«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 26 2024, 06:13
ЎЗO‘Z

Борлиқни савол устига қўйган фильм. «Матрица» трилогияси ҳақида

31 мар, 16:56 2 455 Маданият
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Борлиқни савол устига қўйган фильм. «Матрица» трилогияси ҳақида Март ойининг охирги куни киберпанк жанридаги энг машҳур фильм «Матрица» катта экранларга чиққан эди. Сана муносабати билан «Дарё» колумнисти Фаррух Адҳамжонов ушбу кино ҳақида ҳикоя қилади.

Кино ҳақида
«Матрица» фильми бундан 22 йил аввал, 1999 йил 31 март куни катта экранларга чиқарилган эди. Фильм ака-ука Вачовскилар томонидан антиутопик келажак ҳақида фалсафа, айниқса, метафизик ёндашувни, эволюцион психология ва ижтимоий воқеликни турли талқинлар ёрдамида акс эттирувчи сценарий асосида суратга олинган. «Матрица» фильмининг култ классикага айланишига ундаги ажойиб инқилобий ғоялар ва замонавий визуал эффектлар ёрдамида яралган жанг саҳналари сабаб бўлган. Фильм кўплаб рейтингларда барча даврларнинг энг зўр фильмлари қаторида алоҳида эътироф этилади, IMDb платформасида эса ҳозирда Топ-15 энг юқори баҳоланган кинолар сафидан жой олган.

Фильмда бош ролларни Киану Ривз (Томас Андерсон), Лоуренс Фишборн (Морфеус), Керри-Энн Мосс (Тринити) ва Ҳюго Уивинг (агент Смит) ижро этишган.

Сюжет
Томас Андерсон икки хил ҳаёт кечиради: кундузи у программист, кечаси эса хакер «Нео». Одатий кунларнинг бирида у «Сен Матрицадасан» хабарини олади ва оқ қуён ортидан эргашиш кераклигини эшитади. Яширин клубда у оқ қуён тасвири туширилган татуировкали Тринитини учратганида, унга матрицанинг сирларини ва Морфеус ҳақида айтиб бермоқчи бўлади. Матрицанинг ҳимоя тизими ҳисобланган агентлар эса уларни кузатишни бошлайди ва Неони сўроқ остига олади. Воқеликка нисбатан шубҳа билан қарашни бошлаган Нео Морфеус билан учрашади.

Морфеус унга иккита дорини таклиф қилади: кўк ва қизил. Нео кўкни танласа, эртасига ўз хонасида ҳамма нарсани унутган ҳолда уйғонади; қизилни танласа эса асл воқеликка гувоҳ бўлади. Қизил дорини танлаган Нео ҳақиқий дунё қай даражада даҳшатли аҳволга келиб қолганини кўради ва Матрицага қарши курашиш учун «танланган» қаҳрамон сифатида Морфеус ва унинг жамоаси билан машғулотлар олиб боради. Шундай вазиятларнинг бирида Морфеусни агент Смит қўлга туширади, Нео ва Тринити уни қутқариш учун Матрицага йўл олишади.

Бу иш муваффақиятли амалга оширилгач, улар ортга қайтишни бошлайди, лекин Нео Матрицада ёлғиз қолиб кетади. Неонинг ортидан тушган агентлар уни отиб «ўлдиришади». Нео ўзининг «танланган» эканини ҳис қилгач, Матрицадаги қонуниятларни ўзига бўйсундиришни бошлайди. Табиий қонуният ва инсон қобилиятларига чеклов бўлмаган Матрицада Нео суперқаҳрамонлардай ҳаракатланади, фильм сўнгида эса бош қаҳрамон одамларга Матрица ва улар яшаётган дунё ҳақиқий эмаслиги ҳақида айтишини таъкидлайди.

Фото: Google Photos
Таҳлил
«Матрица» фильми, шубҳасиз, ўзидаги инқилобий ғоялар, ажойиб жанг саҳналари ва турли ёндашувларга очиқлиги билан алоҳида ажраб туради. Фильмнинг асосий мазмунидаги талқинлар эса қуйидагилар ҳисобланади:

Афлотун (Платон) яратган «Ғор аллегорияси»
(Қисқача: Агар одамлар ғорда қуёшни кўролмайдиган қилиб занжирланган бўлса ва борлиқни фақат соялари орқали қабул қилса, улар сояни ҳақиқий деб билиб, қуёшни инкор этишади)

