«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 18 2024, 18:56
ЎЗO‘Z

Каримов ва Мирзиёев сиёсати, грин карта ва АҚШ визаси муаммолари... Америка элчиси билан интервью

11 мая, 20:10 3 816 Жамият
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Каримов ва Мирзиёев сиёсати, грин карта ва АҚШ визаси муаммолари... Америка элчиси билан интервью
Фото: «Xabar.uz»
«Xabar.uz» сайти Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги фавқулотда ва мухтор элчиси жаноб Дэниел Розенблюм билан интервью уюштирди.

— Ассалому алайкум, жаноб элчи. Биз билан учрашишга рози бўлганингиз учун ташаккур.
— Энг аввало, бугунги суҳбатни уюштирганингиз учун сизга раҳмат. Сиз билан учрашиб, саволларингизга жавоб беришдан мамнунман.

— 35 йиллик иш тажрибасига эгасиз. Бу даврда кўплаб давлатларнинг ривожланиш жараёнларини кузатгансиз. Ўзбекистоннинг янги даври рамзий маънода иккига бўлинади: Каримов президентлигидаги мустақилликнинг дастлабки 25 йили ва ундан кейинги давр. Сизнингча, бугунги кунда Ўзбекистонда нималар ўзгарган?
— Ўйлайманки, биринчи даврга қараганда президент Мирзиеёв баъзи нарсаларни сезиларли даражада ўзгартирди. Биринчи навбатда, ташқи сиёсатдаги муносабатларни эътироф этишимиз лозим. «Яхши қўшничилик биринчи ўринда» деган сиёсат бунинг яққол намунасидир. Ўзбекистонда қўшнилар билан алоқаларни мустаҳкамлашга эътибор устувор вазифа сифатида белгиланди. Мисол учун, яқиндагина Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегара ҳудудларини демаркация қилиш масаласи ёки икки мамлакат халқларини боғловчи янги йўлларнинг очилиши ва ҳоказо.

Яна савдо-сотиқнинг ривожланиши, мураккаб масалаларни ҳал қилиш, аввалги муаммоларни ислоҳ қилиш, чегаралараро сув муаммосини ечиш ҳам сўнгги пайтларда жадаллашди. Президент Мирзиёев шу маънода ташқи сиёсатда муҳим ўзгаришлар қилди. Ички сиёсат, иқтисод, ижтимоий соҳа, сиёсий масалаларда ҳам катта мақсадли ислоҳотларга қўл урилди.

Шавкат Мирзиёевнинг иқтисодни модернизациялаштириши, фуқаролар ва ҳукумат ўртасидаги муносабатни ўзгартиришга оид ислоҳотлари ҳам эътирофга сазовордир. Унинг «аҳоли ҳаётини яхшилаш учун халқ давлатга эмас, давлат халққа хизмат қилиши керак», деган гаплари ҳам менда шахсан қизиқиш уйғотди. Бу борада муносабат ва ўзаро алоқа ўзгармоқда. Албатта, бу ташаббусларнинг ҳаммаси ҳам ҳали муваффақиятли бўлмаётганини давлат раҳбарининг ўзи ҳам тан олаяпти, аммо ислоҳотлар жараёни давом этмоқда. Ўзбекистон тарихидаги аввалги даврларга қараганда ўзгаришлар ана шуларда кўринади.  

— Сизнингча, Каримов диктатор эдими?
— Унинг (Ислом Каримов назарда тутиляпти – таҳрир) бошқарув усули президент Мирзиёевникидан бошқача эди. Каримов давридаги тузумнинг ташқи сиёсат ҳамда давлат ва фуқаролар ўртасидаги муносабат масаласида бошқача ёндашув мавжуд эди. Шахсан камина АҚШ ҳукумати вакили сифатида муносабатларимиз тарихида ўзаро муштарак манфаатларни ҳатто президент Каримов даврида ҳам топа олганмиз. Аммо бир қатор умумий манфаатлар ва уларни юқори босиқчга кўтариш салоҳияти ўтган тўрт йил давомида сезиларли даражада ўсди.

