«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 25 2024, 04:33
ЎЗO‘Z

26 йил умрини муҳожирликда ўтказган бухоролик ҳикояси

15 окт, 13:13 2 631 Ҳаёт тарзи
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
26 йил умрини муҳожирликда ўтказган бухоролик ҳикояси Илюстрация: «Дарё» / Дилзода Ҳамиджонова
«Дарё» «Муҳожирлар ҳаёти» лойиҳаси доирасида хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларнинг ҳаётини ёритишда давом этиб 1996 йилдан бошлаб Россияда меҳнат қилиб келадиган бухоролик муҳожир билан суҳбат уюштирди. Суҳбатдошимизнинг илтимосига кўра, унинг исм-шарифи ошкор этилмади.

Саргардонликка бошлаган маъруза
1969 йилда Бухорода туғилганман. 1986 йил Бухоро муҳандислик-технология институти (аввалги Бухоро енгил саноат технология институти) га ўқишга кирдим. Отам болалигимда вафот этган. Талабалик пайтларимда онамга кўмак бўлсин учун қурилиш ташкилотларидан бирида ғишт ташувчи бўлиб ишладим. 1992 йилда олийгоҳни тугатиб, дипломни қўлимга олдим. Қурилиш ишларига қизиқишим сабаб шу соҳадан иш қидирдим. Аммо яқин танишларимдан бири етарлича билим ва интилишларим борлигини айтиб, мени нуфузли давлат ташкилотларидан бирига ишга киришимга туртки бўлди.

Чамаси, шу ишда уч йилча ишладим. Ҳар куни саҳар ишга отланиб, кечаси қайтардим. Бир кунда бир нечта манзилларга бориб, маърузалар ўқирдим. Ҳали ёшлар, ҳали аҳоли, ҳали турли хориж давлатларида меҳнат қилиб қайтган муҳожирлар билан учрашувларни ташкил қилиш, ундан ташқари, ишга оид бошқа қўшимча топшириқлар... Бу орада уйланиб, оилали ва икки нафар фарзандли ҳам бўлдим. Бироқ ҳеч бирим икки бўлмас, маошлар кечикар, баъзан икки-уч ойлаб иш ҳақи ололмай, қарзларим ошиб кетарди.

1995 йил. Мигрантлар билан учрашувда қандай маъруза қилишим шартлиги борасида топшириқ берилди. Лекин мен маъруза матнини мутлақо бошқа кўринишда тайёрладим. Маърузам матнида ўзбек йигитларининг турли хориж давлатларида сарсон-саргардон юришларида ишсизлик, шароитсизлик ва ишлаб турган жойидан тўланадиган маош на рўзғорга, на яшаш шароитини яхшилашга етаётгани ва гоҳида маошнинг ойлаб берилмаётгани сабаб эканини мисоллар орқали келтирган эдим.

Эртасига эса айни учрашув бошланишига оз вақт қолганда, тайёрлаган маърузамни ўқиб, бошлиғимнинг тепа сочи тикка бўлди — бақирди-чақирди. Агар туни билан ёзиб чиққан маърузамни ўқиб берсам, ишдан бўшашимни пўписа қилди. Кўп ўтмай эса, қўлимга баландпарвоз сўзлар ёзилган бошқа маърузани тутқазишди. Уни ўқиб беришга мажбур эдим. Ахир, бу иш-да! Бироқ бу менинг минбарда туриб, охирги маротаба ўқиётган маърузам эди. Маърузанинг ҳар сўзини ҳалигача ёддан эслайман:

- Юрагида эътиқод олови ёнмаган, машаққатли меҳнатлар олдида ўзини ожиз сезган, жасоратдан йироқ айрим замондошларимиз «камбағалликлари» учун замонни айблайди ва «нонларининг ярим»лигидан нолиб ҳам қўяди. Бундайларни ҳатто олий маълумотлилар орасида ҳам учратиш мумкин. Улар хорижга бориб, фалон пул ишлаб келиш илинжига тушади. Ва яхшигина ишлаб турган жойларидан бўшаб, ишсизлик тўрвахалтасини елкага ташлаганча, меҳнатталаб давлатларга йўл олишади.

