«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 25 2024, 13:46
ЎЗO‘Z

Ислом молияси Ўзбекистонга кириб келмоқда. Бу бизнесга қандай имкониятлар беради?

20 янв, 21:23 3 865 Иқтисодиёт
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ислом молияси Ўзбекистонга кириб келмоқда. Бу бизнесга қандай имкониятлар беради? Президент Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатида Ўзбекистонда Ислом молиявий хизматларини жорий этиш вақти-соати етиб келди, деб айтганди. Марказий банк эса Ислом молияси тушунчаси нобанк ташкилотлар тўғрисидаги янги қонунга киритилишини маълум қилди.

Хўш, Ислом молияси нима, у бизнесларга қандай молиявий инструментларни тақдим этади?

Ислом молияси – шариат тамойилларига зид бўлмаган молиявий бизнесни акс эттирувчи атама. Анъанавий молия, хусусан, одатдаги банк бизнеси, маблағларни жалб этиш ва аҳоли ҳамда тадбиркорларни молиялаштиришга таянади. Шунинг учун банкир билан мижозлар ўртасидаги муносабатлар ҳар доим қарздор-кредитор муносабатларидир. Анъанавий банк ишининг асосий жиҳати шариат томонидан тақиқланган фоизлардан иборат.

Анъанавий банк ишининг энг муҳим жиҳати шундаки, пул пулни яратади ёки пул фоиз мукофот пулига эга. Ушбу амалиёт судхўрлик (арабча «рибо») Ислом молияси тамойилларига зид ҳисобланади. Пул ҳеч қачон товар сифатида қабул қилинмайди. Бунинг ўрнига Ислом қонунчилиги доимий равишда пулни алмашинув воситаси, қиймат ўлчови ва ҳисоб-китоб бирлиги сифатида кўради. Пул ўз-ўзидан пул ярата олмаслиги сабабли, фоизга муқобил равишда пул ва фойда ўртасида боғлиқлик ўрнатилиши керак.

Айнан шунинг учун, Ислом банклари биринчи навбатда савдо, лизинг ва пуллик операциялар ҳамда инвестиция фаолияти билан шуғулланади. Ислом банклари фоиз олиш мақсадида депозит олиш ва қарз беришлари мумкин эмас. Ислом банклари ва уларнинг мижозлари ўртасидаги муносабатларнинг моҳияти турли хил молиявий инструментлар ёки шартномаларга кўра фарқ қилади. Ушбу мақолада Ислом молиясидаги асосий молиявий инструментларни кўриб чиқамиз.

Ислом молияси инструментлари
Муробаҳа
шартномаси томонлар ўртасида олди-сотди шартномаси устама ҳақ эвазига бўлишини англатади. Муробаҳа Ислом банклари томонидан амалга ошириладиган активларни молиялаштиришнинг энг кенг тарқалган усули ҳисобланади. Ушбу шартнома мижоз, товарларни етказиб берувчи ва Ислом банки ўртасида уч томонлама имзоланади. Банк етказиб берувчидан қисқа ёки узоқ муддатли активни сотиб олиб, мижозга қимматроққа устама ҳақ билан, белгиланган муддатда тўлаш шарти билан сотади. Банк молиялаштирилаётган активни гаровга олиши ёки бошқа турдаги кафолатни талаб қилиши мумкин. Муробаҳа шартномасида сотувчи ўз етказиб берувчисидан товарларни сотиб олаётганда, харидорга сотиб олишнинг таннархини сотишдан олдин айтади, яъни банк товарнинг таннархига қанча устама қўйганини ошкор қилади.

Анъанавий банклардан фақрли ўлароқ, нарх бўйича келишилган қўшимча фойда давр давомида ўзгармайди. Амалда Ислом банклари анъанавий банклар билан рақобатбардошликни йўқотмаслик учун муддатидан олдин тўловни тўлиқ амалга оширса, Муробаҳа шартномаси учун чегирма бериши мумкин, бунда чегирма Муробаҳа шартномасида олдиндан келишилган бўлиши мумкин эмас.

Муддатида ёпилмаган тўловлар учун жарима эса, товон пули сифатида шартномага киритилиши мумкин, аммо хайрия маблағлари сифатида тарқатилиши зарур. Чунки бу жарима фақат мижозларни тартибга чақириш ва мижозлар Муробаҳа шартларини суиистеъмол қилишларининг олдини олишга қаратилган. Банк ушбу жарима пулининг бир қисмини мижоз ўз вақтида тўламаганлиги туфайли банк томонидан бажарилган харажатларни қоплаш учун олиши мумкин (мисол учун, тўловларни ундириш учун кетган сарф-харажатлар). Йўқотилган имконият ёки маблағ сарфлари учун жарима олиш мумкин эмас.

Музораба – бу инвестор («Роббул мол») ва тадбиркор («Музориб») ўртасидаги фойдани тақсимлаш шартномаси. Музораба шартномасида инвестор фойдани келишилган нисбатда ёки фоизда тадбиркор билан тақсимлашга розилик беради.