— Америка Қўшма Штатлари ўзини бутун дунё бўйлаб демократияни тарғиб қилувчи давлат сифатида кўрсатади, аммо «The Economist Intelligence Unit»нинг демократия индексида АҚШ тўлиқ демократик мамлакат сифатида тан олинмаган ва у 25-ўринни эгаллаб турибди. АҚШ нега бундай поғонада қолмоқда? Ўзбекистондаги демократияни қандай баҳолайсиз?
— Саволингизнинг АҚШга тааллуқли биринчи қисмига аввал жавоб берсам: таъкидлаганимдек, биз ҳамиша демократия жараёнига эволюция сифатида қараганмиз.

Демократиянинг кўзлаган охирги манзили йўқ: сиз ҳар доим уни ривожлантириш ва камолотга етказиш учун меҳнат қиласиз. Конституциямизни ёзганларнинг айтишига қараганда, улар комил иттифоқ тузиш учун демократияни янада комилроқ қилишга уринишган, аммо у ҳеч қачон тамоман комил бўлмаслигини англашган.

Биз доим ўз демократиямизни такомиллаштириб борамиз. Ноябрь ойида сайланганидан буён президент Байден тез-тез такрорлаётганидек, у Америка демократиясини мамлакат ичида мустаҳкамлашни ўзининг устувор вазифаларидан бири деб билади. Жаноб Байден мамлакат ичидаги демократияга асосий эътиборни қаратиш керак, деб ҳисоблайди. Сиз айтаётган специфик кўрсаткичлар ҳақида кўп ҳам маълумотга эмасман, аммо мен биз ҳамиша демократиямизни ривожлантириб боришимиз кераклигини эътироф этаман.

Ўзбекистон ва унинг демократияси ҳақида гапирадиган бўлсам, менимча, мамлакат ўз эволюцияси, ўз йўналиши бўйича бормоқда. Юқори доираларда, шу жумладан, президент Мирзиёев эътироф этаётгани каби, ҳали бу борада кўп ишлар қилиниши лозим. Биз ҳукумат ва фуқаролик жамияти гуруҳлари ҳамда ННТлар билан демократия соҳасидаги баъзи исоҳотлар бўйича биргаликда ишлаш имконига эга бўлганимиздан хурсандмиз. Ишонаманки, бу йўлда олдинга силжишлар ва ўсиш бўлди, аммо ҳали бу борада қиладиган ишларимиз кўп. Мен ўзбек мулозимлари ҳам айтаётган нарсаларни қайтаряпман.   

— 2020 йил 3 ноябрда, оғир пандемия шароитида АҚШда президент сайловлари бўлиб ўтди. Ноябрь ойидаги сайловлардан сўнг турли хил тартибсизликлар бошланди. Сизнингча, бундай намойишлар сўз эркинлигими ёки…
— Сўз эркинлиги ва ўз фикрини билдирган ҳолда тинч намойишга чиқиш ҳуқуқи исталган демократик жамиятнинг асосий принципларидан саналади. Бироқ, зўравонлик ва куч ишлатишни қабул қилиб бўлмайди ва у қонунга хилофдир. Бу АҚШда ҳам, Ўзбекистонда ҳам шундай.

Баъзан одамлар бу борадаги чегара қаерда эканини билишга қийналишади, яъни ўз фикрингизни билдириш қандайдир ноқонуний нарсани келтириб чиқариши мумкинлигини ҳисобга олишмайди. АҚШда бу борада анча аниқ мезонлар белгилаб қўйилган. Сиз ифода этаётган нарса одамларнинг мулкига тажовуз қилмаса ё жамиятда тартибсизлик келтириб чиқармаса, бундай сўз эркинлиги ҳимоя қилинади. Аммо ўша чегара босиб ўтилса, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари чора кўришига тўғри келади.

Шу нарса 6 январдаги исёнларда, яъни Капитолийга қилинган ҳужумларда кўзга ташландики, у сўз эркинлигини намойиш қилиш эмасди. Балки хабарингиз бордир, унда иштирок этган одамларнинг кўпи ҳибсга олинди, жавобгарликка тортилди. Баъзиларига кўп муддатли қамоқ жазоси тайинланди, чунки бу сўз эркинлиги эмасди.

— Жозеф Байденнинг президентлиги бошланганига кўп бўлмади. Янги президент даврида АҚШ-Ўзбекистон муносабатларида қандай ўзгаришлар кутилмоқда?
— Шу кунларда бу саволни менга жуда кўп беришмоқда. Кўпчилик Байден маъмурияти пайтида қандайдир ўзгаришлар бўладими, деб қизиқмоқда.

