«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 19 2024, 05:49
ЎЗO‘Z

Ижтимоий тармоқлар: мулоқот учун ёки манипуляция ва “хайп” учун майдонми?

01 авг, 17:00 2 503 Жамият
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ижтимоий тармоқлар: мулоқот учун ёки манипуляция ва “хайп” учун майдонми? Бугун ижтимоий тармоқлар аҳолининг ҳокимликлар билан мулоқот қилишлари учун майдон вазифасини ўтамоқда, у ёки бу ҳужжатлар, ҳодисалар ва жараёнлар бўйича жамоатчилик фикрини ўрганишда фойдаланиб келинмоқда. Хусусан, фуқаролар мансабдор шахсларга уларнинг шахсий ва у ишлайдиган давлат органининг саҳифалари орқали мурожаат қилмоқда, ижтимоий-иқтисодий муаммолари бўйича очиқ фикр билдирмоқда.

Кўп ҳолларда бу муаммоларга блогерлар, алоҳида интернет-нашрлар, ижтимоий тармоқларнинг минглаб фойдаланувчиларининг фаол фуқаролик позицияси туфайли ўзаро мақбул ечимларни топишга эришилмоқда. Фуқароларнинг фикрлари, конструктив таклифлари, гарчи улар ижтимоий тармоқлар орқали билдирилган бўлсада, инобатга олинмоқда, бу билан давлат ва жамоатчилик бошқарувида аҳолининг кенг иштироки таъминланмоқда.

Лекин ижтимоий тармоқлардаги мунозаралар ва ижтимоий ҳаёт аралаштириб юборилишининг салбий таъсирлари ҳам бор. Мисол тариқасида популизм, жамоат онгини манипуляция қилиш, “троллар фабрика”си, фейк (ёлғон) хабарлар, инсонларнинг шаъни ва қадр-қимматини, ташкилотларнинг ишчанлик обрўсини қораловчи ахборотларни тарқатиш, интернет-буллинг кабиларни айтиш мумкин.

Биз мазкур йўналишда мавжуд ҳолат, қонунчилик ва хориж тажрибасини таҳлил қилдик.

Рационал аргументлар ҳиссий қолипларга ютқазади
Ёлғон хабарлар ишончли ва объектив ахборотларга қараганда тез тарқалади ва баъзан катта зарар келтиради. Янгиликдек туюладиган ёлғон хабарни тармоқ фойдаланувчилари тезроқ улашишга ҳаракат қилади, бу эса турли-туман миш-мишлар, уйдирмалар, агрессияни келтириб чиқаради, давлат органлари, бизнесга ишончсизлик пайдо қилади. Хабар улашишда биринчи бўлиш амалда қўлланилади: ким биринчи айтган бўлса, у ҳақ. Агарда ёлғон хабар ортидан расман раддия билдирилса, бу одамлар унга ишонди, дегани эмас. Бунда рационал аргументлар ҳиссий қолипларга ютқазади. Британия сиёсатчиси Уинстон Черчиль айтганидек: «Ҳақиқат иштонини кийгунча, ёлғон дунёнинг ярмини айланиб чиқишга улгуради».

Пандемия даврида миш-мишлар ва асоссиз ахборотлар тарқалиши одамлар орасида ваҳима уйғотади. Масалан, ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида ўғрилар наркотик модда шимдирилган тиббий ниқобларни тарқатаёгани, Ўзбекистон бўйлаб вертолётларда дезинфекция ишлари амалга оширилиши ҳақидаги ёлғон хабарлар, карантин пайтида ҳар бир юртдошларимизга ҳафтасига 300 минг сўмдан берилиши, пандемия сабаб кириш имтиҳонлари бекор қилиниши ва бошқа шу каби миш-мишлар тарқалди. Давлат тузилмалари буларнинг барчасини рад этди ва фуқароларни ёлғон ахборотларни тарқатишдан аввал маълумотларини текширишга чақирди.

Яна бир жиҳат борки бу — фейк, яъни сохта аккаунтлар. Тармоқларда ўз фикрларини очиқ баён қилишга, янги ташаббус ва таклифларини билдиришга тайёр фуқаролар билан бирга “троллар” деб аталадиганлар ҳам тез-тез майдонга чиқишади. Улар ўйлаб топилган исмлар остига яшириниб, кинояли постлар ёки жамоатчилик онгини бошқаришга уринувчи очиқ ёлғонларни тармоқларга жойлайди. Изоҳларда эса кўпинча адабий тилда ёзишмайди, шахсга ўтади, одамларни обрўзсизлантиришга, адоватни авж олдиришга ҳаракат қилишади. Бу тартибсизлик ва ғалаёнларга, молиявий зарар кўришга олиб келиши мумкин.