Хўш, ўзида қўшимча куч-қувват туғилишига ишонган бундай йигитлар қўшни давлатларга бориб, нима ишлар билан машғул бўлишаркин?! Уларни оёқлари тагида энг сўнгги русумдаги автомашина, «еганинг олдинда, емаганинг ортингда» деган шоҳона ҳаёт кутиб олармиди?! Тўғри, айримлари зўр ишлари эвазига бойиб ҳам қайтишади. Аммо қадр-қиммат, миллат обрўйи-чи?!

Хориждан келган саёҳатчилардан бири юртимизни кўриб, «Шундай миллат, биродар халқингиз бор экан-у, аммо биз кўпчилик йигитларингизни ўзимизнинг мансабдор ва пулдор одамларимиз хизматида кўрамиз», — дейишди. Биз эса ўнғайсиз ҳолга тушиб, нафасимизни ичга ютишдан бошқа чора тополмадик. Бу масаланинг оёғини осмондан қилиб кўрсатиш эмас. Гапнинг пўст калласини айтганда, айрим мигрантлар фикрларидаги қашшоқлик ўзларининг турмуш даражасининг пастлигига олиб келади.

«Банкрот» бўлиб ёхуд бегона юртларга ўз оёғи билан кетиб, темир тобутда қайтаётган йигитларимиз қанча?! Ҳеч кимга бу кулфатни етказмасин. Бой бўлиб, ўзимга хон, ўзимга бек бўлиб яшайман, дейишнинг оқибати бу. Улар билакларидаги шунча кучни Россиянинг ит ва чўчқаларини боққунча, ўз юртининг тадбиркорлари орасида ёки далаларига сарфлашса, уят эмас!

Бу саволга «Ўзимизда меҳнатга яраша ҳақ олмайсан!» деган жавобни оламиз. Аммо хорижсевар дўстларимиздан «Энди колхозда ишлармидик, колхозчи бўлиб» деган қўпол жавобни эшитамиз. Ўз юртининг қишлоқ далаларида хизмат қилишдан уялган бундай юртдошларимиз хорижга бориб, ўриснинг товуғи ёки сигирини боқиш ва уларнинг тапписини тозалашни ор, деб билишмайди. Қани йигитликнинг ғурури, обрўси?! Ўз юртимизда ишланг ва шу ердан ризқингизни қидиринг!
»

Маъруза шундай эди. Уни ўқиб бераётган чоғимдаёқ, бошимдан совуқ тер чиқиб, тиззаларим увишиб, оёқ-қўлим ҳолсизланди. Ахир бу маъруза бошдан-оёқ мигрантларга ҳақорат ёки иложсизликдан хорижга кетиб, афсуски, жасади қайтган бир юртдошларимиз руҳини айблаш эмасмиди?!

Орада тингловчилар ўртасида шовқин кўтарилди: «Иш топиб бер!», «Қайси колхозинг ёки ташкилотинг меҳнатимиз эвазига ҳақ тўлаши мумкинлигини кўрсатиб қўй!», «Оқбилагойимга ўхшаб у ёқдан бу ёққа қоғоз кўтариб юришдан бошқасига ярамайсан!» деган гаплар янгради. Бироқ мен уларга «Аслида, бу менинг маърузам ёки менинг дилимдаги сўзлар бу эмас!» дея олмасдим. Зеро ортда ишхонам обрўси турганди.

Минбардан тушибоқ қилинган қарор
Ўзим истамаган маърузани ўқиганим — бутун умрга муҳожирлик йўлини танлашимга сабаб бўлди. Майли, бу ҳақида эслашни истамайман. Бироқ ўша чоғда, минбардан тушибоёқ, ўз хоҳишим билан мигрантлар сафида бўлишга қарор қилгандим. 1996 йил 27 ёшимда ҳаё-ҳуйт деб тўрвахалтамни елкага ортганча «Қаердасан, Россия?» деб она юртимни ташлаб сафарга кетдим.

Болалигимда «катта қурувчи бўламан, архитектор бўламан, баланд-баланд уйлар қураман, ўзим қурган уйлар томидан хурсандчиликдан бақириб, каскамни осмонларга отаман» деган ўй-орзуларимни ташлаб кетдим. Онамни, бири икки яшар, бири эндигина туғилган фарзандимни ва хотинимни ташлаб кетдим. Ва бу йўлни ўзим танладим.