Мен ўзаро муносабатларимизда катта ўзгаришлар бўлади, деб ўйламайман. Меҳнат фаолиятим давомида бир неча президентлик даврини кўрганман. Давлат департаментидаги фаолиятимни 90-йилларда, президент Клинтон даврида бошлаганман. Сўнг президент Буш, Обама, Трамп ва мана энди Байден даврида ҳам ишлаяпман. Марказий Осиё ва Евроосиёнинг бошқа қисмларида АҚШ сиёсати ўша барча президентлик даврларида изчил бўлган. Бу минтақа давлатлари, жумладан, Ўзбекистон суверенитетини қўллаб-қувватлаш сиёсати, давлатлар, жумладан, Ўзбекистон мустақиллигини, барқарорлигини мустаҳкамлаш, минтақада фаровонликка эришиш... ва бу қарийб 30 йилдан буён давом этмоқда.

Президент Байден даврида бу ишлар яна ўшандай давом этади, деб ўйлайман. Унинг маъмурияти иқлим ўзгаришларига усутвор вазифа деб қарамоқда. Бу — Ўзбекистон билан мулоқотимизнинг ҳам бир қисми бўлади, деган фикрдаман.

— Сизнинг Ўзбекистондаги элчилик миссиянгиз АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп даврида бошланганини биламиз. Янги президент маъмурияти ҳам сизга ишонч билдиришда давом этадими?
— Камина мартабадаги ходимлар қаторида тураман, яъни давлат департаменти ходимиман. У ерда қарийб 25 йилдан буён ишламоқдаман. Давлат департаменти ходими бўлган элчилардан маъмурият ўзгарганда ҳам деярли доим ўз лавозимларида қолишлари сўралади. Ҳа, 99 фоиз ҳолларда шундай. Президент Байден январь ойида лавозимга ўтирганидан буён шуни кўрмоқдаманки, мендан ҳам элчиликда қолиш сўралади, буни сўрашди ҳам. Ўйлайманки, маъмурият ўзгаргани билан бу ердаги лавозимим ўзгармайди.

— Ўзбекистон Green Card ёки «Diversity Immigrant Visa» дастурига даъвогарлар сони бўйича Ганадан кейин иккинчи ўринда туради. Шунингдек, ўзбеклар АҚШ виза дастурига ўқиш, ишлаш ва саёҳат учун кўп мурожаат қилишади. Аммо виза учун аризаларнинг 65-70 фоизи рад этилишини эшитганмиз. Бунинг асосий сабаби нима?
— Саволингизнинг биринчи қисми бўйича жавоб берадиган бўлсам, мен бу ерда одамларнинг грин карта ўйнашга қизиқиши юқори бўлишига нима сабаб экани ҳақида тахминий гап айтмаган бўлардим.

Бутун дунё бўйлаб одамлар грин картага ҳужжат топширишади. Бу саволни балки ўзбекистонликлардан сўраш керакдир.
Саволнинг иккинчи қисми, яъни виза сўровномаларига рад жавоб берилиши ҳақида шуни айтишим мумкинки, виза тизимида виза олган кишиларнинг қанча фоизи муддат тугаганидан кейин ҳам АҚШда қолиб кетганига эътибор қаратади.

Бошқача қилиб айтганда, мисол учун, «Work and Study» махсус дастури бўйича 3 ойлик виза билан Америкага кетган кишилар муддат ўтгандан сўнг ҳам у ерда қолиб кетади, яъни виза муддатини ўтказиб юборишади. Афсуски, АҚШга бораётган ўзбекистонликлар билан боғлиқ бундай кўрсаткич дунёдаги ўртача кўрсаткичдан юқорироқ.

Очиғини айтганда, визага ариза берувчиларнинг виза олишда мушкулликларга йўлиқаётганининг асосий сабаби ана шунда. Бу, албатта, кейинги пайтларда визани рад этиш кўрсаткичи ҳам анчагина юқори бўлишига олиб келмоқда.

Ўтган йилда эса пандемия туфайли виза олиш имкони кўп бўлмади, аммо 2020 йилдан аввал визани рад этиш кўрсаткичи юқори эди ва биз одамлар виза тугагач, уйларига қайтмасликларидан хавотирдамиз. Ўйлайманки, вақт ўтиши билан бу нарсалар ўзгаради.

