«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 16 2024, 15:38
ЎЗO‘Z

Тоғли Қорабоғда яна кескинлик: Асосий маълумотлар

27 сен, 19:19 4 572 Дунё
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Тоғли Қорабоғда яна кескинлик: Асосий маълумотлар Арманистон ҳукумати Тоғли Қорабоғдаги вазият кескинлашгани туфайли мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умуммиллий сафарбарлик эълон қилди. Якшанбага ўтар кечаси ва тонгда Тоғли Қорабоғдаги туташув чизиғида арман ва озар ҳарбийлари ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтди. Камида озарбойжонликларнинг бир вертолёти уриб туширилган.

Арманистон мудофаа вазирлиги 27 сентябрь куни Озарбойжон танклари ва ҳарбийлари Тоғли Қорабоғдаги туташув чизиғига ҳужум уюштиргани тасвирларини тарқатди. Икки томон бир-бирини вазиятни кескинлаштиришда айбламоқда.

Қатор давлатлар ва халқаро ташкилотлар рўй берган воқеалардан жиддий ташвиш билдириб, куч ишлатмасликка ва зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирмоқда. Туркия Тоғли Қорабоғ масаласида Озарбойжонни тўла қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян халқаро ҳамжамиятни Туркияни Қорабоғ можаросига аралашишдан тийиб туришга чақирган. Пашинян миллатга мурожаатида Озарбойжон бутун арман халқига уруш очгани, аммо арманлар бунга тайёрлиги ҳақида гапирган. Пашинян Озарбойжон томонининг ҳаракатларини «кенг кўламли провокация» деб атаган.

«Душман оғир қуроллар қўллаган ҳолда Арцах Республикаси армияси позицияларига барча йўналишларда ҳужум қилди. Мудофаа кучлари шафқатсиз жангга киришди ва Арцахни ҳимоя қилиш вазифасини шараф билан уддаламоқда», деган Пашинян.

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев мамлакат хавфсизлик кенгаши йиғилишида Қорабоғдаги вазиятни тартибга солишни «Озарбойжоннинг тарихий вазифаси» деб атаган ва Боку «чала қарорлар» билан келишмаслигини билдирган.

«Мен кўп марта айтганман, бугун ҳам такрорламоқчиман, бу масалани шундай ҳал қилишимиз керакки, Озарбойжон халқи бундан рози бўлсин. Биз тарихий адолатни тиклашимиз керак. Биз буни Озарбойжоннинг ҳудудий яхлитлигини тиклаш учун қилишимиз керак», дея қайд этган Алиев.

Ҳозиргача нималар бўлди?
Озарбойжон мудофаа вазирлиги якшанба тонгида Арманистон томони Тартар, Жабройил ва Фузулий аҳоли пунктларини ўққа тутгани, Озарбойжон армияси тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун кенг кўламли қарши ҳужум бошлаганини маълум қилди.

Арманистон эса биринчи бўлиб Озарбойжон ўт очганини айтмоқда. Арманистон бош вазири Никол Пашинян Озарбойжон маҳаллий вақт билан эрталабки соат 8:00да ҳаводан ҳужум бошлаб, ракеталар учирганини маълум қилди.

Озарбойжон мудофаа вазирлиги армия фақат тинч аҳоли пунктларига уюштирилган ҳужумларга жавоб қайтаргани ва Арманистон ҳарбий-ҳаво кучларининг 12та зенит-ракета мажмуаси йўқ қилинганини билдирди.

Озарбойжон томони мамлакат армияси бутун фронт чизиғи бўйлаб қарши ҳужумга ўтганини маълум қилди.

Вазирлик маълумотида қайд этилишича, Арманистон қуролли кучларининг жанговар фаоллашувининг олдини олиш ва тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлаш учун Озарбойжон армияси қўмондонлиги бутун фронт чизиғи бўйлаб ҳужум бошлашга қарор қилган.

«Бизнинг шахсий таркиб ва танк қисмларимиз ракета-артиллерия бўлинмалари, авиация ва учувчисиз учиш қурилмалари кўмагида фронт чизиғида ва ичкарида кўплаб арман кучларини, ҳарбий объектларни ва ҳарбий техникаларни аниқлади ҳамда йўқ қилди», дейилган хабарда.

Мудофаа вазирлиги Озарбойжон ҳарбий-ҳаво кучлари жанговар вертолёти Тартар йўналишида уриб туширилгани, экипаж аъзолари омон қолганини хабар қилган, Арманистон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари «Оса» русумли 12та зенит-ракета мажмуасини йўқотгани қўшимча қилинган.