Ўзга юртда ҳамқишлоқнинг алдаши
Мени ишга чақирган ҳамқишлоғим Сирожнинг ёрдами ва унинг маблағи эвазига ноқонуний йўл билан Россияга жўнадим ва қурувчилик бўйича ишга жойлашдим. Қурилишда талабаликда ўрганганим аввалига ғишт ташувчи, кейин ғишт терувчи ва кейинчалик электрпайвандловчи бўлиб ишладим. Иш жуда оғир ва ҳаддан зиёд кўп эди. Тушликни ҳам кўпинча иш устида ўтказардик. Ўша пайтларда қўл телефонларимиз бўлмагани учун оилам билан бир ёки икки ойда зўрға гаплашиб турардик.

Тахминан, уч-тўрт ойча ишлаб Сирождан олган қарзларимни тўладим. Лекин шундан кейин у мени деярли танимай қўйди. Ойлик маошларимизни тўлиқ тўламас, ваъда қилинган маблағнинг ярмини ҳам бермасди. Яшаш жойимиз эса бир уйнинг ертўласида жойлашган бўлиб, зах, қоронғи ва бадбўй эди. Етмагандек, қор ва ёмғир сувларининг ҳам сизиб кириши ертўланинг бадбўйлигини баттар оширарди. Пулни иқтисод қилиш учун эса тўйиб овқатланмас ҳам эдик.

Тўрт ойча ишладим. Соғлиғимда нуқсон сездим. Аҳволим кундан кун оғирлашиб, мадорим қурий бошлади. Маошимни эса Сирож билан жанжаллашиб олишимга тўғри келди. У ҳамма меҳнат ҳақларимни тўлади, аммо энди қорамни кўрсатмай, унинг «территория»сидан туёғимни шиқиллатишимни айтди. На илож кетдим. Иссиғим бор ҳолатда амаллаб Россия банкларидан биридан оиламга яхшигина пул жўнатдим. Кўнглим бироз хотиржам бўлди, бироқ банк эшигидан нарига чиқа олмадим, соғлигим ёмонлашиб, ўзимни бошқаролмай қолдим, йиқилиб тушганимни эслайман.

Меҳрибон инсон
Ўшанда мени рус миллатига мансуб Сергей Петров деган мутлақо бегона киши касалхонага олиб келган экан. Гепатит C билан касалланибман. Петров кунора мендан хабар олди, даволаниш пулларини ўзим тўлаётган бўлсам-да, мен билан худди яқинларимдек муомалада бўлди. Ҳали Россияга ишга келганимга бир йил бўлмаган, рус тилида ҳам, деярли, сўзлаша олмайман, шунга қарамай бир-биримизни тушундик. Орадан бир ойлар ўтиб, у мени касалхонадан тўғри ўз яшаш уйига олиб келди. Ёлғиз яшаркан. Тўла оёққа туриб кетганимдан сўнг иш топишимга ҳам кўмаклашди. Бошимни силади.

Катта дўконлардан бирига қоровул бўлиб ишга кирдим. Яхшигина маош ва энг асосийси уни вақтида тўлашарди. Қишлоқда ўсган боламан-да ерни, яшилликни яхши кўраман. Бўш вақтларимда дўкон атрофидаги ташландиқ бир боғнинг гул ва дарахтларини ҳам парваришлардим. Яшнаб кетган боғни кўрган дўкондор маошимни икки ҳиссага оширди. Қўлимдан пайвандловчилик ҳам келишини билгач, боғ атрофини темир панжара билан ўраб, кичик-кичик фавворалар ҳам ўрнатиш кераклигини билдирди.

Оиламни, ўзимни оёққа турғизиш учун меҳнатдан қочмадим. Кеча-кундуз тиним билмадим. Кечалари Петровнинг уйига судралиб борардим, азбаройи кун давомидаги жисмоний меҳнатдан оёқ-қўлим оғриб, зирқирраб чиқарди. Лекин онам, хотиним, фарзандларим хурсанд. Шундан мен ҳам мамнун эдим.

Кўз очиб юмгунча тўнғич фарзандимнинг суннат тўйи ёшига етиб қолганини айтишди. Топган-тутганларимни йиғиб, тўйни ўтказиш мақсадида 1998 йилда Бухорога келдим. Орадан икки-уч ой ўтгач, совға-саломлар билан яна ноқонуний йўл билан Россияга — Петров хонадонига қайтдим. Афсуски, 73 ёшли кекса дўстим мен қайтгунча оламдан ўтган, қариндош-уруғлари ҳам «топилиб» қолган экан.