— Ўзбекистонликлар орасида АҚШ виза бериш жараёнида даъвогарнинг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларини текширади деган миш-мишлар бор. Бу қай даражада ҳақиқат?
— АҚШ Давлат департаменти иммиграцион визага даъвогарларнинг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлари, хавфсизликни текшириш жараёнининг бир қисми сифатида, шунингдек, ноиммигрант тоифалар (талаба, турист, алмашув дастури) учун баъзи визага мурожаат этувчиларнинг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлари тўғрисидаги маълумотларни тўплайди.

— АҚШ ва Ўзбекистон таълим тизимлари ўртасида қандай ҳамкорликлар кўзда тутилмоқда? Иқтисодий соҳада-чи?
— Сиз ҳамкорлигимизда жуда муҳим бўлган икки соҳани айтиб ўтдингиз. Энг аввало, иқтисодий соҳадаги муносабат ва ҳамкорлигимиз. Пандемиядан илгари биз мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро савдо алоқаларимизда жуда катта ўсиш бўлганини кузатдик.
Менимча, 2018-2019 йилларда ўзаро савдо икки баравардан кўпроққа ўсди. Агар пандемия бўлмаганида, янада ўсишда давом этган бўларди.

Иқтисод соҳасида кўп истиқболлар мавжудлигини кўраман. Биз америкалик компаниялар бу ердаги имкониятлар ҳақида етарли маълумот олишига ҳаракат қиляпмиз. Қатор вазирликлар, жумладан, Инвестиция ва савдо вазирлиги ва бошқалар билан, шунингдек маҳаллий компаниялар билан бирга фаолият олиб бордик. Албатта, ҳали Америка компаниялари бу ерга оқиб келишига эришганимизча йўқ, аммо муваффақиятли бизнес қилаётганлари ҳам йўқ эмас.

Бир пайтнинг ўзида биз президентнинг иқтисодга оид ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлаяпмиз. Масалан, Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигида бизнинг бир маслаҳатчимиз бўлиб, у Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига берадиган аризаси бўйича кўмаклашмоқда. Ҳукуматнинг мақсади ҳам ЖСТга қўшилиш ва бу йўлда техник кўмак кўрсатмоқдамиз.

Молия вазирлигида ҳам бизнинг маслаҳатчимиз мавжуд. У бюджет ва солиқ масалалари бўйича экспертлик маслаҳатини бериб бормоқда. Биз бу ердаги иқтисод янада очиқ, янада бизнес қилишга осон ва халқаро савдо андозаларига жавоб берадиган бўлишига тилакдошмиз.

Агар ислоҳотлар муваффақиятли давом этса, янада кўпроқ компаниялар бу ерга келиб, бизнес фаолияти билан шуғулланишлари мумкин. Америка компаниялари маълум бир нарсаларга, муҳитга, масалан, қонун устуворлигига, мунозаралар адолатли ҳал этилишига эътибор қаратишади.

Сиз эслатган яна бир ҳамкорлик соҳаси бу – таълим тизимидир. Биз Халқ таълими вазирлиги, Олий таълим вазирлиги билан ўзаро яқин муносабатларни йўлга қўйганмиз.

Ҳозир уларнинг ҳаммасини санаб ўтирмайман, аммо ҳамкорликдаги баъзи лойиҳаларни айтиб ўтмоқчиман. Хусусан, «English Speaking Countries» ташаббусини қўллаб-қувватламоқдамиз. Унинг мақсади шуки, мактабни тамомлаётган битирувчилар инглиз тилини чуқур ўзлаштирган бўлишлари керак. Бу биринчи синфдан битирувчи синфгача қамраб олган бўлади.

Экспертларимиз кўмагида инглиз тили ўқитувчиларига энг янги ўқитиш услубларини ўргатиш, замонавий қўлланма ва материаллар билан таъминлаш устида ишлаяпмиз. Бу ташаббуснинг яна бир қисми шуки, биз америкалик инглиз тили ўқитувчиларини бевосита Ўзбекистонда ишлашлари учун олиб келмоқдамиз. Январь ойида 27 нафар ўқитувчи келганди ва ҳозир улар бутун мамлакат бўйлаб яшаб, меҳнат қилмоқда.

