«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 26 2024, 21:09
ЎЗO‘Z

Суперлига 2021 йилги мавсумида қайси мураббийларга «ҳайдалиш куйи» чалинди?

02 дек, 19:54 3 577 Спорт
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Суперлига 2021 йилги мавсумида қайси мураббийларга «ҳайдалиш куйи» чалинди? Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 2021 йилги мавсуми ўз ниҳоясига етди. Унда Жиззахнинг «Сўғдиёна» клуби иккинчи ўринни олганидан бошқа сенсация (гарчи бунинг сенсация эканлиги борасида баҳслашиш мумкин бўлса ҳам) бўлгани йўқ. Мавсум давомида бир-икки марта рўй берган оммавий муштлашувлар инобатга олинмаганда, ҳаммаси кутилганидек ва кўнгилдагидек ўтди, сўнгги, 26-тур эса бамисоли торт устидаги олча бўлди.

Шунингдек, 2021 йилги мавсум давомида эътиборга арзигулик воқеалардан — мураббийларнинг истеъфолари бўлди. «Турон», «Андижон», «Металлург» (бир неча маротабадан), «Локомотив», «Сурхон», «Навбаҳор» клубларида мураббийлар алмашди. Қолганлари («Пахтакор», «Сўғдиёна», «ОКМК», «Насаф», «Бунёдкор», «Қўқон-1912», «Қизилқум», «Машъал») эса мавсумни бир мураббий билан якунлади. «Дарё» қуйида ортда қолган мавсумда Суперлигада рўй берган истеъфолар ҳақида ҳикоя қилади.

Нўмон Ҳасанов — «Навбаҳор»

Фото: «Навбаҳор»
2020 йилги мавсумнинг иккинчи ярмида Наманган клуби Андрей Канчельскис билан хайрлашгач, жамоада ёрдамчи мураббий сифатида ишлаб келаётган Нўмон Ҳасанов бош мураббийга айланди, бироқ у бу лавозимда узоқ қолмади. 2020 йилги мавсумни 8-ўринда якунлаган жамоа, мамлакат биринчилигининг янги мавсумини ҳам Ҳасанов бошчилигида бошлаганди. Аммо 1-турдан кейиноқ наманганликлар матбуот хизмати мутахассиснинг истеъфога чиқарилганини эълон қилди. Клуб бу қарорини қуйидагича изоҳлади:

«Жорий мавсумда ўз олдига юксак мақсадлар қўйган ‘Навбаҳор’ учун ҳар бир ўйин муҳим ва финалга тенг. Аммо кутилмаганда жамоа 1-турда ўз майдонида ‘Сўғдиёна’га имкониятни бой берди (0:1). Шу боис ‘Навбаҳор’ ПФК раҳбарияти жамоа мураббийлар штабида ўзгариш қилишга қарор қилди».

Унинг ўрнига шу вақтга қадар жамоада маслаҳатчи мураббий сифатида фаолият юритаётган Виктор Жалилов тайинланади. «Лочинлар» унинг қўли остида мавсумни 9-ўринда якунлади. Ноябрь ойининг сўнгида эса «Навбаҳор»да келаси мавсумдан бошлаб Самвел Бабаян бош мураббий сифатида иш бошлаши маълум бўлди.

Андрей Шипилов — «Металлург»

Фото: «Металлург» ФК
Ҳисоб бўйича Суперлигадаги иккинчи истеъфо ҳам 1-турдан сўнг содир бўлди. «Металлург»ни бошқариб келаётган Андрей Шипилов «Сурхон»га қарши ўйиндаги мағлубиятдан кейин истеъфо сўраган. Клуб эса ўз навбатида мураббийнинг сўровини қабул қилган. Шипилов жамоани 2018 йилдан бери бошқариб келаётганди.

Шипиловнинг ўрнини «Пахтакор»да ёрдамчи мураббий бўлиб ишлаган Жасур Абдураимов эгаллади. Бироқ кейинчалик Абдураимов жамоани тарк этди.

Отабек Ғуломхўжаев — «Андижон»

Фото: «Андижон»
Суперлига якунлари бўйича мусобақа жадвалида 13-ўринни эгаллаган «Андижон» мавсум бошиданоқ жиддий муаммоларга дуч кела бошлади. «Бургутлар» 5-турга келиб жамоани 2020 йилнинг ноябрь ойидан бери бошқариб келаётган Отабек Ғуломхўжаевни истеъфога чиқаришга қарор қилди. Бунга сабаб сифатида унинг бошқарувидаги футболчиларнинг қониқарсиз натижалари кўрсатилди.