Арманистон томони маълумотига кўра эса, душманнинг иккита вертолёти ва учта дрони уриб туширилгани, шунингдек, учта танк йўқ қилингани, озар аскарлари ҳалок бўлган бўлиши мумкинлиги айтилган.

Аввалроқ тан олинмаган Тоғли-Қорабоғ республикаси президенти Араик Арутюнян Қорабоғда ҳарбий ҳолат ва умуммиллий сафарбарлик эълон қилингани ҳақида эълон қилганди.

Унинг матбуот котиби Ваграм Погосян фейсбукдаги саҳифасида президент тез орада Қорабоғ халқига мавжуд мураккаб вазият юзасидан мурожаат қилиши ҳақида айтган.

Погосяннинг тасдиқлашича, тинч аҳоли пунктлари, хусусан, пойтахт Степанакерт артиллерия ҳужумига учраган.

РИА Новости Қорабоғ омбудсмени Артак Бегларянга асосланиб хабар қилишича, озарбойжонлик ҳарбийларнинг артиллериядан ўт очиши оқибатида бир аёл ва фарзанди ҳалок бўлган.

«Озарбойжонликларнинг артиллерия зарбалари оқибатида фуқаролар орасида қурбонлар ва жароҳатланганлар бор. Мартунин районида икки киши - аёл ва бола ҳалок бўлган, яна икки киши жароҳатланган. Бошқа аҳоли пунктларидаги йўқотишлар бўйича маълумотлар аниқлаштирилмоқда. Мактабларга, жумладан, Степанакертдаги мактабларга ҳам артиллерия зарбалари йўлланган», дея ёзган Бегларян фейсбукдаги саҳифасида.

Арманистон мудофаа вазирлиги 27 сентябрь куни Озарбойжон танклари ва ҳарбийлари Тоғли Қорабоғ туташув чизиғига бостириб киргани айтилган видеоёзувни эълон қилди. Видеода танклардан бири портлаб ёниб кетганини кўриш мумкин.

Аммо РИА Новости хабарига кўра, Озарбойжон мудофаа вазирлиги арман томонининг ҳарбий техникалар йўқ қилингани ҳақидаги маълумотини рад этган.

Озарбойжон мудофаа вазирлиги арман томонининг озарларнинг ҳарбий техникалари яксон этилгани ҳақидаги хабарларини рад этмоқда
«Озарбойжон армиясининг уч танки, икки вертолёти ва учта учувчисиз учар қурилмаси яксон этилгани ҳақидаги Арманистон томони тарқатган маълумот ёлғон. Хабар қиламизки, бизнинг бўлинмаларимиз фронтда рақибдан тўла устун», деган агентликка Озарбойжон мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

Озарбойжон Бош прокуратураси тинч аҳоли орасида 14 киши жароҳатлангани ҳақида маълум қилган. BBC бу масалада мустақил манбалардан ишончли маълумот ололмаган.

Президент Алиевнинг мурожаати ва Арманистонда 10 минг кўнгилли
Якшанба куни Озарбойжон президенти Илҳом Алиев миллатга телемурожаат қилди ва бу «Арманистон томонининг навбатдаги ҳарбий бузғунчилиги» экани ҳақида гапириб, Арманистон қуролли кучлари томонидан ўт очилиши оқибатида аҳоли ва ҳарбийлар орасида «қурбонлар ва жароҳатланганлар» борлигини маълум қилди.

Озарбойжон давлат телевидениесида чиқиш қилган президент Илҳом Алиев бугунги кунда минтақада Арманистон хавф манбайига айлангани ҳақида гапирди. AZERI TV
Давлат телевидениеси орқали чиқиш қилган Алиев Арманистон хавф манбайига айланганини таъкидлаган.

У шунингдек, Озарбойжон Арманистоннинг ҳаракатларини жавобсиз қолдирмаслиги ҳақида гапирган.
«Айни вақтда рақиб позицияларига зарбалар берилмоқда, ҳарбий техникалар йўқ қилинмоқда», деган Алиев.

Арманистон мудофаа вазирлиги матбуот котиби Шушан Степанян ижтимоий тармоқлар орқали Арманистон фуқароларининг 10 минг нафари Қорабоғга кўнгилли сифатида йўл олишга тайёрлиги ҳақида хабар тарқатди.