Бир неча ҳафта аввал мен уларнинг уч нафарини Қарши шаҳрида учратдим. Улар бу шаҳарда кейинги йилгача қолишади.
Таълим соҳасида яна бошқа кўплаб лойиҳаларимиз ҳақида ҳам кўп гапиришим мумкин, шу жумладан, ахборот технологиялари, ўқиш ва математика йўналишларида. АҚШ таълим соҳасида кўп нарсани таклиф қила олади. Йиллар давомида биз катта тажриба тўплаганмиз, ана шуларнинг баъзиларини Ўзбекистон билан бўлиша оламиз, деб ўйлайман. Яна бир сабаб шуки, мамлакат келажаги учун таълимга қўйиладиган сармоядан яхшироқ нарса йўқ. Президент ва ҳукуматдаги бошқа мулозимлар бу нарсани эътироф этишмоқда ва бу мақсад йўлида кўмак бера олишимиздан мамнунмиз.   

— Иқтисодий соҳадаги ҳамкорлигимиз ҳақида яна нималар дея оласиз?
— Иқтисодий ҳамкорлигимиз ҳақида олдинроқ ҳам гапириб ўтдим. Албатта, иқтисод бизнинг ҳамкорлигимиздаги устувор соҳалардан бири. У Ўзбекистон келажаги учун ўта зарур бўлгани учун ҳам муҳимдир. Шунингдек, АҚШнинг бунда манфаати бор, яъни агар америкалик компаниялар келиб, бу ерда товарларини сотса ё сармоя киритса, бунинг натижасида Америкада ҳам иш ўринлари яратилади. Шу маънода биз иқтисодий ҳамкорликда фойда мавжудлигини кўрамиз. Албатта, бу ягона ва энг муҳим устувор масала эмас, балки ҳамкорлигимиздаги муҳим масаларнинг бир бўлагидир. 

— Ўзбекистон бошқа Марказий Осиё давлатларига нисбатан АҚШ учун қандай стратегик аҳамиятга эга?
Мен мамлакатларни солиштиришни ёқтирмайман. Бошқа мамлакатларда элчи бўлиб ишлаётган ҳамкасбларимни ташвишга солишни истамайман. Ўзбекистондаги АҚШ элчиси сифатида айтишим мумкинки, Ўзбекистон минтақадаги муҳим давлатдир. Жиддий айтсам, Ўзбекистон АҚШ учун муҳим мамлакат саналади. Бунга ҳеч бўлмаганда учта сабабни келтиришим мумкин:
— Билишимизча, сиз советшунослик бўйича ҳам мутахассис ҳисобланасиз. Бошқа собиқ иттифоқ давлатлари орасида Ўзбекистон қандай имкониятларга эга эди ва бугунги кунда улардан қандай фойдаланган?
— Ўзбекистон ҳар доим уникал имкониятларга эга бўлган. Бунга унинг жойлашиш ўрни, табиий бойликлари ҳам сабаб. У Марказий Осиё марказида жойлашган, бошқа қўшни мамлакатлар, жумладан Афғонистон билан чегарадош. Унинг ҳудуди катта, бой ресурлари, минерал бойликлари, нефти, гази ва бошқа табиий ресурлари мавжуд. Аммо, энг муҳими инсон ресури, десам адашмайман.

Мамлакат аҳолиси саводли, бой маданият ва чуқур анъналарга эга, тарих давомида қатор ютуқларга эришган. Ишонаманки, ҳозир аввалгидан ҳам кўра каттароқ имкониятлар мавжуд. Бу ердаги ёшлар сони жуд кўп. Статистика қарасак, аҳолининг 64 фоизи 30 ёшдан ёш. Бу ўзига хос муаммоларни ҳам келтириб чиқаради. Ўзбекистон уларни иш билан таъминлаши, ўқитиши, таълимга алоҳида урғу бериши керак. Ёшларнинг салоҳияти ва билимлари ижобий нарсаларга айланиши мумкин. Масалан, Ўзбекистон тараққиёти учун янги бизнеслар, стартаплар очиш, ахборот технологиялари бўйича ишлаш каби соҳаларда ёшларнинг улуши катта бўлиши лозим. Менимча, биз тилга олган ислоҳотлар муваффақиятли бўлса, Ўзбекистоннинг келажаги ёрқин бўлади.