(1) Тадбиркорлик фаолияти учун капитал манбаи сифатида, тадбиркор Музораба шартномаси бўйича Ислом банкидан сармоя олиши мумкин. Агар банк рози бўлса, ҳар икки томон ҳам корхона фойдасини бўлишишини тушунган ҳолда тадбиркорга маблағ беради.

(2) Банклар омонат жалб қилиш фаолиятида, Музораба шартномаси бўйича жисмоний ёки юридик шахслардан жалб қилинган пулларга сармоя сифатида қаралади. Банк ушбу инвестицияларни тижорат фаолиятидан, яъни жисмоний шахслар ва тадбиркорларни молиялаштириш учун ишлатади. Музораба шартномасига биноан, банк омонатчига инвестициялар эвазига ўз фойдасидан улушни олдиндан келишилган нисбат асосида беришга рози бўлади.

Музораба орқали инвестицияларни молиялаштириш – бу банкнинг мижози бўлган тадбиркорлар томонидан олинган фойдани тақсимлаш мақсадида тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ таваккалчиликда ҳам иштирок этишни назарда тутади. Музораба шартномаси иштирокчилари фақатгина ушбу корхоналар муваффақиятли бўлган тақдирда фойда кўради. Агар лойиҳа муваффақиятсиз бўлса, молиячи сармоясини йўқотади, тадбиркор эса лойиҳага сарф қилинган вақт ва кучини йўқотади.

Музораба, Мушоракадан фарқли ўлароқ, инвестор («роббул мол»)га бизнесни бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқини бермайди.

Мушорака – бу шерикчиликнинг бир шакли. Буни одатдаги капитал бозоридаги акцияларни сотиб олишга ўхшатиш мумкин, аммо қилинган инвестициялар шариат тамойилларига мос келадиган акциялар ва молиявий қимматли қоғозлар ёки бошқа активлар билан чекланиши керак.

Музораба каби капиталга асосланган молиялаштиришнинг бир шакли сифатида, Мушорака – бу молиялаштирувчи томонидан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ хатарларда иштирок этиш мажбуриятини келтириб чиқаради. Мушоракада барча шериклар корхона фойдаси ёки зарарини бўлишадиган қўшма корхона ҳисобланади. Фойда тақсимоти келишилган нисбати, аммо зарарни тақсимлаш нисбати эса ҳар доим шерикларнинг капиталга киритган улушига мутаносиб бўлиши керак. Шунингдек, бу инвесторга корхонани бошқариш, кундалик амалиётлар ва корхона фаолиятини ривожлантириш бўйича муҳим қарорларни қабул қилишда иштирок этишига имкон беради.

Фойдани тақсимлашда Мушорака томонларнинг сармоядаги улуши ва корхонани бошқаришдаги саъй-ҳаракатларига қараб турлича бўлиши мумкин. Мушорака турли иқтисодий соҳаларни молиялаштириш учун энг мослашувчан ва қулай восита ҳисобланади.

Ижара – ўз номи билан, ижара ёки лизинг шартномасидир. Ижарага берилган мулк ҳуқуқи буюртмачига ўтказиш имконияти кўзда тутилган бўлса, ижара шартномаси «Ижара мунтаҳиа би тамлик» (мулкдорлик билан якунланувчи ижара) деб юритилади. Ушбу молиялаштириш воситасининг мақсади ижара муддати тугагандан сўнг ижара олувчига ижара объектини унинг номига ўтказиб беришдир.

Ушбу ижара концепцияси Ислом молияси муассасалари томонидан қўлланиладиган молиявий лизингга муқобил маҳсулот ҳисобланади. Ижаранинг бир нечта шакллари мавжуд бўлиб, улар ижара берувчидан ижара олувчига совға қилиш, сотиш ва улушни ўтказиш каби активга эгалик ҳуқуқини ўтказишнинг турли хил усулларини акс эттиради.

Такофул – арабчада «кафала» сўзидан келиб чиққан бўлиб, кафолат бериш маъносини беради. Аниқроқ айтганда, бу «такафала» феълидан келиб чиқиб, ўзаро кафолат бериш ва бир-бирини ҳимоя қилиш маъносига эга. Шунинг учун, сўзма-сўз таржима қилинганда, бу ўзаро ёрдамни англатади.

Таъкидлаш жоизки, такафул шартномаси бир-бирларига ёрдам бериш ғоясига асосланган бўлиб, ҳар бир иштирокчи ўзаро ҳимоя қилиш келишувига кўра, ҳар қандай ёрдамга муҳтож аъзога моддий ёрдам кўрсатиш учун умумий жамғармага ўз ҳиссасини қўшади. Асосан Такофул ўзининг фалсафаси ва тузилиши жиҳатидан анъанавий ўзаро суғуртага жуда ўхшайди. Такафулнинг барча фаолияти Ислом тамойилларга асосланган бўлиши, унда шариат кенгаши ташкил этилиши ва даъволар ҳақиқатан ҳам қонуний бўлиши керак.

