«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 04 2021, 13:50
ЎЗO‘Z

«Жараён ҳали давом этади» — озодликка чиққан Абдукарим Мирзаев билан катта суҳбат

22 янв, 15:50 1 421 Жамият
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
«Жараён ҳали давом этади» — озодликка чиққан Абдукарим Мирзаев билан катта суҳбат Туркияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик журналист Абдукарим Мирзаев «шубҳали шахслар» билан алоқадорликда гумонланиб, 11 декабрга ўтар кечаси Истанбулда қўлга олинган эди. Журналистга нисбатан гумонлар ўз тасдиғини топмагач, 33 кундан сўнг озод этилди. Кun.uz'нинг Туркиядаги мухбири журналист билан суҳбатда бўлди.

– Ҳибсда эканингизда турли гумонлар, фикр-мулоҳазалар янгради. Ўйлайманки, бугунги суҳбатимиз бу фикр-мулоҳазаларга биринчи шахс тилидан ойдинлик киритиб беради. Хўш, ўша кун аслида нима бўлганди?
– Аввало, бир нарсага ойдинлик киритиб олиш керак. Воқеа муҳимми, воқеа атрофидаги фикрлар муҳимми? Ҳар доим нисбий нарса иккинчи планга тушаверади. Бу ердаги реал нарса – бу воқеанинг содир бўлгани.

Воқеа ҳақидаги ҳар қандай фикр – хоҳ ижобий бўлсин, хоҳ салбий бўлсин – ҳаммаси нисбий фикрлардир. Масалан, кимдир мени кўкка кўтарган бўлса, «У яхши эди» деган бўлса, бу нисбий фикр. Кимдир истаганича мағзава ағдарган бўлса, бу ҳам нисбий фикр.

Лекин мен учун ҳақиқат – бу воқеанинг содир бўлгани. Нима учун содир бўлди, қандай содир бўлди? Нега бўлди? Нега мен билан бўлди? Мен бир инсон ўлароқ, ўзимга бу саволларни бердим, лекин ҳозиргача тўлиқ бир жавоб олганим йўқ.

Масалан, «Мана шунинг учун бўлди» деган гапни ҳеч ким менга айтгани йўқ. Ўзимнинг шахсий умумий хулосам шуки, «Бир текшириб кўрайлик, бу одам ким?» деган бир савол қўйилган бўлса, менинг иштирокимсиз текшириб кўришди. Нега менинг иштирокимсиз? Чунки мени сўроқ қилишгани йўқ. Сўроқ қилиш учун бир сабаб, бир жиноий иш бўлиши керак. Унақа ҳолат йўқ. Шунчаки, бир текшириб кўрайлик деб, охиригача текшириб, кўнгиллари хотиржам бўлди.

Чиқаётганимда сўрадим: «Охир-оқибат, айтарсизлар нега мен бир ойдан ортиқ бу ерда қолдим?» десам, «Нима қиласан сўраб, ҳаётингни давом эттиравер», дейишди.

Бир журналист сифатида бу ерда (Туркия – таҳр.) ҳам, Ўзбекистонда ҳам бир қадар танилдим, десам ҳаддимдан ошмаган бўлсам керак. «Буни бир текшириб кўрайлик, ўзимизнинг хафсизлигимиз учун» дейишган бўлса, нур устига нур. Мана, текшириб кўришди. Мен ҳам мен ҳақимдаги ҳар хил гумонлардан қутулдим, деб ўйлайман.

Дўстларимиздан бири айтади: «Бундай воқеалардан кейин одам бир қадар обрўсизлашади, шубҳалар пайдо бўлади. Лекин сенда бунинг тамоман акси бўлди».

Масалан, кимдир бир муаммога дуч келса, унинг ёнидаги одамлар кетади, тўғрими? Мен бир муаммога кирганда ҳамма келди. Ёрдам таклиф қилиб, бошқа қилиб. Ҳамма ҳар турли ёрдамлар билан келди.

Аллоҳга беадад шукр, ҳар доим ёрдамчимиз бўлди. Энг керакли одамларни энг керакли нуқталарда керакли ишларни қилишига сабаб қилиб қўйди ва бу жараён узоқ чўзилмади. Узоқроқ чўзилиши мумкин эди-да.

Кеча бир томошабинларимиздан бири: «Тасбеҳни ҳам ўттиз уч марта ўгирамиз, сиз ҳам ўттиз уч кун ўтирибсиз. Бунда ҳам бир ҳикмат бор. Ўтган кунларингиз, бутун ҳаётингиз гўзал сарҳисоб бўлибди», деб ёзибди. Мен ҳам шундай деб қабул қилдим. Бир сўз билан айтганда, шу.

Яна бир марта таъкидлаб айтаман: ҳеч бир жиноят билан айбланганим йўқ. Бир марта ҳам сўроқ қилинганим йўқ. Ҳатто мен ўзим: «Кимдир мени сўроқ қилсин, хавфсизликданми, полицияданми, прокуратураданми кимдир келиб, қаршимга ўтирсин, савол берсин, нима учун?» деб сўраганимда менга: «Сени ҳеч ким сўроқ қилмайди. Агар сен сўроқ қилинадиган иш қилганингда бу ерда эмас, бошқа бир жойда бўлардинг. Хотиржам бўл, озгина жараён бор», дейишди. Менимча, охиригача ўрганиб чиқишди, шекилли.