Бу вақтда Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартнома ташкилоти (КХШТ/ОДКБ) матбуот котиби Владимир Зайнетдинов РИА Новости учун берган интервьюсида Тоғли Қорабоғда ўт очиш тўхтатилиши кераклиги ҳақида гапирди.

«Биз бу зиддият фақат тинч йўл билан ҳал қилиниши керак деб ҳисоблаймиз. Бунинг учун халқаро тан олинган механизм - можарони ҳал қилиш устида ишловчи ЕХҲТнинг Минск гуруҳи мавжуд», деган у.

Тоғли Қорабоғ можароси

Қорабоғдаги можаро бир неча ўн йилдан буён давом этмоқда (архив фото)
СССР қулашидан аввал, 1991 йилда Озарбойжон ва Арманистон иттифоқ таркибида бўлган, аммо Қорабоғ низоси иттифоқ парчаланишидан уч йил аввал, 1988 йил февралида бошланган, ўшанда Тоғли-Қорабоғ автоном области Озарбойжон ССР таркибидан чиққанини эълон қилганди.

1992-1994 йиллар давомида икки республика ўртасидаги қуролли тўқнашувлар натижасида Озарбойжон Тоғли Қорабоғ устидан назоратни қўлдан бой берган. 1992 йилда бу зиддиятни ҳал қилиш бўйича уч воситачи давлат - Россия, АҚШ ва Франция иштирокида ЕХҲТнинг Минск гуруҳи тузилган.

Ереван расман Тоғли-Қорабоғ республикасини тан олмайди, аммо тан олинмаган республиканинг бюджети ва армияси Арманистон билан яқин алоқада ҳисобланади.

2020 йил апрелида пандемия авж олган вақтда Қорабоғда президентлик сайловлари ўтказилди ва сайловларнинг иккинчи турида Араик Арутюнян 80 фоиз овоз олди.

Еврокомиссия сайлов натижалари Тоғли Қорабоғнинг якуний мақомига ёки музокаралар жараёни натижаларига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаслигини таъкидлаган, ЕИ бу сайловлар учун конституцион ва ҳуқуқий асосларни тан олмаслигини билдирганди.

Озарбойжон ҳам Тоғли Қорабоғдаги сайлов натижаларини тан олмаган.




Мавзуга оид янгиликлар
  • Нетаняҳу Исроил Эрон ҳужумига қандай жавоб бермоқчилигини айтди 16 апр, 15:03 1
  • Исроил Эронга зарба беришдан бошқа чораси йўқлигини эълон қилди 16 апр, 14:20 3
  • Озарбайжон ТИВ Арманистонга чақириқ билан чиқди 16 апр, 13:46 3
  • Германия канцлери Украинадаги уруш узоқ давом этишига ишора қилди 16 апр, 13:00 38
  • Полша ва Беларус чегарасида ноқонуний муҳожирлар сони ортиб бормоқда 16 апр, 12:39 33
  • ҲАМАС нима учун келишувдан бош тортди? 16 апр, 11:30 126
  • Сўнгги янгиликлар
  • Ўзбекистонда транспорт воситалари экологик назоратдан ўтказилмоқда 16 апр, 14:43 0
  • Исроил Эронга зарба беришдан бошқа чораси йўқлигини эълон қилди 16 апр, 14:20 2
  • Озарбайжон ТИВ Арманистонга чақириқ билан чиқди 16 апр, 13:46 2
  • Ўзини ўзи банд қилган шахс «солиқ»да онлайн рўйхатдан ўтиши мумкин 16 апр, 13:23 12
  • Германия канцлери Украинадаги уруш узоқ давом этишига ишора қилди 16 апр, 13:00 38
  • Полша ва Беларус чегарасида ноқонуний муҳожирлар сони ортиб бормоқда 16 апр, 12:39 33
  • Тадқиқот: жуда қийин уй вазифаларининг фойдасидан зарари катта 16 апр, 12:12 29
  • Бухоро вилоятида «Нексия-3» автомашинаси букланиб қолди 16 апр, 11:50 137
  • ҲАМАС нима учун келишувдан бош тортди? 16 апр, 11:30 126
  • "Долларфуруш"ларга қарши катта "ов" бўлиб ўтди 16 апр, 11:15 86
  • Давлат хавфсизлик хизмати маклерларга қўшиб мансабдорларни ҳам қўлга олди 16 апр, 11:02 165
  • Тожикистон Туркия фуқаролари учун виза режимини жорий этди 16 апр, 10:46 41
  • Бўлимлар