«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 29 2024, 00:16
ЎЗO‘Z

Мамлакатни либераллаштириш йўлида. Мирзиёев Ўзбекистонни қанчалик ўзгартирди?

27 сен, 14:05 2 323 Ўзбекистон
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Мамлакатни либераллаштириш йўлида. Мирзиёев Ўзбекистонни қанчалик ўзгартирди? Москвадаги «Карнеги» таҳлил марказида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 4 йиллик президентлик даври ҳақида мақола эълон қилинди. Муаллиф Юрий Саруханян мамлакат Мирзиёев даврида қандай ўзгарганини таҳлил қилган.

Шавкат Мирзиёев президентликка келгач, олдинги раҳбарият танқид қилинишига сабаб бўлган деярли барча муаммоларни ҳал қилди. Энди унинг олдида сўнгги йилларда пайдо бўлган янги муаммоларни ҳал қилиш вазифаси турибди. Ислоҳотларни амалга ошириш йилдан йилга қийин бўлиб бораверади.

Шавкат Мирзиёев учун кейинги йил биринчи президентлик муддатидаги сўнгги йил бўлади. Ортда қолган вақт давомида мамлакатда ҳам, дунёда ҳам уни ислоҳотчи президент сифатида билишди. Мирзиёев президентликка келиши билан кенг кўламдаги ислоҳотлар амалга оширилишини маълум қилганди. Чиндан мамлакатда ўзгаришлар бошланди: иқтисодиётда либераллик кўзга ташланди, сўз эркинлигининг дастлабки кўринишлари пайдо бўла бошлади, сиёсий элита эса дунё билан мулоқотга киришди.

Мирзиёевнинг ислоҳотлари бутун миллат томонидан қўллаб-қувватланди. Ислоҳотларга кўникканлар ҳам, уни қабул қила олмаганлар ҳам бўлди. Коронавирус эса ислоҳотларнинг белига тепди. Кўп мамлакатлар қатори Ўзбекистон ҳам пандемияга тайёр эмаслиги кўринди, кейинчалик бир неча босқичдаги карантин ўзининг иқтисодий асоратларини кўрсата бошлади.

Мирзиёев кейинги йил иккинчи муддат учун номзодини қўйиши кутилмоқда. Тўғриси, сайловларда жуда катта рақобат кутиш қийин. Президентни ҳозир бошқа савол ўйлантираётган бўлса керак: амалга оширилаётган ислоҳотларни давом эттириш керакми ёки янада аниқроқ ислоҳотларга ўтиш? Ахир Мирзиёев даврида ўзбек халқи анча талабчан бўлиб улгурди.

Репутациянинг янгиланиши
Ислом Каримов вафотидан кейин Шавкат Мирзиёев мамлакат раҳбарлигига келганида, жамоатчилик унинг ислоҳотлар режасига ишонишда эҳтиёткорликни унутмади. Айримлар 13 йил олдин ҳукуматда иш бошлаган одам ислоҳотчи бўлишига ишонқирамаганди, бироқ Мирзиёев чиндан кўп нарсани ўзгартирди. Каримов даврида кўп танқид қилинадиган соҳаларда вазият яхшиланди: иқтисодиёт, жамоатчилик сиёсати ва халқаро алоқалар борасида ўзгаришлар рўй берди. Ўзбекистон қамоқхоналаридан кўплаб сиёсий маҳбуслар озодликка чиқарилди. Кексайиб қолган бу инсонлар энди мамлакат хавфсизлигига ҳеч қандай таъсир ҳам ўтказмаётганди. Шунингдек, ҳукумат Жаслиқдаги турли қийноқлар билан номи чиққан қамоқхонани ҳам ёпди.

Бу ўзгаришлар, шубҳасиз, Ғарб томонидан ижобий қаршиланди. 2005 йилдан буён илк марта АҚШнинг халқаро дин эркинлиги бўйича комиссияси Ўзбекистонни «қора рўйхати»дан чиқарди. Расмий Тошкент қўшнилар билан муносабатларни яхшилай бошлади. Қирғизистон ва Тожикистон билан чегара, трансчегаравий дарёлар масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон ташаббуси билан Марказий Осиё давлатлари мулоқоти тикланди ва беш давлат раҳбарлари 2018 ва 2019 йилларда ўзаро учрашувлар ўтказишди.