Мисол учун, Замбияда аҳолининг 80 фоизини электр энергияси билан таъминловчи «ZESCO» давлат компанияси Хитойга сотилиши ҳақидаги ёлғон хабар Интернетда тарқалгач, минглаб одамлар кўчага чиқишди. Фейк ортидан юзага келган митинглар компания акцияларини қулатди.

Баъзида ҳазил ҳам ҳалокатга олиб келади. Бундан икки йил аввал Ҳиндистонда “самосуд” ортидан ўнлаб кишилар вафот этди. Нотаниш кимсалар WhatsApp мессенжери орқали оддий одамларни қотил ва зўравон сифатида кўрсатувчи хабарлар тарқатган.

Моддий зарар ва бизнес обрўсига путур
Фейк хабарлар хийла воситаси сифатида нафақат ижтимоий-сиёсий соҳада, балки ишбилармонлик даврасида ҳам фойдаланилади. Улар тадбиркорлик субъектларини ҳам катта иқтисодий йўқотишлар ва обрўсига путур етказиш билан «ҳойҳой»лаб туришади. Масалан, 2016 йилда АҚШ президентлигига номзод Дональд Трампнинг миллионлаб тарафдорлари PepsiCo компанияси маҳсулотларига бойкот эълон қилишди. Шундан сўнг, интернет тармоқларида гўё компания раҳбарияти уларга қарши эканлиги ҳақида ёлғон ахборотлар пайдо бўлди.

Хабар чиққан куни АҚШнинг истеъмолчиларни қондириш даражаси учдан бир қисмга, дунё бўйича эса 20 фоизга тушиб кетди. Компания акцияларининг нархи биржада кескин пасая бошлади, вазиятни яхшилашга бир неча ой ўтибгина эришилди. Балтимор университети (АҚШ) ҳамда «CHEQ» компанияси мутахассисларининг ҳамкорликдаги тадқиқотларига кўра, акциялар ва инвестициялар мавзусидаги ёлғон ахборотлар уларни вақтинча қийматини тушириши мумкин, бу ўзи билан йилига 39 млрд долларга яқин зиён келтиради.

Яқинда Ўзбекистоннинг девелопер компанияларидан бирининг асосчиси аллакимлар унинг номи ва компаниясининг логотипидан фойдаланган ҳолда ижтимоий тармоқларда фейк каналлар ва гуруҳлар очганини маълум қилди. Улар очган ўша гуруҳларга ҳар бир янги одам қўшганга совғалар ва пул ваъда қилиб, 10 соат ичида 60 минг обуначиларга эга бўлган. Бундай сохта аккаунтлар компания фаолиятини таҳқирламай қолмайди.

Сохта саҳифалар пайдо бўлгани ҳақида республикадаги оммабоп нашрлардан бири эълон қилди. Алоҳида шахслар Facebook, Instagram, Telegram каби ижтимоий тармоқларда канал ва саҳифалар очади ва унда турли мазмундаги, янгиликлар сайти услуби ва йўналишига мутлақо тўғри келмайдиган постлар, шу жумладан лотереялар ва қимор ўйинларини жойлайди.

Сўнгги вақтларда ўзларини оммабоп сўз бўлган «блогер» деб атовчи фуқаролар тез-тез пайдо бўлмоқда. Улар мансабдорлар, тадбиркорлар, оддий одамлар ҳақида ҳар доим ҳам объектив бўлмаган ахборотларни тўплайди, уларнинг суратларига контекстдан юлиб олинган маълумотларни чапиштириб видеоматериал шаклида ижтимоий тармоқларда тарқатади. Айрим сохта блогерлар провокацион, иғво материллар ҳисобига кўпроқ обуначиларга эга бўлишга ёки кўпроқ пул ишлашга, бошқалари “хайп” қилишга уринади. Яна баъзилари қора мақсадларда тармоқ фойдаланувчиларини манипуляция қилади, ўзининг ёки «буюртмачилар»нинг қизиқишларини ёлғон далиллар билан тарқатади. Шундай интернет фойдаланувчилари борки, ҳиссиётларга берилиб, ҳақорат ва сўкинишлар билан оқибатини ўйламай ёзади.

Баъзи шахслар ноқонуний ҳаракатлари учун жавобгарликка тортиляпти. Шунинг учун фуқароларда, шу жумладан блогерларда нафақат ҳуқуқи, балки мажбуриятлари ҳам борлигини унутмаслик керак.