«Матрица» фильмидаги дунё ҳам «Ғор аллегорияси» каби ҳақиқатни кўрмаётган одамларни иллюзия остида яшаётганини кўрсатган. «Ғор»дан ёки Матрицадан, чиққан Нео ҳақиқий дунё симуляциядан ташқарида эканини, одамлар борлиқ деб қабул қилган тушунча хато эканини исботлаш учун фильм сўнгида ортга қайтишини айтади. «Ғор аллегорияси»да ҳам ҳақиқий дунёни кўриб ғорга қайтган инсоннинг гапларига ғордагилар ишонмаганидай, Матрицада ҳам Неони бир хил қисмат кутади. Инсонларнинг ўзи учун янгиликларни қабул қила олмаслигини ёки бундан қўрқишларини кўрсатган аллегория – фильмнинг марказий ғояси ҳисобланади.

Рене Декартнинг «Биринчи фалсафа ҳақида фикрлаш» ғояси
(Қисқача: ҳақиқий дунёда яшаётганимизни қандай қилиб билиш мумкинлиги ҳақида)

Файласуф айтганидай (cогито эрго сум), борлиқнинг субъектлари тўлиғича иллюзиядан ташкил топмаганини билишнинг ягона йўли фикрлаш эканини фильм ҳам Нео орқали кўрсатиб берган. Ўз оламига бўлган ишончини йўқотган Нео Морфеус билан кўришишга рози бўлган ва қизил дорини ичган эди. Фильм режиссёрлари ҳам «Инсон ўзи яшаётган дунёни савол устига қўяётган экан, демак, у симуляцияда эмас» деб таъкидлаб ўтган эди.

Роберт Нозикнинг «Тажриба машинаси»
(Қисқача: азоб олиб келадиган ҳақиқий дунёда ёки фақат роҳат олиб келадиган машина (симуляция)да яшашдан бирини танлаш)

Дунёни борлигича қабул қилиш, худди ҳақиқатни қабул қилишдай жуда ҳам оғир ва азобли жараён. Фильмда ҳам қаҳрамонларнинг икки танлови мавжуд бўлади: ёки ҳақиқий, лекин азобли дунёда яшаш, ёки ўзлари истаганки нарсага эриша оладиган, лекин симуляция ичидаги, иллюзияни танлаш. Матрица ичида ростан ҳам яшаётганини ҳис қилмаётган Нео қизил дори орқали ҳақиқий дунёга қайтади. Азалдан ҳақиқий дунёда яшаётган Сайфер эса агент Смит билан келишув амалга ошириб, Матрицага қайтишни режа қилган эди. Фильмда икки қаҳрамоннинг ўзаро тескари солиштирилиши Нозик яратган чуқур фалсафий саволга аниқ бир жавоб мавжуд эмаслигини кўрсатган.

Иммануил Кантнинг мустақил шахслар ҳақидаги ўйлари
Кант инсон борлиқни сунъий воситалар, мисол тил билан қабул қилиши, атрофдагиларнинг таъсири кучли эканини айтган эди. Фильмда ҳам одамлар борлиқ ҳақидаги барча тушунчаларини Матрица ёки ундаги одамлардан қабул қилар эди. Ижтимоий тузилманинг якка система томонидан тузилиши уни инкор қилишга заррача имкон қолдирмайди. Инсонлар бор ҳақиқатни билиши учун эса ўзлари билмаган нарсаларни қабул қилишга очиқ туриши кераклиги айтилган.

Фильм одатий кўринишда кўплаб ижтимоий муаммоларни ҳам қамраб олган. 20-аср охирларида ривожланган давлатларда кузатилаётган воркохолик одат, одамлар барча маълумотларни фақатгина телевизор орқали қабул қилишлари, ортиқча тижорийлаштирилган ва стандартлар қўйилган дунёни фильм ўз аллегориясида чуқур танқид остига олган. Ўтган аср охиридаги инсонларнинг кундалик ҳаёт тарзи эса худдики симуляцияда яшашаётганига қиёсланган. Бу аллегорик ғоялар ўз навбатида эволюцион психологиядан намуна қилиб олинган.

Фильм режиссёрлари «Матрица» суратга олинган вақт ака-ука бўлишига қарамай, кейинчалик ўз жинсларини ўзгартирган. Олдинроқ эса улар «Матрица» фильмида трансгендерларнинг ўзларини очиқлашларига кўмаклашувчи Афлотун, Декарт ва Кантнинг ишлари орқали ишоралар борлиги ҳақида айтиб ўтишган.