Мирзиёев дунё ҳамжамиятини Ўзбекистонга инвестиция киритиш фойдали ва хавфсиз эканига ишонтира бошлади. Бу эса чинакам кутилмаган қадам эди. Ҳукумат валюта курсларини тартибга келтириб, валюта операцияларини осонлаштириб қўйди. Банк тизими ислоҳ қилинди ва хорижий инвесторлар учун тўсиқлар бекор қилинди.

Ўзбек мансабдори 2.0
Мирзиёев ўз атрофида яхши жамоа тўплашга кўп вақт сарфлади. Унинг даврида деярли барча вазирлар алмашди, ташқи ишлар вазиридан ташқари. Катта лавозимларга ёш кадрлар келди. Ўзбек раҳбарининг кўриниши ўзгарди: энди улар фақат кабинетда ўтирмайди, аксинча одамлар билан фаол мулоқотга киришган, ижтимоий тармоқларда ҳам фаоллашган. Улар энди нафақат маҳаллий журналистларга, балки хорижий ОАВ вакилларига ҳам интервью бера бошлашди.

Раҳбарлар энди муаммолар ҳақида очиқ гапиришмоқда. Энди раҳбарлар муаммоли жойларга етиб боришмоқда. Масалан, Урганчда уйлари бузилиб компенсация ололмаган одамлар катта трассани ёпиб қўйганда бош вазир Абдулла Ариповнинг шахсан ўзи у ерга етиб бориб, аҳоли билан мулоқот қилганди. Ҳатто Мирзиёевнинг ўзи узоқ йиллар раҳбар кўрмаган туманларга бормоқда.

Бироқ муаммолар камайиб қолгани йўқ. Ҳамон юқори лавозимларга таниш-билишсиз эришиш қийин. Катта кадрлар ёшларнинг ўсишига ҳамон қаршилик қилмоқда. Ҳудудий раҳбарлар эскичасига, қўрслик билан бошқарувни амалга ошириши ҳолатлари кузатилиб турибди. Мирзиёевга кучли кадрлар етишмаяпти. Айтайлик, сўнгги йиллардаги энг юлдуз сиёсатчилардан бири Шерзод Кудбиев аввалига меҳнат вазири, кейин президентнинг кадрлар бўйича маслаҳатчиси бўлди. Ҳозирда эса у Давлат солиқ қўмитаси раҳбари.

ОАВнинг тирилиши
2016 йилгача ўзбек ОАВи кома ҳолатида эди: газеталарни ҳеч ким ўқимас, улар мажбурий обуна ҳисобигагина кун кўраётган, телевидение советлар давридагидан фарқ қилмас, интернет сайтлар расмий пресс-релизларни қайта нашр этиш билан кифояланарди. Шавкат Мирзиёев даврида барчаси кескин ўзгарди. ОАВ чинакамига жамиятнинг ҳаёт тарзини кўрсата бошлади. Олдинлари номини фақат секингина айтиш мумкин бўлган хорижий сайтлар очилди. Журналистлар ҳимояси учун бутун бошли агентлик ва фондлар очилди. Мирзиёев бу соҳага қанчалик жиддий қараётганини унга масъул сифатида ўз қизи Саида Мирзиёева ва собиқ матбуот котиби Комил Алламжоновни тайинлаганидан билиш мумкин.

Натижада бугун ўзбек нашрларида ҳар қанақа танқидни учратиш мумкин. Мамлакатда машҳур блогерлар пайдо бўла бошлади. Раҳбарлар эса ўз ахборот хизматига эътибор бермоқда. Тўғри, ҳали тўла эркин матбуотгача анча бор, ҳамон тегиниш мумкин бўлмаган мавзулар сақланиб қолмоқда, аммо ўзгариш чиндан яхши томонга бўлмоқда.

ОАВ шунчалик катта обрўга эга бўлдики, раҳбарлар журналистлар танқидига учрамаслик учун ўз фаолиятини, ўзини тутишини назорат қилишга мажбур бўлмоқда. Масалан, пандемия даврида ахборотни яширишнинг имкони бўлмаяпти, чунки бу ҳақда ОАВ ва блогерлар саҳифасида барибир маълумот берилмоқда. Аввал ҳукумат шунчаки ҳеч нима айтмай қўя қолган бўларди.