Салам – хомашё нархини дарҳол тўлаш, хомашёни эса келишилган кечиктирилган муддатда етказиб бериш учун сотиб олишни англатади. Салам шартномасида нарх тўлиқ ва олдиндан тўланади. Ушбу турдаги шартномалар хомашё нархи ўзгариши мумкин бўлган жойларда қўлланилиши мумкин. Харидор шартнома имзоланган кунга сотиб олиш нархи билан кафолатланади ва шу билан нархларнинг кўтарилишидан сақланади (демак, рискларни бошқариш воситаси сифатида ишлатилади).

Истисна – бу сотиладиган объектни қуриш, ишлаб чиқариш ёки тиклаш учун белгиланган нарх бўйича, белгиланган муддат давомида, томонлар ўртасида белгиланган хусусиятларга эга объектни молиялаштириш шартномаси. Истиснани молиялаштиришда савдо объектини қурадиган, ишлаб чиқарадиган ёки тиклайдиган мижозга аванс тўловлари шаклида тақдим этилади.

Сукук – мулкчилик манфаатларини ифодаловчи тенг номиналдаги инвестиция сертификати. Сукукни сармоядорларга фойда келтирадиган ва анъанавий активлар билан таъминланган қимматли қоғозга ўхшаш Ислом молиялаштириш инструменти деб тасаввур қилса бўлади. Сукук рибо ёки фоизни тақиқловчи шариат тамойилларига мувофиқ тарзда тузилади. Сукук давлатлар ёки ташкилотлар томонидан чиқарилади ва турли хил битимлар асосида бўлиши мумкин, хусусан, Муробаҳа, Ижара, Истисна, Мушорака ва бошқалар.


Молиячи, ACCA сертификатланган дипломли бухгалтерлар уюшмаси аъзоси (Буюк Британия), Кардифф метрополитен университети магистри (Буюк Британия), МҲХС Фонди экспертлар қўмитаси аъзоси.

Жавлон Умаров 2018 йилгача PricewaterhouseCoopers'нинг Дубай шаҳридаги ваколатхонасида молиявий маслаҳатчи сифатида ишлаган. Тажрибаси давомида Ислом банклари учун аудит ва консалтинг хизматларини кўрсатган. Айни пайтда Finspect Advisory консалтинг ташкилоти раҳбари.




Мавзуга оид янгиликлар
  • Ўзбекистон биринчи чоракда 2,7 млрд долларлик олтин сотди 25 апр, 00:06 73
  • Ўзбекистон Озарбойжонда анорзорлар барпо этишни режалаштирмоқда 23 апр, 11:48 54
  • Малайзия Ўзбекистонда электротехника соҳасида қўшма лойиҳалар амалга оширмоқчи 20 апр, 21:14 68
  • Тадбиркорларга қўлланадиган молиявий жарима камайтирилади 19 апр, 17:12 116
  • Доллар курси янги марра сари яқинлашмоқда 18 апр, 18:48 217
  • Ўзбекистонда 1 грамм олтин нархи 1 млн сўмдан ошди 17 апр, 19:48 142
  • Сўнгги янгиликлар
  • Ортиқча вазнли инсонлар учун соғлом овқатланишнинг бешта муҳим қоидаси 25 апр, 12:59 0
  • МИБ ходими ва икки солиқчи жиноят устида ушланди 25 апр, 11:55 2
  • Москва вилояти ҳукумати раҳбарининг собиқ ўринбосари қўлга олинди 25 апр, 11:33 16
  • Атмосфера ҳавосини зарарлаётган 500 дан ортиқ автомобил эгаларига чора кўрилди 25 апр, 11:12 30
  • Хосе Венансио Лопес: Рақибимиз жаҳоннинг энг кучли терма жамоаларидан бири эканини яхши биламиз 25 апр, 11:05 83
  • Ўзганинг номига онлайн қарз олиб, пулини ўзлаштирган шахс ушланди 25 апр, 10:35 36
  • Пентагон Украинага янги ёрдам пакетининг таркибини очиқлади 25 апр, 10:11 101
  • Исроил Мадримов—Теренс Кроуфорд бокс оқшомининг карди эълон қилинди 25 апр, 09:48 40
  • Исроил Мадримов: Кроуфордни ҳурмат қиламан, лекин бу менинг дивизионим 25 апр, 09:29 82
  • Хави “Барселона”даги фаолиятини давом эттиришга рози бўлди 25 апр, 09:10 44
  • Хонанда Авазбек Олимовдан “Севар ёрим” қўшиғини рухсатсиз куйлаб келаётгани учун 540 млн сўм ундириш сўралмоқда 25 апр, 08:44 234
  • Қозоғистон бош вазири ўринбосари Кобулда “Толибон” вакиллари билан учрашди 25 апр, 08:20 215
  • Бўлимлар