«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 29 2024, 21:00
ЎЗO‘Z

АвтоВАЗ қандай қурилган эди?

19 янв, 11:50 5 055 Авто
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
АвтоВАЗ қандай қурилган эди? 1950-йилларда совет иттифоқида аҳолининг турмуш даражаси ва даромад пастлиги туфайли одамларда автомобиль сотиб олиш учун пул бўлмаган. Устига устак, унча ривожланмаган ва ғариб автосаноат фақат бир неча турда автомобиллар ишлаб чиқарган, холос.

Ўша пайтларда советлар фақат учта моделда енгил автомобиль ишлаб чиқаришар эди: «Москвич», «Победа» ва «Запорожец». «Победа»ни ўзига тўқроқ фуқаролар, «Москвич»ни ўртаҳоллар сотиб олишган бўлса, «Запорожец» асосан рўйхат асосида уруш қатнашчиларига берилган. Уруш фахрийларидан ортгани аҳолига сотилган.

Шу ўринда бир эслатма: Иккинчи жаҳон уруши тугагандан сўнг СССР Германиядаги жуда кўплаб завод-фабрикаларнинг ускуналарини кўчириб келади ва маҳсулотларнинг номини ўзгартириб, ўзида ишлаб чиқара бошлайди.

Масалан, 1945 йилда дунёга машҳур «General Motors» компаниясининг Германиядаги шўъбаси бўлган «Opel AG» автомобиль заводининг ускуналари Москвага кўчириб келинган. Шу тарзда Германияда ишлаб чиқарилган «Opel Kadett K38» бу ерда «Москвич-400» номи билан ишлаб чиқарилган. Иттифоқ конструкторларининг ўзлари ясаган «Москвич» 1950-йилларнинг ўрталаридан бошлаб пайдо бўлган.

1960-йилларга келиб Ғарб дунёси, хусусан, АҚШ, Германия, Франция, Италия, шунингдек Япония автомобиль саноати жуда ривожланиб кетди ва бу давлатларнинг ҳар бирида 4-5тадан автомобиль заводларининг ҳар бири камида 10-15та маркада автомобиль ишлаб чиқарар эди.

Ана шундай ҳолатда иттифоқ раҳбарияти замонавий «халқчил» автомобиль заводи қуриш лозимлигини тушуниб етди. Аммо замонавий автомобиль заводини советларнинг ўзи қуролмас эди: автомобиль эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқарувчи замонавий линияларни тайёрлаб берадиган заводларнинг ўзи йўқ эди. Шу жиҳатдан, собиқ иттифоқ автосаноати хорижлик ҳамкорлар кўмагига муҳтож эди.

Замонавий автозавод қуриш учун хориждан ҳамкорлар қидириш ишлари бошланди. Германия, Франция, Италиянинг бир нечта автомобиль ишлаб чиқарувчи компаниялари билан музокалар ўтказилди. Уларнинг заводларига бориб ишлаб чиқариш жараёни кузатилди, моделлар ўрганилди.

Якунда Италиянинг «Fiat» компанияси билан ҳамкорлик қилиш ҳақида келишув имзоланди.

Завод қуриладиган шаҳар сифатида 54та ҳудуддан ўша пайтда Куйбишев (ҳозирги Самара) областидаги шаҳарча танланди. Шаҳарга 1964 йилда италиялик коммунист Пальмиро Тольятти номи берилган. Унгача 300 йиллик тарихга эга шаҳар Ставрополь-на-Волге деб аталган. Италияликлар билан ҳамкорлик қилиш аниқ бўла бошлагач, советлар дарҳол Самара яқинидаги бу шаҳарни номини итальян коммунисти номи билан атаб, сўнг италиялик ҳамкорларга заводни айнан ушбу шаҳарда қуриш режасини билдиришади.

«Fiat» президенти Жанни Аньелли билан СССР Автосаноат вазири Александр Тарасов ўртасида Тольятти шаҳрида «Fiat» моделлари асосида автомобиль ишлаб чиқарувчи завод қурилиши ва ўзаро ҳамкорликда автомобиль ишлаб чиқарилиши бўйича шартнома 1966 йилда имзоланади.

1966 йилнинг 20 июлида «Тольятти шаҳрида автомобиль заводи қуриш ҳақидаги ҳукумат қарори» эълон қилинади. Ўшандан бери 20 июль санаси «АвтоВАЗ» ташкил топган кун сифатида нишонланади.

Илк йилларда заводни йилига ярим миллион автомобиль ишлаб чиқарадиган қилиб қуриш, кейинчалик уни яна кенгайтириб бориш режа қилинди. Шу тариқа, Тольятти шаҳрида завод қурилиши бошланди.

