«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 17 2024, 00:21
ЎЗO‘Z

Битта ҳужумчи билан ўйнаш муаммоси

12 июн, 20:10 2 133 Спорт
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Битта ҳужумчи билан ўйнаш муаммоси
Кеча Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ саралаш босқичида навбатдаги учрашувни ўтказди.
"Қирол Фаҳд" стадионида Яман билан кечган ўйинда 1:0 ҳисобида ғалабага эришдик. Ўйиннинг 19-дақиқасида пенальтидан киритилган гол вакилларимизга уч очкони тақдим этди. Тўғриси, жуда кўпчилик бу ўйинда ҳам йирик ғалаба кутганди, масалан камида 3:0. Лекин кўп вазиятларда омад келмаган бўлса, ўйиннинг бошидан охиригача битта ҳужумчи билан тўп тепганимиз ҳам ўз таъсирини кўрсатди.

Бошланғич таркиб
Агар Сингапурга қарши баҳсда майдонга тушган асосий таркиб билан кечаги беллашувдаги бошланғич таркибни таққослайдиган бўлсак, Вадим Абрамов тўрт нафар ўзгариш қилганини кўрамиз. Сингапурга қарши ўйинни асосий таркибда бошлаган Олег Зотеев, Ҳусниддин Алиқулов, Отабек Шукуров ва Достон Ҳамдамов бу сафар турли сабабларга кўра майдонга тушмади.

Абрамов бу футболчилар ўрнига чап қанот ҳимоясида Иброҳимхалил Йўлдошев, ўнг қанотда Ҳожиакбар Алижонов, марказий ярим ҳимояда Одилжон Ҳамробеков ва ўнг қанот ярим ҳимоясида Санжар Қодирқуловни ўйнатди.

Сингапур билан кечган баҳсни бир нафар соф ҳужумчи билан бошлаган бўлсак-да, 5та гол урганимиз ёқимли бўлганди. Лекин кўряпмизки, бу саралашда тўплар нисбати жуда катта роль ўйнаб қоляпти. Тўғри, футболда муҳими ғалаба ва агар Яман гуруҳ жадвалини охирги ўринда тугатса, барибир голлар минус бўлиб кетади. Лекин бу жамоа Фаластинни ютиб қўйса-чи? Унда бизнинг ҳолатимиз қийинлашиб қолади.

Шомуродовнинг ёнига шерик йўқми?
Кўрдик, кеча Элдор Шомуродов бир ўзи ҳужумда ёлғизланиб қолди. "Женоа"да кўряпмизки, Элдор аксар ҳолларда Жанлука Скамакка билан тандем бўлиб ўйнайди ва бу кўп жиҳатдан фойда берди. Чунки ҳужумда камида икки футболчи ўйнар экан, рақиб ҳимоячиларида тартибсизлик юзага келади.

Баъзан футболчилар кимни "ёпишни" билмай қолади. Айтайлик, яманлик ҳимоячилар Элдорни "ёпса", Шомуродовга шерик бўлиб ўйнаши мумкин бўлган Сергеев, Абдухолиқов ёки Норхоновда қулай вазият пайдо бўларди. Йўқ, биз нима қиламиз, Элдорни 90 дақиқа ўйнатиб, фақат қўшиб берилган дақиқалардагина алмаштириб, ўрнига Сергеевни туширамиз. Элдор бир ўзи ҳужумда ҳаракат қилганидан кейин рақиб уни осонлик билан "ёпа" олди.

Майли, ўйинни бир нафар ҳужумчи билан бошладик ҳам дейлик. Лекин иккинчи тайм бошида унга шерик сифатида Темурхўжани ёки Сергеевни ўйнатса бўларди, балки Шоҳруз Норхонов ҳам ёрдам бериши мумкин эди. Ахир у ҳам Суперлигада голлар уряпти-ку. Элдор бир ўзи ҳужумда ёлғизланиб, қийналиб қолаётганини кўра туриб ҳам унга ёрдам қўлини чўзмаслик аввало мураббийнинг хатоси ҳисобланади.