Масалан, ўтган йилнинг октябрь ойида Самарқандда қурилиш компанияси 500 млн сўм маънавий зарар етказгани учун икки блогер устидан даъво қўзғатди. Шунингдек, Қашқадарё вилоятининг Китоб шаҳрида махсус хизматлар томонидан сохта блогерлар ушланди, улар маҳаллий аҳолини қўрқитиб, товламачилик қилиб келган. Яъни бир тўйда аёлни эркак билан рақс тушаётганини видеокамерага тасвирга олиб, ундан 1 000 АҚШ доллари талаб қилади, акс ҳолда видеони ижтимоий тармоқларга тарқатиб юбориш билан қўрқитади. Аниқландики, қўлга олинган блогер бундан аввал ҳам болалар боғчасида гўё айниган гўштдан таом тайёрланаётгани ҳақида ролик эълон қилган.

2020 йилнинг апрель ойида ўзини блогер деб атаган самарқандлик тадбиркор ички ишлар органлари фаолиятига қаршилик кўрсатгани, хизмат пайтида давлат хизматчиларини ҳақоратлагани ва тасвирга олгани учун 15 сутка қамалаб чиқди. Жорий йилнинг май ойида эса яна бир сохта блогер қўлга олинди, у Бекобод деҳқон бозори (Тошкент вилояти)нинг мансабдор шахсини бозордаги антисанитар ҳолат олинган видеокадрларни ижтимоий тармоқлар ва ОАВда тарқатиб юбориш билан қўрқитиб, ундан 1 000 АҚШ доллари ундирган.

Президентга мурожаат
Яна бир тенденция кузатилмоқда. Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан одамлар ижтимоий тармоқлар орқали бевосита давлат раҳбарига мурожаат қилмоқда. Улар уйини бузилишдан сақлаб қолишда, боласини боғчага жойлаштиришда, ўзини ишга қайта тиклашда, бирор мансабдорни жавобгарликка тортишда, виждонсиз раҳбарни жазолашда ёрдам сўрайди, давлат органлари фаолиятидан шикоят қилади...

Президент виртуал қабулхонаси уч йилдан ортиқ вақт фаолият юритаётгани, давлат раҳбарининг ҳар бир туман, шаҳарда халқ қабулхоналари ташкил этилгани, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ҳокимлик вакиллари, шу жумладан ҳудудлар ҳокимларининг виртуал қабулхоналари мавжудлиги, улар сайёр ва шахсан қабуллар ўтказишларини инобатга олиб, баҳсли савол туғилади: наҳотки ижтимоий тармоқлардаги мурожаатлар давлат органларининг халқ билан мулоқотида ишлаб чиқилган механизмлар орқали ҳал қилинмайди?

Одамлар ҳуқуқлари бузилгани ҳақида гапиришади: мулк ва меҳнат ҳуқуқидан тортиб шахсий ва сиёсийгача. Бироқ тушунарсиз вазият бор: бу фуқаролар давлат органларига – прокуратура, адлия органлари ёки судга Конституцияда кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиб аввал мурожаат қилганми? Ёки улар муаммоларига ечим топиш учун қонуний тартибда мурожаат қилишга ҳаракат қилмай туриб, жамоатчилик фикрига таъсир қилишга, уларда хавотир уйғотиб, гўёки масаласи ўз фойдасига ҳал қилинмаган, қонун бузилган дея мақсадига эришишга интилишяптими? Шундай ҳолатлар борки, суд ишлари давом этаётган пайтда, ҳали қарор чиқмасидан жараён иштирокчилари ижтимоий тармоқларга суд органларини қораловчи постлар жойлайди.

Ҳуқуқий жиҳатлар
Конституцияга мувофиқ, ҳар ким ахборотни излаш, олиш, тадқиқ қилиш, узатиш, тарқатиш, ундан фойдаланиш ва уни сақлаш ҳуқуқига эга.
«Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонунга кўра, веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогер Интернет тармоғида миллий, ирқий, этник ва диний адоват қўзғатувчи, шунингдек, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ахборотни тарқатишига йўл қўймаслиги шарт.

Ушбу Қонунда блогер тушунчасига аниқлик киритилган. У Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа хусусиятга эга ахборотни жойлаштирувчи, шу жумладан ахборотдан фойдаланувчилар томонидан ушбу ахборотни муҳокама қилиш учун жойлаштирувчи жисмоний шахс.

«Ахборот эркинликлари кафолатлари ва принциплари тўғрисида»ги Қонунда очиқлик ва ошкоралик, ҳамма эркин фойдаланиши мумкин ва ҳаққонийлик ахборот эркинлигининг асосий принциплари белгиланган. Ахборотни бузиб талқин этиш ва сохталаштириш тақиқланади.