«Fiat» компанияси билан ҳамкорлик қилинишининг яна бир сабаби — компания 1966 йилда ишлаб чиқарган «FIAT 124» модели ўша йили Европада «йил автомобили» номинациясида ғолиб чиққан эди. Шунинг учун ҳам ҳамкорлик шартномасида энг биринчи худди шу маркани ишлаб чиқариш ҳақида келишув имзоланди.

Автозавод қурилишини бошлаш ҳақида ҳукумат қарори чиққанидан сўнг, Тольятти жуда катта қурилиш майдонига айланди. Бу ерга иттифоқнинг турли ҳудудларидан кўплаб қурувчилар кела бошлашди.

Ушбу автозавод қурилиши учун СССРдаги 884та машинасозлик заводлари эҳтиёт қисм тайёрлаб берган бўлса, хориждаги яна 900та турли завод ва компаниялардан эҳтиёт қисмлар олиб келинган. Автозавод Италия компанияси билан ҳамкорликда қурилаётган бўлса-да, бу заводга Италия компаниялари билан биргаликда Буюк Британия, Германия, Франция ҳамда АҚШдаги турли завод ва компаниялар ҳам эҳтиёт қисмлар етказиб беради.

Автозаводни қуриш режасида уни ишга тушириш муддати олти йил этиб белгиланган эди. Аммо, қурувчилар уни уч ярим йилда қуриб, жиҳозлаб бўлишди ва 1970 йил 19 апрелда завод конвейеридан илк олтита автомобиль чиқди. Бу ўша «Fiat 124» моделининг «советча варианти» — ВАЗ-2101 «Жигули» автомобили эди.

«Жигули» номи Самара ва Тольятти шаҳарлари орасидаги Жигули паст тоғлари номидан олинган.

ВАЗ-2101 «Жигули» автомобили ўша пайтда «копейка» лақабини олди. Лекин, ушбу автомобилнинг нархи ўша пайтда анчагина қиммат эди ва собиқ иттифоқда яшайдиган кўпчилик бу автомобилни харид қилолмас эди.

«Жигули» чиқарила бошлангач иттифоқда автомобил тақчиллиги бироз камайди. Аммо, ўша пайтда ВАЗ-2101ни дўконлардан, эркин савдодан топиб бўлмас эди. Одамлар пулини тўлаб, камида 2 йил кутар эди. Ушбу автомобилни қисқароқ муддатда, масалан олти ой ёки бир йилда олиш учун каттароқ лавозимда ишлайдиган амалдор ёки юқори лавозимли партия ходимини аралаштириш лозим бўлар эди.

Шунингдек мамлакат бўйлаб меҳнат илғорларига навбатсиз автомобиль харид қилиш имконияти берилар эди.
ВАЗ-2101 «Жигули» 1970 йилдан 1988 йилгача ишлаб чиқарилди ва ушбу моделдан автозавод умумий 4,8 миллион дона ишлаб чиқарган.

Юқорида «одамлар ВАЗ-2101’ни сотиб олиш учун икки йиллаб кутган» дейилди, бунга 1971 йилдан бошлаб ВАЗ-2101 хорижга экспорт қилинишни бошлангани ҳам сабаб бўлган. Ушбу автомобиль ўз даврида нафақат ўз автосаноатига эга бўлмаган давлатларга, балки ўз автосаноатига эга бўлган давлатларга ҳам экспорт қилинган.

Хорижга экспорт қилинган ВАЗ-2101 автомобиллар «Жигули» номида эмас, балки «LADA» бренди билан экспорт қилинган.

Собиқ иттифоқдан хорижга автомобиль экспорт қилиш масаласида шундай йўл тутилганки, автозаводда хорижга экспорт қилинадиган автомобиллар алоҳида тайёрланиб, уларнинг сифати мамлакат ичида сотиладиган автомобиллардан анча фарқ қилган. Айниқса, автомобиль салонини жиҳозлашда экспортга чиқариш учун ишлаб чиқарилаётган автомобилларга катта эътибор берилган.

1976 йилда АвтоВАЗ ўзининг энг муваффақиятли моделларидан бири, ВАЗ-2106 моделини ишлаб чиқаришни бошлайди. Бу моделнинг кўриниши ВАЗ-2101 моделидан бироз фарқ қилар эди. Ушбу модель АвтоВАЗ конвейрларидан 2006 йилгача чиқди. Умумий ҳисобда АвтоВАЗ ВАЗ-2106 моделидан ҳам 4 миллион донадан ошиқроқ ишлаб чиқарган.

Автомобиль «Fiat» компанияси томонидан 1972 йилда ишлаб чиқарилиши бошланган «FIAT 124 Speciale» моделининг ўзи эди. Унга 1,6 ҳажмли, 75 от кучига эга бўлган мотор ўрнатилган ва у ўз тезлигини 152 км/соатга чиқара олар эди.