Фақат имиж учунми?
Бироқ ҳали ўзгартириш керак бўлган нарсалар кўп: партиялар номигагина ишламоқда, монопол компанияларга ҳамон имтиёз берилмоқда. Тўрт йил - ислоҳотларнинг дастлабки ҳаяжонлари тугаши учун етарли муддат. Бу айниқса иқтисодиётда сезилмоқда. Бир томондан, ҳукумат солиқлар ва хусусийлаштириш каби муҳим соҳаларда ислоҳот амалга оширди. Бошқа томондан қатъий протекционизм иқтисодий сиёсатнинг асосий фалсафаси бўлиб қолмоқда, маҳаллий монополистлар учун субсидиялар ва имтиёзлар рақобатни бўғишда давом этмоқда, хусусийлаштириш жараёни эса шаффоф эмас. Ўзбекистон иқтисодиёти ҳукуматдагилар буни ўзгартириш учун ҳарчанд уринмасин, аввалги каби лоббистларнинг тор доираси манфаатлари учун хизмат қилишда давом этмоқда.

Ўзбекистонда улкан бюрократик аппарат ўсишда давом этмоқда. Ҳукумат янги вазирликлар ва муассасалар тузиш орқали муаммоларни ҳал қилишга уринмоқда. Натижада тушунарсиз тузилмалар пайдо бўлмоқда. Масалан, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тузилиб, унинг раҳбарияти таркиби ИИВдан чиққан ходимлар билан тўлдирилди.

Ҳали ҳал этилмаган эски муаммолар қаторига янгилари қўшилмоқда. Амалдорларни ҳақиқий ҳолат эмас, кўпроқ ҳисоботларда KPI (самарадорлик энг муҳим кўрсаткичлари) ижроси қандай бўлиши қизиқтиради. Ҳукумат қарорлари ниқоби остида ҳокимиятга яқин бўлганлар хусусий бизнесни сиқиб чиқариши ҳолатлари кузатилмоқда.

Юқорида айтилганидек, ўзбек ҳукумати танлов олдида турибди: ёки амалдаги ҳолатни сақлаб қолиш ёки тизимли ислоҳотларга ўтиш. Нима бўлганда ҳам энди уларга осон бўлмайди. Чунки Мирзиёевнинг либерал сиёсати ўзбекларни талабчан қилиб қўйди. Энди улар барчаси янада яхшироқ бўлишига ҳам ишонмоқда.




Мавзуга оид янгиликлар
  • 29 март куни Ўзбекистон ҳудудида қандай об-ҳаво кутилмоқда? 28 мар, 15:53 209
  • Ўзбекистонда неча турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади? 27 мар, 11:00 57
  • Ўзбекистон бўйича 25-29 март кунлари об-ҳаво қандай бўлади? 25 мар, 14:50 235
  • Давлат органлари учун ҳалоллик миллий стандарти ишлаб чиқилади 25 мар, 10:50 57
  • Эртага Ўзбекистонда ҳарорат 30 даражагача кўтарилиши кутилмоқда 24 мар, 11:59 76
  • 24 март куни республика ҳудудида кузатиладиган об-ҳаво маълумоти эълон қилинди 23 мар, 13:19 119
  • Сўнгги янгиликлар
  • Зеленский: “Агар снарядлар етарли бўлмаса, Украина Россия ҳужумини қайтара олмайди” 28 мар, 23:45 1
  • Мексикадаги матбуот анжуманида бутун жамоа иштирок этиб, мухлислардан узр сўради 28 мар, 23:27 5
  • Мижозларни 1,8 млрд долларга алдаган криптовалюта биржаси асосчиси 25 йилга қамалди 28 мар, 23:04 16
  • Футзал. Ўзбекистон иккинчи ўйинда Қирғиз Республикасини мағлуб этди 28 мар, 22:56 10
  • Суперлига. “Динамо” “Металлург” устидан иродали ғалабага эришди 28 мар, 22:51 19
  • Нима учун олимлар аёлларга вақти-вақти билан йиғлаб туришни тавсия қилади? 28 мар, 22:22 20
  • Кирилл Буданов: “Россия ўз ҳудудида теракт тайёрланаётганини камида бир ой олдин билган” 28 мар, 21:56 137
  • Якуни мавҳум бўлиб бораётган Украина уруши: тарихий башорат ва ечимлар 28 мар, 21:29 239
  • Жаҳон банки: Ўзбекистон иқтисодиётидаги гендер тенглик 700 минг одамни камбағалликдан олиб чиқиши мумкин 28 мар, 21:02 17
  • Мирзиёев Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном райони халқ ҳукумати раиси билан учрашди 28 мар, 20:40 33
  • Қашқадарё вилоятида судья қўлга олинди 28 мар, 20:20 125
  • «Толибон» Москвадаги теракт ташкилотчиларини йўқ қилишга ваъда берди 28 мар, 20:00 449
  • Бўлимлар