Ёдда тутиш керакки, бу каби хатти-ҳаракатлар, шу жумладан туҳмат, ҳақорат учун фуқаролик, маъмурий ва жиноий шаклдаги жавобгарликлар ўрнатилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга кўра, ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан олтмиш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Жиноят кодексига мувофиқ, агар ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш, башарти, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса — базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баробаригача (44 млн 600 минг сўм) жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Медиасаводхонлик ва факт-чекинг
Интернет кенг имкониятлар эшигини очади, айниқса, пандемия шароитида бу ўз тасдиғини топди (масофавий таълим, онлайн-мулоқотлар ва мунозаралар нафақат маиший мулоқот, балки давлат даражасида ташкил этилмоқда).
Ёлғон ахборотлар ва жамоатчилик фикрини манипуляция қилишнинг бошқа воситаларига қарши курашиш учун глобал тармоқларни ёпиш мақсадга мувофиқ эмас. Давлат органлари фаолиятида, улар таъминлаётган маълумотнинг очиқлиги ва шаффофлиги муҳим. Мурожаатлар билан ишлаш тизмини ривожлантиришга ҳамда расмий манбаларнинг транспарентлигига зарурат бор.

Бунда давлат тузилмаларининг матбуот хизматлари асосий роль ўйнайди. Улар фуқароларни ахборот билан таъминлаши, уларнинг мурожаатларига, шу жумладан ижтимоий тармоқлар орқали юбориладиган сўров ва изоҳларига, ўз вақтида жавоб қайтарилишига кўмаклашиши керак.

Акс таъсирнинг асосий факторларини танқидий фикрларни шакллантириш, аҳолига маълумотлар ҳақиқийлигни текшириш — факт-чекингга ўргатиш ташкил этади. Ҳаммага, нима гапирилаёгани ва кўрсатилаётганига ишониш керак эмас, тармоқларда «Улашиш» тугмасини босишдан аввал фактларни қайта текшириш лозим. Медиасаводхонлик ва ахборот истеъмолига танқидий ёндашув (ОАВда ёки ижтимоий тармоқда бўлсин) сизни ва яқинларингизни, ҳамкасблар ва дўстларингизни тармоқлардаги ёлғон ва найранглардан ҳимоя қилади. У эса ўз қўлингизда.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ахборот хизмати




Мавзуга оид янгиликлар
  • Марказий Осиё давлатлари 2024 йил ёзи учун Амударё ва Сирдарё сувини тақсимлаб олди 18 апр, 21:45 196
  • Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон баёнот билан чиқдилар 18 апр, 20:00 332
  • Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида иттифоқчилик муносабатлари ўрнатилди 18 апр, 17:40 89
  • Тошкентда дарахтга қасд қилган «маскалилар» қўлга олинди 18 апр, 17:23 204
  • Жиноий иш қўзғатилгач келишувга эришилди 18 апр, 16:48 160
  • Ўзбекистонда зилзилага тайёргарлик кучайтирилади 18 апр, 13:24 193
  • Сўнгги янгиликлар
  • Геосиёсий зиддиятлар: Ўзбекистон позицияси қандай бўлиши керак? 19 апр, 00:12 94
  • Германияда икки нафар рус жосуси қўлга олинди 18 апр, 23:50 125
  • Россиянинг "қашшоқлашаётган" миллиардерлари 18 апр, 23:30 205
  • Шармандали мағлубиятдан кейин “Барса” ўйинчилари ўртасида зиддият келиб чиқди 18 апр, 23:12 260
  • Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарлари концерт томоша қилдилар 18 апр, 22:53 99
  • Қозоғистонлик миллиардерлар сув тошқинидан зарар кўрган ҳудудларга маблағ ажратди 18 апр, 22:30 123
  • Қондаги шакар миқдорини тартибга солувчи фойдали мева номи айтилди 18 апр, 22:11 149
  • Сенсация! U23 Осиё Кубоги 2-турида Индонезия Австралияни мағлубиятга учратди 18 апр, 21:49 217
  • Марказий Осиё давлатлари 2024 йил ёзи учун Амударё ва Сирдарё сувини тақсимлаб олди 18 апр, 21:45 196
  • Оғабек Собиров, Муножат Йўлчиева, Озодбек Назарбеков ва Юлдуз Усмонова «Тожикистон халқ ҳофизи» бўлди 18 апр, 21:20 164
  • Қирғизистонда инсон аъзоларини сотиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ аниқланди 18 апр, 21:07 218
  • Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон баёнот билан чиқдилар 18 апр, 20:00 332
  • Бўлимлар