Ўзингники ўзингни дўппослайди
Иложсизликдан Россияда ишлаб юрган тумандошим Рашид исмли йигитга «юк» бўлишга мажбур бўлдим. У мени шаҳар чеккасидаги, ўрмонзорга яқин қишлоқлардан бирида — иш жойимдан қарийб 70 километр олисда жойлашган муҳожирлар яшаётган хонадонда яшаб туришимга кўмаклаша олишини айтди, манзил узоқ бўлса-да рози бўлдим. Ўзбекистон ва тожикистонлик жами 11 нафар муҳожир яшаётган битта хонага 12-киши бўлиб жойлашдим.

Дўкон қоровуллигини давом эттирдим, боғбонлик билан ҳам шуғулландим. Топганим ўзимга ва менга кўз тикиб турган оиламдагилар таъминотига етиб турган бўлса ҳам йўл азоби толиқтирарди. Ўзим яшаб турган манзилга яқин жойдан, яна қурилиш соҳасидан иш топдим. Меҳнати оғир бўлса ҳам иш жойим ижара уйимизга яқин, ҳатто бироз мизғиб олиш имкони бор эди. Электрпайвандловчи вазифасини беришди. Қурилиш соҳасига қизиқишим юқорилиги учун ҳам ишимни сидқидилдан бажарардим.

Оғир меҳнатни кўп қилардик, бироқ тўловида анча куйиб қолардик. Олти-етти ойдан, айримлар икки йилдан буён тўланмай келинаётган меҳнат ҳақларни талаб қилса, қўл-оёқларимизга сигареталар босиб, ўрмонзорга олиб чиқиб дўппослашарди. Аламлиси шундаки, булар Россияда «дед» бўлиб олган ўзимизнинг юртдошлар эди. Қийинчиликлардан йиғлаган, онамизни соғинган, оиламизни қўмсаган пайтларимиз кўп бўларди.

«Визасиз зарарли каналар»
Биз яшаётган ўрмонзор яқинида жойлашган қишлоқдаги хонадонларда ўрта осиёлик, жумладан, ўзбекистонлик муҳожирларнинг кўплиги боис тез-тез полиция ходимлари келар, улар ҳам камситар ва ҳақоратларди.

«Булар визасиз зарарли каналар, кападек жойга бутун авлод-аждоди билан тиқилиб, ҳамма ёқни карвонсарой қилишди» дея ўдағайлашарди. Бу фикрни ҳазм қилолмасак ҳам чидашга мажбур эдик. Чунки бизни ортимиздан ҳимоялайдиган ҳеч кимимиз йўқ эди.

Бундай ўйлаб қараса, ҳозир ҳам шундай. Россиянинг турли манзилларида оғир меҳнат қилиб, етарлича маош олмаётган, маошини талаб қилганда калтакланаётган, ертўла-ю, темир вагонларда яшаб, совуқ кунларда дийдираб тонг оттираётганлар қанчадан-қанча.

Муҳожир сариқ чақасини ҳам ололмай, сарсон-саргардон бўлганда, унинг устидан кулишганда, ночор аҳволидан хабардор бўлиб туриб ҳам унга кўмакка қўл чўзиш чоралари кўрилмаган ҳолатлар саноқсиз.

Ҳақ-ҳуқуқсиз муҳожирлар
Билишимча, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳудудий филиалларининг ваколатлари кенгайтирилган. Хорижий иш берувчилар билан шартномалар имзолаш ҳуқуқи берилган. Бундан ташқари, агентлик ҳудудий филиалларининг раҳбарлари — вилоят ҳокимларининг ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича ёрдамчиси тайинланган. Лекин кўзга кўринарли натижа йўқ.

Яқинда Ўзбекистондан ташқарида бўлган юртдошларимизнинг умумий сони ҳақида тахминий маълумотлар берилди. Энг қизиғи, маълумотлар — тахминий. Аниқ эмас. Унга кўра, Россияда расман 2 миллионга яқин ўзбекистонлик ишламоқда. Аслида бундан ортиқ норасмий муҳожирлар борлиги ҳаммамизга аён. Афсуски, юрт иқтисодиётига жуда катта салмоқли ҳисса қўшаётганига қарамай ўзбекистонлик муҳожирлар ҳақ-ҳуқуқсиз аҳволда. Тўғри, кейинги йилларда миграция агентлиги, элчихоналар муҳожирларга ёрдам беришга ҳаракат қиляпти, аммо ҳаракатлар суст ва ҳимоялар жуда кам.