Шу тариқа 2001–2002 йилларда «Андижон»да футболчи сифатида тўп сурган Ғуломхўжаевнинг клубдаги мураббийлик фаолияти узоқ давом этмади. Унинг ўрнини эса Виктор Кумиков келгунга қадар Ёрқин Назаров эгаллаб турди. Аммо 2020 йилда ҳам «Андижон»да ишлаган Кумиковнинг қайтиши жамоанинг элитада қолиши учун етарли бўлмади.

Исломбек Исмоилов — «Турон»

Фото: «Турон»
Ташкил этилганидан ҳеч қанча муддат ўтмасдан Суперлига йўлланмасини қўлга киритган «Турон», афсуски, элитада атиги бир мавсум давомида ҳаракат қилди.

Жамоа мавсум бошиданоқ бир қатор ўйинларда имкониятни бой берди ва бирор марта ҳам ғалаба қозона олмади. Баъзи вазиятларда жамоанинг муваффақиятсизликларида ҳатто ҳакамлар айбланган ҳолатлар ҳам кузатилди.

8-турдан кейин «Турон» бош мураббийи сифатида ишлаб келаётган Исломбек Исмоилов ўз аризасига кўра истеъфога чиқди. Унгача юқорида таъкидланганидек, унинг ҳакамлар мавзусидаги чиқишлари катта шов-шувларга сабаб бўлганди.

Исмоилов кетгач, жамоани вақтинчалик польшалик мутахассис Богуслав Баниак бошқариб турди. Бироз ўтиб Игорь Шквирин янги бош мураббий сифатида таништирилди.

Рифат Акромхўжаев — «Сурхон»

Фото: «Championat.asia»
Амал-тақал қилиб, Суперлигада жон сақлаб қолган «Сурхон» ҳам мавсумни бир мураббий билан якунламади. Мамлакат биринчилигининг 12-туридан кейин Термиз клуби мавсум бошидан бери жамоани бошқариб келаётган Рифат Акромхўжаевнинг жамоадан кетганини эълон қилди.

Жамоа унинг қўл остида қониқарсиз натижалар кўрсатганига қарамай клуб Акромхўжаевнинг ўз аризасига кўра жамоа бош мураббийлигидан олингани ва бунга мутахассиснинг оилавий муаммолари сабаб бўлганини кўрсатди.

Унинг ўрнини эса шу вақтга қадар клуб техник директор сифатида фаолият юритган Баҳром Ҳайдаров эгаллади. Ҳайдаров қўл остида «Сурхон» чемпионат якунлари бўйича 10-ўринни эгаллаб, элитада қолиш масаласини ҳал қилди.

Игорь Шквирин — «Турон»

Фото: «Турон»
Суперлиганинг 10-турига келиб, «Турон»да янги мураббий иш бошлади. Клуб матбуот хизмати яқин ўтмишнинг энг яхши ҳужумчиларидан бири бўлган Игорь Шквирин билан шартнома имзоланганини эълон қилинди. Унинг олдига жамоани Суперлигада олиб қолиш вазифаси қўйилди. Мутахассиснинг ўзи «Championat.asia» нашрига берган интервьюсида жамоа билан йил охиригача шартнома имзолаганини маълум қилганди.

Бироқ 25 октябрь куни, мавсум тугашига 3 тур қолганида унинг ўз хоҳишига кўра ишдан бўшагани маълум қилинди. Бу қарор 23-тур доирасидаги «Бунёдкор»дан учралган мағлубиятдан (1:3) кейин клубда ташкил қилинган йиғилишда қабул қилинган.

«Турон» Шквирин қўл остида 13 та ўйин ўтказиб, шундан атиги 2 тасида ғалаба қозонди, 4 та учрашувда дуранг қайд этилган бўлса, яна 7 та баҳсда жамоа мағлубиятга учради.

