«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 28 2024, 23:24
ЎЗO‘Z

Байден Трампдан олдинда: сўровлар бу йил ҳам алдамайдими?

02 окт, 00:23 1 940 Дунё
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Байден Трампдан олдинда: сўровлар бу йил ҳам алдамайдими? Фото: AFP
«Байден сайловолди сўровномаларида Трампни ортда қолдирмоқда», «Трамп Байден билан фарқни қисқартирди»… Ўтган сафарги АҚШ президентлиги сайловларидан кейин ҳам шу каби рақамларга ишониш қанчалик тўғри бўлади?

2016 йилнинг 8 ноябрида АҚШ президентлиги учун сайловлар қандай кечганини кузатиб борганларнинг аксарияти дам-бадам The New York Times саҳифаларини янгилаб, сайлов натижалари бўйича прогнозлар билан танишарди. Овозларни ҳисоблашнинг дастлабки босқичида, ҳали ҳал қилувчи штатлардан натижалар келиб тушмаганида жамоатчилик ўртасида ўтказилган сўровларнинг натижалари Ҳиллари Клинтоннинг ишончли ғалабаси ҳақида прогноз қиларди - 80 фоиздан ортиқ. Трампнинг имкониятлари эса ўшанда 20 фоиздан пастроқ баҳоланаётганди.

Аммо ижтимоий сўровларга асосланган прогнозлар ўзини оқламади. Ўшанда бир кун ичида Клинтон хонимнинг устунлиги йўққа чиққан. Кечқурун соат 8га бориб Трампнинг ғалабаси эҳтимоли 95 фоизга баҳолана бошлаган. Аммо бу прогнозлар ҳеч қачон тўғри бўлмаслиги ва унга ишонмаслик кераклигини англатадими? BBC рус хизмати шу каби саволларга жавоб излади.

Хатолик бўлганмиди?
Энг муҳими, социологлар ўшанда Ҳиллари Клинтон 2-3 фоиз пункт фарқи билан ғалаба қозонишини прогноз қилишганди. Улар бу борада адашишмади: Клинтон чиндан ҳам Трампни сайловчиларнинг овози бўйича 2 фоизлик фарқ билан ортда қолди. У сайловда ютқазмагани аниқ эди, аммо Трамп делегатлари сони кўпроқлиги эвазига ғолибга айланганди.

Тўрт йил муқаддам Ҳиллари Клинтон сўровларда етакчилик қилган ва унга овоз берганлар сони Трампнинг тарафдорларидан уч миллионга кўпроқ бўлган, аммо у барибир ютқазганди
Шовқин-суронлар тугагач, социологлар нима ўхшамаганини аниқлашга киришишади. Улар аниқлаштириш керак деб ҳисоблаган бир қанча фаразлар мавжуд эди.

Аввалига хатолик айрим респондентлар мунтазам равишда сўровномалар саволларини жавобсиз қолдиргани туфайли юз бергани тахмин қилинади. Хусусан, кам маълумотли сайловчилар одатда сўровларда қатнашишдан бош тортишарди.

Иккинчи назарияга кўра, сўровномаларда иштирок этган одамларнинг бир қисми шунчаки ростгўйлик қилишмаган: улар шунчаки сўровнома ўтказувчилар билан суҳбатлар вақтида «донгдор бўлмаган» номзодга овоз бериш ниятини тан олмаган бўлиши мумкин. Бундай эҳтимол юқори эди, айниқса, «Брэдли эффекти» ҳисобга олинса: 1982 йилда қора танли демократ Том Брэдли Калифорния губернаторлиги учун сайловларда республикачи номзодга ютқазганди, ҳолбуки у сайловдан олдин барча сўровномалар бўйича олдинда борган. Сабаби оддий эди - интервью берганларнинг кўпчилиги бу қора танли номзодга овоз бермоқчимаслигини тан олишдан уялган.

Учинчи назария социологларнинг эҳтимолий хатоси билан боғлиқ бўлиб, улар аҳолининг қайси гуруҳлари сайлов участкаларида фаол бўлишини олдиндан аниқ топа олмаган бўлиши мумкин. Ҳеч ким олдиндан айнан кимлар сайловларга боришини ва кимлар бормаслигини олдиндан аниқ айта олмайди. Аммо социологларда турли моделлар мавжуд бўлиб, унга кўра электорат сайлов куни ўзини қандай тутиши бўйича тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Лекин бу борада прогнозлар ва реал картина ўртасидаги кичик тафовут ҳам натижаларга катта таъсир кўрсатиши мумкин.