Ишонасизми, бугунги кунда Россия полицияси ва муҳожирлар қарама-қаршилиги одатий тусга кириб қолган. Улар меҳнат муҳожирларининг ҳужжатларини текшириш чоғида ўта қўпол муносабатда бўлади, жабр етказади. Муҳожирлигини билиб, узоқ йиллар давомида уларни билиб, таниб ҳам, ҳужжатлари жойида бўлишига қарамай, вақтини олади, идорасига олиб боради. Шу сабаб ўз ишига вақтида етиб боролмай, ишидан айрилганлар талайгина. Энг қизиғи, полициячилар ҳозир метролар олдида худди пойлаб турадиган одат чиқарган. Муҳожирларни «вақтимни олманг, келишамиз» дейишга кўниктиришган. 100–150 рубль ёки бир қути сигаретани чўнтагига солиб қўйишимизга ишора қилишади. Начора?!

Эътибор қилган бўлсангиз, Ўзбекистонга келиб ишлайдиган муҳожирлар камситилмайди. У хоҳ лавозимдор, хоҳ оддий ишчи бўлсин, иззати жойига қўйилади. Меҳнат шароитлари яратилган. Муҳожирларга таржимонлар хизмати жалб этилади, махсус ошхоналарда овқатлантиришади, ётоқхоналар билан таъминлашади. Сабаби эса уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ортида турган мамлакати томонидан ҳимояланади.

Бироқ билсангиз керак, ўзимизда бир нечта «хорижда иш билан таъминловчи» хусусий агентликлар ўз ҳамёнини тўлдиришга тўлдириб, иш билан таъминлашга келганда ўзини панага олди. Натижа улар жиноий жавобгарликка тортилди. Рақобатбардош касбларга тайёрлашни ўз олдига мақсад қилган касб-ҳунар коллежлари учун сарфланган миллиардлаб маблағлар кўкка совурилди. Энг қизиғи, минбарларда туриб, фуқаронинг меҳнат ҳақи олгунича кредит ажратиш орқали «ҳимоя қилиш»га шай кўзбўямачи маърузалар ҳали-ҳануз давом этмоқда.

Фуқароларнинг ишга жойлашиб, маош олгунгача йўл ҳақи, патент олиш ҳамда ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш харажатлари учун 10 миллион сўмгача паст ставкада ажратиладиган кредитлар ўрнида хорижга ишлашга жўнаётган юртдошларимиз учун ҳеч бўлмаса, авиачипталар нархини арзонроқ қилиш керакмасмикин? Рўзғор тебратиш мақсадида бегона юртга ишлашга кетаётган фуқаронинг ўзи билан катта қарзни ҳам елкалаб кетаётгани жудаям оғриқли. Бу қарзни қайтариш учун чекиладиган заҳмат, машаққатнинг ўзи бўлмайди.

Ватанга қайтиш
Ўқувчилик йилларимизда севимли хонандамиз Шерали Жўраевнинг «Замон, замон, бизнинг замон, даврон бизники, Қўлимизда ер-у осмон, имкон бизники...» қўшиғини тўлқинланиб тинглардик. Бу қўшиқ бизни яшашга, яратувчанликка чорларди. Замон ҳам, даврон ҳам бизники, деб ғоз юрардик. Шу қўшиқни тинглаб улғайган замондош йигитларимизнинг қанча-қанчаси яхши яшаш илинжида хорижларда саргардон кезмоқда. Муҳожирлар муаммолари вақт ғаниматида ҳал этилмаса, турли кўнгилсиз оқибатларнинг аччиқ сабоқларини ўзимиз тортишда давом этамиз.

Муҳожирларга кўмак, эътибор зарур. Одамларнинг иш билан бандлигини ошириш борасида қилинаётган саъй-ҳаракатлар эса ҳозирча денгиздан томчи, холос. Бу кўпларни муҳожир бўлиб турли хориж давлатларида саргардон кезишдан сақлаб, уларнинг қадр-қиммати, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилган бўларди. Ҳозир бу сатрларни ўқиётган ўқувчи, эҳтимол, мени «эзма чол» дея атар, аммо 26 йил муҳожирлик тошини елкалаб юрганим учун бунинг ҳам ўзи бўлмаслигини, осон эмаслигини яхши тушунаман.

