Ҳиндистонда электрон сигаретларга нисбатан тақиқ киритилди, деб хабар берди Kun.uz нашри The Guardian газетасига таяниб. Тақиқ электрон сигаретларни ишлаб чиқариш, импорт, экспорт қилиш, сотиш ва сақлашга нисбатан жорий этилди. Шунингдек, уларни реклама қилиш ҳам тақиқланади.
Мазкур қарор электрон сигарет чекувчилар ўпка касаллигидан вафот этаётгани ҳақидаги хабарлардан сўнг қабул қилинди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, Ҳиндистон анъанавий тамаки маҳсулотлари истеъмоли бўйича дунёда иккинчи ўринда туради. Бу мамлакатда электрон сигаретлар у қадар оммалашмаган.