Нима нотўғри бажарилганди?
Трампнинг тарафдорлари шунчаки кимга овоз беришни яширишгани ҳақидаги гипотеза дарҳол рад этилган. Бу назария интернет сўровлар ва бошқа одатий сўровларни таққослаш орқали осонлик билан текширилганди. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, одатий сўровларда аслида кимга овоз бермоқчилигини яширган одамлар интернет сўровларда асл ниятларини ошкор этишган. Politico ва Morning Consult нашрлари бу назарияни текшириш учун тажриба ўтказган ва бу назарияга ҳеч қандай асос топа олишмаган, шу билан бирга, олий маълумотли ва юқори даромадга эга электоратнинг бир қисми ўз танловларини онлайн-сўровларда аниқроқ билдиришни афзал кўриши маълум бўлган. Лекин бу сайловчиларнинг кичик қисми эди ва улар натижаларга жиддий таъсир кўрсата олишмасди. Шу каби тадқиқот Йель университети томонидан ҳам ўтказилган ва худди шу каби хулосага келинган.

Бошқа назариялар эса маълум даражада ўз тасдиғини топган. Социологларнинг аниқлашича, Клинтон сўровларда катта фарқ билан олдинга чиқиб кетганини учта омил билан изоҳлаш мумкин. Биринчидан, сайловчиларнинг катта қисми сўнгги лаҳзаларгача кимга овоз беришни ҳал қила олмаган ва якунда ўз овозини Трампга берган - улар ўз қарорини сайловолди пойгасининг сўнгги кунида қабул қилишган.

Кўпчилик 2016 йилда сўнгги лаҳзаларда Трампга овоз беришга қарор қилган. Суратда одамлар Трампни кутишмоқда, Ҳерши шаҳри, Пенсильвания штати, 2016 йил декабрь
Иккинчидан, Трамп тарафдорларининг сайлов кунидаги фаоллиги кутилганидан анча юқори бўлган.

Учинчидан, сўров натижаларига терс ўлароқ, Трамп тарафдорлари саноатлашган қутб минтақаларида (АҚШ ўрта ғарбининг бир қисми ва шарқий соҳил) ҳам устунлик қилиши маълум бўлди. Бу сўров ўтказувчилар асосан олий маълумотли фуқароларнинг фикрини билишга эътибор қаратгани туфайли рўй берган — 2016 йилда айнан шу омил сайлов натижаларини тушуниш учун муҳим бўлди.

Умуман олганда, таълим кўрган фуқароларгина сўровларда қатнашишга қизиқиш билдиришган. АҚШдаги умуммиллий сўровларда респондентларнинг 45 фоизидан кўпроғи камида бакалавр даражасига эга бўлади, ҳолбуки мамлакатда 18 ёшдан ошганларнинг фақат 28 фоизи олий таълим билан қамраб олинган. 2016 йилда Клинтон айнан ўқимишли сайловчилар томонидан фаол қўллаб-қувватланган, сўровномаларда ҳам улар иштирок этишган. Сайлов тақдирини эса олий маълумотга эга бўлмаган қатлам ҳал қилган.

«Биламизки, фақат маълум тоифадаги кишилар сўровларда қатнашишга доим тайёр бўлишади. Булар олий таълим кўрган кишилар, оқ танли америкаликлар ва кекса ёшлилар. Бу гуруҳлар сайловолди жараёнида ҳаддан ташқари фаоллик кўрсатишади. Лекин бу азалдан сайлов натижаларига жиддий таъсир кўрсатмаган. Аммо 2016 йилда ўрта таълим олганлар (ёки умуман ўрта таълим даражасига ҳам эга бўлганлар) ёппасига Трампни қўллаб-қувватлашди - бунақаси аввал кузатилмаганди», дея изоҳлайди Pew Research тадқиқот марказининг катта услубчиси Эндрю Мерсер.

Сўровлар қандай ўтказилади ва натижаларни қандай талқин этиш керак?
Сўров ўтказишнинг асосан икки усули мавжуд - телефон орқали ва онлайн. Биринчи усул узоқ йиллар мобайнида социологлар орасида олтин стандарт сифатида ҳисоблаб келинган. Аммо айнан қандай одамларга телефон қилишни қандай ҳал қилиш мумкин?

Ҳар бир штатда рўйхатдан ўтган барча сайловчиларнинг алоқа маълумотлари қайд этиб борилади. Сўровнома ўтказувчилар айнан шу қайдномалардан (реестр) фойдаланишади. Шу тариқа, турли кўрсаткичлар бўйича, масалан, ёш ёки маълумот даражаси бўйича гуруҳларни аниқлаб олиш мумкин.