Абрамовнинг 15 йилдан бери айтиб келаётган гапи
Ўйиндан кейин терма жамоамиз бош мураббийи Вадим Абрамов ЎФА матбуот хизматига берган интервьюсида баҳс қийин кечгани ҳақида гапирди, шунингдек Яман Саудия Арабистони билан биринчи даврада 2:2 ўйнаганини ёдга олди. Тўғри, ўшанда саудияликлар очко йўқотганди, лекин иккинчи ўйинда 3:0 ютишди.

Вадим Абрамовнинг интервьюларини кузатиб келаётганлар яхши билади, ушбу мутахассис адашмасам 15 йилдан бери битта гапни қайтаради: "Каждый команда играет так, как позволяет соперник". Яъни, ҳар бир жамоа рақиб йўл қўйган ўйиндан келиб чиқиб ўйнайди.

Эҳтимол, мураббийнинг бу гапи беш-ўн йил олдинги футболга жуда мос келар, лекин ҳозир кўряпмизки, ҳеч ким рақибдан қандай қаршилик кутишни пойлаб ҳаракат қилаётгани йўқ. Айниқса юқори мақсадни кўзлайдиган жамоалар. Кучли жамоалар рақибнинг ўйинига қараб мослашмаяпти, балки майдонга чиқиб ўз ўйинини намойиш этяпти.

Масалан, Саудия Арабистони ҳақида "Саудовская Аравия играет так, как позволяет соперник" дея оламизми? Йўқ. Улар майдонга чиқиб ўз ўйинини намойиш этяпти, футболчилар мураббий кўрсатмасини бажаряпти. Шундай экан, терма жамоамиз бош мураббийига нисбатан ҳурматни сақлаган ҳолда Абрамовнинг бу гапи эскирди, ҳозир футбол бошқача кўриниш олган деган фикрдамиз. Бугунги футболга кўпроқ "Каждый команда играет так, как готовит тренер" деган гап кўпроқ тўғри келади.
 
Футболчилар ҳақида
Одатда футболчилар ҳақида кўп гапирмайман, бўлиб ҳам терма жамоага чақирилганлар бўйича. Чунки мен учун бирламчи ўринда кимларнинг ҳаракат қилиши эмас, балки қандай ўйин кўрсатишимиз ва мураббий жамоани ўйинга қай тарзда тайёрлаши. Шу боис фалончи ортиқча бўлди, пистончини олиб кетмаслик керак эди деган гаплардан йироқман.

Терма жамоанинг ўз мураббийи бор ва кимларни чақиришни у ҳал қилади. Бизнинг ишимиз эса ўйинни кўриб, шунга яраша фикр билдириш. Мен бир нарсага ишонаман: зўр ўйнаб турган футболчидан фойдалана олмайдиган ҳам, ўйини қовушмаган футболчини ўйнаттириб юборадиган ҳам мураббий.

Замонавий футболда мураббийлар биринчи планга чиқиб бўлди. Фақат зукко мураббийларгина бугунги футболда ютиб кетяпти. Терма жамоа ўйинларини кўрар эканмиз, қўлга киритилган иккита ғалабадан ташқари мураббий жамоани қандай тайёрлади экан, машғулотларда нимани ўргатяпти каби саволлар юзага келади. Қўлга киритилган 6 очко футболчиларники, уларга майдонга чиқиб меҳнат қилаётгани учун раҳмат.

Математика бошга битган баломи? 
Менимча, ҳеч қайси миллат футбол математикаси билан бизчалик шуғулланмаса керак. Биз шундай мухлисмиз, керак бўлса ЖЧ саралашдаги барча 8та гуруҳни кузатиб борамиз, фалончи очко йўқотса ундай бўлади, биз ютсак бундай бўлади, бешинчи ўриндаги жамоалар билан очколар минус бўлса, мана бундай бўлади. Тахминлар ва фаразлар таҳлилдан ортиб кетади.