Гоҳида туҳмат балоси ҳам бўлади-да. Туҳмат жуда ёмон. Масалан, тарихимизга қарасак ҳам битта туҳматни деб, одамларнинг ҳаётлари вайрон бўлиб кетганини кўриш мумкин. Оддий бир фуқаронинг ҳаётидан тортиб, то шоҳларнинг ҳаётигача... Аллоҳ бундан асрасин. Чунки сизга туҳмат қилинса, аслида ундай эмаслигини исботлаш учун бутун умрингизни сарфлашингиз мумкин. Аммо барибир исботлай олмайсиз. Одамлар ишонгиси келган нарсага ишонади.

– Суҳбатлардан бирида ўзингиз айтганингиздай, ҳатто бир сабаб билан участка нозирининг қошига ҳам чақирилмаган бир инсон учун, тағин денг, мусофир юртда бу мутлақо кутилмаган вазият. Айтинг-чи, ўша лаҳзаларда хаёлингиздан қандай фикрлар ўтди?
– Эшик тақиллаганда қандайдир бир умумий текшириш бўляпти, деб ўйлаб эшикни очдим. Кириб келишди. Яъни қўлларида менинг расмим бор қоғозни кўрмагунча гап мен ҳақимда эканини ўйлаб ҳам кўрганим йўқ.

Бандага суяниб бўлмайди. Инсон ҳатто ўзига ҳам суяна олмайди. Ҳеч кимга суяниб бўлмайди. Суянишга лойиқ бўлмаганлари учун эмас, ожиз бўлганлари учун. Ҳеч нарса қилиш келмайди-да аслида инсонларнинг қўлидан. Аллоҳ изн берсагина кимдир нимадир қила олади. Шунинг учун «Аллоҳим, бу муаммо, бу уқубат ва менинг ўртамга сени қўйдим. Сен борсан» дедим ва дарҳол хотиржам бўлдим.

Ўн дақиқача вақт ичида кичик суҳбат бўлди, қоғозлар тўлдирилди. Шу суҳбатнинг ўзидаёқ биринчи кириб келган одамларнинг асари ҳам қолмаганди – муомалалари ўзгарди. Қўшниларимга ҳам раҳмат айтишим керак...

– Қўшнилар қандай муносабат билдиришди?
– Бундай ваҳимали ҳолатда кимдир олиб кетилса, қўшнилар қочиб кетса керак, деб ўйлар эдим. Лекин ундай эмас, акси бўлди. Ҳатто юқори қаватда ёши етмишдан ошган бир амаки бор эди, у ҳам қайғурибди. Қўшниларимиздан кимдир «Адвокат олиб келаман» деган, кимдир яна нимадир деган.

Буларнинг ҳаммаси ҳозиргача мени қаттиқ тўлқинлантиряпти. «Мен бунга лойиқмасман, инсонларнинг бундай муҳаббатига лойиқ эмасман, аслида», дегим келади ич-ичимдан.

– Қўлга олинганингиздан кейин 3 кун мобайнида Кучукчекмеже полиция идорасида ушлаб турилганингиз ва 14 декабр куни Истанбул иммиграция маъмурияти ҳузуридаги репатриация марказига топширилгансиз. Бу босқичларда жараён қандай кечди ва сизга нисбатан қандай муносабатда бўлинди?
– Мени олиб чиқиб кетишгандан кейин, йўлдаёқ аллақачон уларнинг муносабати ўзгариб бўлганди. Дарҳол Covid тести топширишга олиб боришди. Маҳкамада уч кун ўша тестнинг жавоби чиқишини кутиб қолдим. Бу орада адвокатлар келишди.

Менга нисбатан муносабатда нолийдиган ҳолат бўлди, деб айта олмайман. «Бир туки ҳам тўкилмади, чивин ҳам чақмади» дейишади-ку. Аммо руҳий азоб бўлмади, деб айта олмайман. Чунки, боя айтганингиздай, 38 ёшгача участкавойга ҳам бормаган инсон учун бу бир шок ҳолати бўлди. Бу ҳам узоққа чўзилгани йўқ, ўтиб кетди. Инсон кўникувчан-да.

– Депортация марказидаги муҳит сизда қандай таассурот қодирди. У ерда ушлаб турилган инсонлар ҳақида нималар дея оласиз?
– У ердагиларга раҳмат айтиш керак. «Ҳар қандай муаммони ечишга биринчи кундан уринамиз», дейишади. Психологлар бор, докторлар бор. Масалан, ҳар ҳафта таомларнинг сифати бўйича сўровномалар ўтказилиб туради. Яъни ташкилий томонлар, шароитларда муаммо йўқ. Лекин инсонларнинг руҳий ҳолатида барибир муаммо бор. Масалан, кимдир у ерга борган, оиласи ижарада қолган, уй эгалари эса уларни кўчага чиқариб қўйган. Уйсизлар, ҳужжатсизлар, ишсизлар, ногиронлар...

