«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 17 2024, 02:48
ЎЗO‘Z

“Оиладаги муаммоларга фақат эркаклар айбдор бўлмайди” – Фарзандлари келажагидан хавотирланган ота ҳикояси

29 сен, 00:05 2 352 Жамият
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
“Оиладаги муаммоларга фақат эркаклар айбдор бўлмайди” – Фарзандлари келажагидан хавотирланган ота ҳикояси Фото: Fotolia
“Ҳаётий ҳикоялар” рукнида асосан аёллар тақдири, уларни қийнаётган муаммолар ёритиб борилмоқда. Шу билан бирга, ҳикоя қаҳрамонларини қийнаган масалалар фонида жамиятга тааллуқли айрим муаммолар ҳам кўрсатилмоқда. Қаҳрамонларимиз, асосан, турмуш ўртоғи томонидан жисмоний ва руҳий зуғумларга йиллар давомида чидаб келаётган аёллардир. Аммо қарангки, гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, борига қаноат қилмайдиган аёллар ҳам орамизда учраб турибди.

Бу сафарги қаҳрамонимиз тўрт фарзанднинг отаси. У оиласини пароканда бўлишидан асраб қолишга ҳаракат қилса-да, буни уддалай олмади. Хўш, бунга ким айбдор? Албатта, қарс икки қўлдан чиқади. Муросаю мадора билан келишмовчиликни бартараф этиш мумкинмиди? 11 йиллик турмушдан бузилишига нима сабаб бўлган?

“Хотинимдан ҳечам нолимаганман”
2009 йилда оила қурдим. Аёлим билан севишиб эмас, ҳамма қатори совчилар орқали уйланганман. Икки тараф ҳам бир-биридан кўнгли тўлиб, қуда-андачилик ришталарини боғлашган. Аёлимдан ҳечам нолимаганман. Унга доим ишонганман. Ўртамизда унчалик жиддий тортишувлар бўлмаган. Етти йиллик турмушимиз деярли бир текисда, ортиқча можароларсиз, ўзаро муроса билан ўтди. Ўзим кеч уйланганим учунми, оиламда ҳаммаси бекаму кўст бўлишини истардим. Шу сабабли, энг аввало, иқтисодий муаммоларга тушиб қолмаслик учун тинмай ҳаракат қилардим. Топганимни уйга таширдим.

Олий маълумотлиман. Нефть-газ соҳасида кўп йиллар фаолият олиб борганман. Ҳозир хусусий секторда ишлайман. Тошкент шаҳрида, ота-онамдан алоҳида уйда фарзандларим билан яшаганмиз. Ёлғиз ўзим рўзғорни тебратганман ва буни ҳеч қачон аёлимга миннат қилмаганман. Аёлим фақатгина фарзанд тарбияси билан машғул бўлсин, бошқа нарсаларга чалғимасин, деб ишлашини хоҳламадим. У ҳам буни тўғри тушуниб, хоҳиш-истакларимга қарши бормади. Бу орада бир ўғилли, уч нафар қиз фарзандли бўлдик. Ҳаммаси бинойидек кетаётганди. Бир воқеа сабаб оиламиз дарз кета бошлади.

“Оила – икки инсон ўртасидаги иттифоқ. Ташқи тарафдан кимнингдир аралашуви яхшиликка олиб келмайди”
Бир куни спорт машғулотларидан кейин уйга келсам, уйда болаларим, онам бор экан. Онам аёлим кенжа қизимни олиб, кетиб қолганини айтди. Сабабини сўрасам, онамга ўғлингиз билан ажрашаман, кетаман, деб жанжал қилибди. Кейин ўйладим: бирон ерда хато қилдимми? Яхшилаб эсласам, 2-3 ҳафта олдин аёлим синглиси билан кўйлак олиш учун бозорга боришни сўраганди. “Синглинг эри билан бирга бораверсин, ундан кўра болаларга қарагин”, деб рухсат бермадим. Қаттиқроқ оҳангда гапиргандим.

