлашиб бораётгани, кетма-кет бож тўлаб паспорт алмаштиришлар, ҳатто ҳайвонларга паспорт киритиш, мажбурий суғурталарнинг машиналарга ҳам, мана келгусида одамлар соғлиғининг ҳам мажбурий суғурталаниши, электр нархини тўлашнинг диффренциялашуви ва ҳоказолар халқ тобора оғир шароитга тушишига олиб келмоқда.

Уйлар юксак ва салобатли бўлса-ю, унинг ичидаги инсон бахтсиз бўлса, ислоҳотларда пировард маъни бўлмайди. Ахир, Президент Шавкат Мирзиёев айтганлари каби: «Халқ давлатга эмас, давлат халққа хизмат қилиши керак!»

Карим БАҲРИЕВ




Мавзуга оид янгиликлар
  • Ўзбекистон биринчи чоракда 2,7 млрд долларлик олтин сотди 25 апр, 00:06 79
  • Ўзбекистон Озарбойжонда анорзорлар барпо этишни режалаштирмоқда 23 апр, 11:48 54
  • Малайзия Ўзбекистонда электротехника соҳасида қўшма лойиҳалар амалга оширмоқчи 20 апр, 21:14 68
  • Тадбиркорларга қўлланадиган молиявий жарима камайтирилади 19 апр, 17:12 116
  • Доллар курси янги марра сари яқинлашмоқда 18 апр, 18:48 217
  • Ўзбекистонда 1 грамм олтин нархи 1 млн сўмдан ошди 17 апр, 19:48 142
  • Сўнгги янгиликлар
  • Буркина-Фасо армияси 223 нафар тинч аҳоли вакилларини қириб ташлагани айтилмоқда 25 апр, 18:48 0
  • Дэвид Кэмероннинг Марказий Осиё давлатларига сафари: Ғарб нимадан хавотирда? 25 апр, 18:18 1
  • Хави: "Қароримни ўзгартирдим, чунки..." 25 апр, 18:00 0
  • Россия қуролли кучлари Черкаск ва Днипропетровск вилоятларига зарба берди 25 апр, 17:36 3
  • Полша Киевга ҳарбий хизматга мажбур бўлган эркакларни қайтаришда ёрдам бермоқчи 25 апр, 17:13 29
  • «Ўзгидромет» 26 апрел куни учун об-ҳаво прогнозини эълон қилди 25 апр, 16:10 86
  • Қирғизистонда электромобиллар яшил давлат рақамида ҳаракатланади 25 апр, 15:45 21
  • Украина Вазирлар Маҳкамаси: Хориждаги 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган украиналик эркаклар энди паспорт ололмайди 25 апр, 15:22 44
  • Футзал. Осиё чемпионати 1/4 финал: Вьетнам қандай таслим этилди? (видео) 25 апр, 15:06 51
  • Тимур Кападзе матбуот анжуманида Саудия Арабистонига қарши кечадиган баҳс ҳақида нималар деди? 25 апр, 14:39 196
  • Велосипедда сайр қилиш учун 3 сабаб: ёшартиради, оздиради ва умрни узайтиради 25 апр, 14:30 61
  • Тожикистонда 17 ёшли йигитни яшин урди 25 апр, 14:11 184
  • Бўлимлар