Мен ўзим бир алоҳида қаватда қолдим. Улар эса пастдаги қаватда. Улар билиб қолди менинг журналистлигимни. Ҳаммаси бир дардини, ҳикоясини айтади. Мен ҳам бажонидил эшитдим уларни. Балки, уларни эшитиш учун ҳам ўша ерда эдим...

«Жараён ҳали давом этади»
— Ҳам Ўзбекистон, ҳам Туркиядаги кенг жамоатчиликнинг, Ўзбекистон консуллигининг ҳаракатлари билан масала тез ҳал бўлди. Албатта, адвокатларимизга ҳам ташаккур.

Бу ишни охирига етказамиз. Нега ундай бўлганига аниқлик киритиш учун адвокатларимиз иншааллоҳ охиригача ишлашади. Жараён давом этади: қарши даъво очамиз. Келгусида исталган одам исталган вақтда бундай безовта қилинмаслиги учун.

Чунки истаган одам истаган жойига олиб бориб қўйиб, ҳеч нарса бўлмагандек қўйиб юбора олишмайди. Йўқ, унақаси кетмайди. Биз албатта қарши даъво очамиз, сабабини сўраймиз.

Фуқаро давлат белгилаган қоидаларга бўйсуниб яшайди, бунинг эвазига давлат унинг тинчлиги, хавфсизлиги, ҳуқуқларини таъминлаш мажбуриятини олади. Иккала томоннинг ҳам ўз мажбуриятлари бор. Аммо сиз барчасини тўғри қилсангиз-у, давлат келиб сизнинг тинчингизни бузса, мен фуқаро сифатида давлат сўрайман: нега тинчимни буздинг? Сабабини тушунтир.

Мен бундай дея расмий йўл билан сўрайман, албатта. Адвокатлар орқали, ҳуқуқий йўл билан. Қарши даъво очилади. Бу ишни охирига етказамиз. Чунки мен ҳеч бир хато қилмадим, деб ҳисоблайман. Агар хато қилганимда, бугун сиз билан суҳбатлашиб ўтирмаган бўлардим.
***
Абдукарим Мирзаевдан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг жараёндаги иштироки, Twitter'да ўтказилган кампания, унинг ўз мухлислари ҳақида қандай фикрда экани, телефонсиз ўтган бир ой, муваффақият сирлари, юрагига энг яқин ҳикояси, келгуси режалари ҳақида ҳам сўрадик.

Суҳбатни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Отабек Тиллаев суҳбатлашди.




 Добавление комментария


Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив

Мавзуга оид янгиликлар
  • Абдукарим Мирзаев озодликка чиқарилди 12 янв, 18:48
  • Журналист Абдукарим Мирзаев Туркияда ҳибсда қолмоқда. Сўнгги маълумотлар 05 янв, 20:47
  • Туркияда қамоққа олинган Абдукарим Мирзаевнинг депортация қилинмаслиги маълум бўлди 22 дек, 07:00
  • Бош прокуратура: Абдукарим Мирзаевнинг қўлга олинишида Ўзбекистоннинг алоқаси йўқ 19 дек, 22:53
  • Таниқли журналист Абдукарим Мирзаев Туркияда қамоққа олинди 19 дек, 13:12
  • Коронавирус қандай шароитларда тез юқиши маълум бўлди 23 сен, 18:05
  • Сўнгги янгиликлар
  • 5 март куни Ўзбекистонда кутилаётган об-ҳаво маълумоти 04 мар, 13:00 0
  • Бу йил Наврўз байрамида неча кун дам олиш куни бўлади? 04 мар, 12:33 1
  • Меҳнат муҳожирлиги учун энг яхши мамлакат номи очиқланди 04 мар, 12:08 140
  • Марсга парвоз учун мўлжалланган космик кема қўниш пайтида портлаб кетди 04 мар, 11:43 218
  • Давлат органларида монополияга қарши курашиш тизими жорий этилади 04 мар, 11:14 200
  • «Маҳаллабай ишламаган ҳоким сиёсатимизга хиёнат қилибди» — Шавкат Мирзиёев 04 мар, 10:43 235
  • Жиззахда 3 нафар аёлни фоҳишалик қилиш учун Туркияга жўнатаётган 21 ёшли йигит қўлга олинди 04 мар, 10:15 442
  • 2021 йилда демократия қамал остида қолиши мумкин 04 мар, 09:47 463
  • Ипотека кредити бўйича катта имтиёзлар берилади 04 мар, 09:23 779
  • Қабулда аниқланган ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига таклиф берилди 04 мар, 08:58 283
  • А Серия. Элдор Шомуродов 82 дақиқа ўйнаган баҳсда «Женоа» ғалабани қўлдан чиқарди 04 мар, 08:28 396
  • «Барселона» драматик баҳсда «Севилья»ни енгиб, Испания Кубоги финалига чиқди 04 мар, 08:20 336
  • Бўлимлар