Феълим тез, қизиққонман. Лекин бу нарса жуда жиддий сабаб бўлолмайди. Аёлимни ҳеч қачон дўппослаб урмаганман, уйдан ҳайдамаганман, унга хиёнат қилмаганман. Ҳаётимиз издан чиқишига асосий сабаб унинг қариндошлари бўлган. Оилавий масалаларга аёлимнинг опа-сингиллари, яна бошқа қариндошлари аралаша бошлади. Аралашувлар тобора кўпайиб бораверди. Аёлимга турли гапларни ўргата бошлашди. Табиийки, менга нисбатан муомаласи ўзгариб қолди.

“Муроса қилишга қанчалик ҳаракат қилмайин, қўрққаним содир бўлди”
Вақт ўтгани сари бунақа муаммолар кўпайиб бораверди. Тез-тез тортишадиган бўлдик. У ўз айтганини маъқуллаб тураверди, мен ҳам. Оилада аёл киши доим бир поғона пастда туриши керак, деб ҳисоблайман. Қийин вазиятларда муроса йўли энг тўғри ечим ва унгача етиб бориш учун, албатта, бир тараф ён босиши керак. Аёлим бизнинг оилада аёлларнинг фикри устунроқ, деб қатъий туриб олди.

Кўп масалаларда ўзбошимчалик қилди. Оила бошлиғи сифатидаги ўрним муносабатларимизда ҳеч қандай рол ўйнамай қўйди. Опа-сингиллари, қариндошлари унга “йўл-йўриқ” кўрсатишга ҳаракат қилишди. Аёлим ажрашаман, деб қўрқитишга, бу орада ўзининг гапини ўтказишга ҳаракат қилди. Эркак киши сифатида унинг талабларини қабул қилишни истамадим, албатта.

Дугоналари, опа-сингиллари билан истаган жойига борарди, мендан рухсат олишни эса хаёлига ҳам келтирмасди. Ҳар қандай эркак ҳам бунга чидолмайди. Шундай жанжаллар ичида бироз муддат яшадим. Ҳаммаси яхши бўлиб кетар, аёлим хатосини тушуниб, ўзига келиб қолар, деб ўйладим. Лекин вазият баттарлашиб бораверди. Охири ажрашиш учун судга ариза бердим.

“Ажрашиш ёқимли ҳолат эмас”
Уч йил олдин ажрашишга ариза берган бўлсам, шу йил баҳор ойида расман ажрашдик. Оилам билан яшаган уйимда аёлим ҳам яшаш рўйхатида тургани учун суд қарорига кўра, у ерда онаси болаларим билан яшайдиган бўлди. Мен эса ота-онамнинг уйида яшаб юрибман.

Ажрашиш учун ариза берганимда қабул қилишмади, чунки ажрашишга арзирли сабаб йўқ, деган жавобни олдим. Иккинчи марта борганимда, қабул қилишди. Сўнг бир неча марта суд бўлди. Икки томон ярашиб олиши учун икки мартадан 6 ойлик муҳлат берилди. Аёлим вазиятни ўнглашга ҳаракат ҳам қилмади. Кечирим сўрайди, кейин ҳаммаси ўз ўрнига тушиб кетади, ҳеч бўлмаса ўртадаги болаларни ўйласа керак. деб ўйладим. Афсуски, ундай бўлмади. Жанжал, ғийбат, бўҳтонлар кўпаяверди.

Эътибор берган бўлсангиз, ажрашиш жараёнларида кўпинча судда аёлларга ён босилади. Фарзандлар оталар қўлида қолишига деярли йўл қўйилмайди. Она фарзандлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатса-чи? Унда қандай йўл тутилади? Охирги суд жараёнида фарзандлар мен билан қолишини сўраб ариза ёзганман. Лекин ҳеч нарса ўзгармади.

“Аёлларимиз шукр қилишни унутиб қўяётгандек”
Тўғри, қарс икки қўлдан чиқади. Кўпчилик ўйлаши мумкин: сенда ҳам айб бордирки, аёлинг шундай йўл тутгандир. Тўғри, тан оламан: тортишувлар бўлган вақтда аёлимга тарсаки солганман. Аммо дўппослаб, ҳақоратламаганман. Хиёнат қилиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкинмас. Оилада етишмовчилик бўлмаган. Хўш, бизни нима шу ахволга олиб келди? Ношукрлик охири йўқ жойга олиб кириб қўйди. Афсуски, айрим аёллар сабр қилиш, борига қаноат қилишни унутиб қўйишди.