Сўровлар вақти вақти билан онлайн тарзда ҳам ўтказилади. Бу борада эса муаммолар туғилиши мумкин. Электрон почталарнинг ягона реестри йўқ, бу эса ишни қийинлаштиради. Бундай сўров ўтказишдан олдин компаниялар оддий почтадан фойдаланишади - одамларга онлайн-сўровда иштирок этиш сўралган хатлар юборилади. Масалан, Associated Press ва Pew Research шу методлардан фойдаланади.

Онлайн сўровларни ўтказишнинг бошқа усуллари ҳам бор - сайловчи тасодифан реклама клики ёки бошқа ҳаволани босиб юборганида сўровда қатнашишга қарор қилиши мумкин. Ўз маълумотларини қолдириш орқали, у базага киритилади, кейин уни шу ерда сўровларда иштирок этиш учун таклиф қилиб туришади.

Бундай усуллар муваффақиятли экани исботланган. Аммо сўровлар ўтказувчи компаниялар учун олинган натижаларни қандай талқин қилиш бўйича белгиланган қоидаларга риоя қилиш муҳимдир. Акс ҳолда сўровлар жиддий ҳисобланмайди.

Иккинчи муҳим масала - аниқ натижаларга эришиш учун қанча одамдан жавоблар олиш керак? Pew Research марказининг катта методологи Эндрю Мерсер кўп сонли сайловчилар иштирок этган сўровлар муваффақиятни кафолатламаслигини қайд этиб ўтган: «Сайловчилар кенг қамраб олиниши мумкин, аммо бундай сўров натижалари ноаниқликни кучайтиради».

Сайлов кунига бир неча ой вақт қолганида газеталар шу каби сарлавҳалар билан чиқиш қила бошлади: «Байден Трамп билан орадаги фарқни оширди» ёки «Сўровлар Трамп Байден билан орадаги фарқни қисқартирди» - бундай сарлавҳалар ўқувчини чалғитиши мумкин. Экспертлар бундай сўровларга ишонишдан олдин уни ўтказган компания номига қарашни маслаҳат беришади.

«Бирор сўровнома натижаларини кўрганингизда, аввало, у қандай тузилгани ва кимлар орасида ўтказилганига эътибор қаратинг. Методикаси аниқ кўрсатилган бўлиши муҳимдир. Қоидага кўра, профессионал компаниялар ҳамиша ўзларининг қандай иш олиб боришганини кўрсатишга ҳаракат қилишади», дейди Мерсер.

Энди нима бўлади?

Трампнинг Пенсильваниядаги тарафдорлари унинг чиқишини кутишмоқда. 2016 йил ноябри. Пенсильвания ўтган сафарги сайловларда энг тебранувчан штатлардан бири бўлганди
Июнь ойи бошида эълон қилинган сўровномалар натижаларига кўра, Жо Байден амалдаги президентни 12 фоизга ортда қолдирган. Аммо уч ой ичида Дональд Трамп фарқни қисқартиришга эришган.

USA Today ва Саффолк университети томонидан ўтган ойда ўтказилган қўшма сўровномаси натижасига кўра, Байден ҳозирда Трампни атиги 7 фоизлик фарқ билан ортда қолдирмоқда. Ҳозирда респондентларнинг 50 фоизи Байденга овоз беришга тайёр, Трампни - 43 фоиз киши қўлламоқда. Сўралганларнинг 7 фоизи эса ҳали бир қарорга келмаганини билдирган. 2016 йил тажрибасига кўра, айнан шундай гуруҳлар охир-оқибат сайлов натижасига катта таъсир кўрсатишади.

Ҳозирда «тебранувчи штатлар» диққат марказида бўлиб турибди. Тарихдан бундай штатларда на демократлар ва на республикачилар яққол устунликка эриша олишган. Шундай штатлардан бири бўлмиш Аризонада 11 делегат бор, Жо Байден бу штатда Дональд Трампни уч фоизлик пункт билан ортда қолдирмоқда.

Социологлар ҳозирча беқарор сайловчилар билан нима қилишни билишмаяпти. Суратда аёл нью-йоркликларни овоз бериш учун рўйхатдан ўтишга чорламоқда
Тўғри, бу минтақадаги демократларнинг етакчиларидан бири Ларри Бодайн рақамларга умуман ишонмайди: «Сўровлар - бу иллюзия. 2016 йилги воқеадан кейин мен сўровлар натижаларига қарамасликка қарор қилганман, мен ҳамкасбларим бўлган демократлар ўринлар учун қандай курашаётганини кузатишни маъқул кўраман. Мен доимо демократик доираларда бўламан, ҳозир ҳеч ким сўровларни муҳокама қилмаяпти. Менимча, барча сўровлар фақат ўзингни хавфсиз ҳис қилиш ҳақида хаёлий тасаввур беради».