Фото: Google Photos
Ижодий гуруҳ фаолияти
«Матрица» юксак даражадаги култ классикага айланган бўлса-да, бош ролни ижро этиш учун актёр топиш анча мураккаб бўлган. Уилл Смит, Николас Кейж, Вал Килмер, Брэд Питт, Леонардо Ди Каприо каби машҳур актёрлар фильмдаги Нео ролидан воз кечишган. Режиссёрлар эса Жонни Депп ва Киану Ривз ўртасидан Ривзни танлаган. Иккинчи пландаги ролларни ҳам Гери Олдмен, Семюел Жексон, Жан Рено каби актёрлар рад этган.

Фильмни суратга олишга Вачовскийларни Гонгконг фильмларидаги жанг саҳналари, «Aкирa» (1988) ва «Қобиқдаги шарпа» (1995) анимеларидаги фалсафий ёндашувлар илҳомлантирган.

Фильмдаги ўз даври учун инқилобий графикалар эса кинони дунё бўйлаб тезда машҳурликка эришишига кўмаклашган. Ижодий гуруҳнинг йиллар давомидаги машаққатли фаолиятлари якунда фильмга 4 та Оскар ва яна 37 та халқаро мукофотларни олиб келган.

Хулоса
«Матрица» постмодерн жанридаги фильмларга кучли пойдевор ва асос вазифасини бажариб берган. Фильмларга қандай қилиб фалсафий ва таҳлилий қарашларни муваффақиятли тарзда қўшиш кераклигини, визуал эффектларнинг жанг саҳналаридаги ўрнини, ижтимоий воқеликка ижобий қараган ҳолда вазиятни чуқур танқид остига олиш мумкин эканлигини кўрсатган «Матрица», шубҳасиз, кино оламидаги дурдона асар ҳисобланади. Фильмдаги турли талқинлар учун очиқлик эса мана 22 йилдирки, фильмни қайта ва қайта кўришга ундаб келмоқда. Нафақат ўз даври, балки барча даврлар учун энг зўр фильмлардан бири бўлган «Матрица» ҳамон энг севимли фильмларимиздан бири бўлиб қолмоқда.




Мавзуга оид янгиликлар
  • Хонанда Авазбек Олимовдан “Севар ёрим” қўшиғини рухсатсиз куйлаб келаётгани учун 540 млн сўм ундириш сўралмоқда 25 апр, 08:44 486
  • Озодбек Назарбеков: “Учта тирранча буюк санъаткорни лойга булғаяпти” 24 апр, 17:00 343
  • Жаҳонгир Отажоновдан ўзгача клип: Бу «ижод»лардан мақсад нима? 24 апр, 16:35 430
  • “Ўткан кунлар” романи илк бор араб тилида нашр этилди 24 апр, 06:35 31
  • Хитойда сунъий интеллект томонидан яратилган дунёдаги илк фильм трейлери эълон қилинди (видео) 22 апр, 11:55 124
  • Хонанда Фарҳод рафиқаси билан ажрашди 21 апр, 23:33 1 496
  • Сўнгги янгиликлар
  • Ўзбекистон Саудия тўсиғидан ўтса, ярим финалда қайси терма жамоага дуч келади? 26 апр, 05:55 8
  • U-23 Осиё кубоги. Индонезия Жанубий Кореяни енгиб, ярим финалга йўл олди! 26 апр, 05:43 12
  • Россияда иқтисодиётни риовжлантириш учун мигрантлар зарурлиги айтилди 26 апр, 00:22 121
  • Марказий банк раиси охирги ойларда доллар курси нисбатан тезроқ ошганига изоҳ берди 26 апр, 00:22 64
  • Олимлар 15 дақиқада сунъий олмос етиштириш усулини ихтиро қилди 26 апр, 00:00 27
  • Эрон футзал термаси бош мураббийи: "Ўзбекистонга қарши энг яхши ўйинимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз" 25 апр, 23:41 36
  • “Рома” ўйини очилиб кетган Шомуродовни қайтарадими? 25 апр, 23:13 200
  • Равшан Ҳайдаров: Саудия Арабистонига “сюрприз”ларимиз бор... 25 апр, 22:46 139
  • U-23 Осиё кубоги. Қатар Олимпиада йўлланмасидан маҳрум бўлди, Япония ярим финалда! 25 апр, 22:31 128
  • Пиёда юриш ва боғдорчилик билан шуғулланиш депрессияга чалинишни 23 фоизга камайтиради 25 апр, 22:22 45
  • Файзуллаев Европага қачон кетиши айтилди 25 апр, 21:56 233
  • Украина урушда илк бор АҚШнинг узоқ масофали баллистик ракеталаридан фойдаланди 25 апр, 21:30 299
  • Бўлимлар