Жасур Абдураимов — «Металлург»

Фото: «Металлург»
Клубда анча (маҳаллий мураббийнинг ўзбек клубида 3 йил ишлашини анча дейиш мумкин) йил давомида фаолият юритган Андрей Шипиловнинг ўрнини эгаллаган Жасур Абдураимов март—октябрь ойларида жамоани бошқарди. Жамоа унинг қўл остида мавсумни муваффақиятсиз ўтказди ва ҳатто клубнинг элитани тарк этиши эҳтимоли борлиги инкор этилмайдиган даражага етди. Бироқ 23-турга келиб, томонлар ҳамкорликни тўхтатишга қарор қилди. «Маъданчилар» матбуот хизмати Абдураимовнинг жамоадан кетишини мураббийнинг саломатлигидаги муаммолар билан боғлади.

Унинг ўрнини эса Луисма Эрнандес эгаллади. Жамоа айнан испаниялик мутахассиснинг қўл остида сўнгги икки турда ғалаба қозониб, хавфли зонани тарк этишнинг уддасидан чиқди.

Микаэл Секейра — «Локомотив»

Фото: «Локомотив»
2021 йилнинг бошида «Локомотив» бошқарувини қабул қилиб олган Микаэл Секейра мавсум давомида «темир йўлчилар»нинг ўйинига еврофутбол ҳавосини олиб киришга ҳаракат қилди. Аммо жамоа мусобақа якунларига кўра, кучли бешликка ҳам кира олмади — 6-ўрин.

Секейра октябрь ойида Суперлига 23-тури доирасида «Қўқон-1912»га қарши кечган ўйиндан кейин ҳакамлик ва тизимни кескин танқид остига олди. Ўшанда у бу тизим билан ўзбек футболининг чўкишда давом этишини айтганди.

Шу қаторда унинг «Локомотив»дан кетиши ҳам кўпчиликни ҳайрон қолдирди. Боиси у чемпионат якунланишига бир тур қолганида ватани Португалияга жўнаб кетди. Мавсумнинг охирги ўйинида «темир йўлчилар»ни Денис Коростиченко бошқариб борди.

Муаллиф: Билол Эркин




Мавзуга оид янгиликлар
  • UFC Арман Сарукянни промоушендан четлатиши мумкин 26 апр, 17:01 40
  • Футзал. Жаҳон чемпионати йўлланмаси учун Марказий Осиё жамоалари курашадиган бўлди 26 апр, 16:19 128
  • Ўзбекистон Саудия тўсиғидан ўтса, ярим финалда қайси терма жамоага дуч келади? 26 апр, 05:55 436
  • U-23 Осиё кубоги. Индонезия Жанубий Кореяни енгиб, ярим финалга йўл олди! 26 апр, 05:43 207
  • Эрон футзал термаси бош мураббийи: "Ўзбекистонга қарши энг яхши ўйинимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз" 25 апр, 23:41 90
  • “Рома” ўйини очилиб кетган Шомуродовни қайтарадими? 25 апр, 23:13 396
  • Сўнгги янгиликлар
  • Таваккалчиликка асосланган ўйинлар ва букмекерликка рухсат берилди 26 апр, 20:39 0
  • Истанбулда теракт содир этган суриялик аёл 1794 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди 26 апр, 20:24 0
  • Хитой АҚШни «қизил чизиқлар»ни кесиб ўтишдан огоҳлантирди ва «душман эмас, ҳамкор» бўлишга чақирди 26 апр, 19:16 1
  • Қирғизистонда ҳукумат аъзоларига «тўйма-тўй юриш» тақиқланди 26 апр, 18:57 8
  • Электр ва газ тарифларини эркинлаштиришдан кўзланган асосий мақсад нима? 26 апр, 18:30 11
  • Андижон ва Қашқадарёда ер майдонларини ноқонуний сотиш ҳолатларига чек қўйилди 26 апр, 18:08 18
  • Украина Американинг Abrams танкларини олдинги чизиқдан олиб ташлаяпти 26 апр, 17:43 72
  • «Ўзавтосаноат» АЖ таркибидаги 38 та корхона сотилади 26 апр, 17:18 47
  • UFC Арман Сарукянни промоушендан четлатиши мумкин 26 апр, 17:01 40
  • Оқ уй Киевнинг ғалабасига шубҳа қилмоқда 26 апр, 16:38 124
  • Футзал. Жаҳон чемпионати йўлланмаси учун Марказий Осиё жамоалари курашадиган бўлди 26 апр, 16:19 128
  • “Майнц” футбол клуби стадионидан 500 килолик бомба топилди 26 апр, 15:51 134
  • Бўлимлар