Ажрашиш учун ариза беришга борганимда, икки аёлнинг суҳбатини тасодифан эшитиб қолдим. Улардан бири ажрашмоқчи экан. Сабабини сўраганимда, эрининг топиш-тутиши яхши эмас экан. Тўғри, бу бошқалар учун жиддий сабаб бўлиши мумкин, лекин масалани ўтириб ҳал қилса бўлади. Бу ажрашишга асос бўлмайди, деган фикрдаман. Эр-хотин бирга ҳаракат қилишса, бу қийинчиликлар ҳам ўтиб кетади. Ажрашиш осон, ўртада фарзандлар энг кўп жабр кўришади.

“Фарзандларим ҳали жуда ёш бўлишса-да, нима бўлаётганини тушунишди”
Ажрашганимдан сўнг фарзандларимни тез-тез кўриб турардим. Ҳозир эса бу вақт анча узайган. Чунки собиқ аёлим билан келишмовчиликлар кўп бўляпти. Болаларим қандай улғаяётганини кўролмаётганимдан қийналаман. Энг катта фарзандим эндигина 10 ёшга кирган, энг кичиги боғчага боради. Болалар ҳали гўдак, ҳеч нарсани тушунмайди, десангиз адашган бўласиз. Улар ҳаммасини тушуниб туришибди.

Олдинги қувноқлик, ўйинқароқлик уларни тарк этган. Болаларим ўзимда қолишини истайман. Онаси дугоналари билан кечасигача кўчада юрган ҳолатларини эшитдим, кўрдим ҳам. Болалар ёлғиз қолиб кетаётганини ўзига ҳам айтдим. Фойдаси бўлмади: яна ўша бақир-чақир. Қизларим, ўғлим соғлом муҳитда вояга етишларини хоҳлайман. Уларнинг келажагидан хавотирдаман.

Муҳаббат Маъмирова суҳбатлашди




Мавзуга оид янгиликлар
  • Қарши тумани прокуратураси терговчиси пора олаётганда ушланди 16 апр, 22:45 80
  • 1 майдан электр энергияси ва табиий газ тарифлари ўзгаради 16 апр, 22:16 86
  • Шавкат Мирзиёев 12 ҳудудда оқсаётган жараён ҳақида гапирди 16 апр, 21:00 127
  • Ўзбекистонликлар Латвияга ишга таклиф қилинмоқда 16 апр, 17:42 211
  • Cobalt автомашинасида салкам 30 млн. сўмлик жарима аниқланди 16 апр, 17:02 66
  • Ўзбекистонда транспорт воситалари экологик назоратдан ўтказилмоқда 16 апр, 14:43 115
  • Сўнгги янгиликлар
  • Иорданияда Эрон ҳужуми пайтида уриб туширилган ракеталар интернетда сотувга қўйилди 17 апр, 00:39 26
  • Испанлар Файзуллаевга эътибор қаратди... 17 апр, 00:30 57
  • Машҳур жарроҳ Тимур Ҳайдаров клиникасида тинтув ўтказилди, жиноят иши очилди 17 апр, 00:23 51
  • ЦСКА Аббосбек Файзуллаев гол урган ўйинда “Балтика”ни ишончли ҳисобда мағлуб этди 17 апр, 00:04 41
  • Ню-Йоркда Доналд Трамп устидан жиноий суд жараёни бошланди 16 апр, 23:59 13
  • Соч тўкилишини бартараф этадиган 8 та маҳсулот 16 апр, 23:07 31
  • Қарши тумани прокуратураси терговчиси пора олаётганда ушланди 16 апр, 22:45 80
  • 1 майдан электр энергияси ва табиий газ тарифлари ўзгаради 16 апр, 22:16 86
  • Эрон-Исроил можароси: сиёсатшунослар қандай фикрда? 16 апр, 21:50 62
  • Олимлар кексаликда ҳам ақл-идрокни сақлаб қолишнинг оддий усулларини аниқлади 16 апр, 21:24 43
  • Шавкат Мирзиёев 12 ҳудудда оқсаётган жараён ҳақида гапирди 16 апр, 21:00 127
  • Италия футболини ёритувчи L'Unione Sarda нашри: “Бу иккисидан эҳтиёт бўлинг” 16 апр, 20:35 237
  • Бўлимлар