— Хабарингиз бор, 2021 йилнинг октябр ойида Ўзбекистонда президент сайловлари бўлиб ўтади. Сиз илгари ҳам Ўзбекистонда бўлиб ўтган сайловлардан бирига гувоҳ бўлгансиз.
— Сайловлар эркин, адолатли ва рақобатдош бўлиши чиндан демократик жамият белгиларидан саналади. Демократия ҳамиша ривожланиб турадиган жараён, эволюция, ва сайловлар унинг муҳим бир қисмидир. У орқали халқлар ўз раҳбарларини сайлайдилар.

Сайловлар адолатли ташкил этилиши, унда рақобатлашмоқчи бўлганларга имкон ва барча шароитлар бўлиши жуда муҳим. Агар кимдир сиёсий партия тузмоқчи бўлса, унинг йўлига қўйиладиган тўсиқлар бўлмаслиги керак.

Шуни биламанки, келаётган сайловларда Ўзбекистонда халқаро ҳамжамият ҳам иштирок этади. АҚШ ЕХҲТ мониторинг ишида қатнашади ва сайловларни яқиндан кузатиб боради. Биз Марказий сайлов комиссиясига сайловларни ўтказишда техник кўмак бериш ниятидамиз ва жараённи яқиндан кузатиб борамиз. Демократия бир эволюция демакдир ва у тўғри йўналишга эга бўлмоғи муҳимдир. Биз буни Ўзбекистондан кутиб қоламиз.

Юқорида таълим ҳақидаги саволингизга жавоб беришда бир нарсани унутибман. Икки ҳафта аввал Қашқадарёга бордим (менимча, у сиз туғилган маскан, шундайми?), у ерга биринчи ташрифим эди. Менга жуда ёқди. Биз у ерда «Америка бурчаги» ташкил этдик. У «Баркамол авлод» марказида жойлашган. У ерга ёшлар, катталар бориб, АҚШ ҳақида маълумот олишлари, Америкада ўқиш имкониятларини билиб олишлари ва инглиз тили ўрганишлари мумкин. Мен ўша марказни очишдан жуда хурсанд бўлдим. Биз Ўзбекистон бўйлаб шунга ўхшаш яна 6 та марказ очиш ниятидамиз.

— Суҳбат учун раҳмат! Соғ бўлинг!         
— Ташаккур.
Санжар Машриқий суҳбатлашди




Мавзуга оид янгиликлар
  • Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида иттифоқчилик муносабатлари ўрнатилди 18 апр, 17:40 6
  • Тошкентда дарахтга қасд қилган «маскалилар» қўлга олинди 18 апр, 17:23 14
  • Жиноий иш қўзғатилгач келишувга эришилди 18 апр, 16:48 41
  • Ўзбекистонда зилзилага тайёргарлик кучайтирилади 18 апр, 13:24 106
  • Сирдарёда бюджетга жуда кўп миқдорда зарар етказган майнинг ферма аниқланди 18 апр, 11:33 56
  • «Права» расмийлаштириб беришини айтиб, фуқароларни чув тушириб келган шахс ушланди 18 апр, 08:34 37
  • Сўнгги янгиликлар
  • Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида иттифоқчилик муносабатлари ўрнатилди 18 апр, 17:40 6
  • Тошкентда дарахтга қасд қилган «маскалилар» қўлга олинди 18 апр, 17:23 14
  • Гвардиола: «Ман Сити» бугун ҳар томонлама ажойиб эди» 18 апр, 17:07 13
  • Жиноий иш қўзғатилгач келишувга эришилди 18 апр, 16:48 40
  • Шифокор тавсиясисиз қабул қилиб бўлмайдиган 3 хил витамин 18 апр, 16:23 34
  • Қозоғистонда сув тошқинлари оқибатида 7 киши ҳалок бўлди 18 апр, 16:00 46
  • G7 вазирлари Украина ва Яқин Шарқдаги урушларни муҳокама қилди 18 апр, 15:35 29
  • Ўзбекистонлик спортчи финал йўлланмасини қўлга киритди 18 апр, 15:18 33
  • «Қасри Миллат»да тор доирада учрашув ўтказилди 18 апр, 15:01 88
  • Шавкат Мирзиёевни Душанбе аэропортида мамлакат раҳбари Эмомали Раҳмон кутиб олди 18 апр, 14:58 52
  • 2018 йилда ўлдига чиқарилган миллиардер тирик бўлиши мумкин 18 апр, 14:55 151
  • Ҳиндистонни ривожлантириш стратегияси сунъий интеллект ёрдамида яратилди 18 апр, 13:45 33
  • Бўлимлар