1977 йилда АвтоВАЗ хорижда «рус Жипи» номи билан машҳур бўлган ВАЗ-2121 «Нива» автомобилини ишлаб чиқара бошлади. Бу автомобиль АвтоВАЗда совет конструкторлари томонидан ясалган илк модель эди.

«Нива» ВАЗ-2121 хорижга экспорт қилинган автомобиллар орасида энг муваффақиятли чиққан модель ҳисобланади. Узоқ йиллар давомида унинг фақат 30 фоизи мамлакат ичида сотилган, 70 фоизи хорижга экспорт қилинган. Жумладан, Европа, Жанубий Америка, Африка, Осиё мамлакатлари ва ҳатто Канада ва Буюк Британиягача ушбу автомобиль етказиб берилган.

«Нива» ўша пайтда ҳатто дунё автомобиль саноатини эгаллаган Японияга ҳам экспорт қилинган. Буюк Британия, Япония, Ҳиндистон каби мамлакатларда йўлларда ҳаракатланиш чап тарафлама бўлгани учун бу мамлакатларга экспорт қилинган автомобиллар рул чамбараги ўнг тарафга ўрнатилган ҳолда ишлаб чиқарилган.

1977 йилда жами 2,5 миллион дона «Нива» ишлаб чиқарилади. Ушбу модель 2005 йилгача «Нива» ВАЗ-2121 номи остида ишлаб чиқарилди. 2005 йилдан бошлаб эса «LADA» 4х4 номини олди. Орадан анча йиллар ўтиб, иттифоқ тарқаб кетганидан сўнг АвтоВАЗ АҚШнинг «General motors» компанияси билан ҳамкорликда янги «Niva Chevrolet» моделини яратиб, анча йиллар бу моделдаги автомобилларни Россиянинг ўзида ҳам, хорижда ҳам муваффақият билан сотди.

Аммо, 2014 йилда бошланган Украина-Россия можаросидан кейин халқаро ҳамжамият, шу жумладан АҚШнинг Россия иқтисодига нисбатан санкциялар жорий этиши орага совуқчилик тушишига сабаб бўлди. Россия томонининг АҚШ компанияларига қарши жорий қилган жавоб санкциялари туфайли «Niva Chevrolet» моделини ишлаб чиқариш тўхтатилди. Унинг ўрнига АвтоВАЗ «Urban» моделини ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Аммо бу модель унча оммалашмади.

Дарвоқе, 1991 йилгача АвтоВАЗ яна кўплаб моделларни тақдим этди. Уларнинг бир қисми, масалан ВАЗ-2103, ВАЗ-2105, ВАЗ-2107, ВАЗ-21011 каби моделлар «Fiat» компаниясининг моделлари бўлса, 1980-йилларнинг бошида яратилган ВАЗ-2108 ва ВАЗ-2109 моделлари АвтоВАЗнинг ўз конструкторлари томонидан ясалган эди. Бу икки модель икки хил «Sputnik» ва «Samara» маркалари билан чиқарилади.

1991 йилда иттифоқ тарқаб кетиши ортидан АвтоВАЗ учун оғир дамлар бошланади.

Бир тарафдан аҳолининг харид қуввати пасайиши, иккинчи тарафдан, экспортга автомобиль чиқмай қолгани, учинчидан, Россия автомобиль бозорига хориждан кўплаб арзон автомобиллар кириб келиши АвтоВАЗни том маънода «синдирди».

Боз устига, завод цехлари устидан назоратни турли жиноий гуруҳлар эгаллаб олиб, машина савдоси билан ўшалар шуғуллана бошлади.

АвтоВАЗ шу ҳолатда 2000 йилгача «амаллаб» етиб келди. Россия раҳбарлигига Путин келганидан сўнг, бир тарафдан АвтоВАЗга хориждан ҳамкор қидириш ишлари бошланган бўлса, иккинчи тарафдан заводни эгаллаб олган жиноий тўдаларга қарши аёвсиз кураш бошланди. Бу кураш натижасида шу нарса ошкор бўлдики, АвтоВАЗдаги жиноий тўдаларга мамлакатдаги таниқли ва бадавлат инсонлар раҳнамолик қилган. Улардан бири Борис Березовский бўлса, яна бири унинг ўнг қўли ва ҳамкори Бадри Патаркацишивили эди.

Ўша «тозалаш» вақтида улардан бири Патаркцшивили ўлдирилди, Березовский эса Лондонга қочди. Шу тариқа, АвтоВАЗ жиноий тўдалар чангалидан озод қилиниб, унинг акцияларидан маълум қисми Франциянинг «Renault» компаниясига сотилади. Шундан кейин бу компания СССР вақтида ишлаб чиқарилган барча эскирган моделлардан воз кечиб, янги моделлар ишлаб чиқаришга киришади.