Бу сафар сўровларга ишончсизликни тўғри тушуниш мумкин. Аммо барибир 2016 йилги хатолар ҳисобга олинган, дейишга асос бор. Социологлар эндиликда респондентларни чиндан ҳам синчиклаб саралашга эътибор қаратишмоқда.

Масалан, респондентлар ичида олий таълимоти йўқ бўлганлар ҳам катта улушни ташкил этади. Монмут университети директори Патрик Мюррейнинг қайд этишича, ўтган сафарги сўровларда ҳам экспертлар сўралувчиларни танлашда бу кўрсаткичга ҳам эътибор қаратганида эди, Клинтон Трампдан ўшанда айтилганидек 4 фоиз эмас, 2 фоиз олдинда бўлар эди.

Сўров ўтказувчи компаниялар бу сафар ҳам қарор қабул қилишни сўнгги паллаларга қолдирадиган сайловчиларнинг хатти-ҳаракатларини имкон қадар аниқроқ прогноз қилишга уринишмоқда.

Масалан, ўтган сафарги сайловлар вақтида Оҳайодаги Франклин университети ва Пенсильваниядаги Маршалл университети сайлов кунига 10 кун вақт қолганида сайловга борувчилар ўртасида сўров ўтказишни тўхтатишган. Бу жиддий хато эди, сўнгги кунларгача кимга овоз бериш бўйича қарор қилмаган америкаликларнинг асосий қисми Трампни танлашганди. Бу йил эса сўровлар сайлов кунигача ўтказиладиган бўлди.

Университет профессори Терри Мадоннанинг қайд этишича, бу сафар кимга овоз беришини ҳал қилиб олмаган сайловчилар сони 2016 йилдагидан кўра камроқ: «Асосий саволга жавоб беришга қийналаётганлар сони кам. Бу йили одамлар президентлик пойгасига жиддий қарашмоқда. Албатта, улар ҳам сайловга таъсир кўрсатишади, аммо, ҳозир асосийси ўз электоратинг қўллаб-қувватловига эга бўлишдир».




Мавзуга оид янгиликлар
  • Мижозларни 1,8 млрд долларга алдаган криптовалюта биржаси асосчиси 25 йилга қамалди 28 мар, 23:04 0
  • Кирилл Буданов: “Россия ўз ҳудудида теракт тайёрланаётганини камида бир ой олдин билган” 28 мар, 21:56 2
  • Якуни мавҳум бўлиб бораётган Украина уруши: тарихий башорат ва ечимлар 28 мар, 21:29 58
  • «Толибон» Москвадаги теракт ташкилотчиларини йўқ қилишга ваъда берди 28 мар, 20:00 303
  • Украина хавфсизлик хизмати раҳбари: «Савол ўринли, аммо биз тан олмаймиз» 28 мар, 19:30 266
  • Рус нашрлари: «Крокус»да теракт уюштирганлар наркотик таъсирида бўлган 28 мар, 17:40 433
  • Сўнгги янгиликлар
  • Футзал. Ўзбекистон иккинчи ўйинда Қирғиз Республикасини мағлуб этди 28 мар, 22:56 0
  • Суперлига. “Динамо” “Металлург” устидан иродали ғалабага эришди 28 мар, 22:51 0
  • Нима учун олимлар аёлларга вақти-вақти билан йиғлаб туришни тавсия қилади? 28 мар, 22:22 1
  • Кирилл Буданов: “Россия ўз ҳудудида теракт тайёрланаётганини камида бир ой олдин билган” 28 мар, 21:56 2
  • Якуни мавҳум бўлиб бораётган Украина уруши: тарихий башорат ва ечимлар 28 мар, 21:29 57
  • Жаҳон банки: Ўзбекистон иқтисодиётидаги гендер тенглик 700 минг одамни камбағалликдан олиб чиқиши мумкин 28 мар, 21:02 8
  • Мирзиёев Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном райони халқ ҳукумати раиси билан учрашди 28 мар, 20:40 14
  • Қашқадарё вилоятида судья қўлга олинди 28 мар, 20:20 80
  • «Толибон» Москвадаги теракт ташкилотчиларини йўқ қилишга ваъда берди 28 мар, 20:00 303
  • Жиззахда энергия ресурсларидан 7,5 миллиард қарздорликлар мажбурий ундирилди 28 мар, 19:31 24
  • Украина хавфсизлик хизмати раҳбари: «Савол ўринли, аммо биз тан олмаймиз» 28 мар, 19:30 266
  • Сурхондарёда ЙТҲда ҳайдовчи аёл ва унинг фарзандлари ҳалок бўлди 28 мар, 19:08 151
  • Бўлимлар