Бу ўринда кўп жиҳатдан Австралияга ҳавасим келади. Қувайтга келди, кайфияти зўр, ўртоқлик учрашуви ўтказмади ҳам, майдонга тушиб ўз ўйинини кўрсатишга тушди. Қувайтни 3:0, Хитой Тайпейини 5:1, Непални 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, охирги турга қолмай масалани ҳал қилди: биринчи ўрин билан кейинги босқичга чиқди.

Мана, кучли жамоалар қанақа бўлиши керак. Ўз ўйинини ютиб, биров билан иши бўлмайди. Бизда эса нуқул бошқача. Футбол бир четда қолиб математикага шўнғиб кетамиз. Бошқа гуруҳларни тинмай ҳисоб-китоб қиламиз. Имкониятларни чамалаймиз, лекин кучимиз Саудия Арабистонига етадими деган савол берилса, ўйланиб қоламиз. Математикадан қочишнинг битта йўли қолди: охирги турда Саудия Арабистонини ютайлик, шу билан масала ҳал.
 
Муаллиф: Xayrulla Xoliqov




Мавзуга оид янгиликлар
  • ЦСКА Аббосбек Файзуллаев гол урган ўйинда “Балтика”ни ишончли ҳисобда мағлуб этди 17 апр, 00:04 0
  • Италия футболини ёритувчи L'Unione Sarda нашри: “Бу иккисидан эҳтиёт бўлинг” 16 апр, 20:35 211
  • Малайзия бош мураббийи: "Ўзбекистонни ютиш учун энг зўр ўйинимизни намойиш этишимиз шарт" 16 апр, 20:20 88
  • U-23 Осиё кубоги. Тимур Кападзе: "Ҳар бир жамоа мусобақани ғалаба билан бошлашни истайди" 16 апр, 19:56 99
  • Шомуродовнинг охирги голи жамоадошини рекордчига айлантирди 16 апр, 19:40 269
  • "Андижон"нинг тоза голи инобатга олинмаган, "Насаф" тепган пенальти нотўғри, лекин ... 16 апр, 19:13 198
  • Сўнгги янгиликлар
  • Ню-Йоркда Доналд Трамп устидан жиноий суд жараёни бошланди 16 апр, 23:59 2
  • Соч тўкилишини бартараф этадиган 8 та маҳсулот 16 апр, 23:07 21
  • Қарши тумани прокуратураси терговчиси пора олаётганда ушланди 16 апр, 22:45 70
  • 1 майдан электр энергияси ва табиий газ тарифлари ўзгаради 16 апр, 22:16 65
  • Эрон-Исроил можароси: сиёсатшунослар қандай фикрда? 16 апр, 21:50 51
  • Олимлар кексаликда ҳам ақл-идрокни сақлаб қолишнинг оддий усулларини аниқлади 16 апр, 21:24 37
  • Шавкат Мирзиёев 12 ҳудудда оқсаётган жараён ҳақида гапирди 16 апр, 21:00 110
  • Италия футболини ёритувчи L'Unione Sarda нашри: “Бу иккисидан эҳтиёт бўлинг” 16 апр, 20:35 211
  • Малайзия бош мураббийи: "Ўзбекистонни ютиш учун энг зўр ўйинимизни намойиш этишимиз шарт" 16 апр, 20:20 88
  • U-23 Осиё кубоги. Тимур Кападзе: "Ҳар бир жамоа мусобақани ғалаба билан бошлашни истайди" 16 апр, 19:56 99
  • Шомуродовнинг охирги голи жамоадошини рекордчига айлантирди 16 апр, 19:40 269
  • "Андижон"нинг тоза голи инобатга олинмаган, "Насаф" тепган пенальти нотўғри, лекин ... 16 апр, 19:13 198
  • Бўлимлар