Бугунги кунда АвтоВАЗ LADA 4х4, LADA Largus, LADA Granta, LADA Vesta, LADA X-RAY каби моделларни ишлаб чиқармоқда. Умуман олганда АвтоВАЗ Европадаги энг йирик автозаводлардан бири бўла олди. Автозавод бугунги кунгача 50дан ортиқ моделда қарийб 30 миллионта автомобиль ишлаб чиқарган.

Юқорида қайд этилганидек, бугунги кунда, Россия иқтисодиётига қарши АҚШ бошлиқ Ғарб дунёси санкциялари давом этмоқда. Табиийки, АвтоВАЗнинг ишлари ҳам яхши эмас. Санкциялар илк жорий этилган 2014 йилдан буён АвтоВАЗнинг автомобиль ишлаб чиқариши, уни сотиш кўрсаткичлари Россияда хорижий автомобиллар савдоси фонида тушиб кетган.

Масалан, 2018 йилда Россияда 1,6 миллион дона янги автомобиль сотилган. Шундан 350-400 мингтасини ёки бор йўғи 25 фоизини АвтоВАЗ ишлаб чиқарган автомобиллар ташкил этди. Агар Германия, Франция, Япония каби автомобилсозлик ривожланган давлатлардаги ҳолатга қарасангиз, уларда ўзида ишлаб чиқарилган автомобиллар савдоси камида 60-70 фоизни ташкил этади.

Россияда АвтоВАЗ автомобилларининг савдоси тушиб кетганига асосий сабаб бу ерда йиғилаётган автомобиллар ҳануз сифат ва қулайлик тарафдан хориж компаниялари ишлаб чиқарган автомобилларга ютқазаётгани бўлмоқда. Шунинг учун ҳам харидорларнинг бир қисми янги хориж автомобилларини сотиб олаётган бўлса, яна бир қисми иккиламчи бозордан хориждан келтирилган автомобилларни харид қилмоқда.

Умуман олганда, АвтоВАЗнинг кейинги тақдири Россиянинг халқаро ҳамжамият билан қандай алоқа ўрнатишига боғлиқ. Агар халқаро ҳамжамият Россияга қарши иқтисодий санкцияларни давом эттираверса, бу АвтоВАЗга ҳам акс таъсир қилиши аниқ. Агар, санкциялар юмшатилса ёки олиб ташланса АвтоВАЗ истиқболда яна гуркираб кетиши мумкин.

Ғайрат ЙЎЛДОШ тайёрлади.




Мавзуга оид янгиликлар
  • UzAuto Motors автомобилларидан бирига шартнома беришни бошлайди 28 мар, 18:02 220
  • АҚШ автомобиллар учун тарихдаги энг қатъий экостандартларни жорий этмоқчи 24 мар, 06:09 101
  • “Бу ўзбекистонликларни аёвсиз талаш дегани” — фаоллар электромобиллар импортига чеклов қўйилишидан норози 19 мар, 18:02 896
  • UzAuto Motors нархлар ошмаганини маълум қилди 12 мар, 18:23 186
  • UzAuto Motors автомобиллар нархи оширилишини эълон қилди 12 мар, 16:09 321
  • Энди транспорт воситасини нотариал идорага бормасдан сотиш мумкин 08 мар, 15:56 358
  • Сўнгги янгиликлар
  • АҚШнинг Украинага берган умумий ёрдами 113 миллиард доллардан ошди 29 мар, 19:49 2
  • Президент қатор раҳбарларга жазо кўрилганини қайд этди 29 мар, 19:29 35
  • Тошкентда одамлар гавжум жойлар кучайтирилган тартибда қўриқланмоқда 29 мар, 19:09 22
  • Great Silk Way-2024 халқаро турнири. Боксчиларимиз яна тенгсиз! 29 мар, 18:53 25
  • Канада мактаблари ижтимоий медиа гигантларини судга берди 29 мар, 18:28 11
  • Апрел ойида қандай об-ҳаво кутиляпти? 29 мар, 18:13 112
  • Босқинчилик ва одам ўғирлаш билан шуғулланган шахслар қўлга олинди 29 мар, 17:37 121
  • Тожикистонда «Крокус» ҳужумчилари билан алоқадорликда гумонланган 9 киши қўлга олинди 29 мар, 17:17 205
  • Олимлар қашшоқлик миянинг тез қаришига сабаб бўлишини аниқладилар 29 мар, 16:53 45
  • ИШИД ўз тарафдорларини Исроилда ҳужумлар уюштиришга чақирди 29 мар, 16:30 195
  • Россияда «Крокус»даги теракт ҳақида изоҳлар учун қўлга олишлар бошланди 29 мар, 16:03 307
  • Халқаро суд Исроилга мажбурият юклади 29 мар, 15:40 82
  • Бўлимлар