Ўйлаб қарасам, 27 ёшимда муҳожирлик тўнини кийган эканман. Сочларим оқарди. Елкаларим кексаликка чўкди. Ҳаётимнинг 26 йилини Россиянинг совуқ қаҳратонларида ўтказдим. Тўғри, пул топдим, бойлик орттирдим. Оилам фаровон, тўқ. Уй-жой, машина, ҳовли-жой, дегандек. Шукрки, онажоним ҳаёт, аёлим диёнатли. Фарзандларим уйли-жойли. Улар истаганда ҳам фарзандларимни хорижда ишлатмадим.

Улар Ўзбекистонда ўқиб, шу ерда ишли бўлди. Ҳаётда ўринларини топди. Ўзим эса... соғлигимдан айрилдим. Муҳожирликда ёмонни учратдим, яхшига дуч келдим. Хўрландим. Калтакландим. Камситилдим. Юртга қайтиш учун йўлкирага пул тополмаган кезларим ҳам бўлди. Аммо сабр қилдим. Токи сохта маърузалар ўқиб, ўз юртдошларинг устидан кулгандан кўра, муҳожирлар қаторида турганинг афзал. Билмадим, айни навқирон чоғимда минбарда ўзим истамаган биргина маърузани ўқишга чорлашгани мени умр бўйи муҳожирликда яшашга ундади.

Худо хоҳласа, 2022 йилни Бухорода — ўз туғилган гўшамда қаршилаш ниятидаман. Ва шу билан Россияни бутун умрга тарк этаман.

Муаллиф: Лайло Ҳайитова




Мавзуга оид янгиликлар
  • Сариқми ёки яшил: қайси турдаги банан фойдалироқ? 24 апр, 12:45 182
  • Қайси кундалик одатлар иммунитет пасайишига олиб келишини биласизми? 24 апр, 06:00 103
  • Парҳезшунос узоқ яшаш учун муҳим сирни «очди» 22 апр, 21:30 215
  • Хом гўштни нега ювиб ишлатиш керак эмас? 22 апр, 14:18 336
  • Озиш учун нонуштанинг учта олтин қоидаси 19 апр, 21:00 169
  • Хотирани яхшилашнинг жуда оддий усули топилди 18 апр, 12:22 291
  • Сўнгги янгиликлар
  • Ўзбек профессионал бокси тарихидаги энг катта жанг тасдиқланди! 25 апр, 00:33 86
  • Хосе Венансио: Эронга қарши ўйиндаги ғалаба Жаҳон чемпионати олдидан жамоамизга яхши таъсир кўрсатади 25 апр, 00:23 44
  • Ўзбекистон биринчи чоракда 2,7 млрд долларлик олтин сотди 25 апр, 00:06 23
  • Эронда рэпер Тумож Солиҳий ўлим жазосига ҳукм қилинди 24 апр, 23:35 103
  • Шойгунинг ўринбосари ҳибсга олинди. Бу иш ҳақида ҳозиргача нималар маълум? 24 апр, 23:12 100
  • Олимлар 2024 йилда кучли жазирамадан азият чекиши кутиладиган ҳудудларни айтди 24 апр, 22:42 149
  • Россия мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов тергов изоляторига жўнатилди 24 апр, 22:20 65
  • Еврокомиссия раҳбари: “Россиянинг Украинадаги ғалабаси Европа тарихини ўзгартиради” 24 апр, 22:00 203
  • Вазирнинг “дакки”си, бу ишлардан зериккан Жўраевлар оиласи ва Ботир Қодировнинг иқрори... 24 апр, 21:37 220
  • Элдор Шомуродов трансферига нарх белгиланди! 24 апр, 21:25 285
  • Футзал. Ўзбекистон Вьетнам устидан иродали ғалаба эришиб, ярим финалга йўл олди 24 апр, 21:09 160
  • Америкалик олимлар барча учун бирдек фойдали жисмоний фаоллик турини аниқлади 24 апр, 20:50 106
  • Бўлимлар