«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 29 2024, 09:45
ЎЗO‘Z

Жефри Ланг: "Менинг илк намозим ва унда нафсим билан кечган жанг..."

28 июл, 13:23 3 360 Ҳаёт тарзи
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Жефри Ланг: "Менинг илк намозим ва унда нафсим билан кечган жанг..." Бу ҳикоя АҚШдаги Канзас университети математика ўқитувчиси, профессор Жефри Лангнинг “Мен мусулмон бўлган кун” номли китобидан олинди. Унда профессор Ислом динини қабул қилгач, биринчи ўқиган намози ҳақида ёзади: “Мусулмон бўлган куним масжид имоми менга намоз ўқиш тартиб-қоидалари ҳақидаги китобча ҳадя қилди. Буни кўрган баъзи мусулмон ўқувчилар: “Нафсингизга оғир келадиган ишларда шошилманг, секин-аста ўрганиб оласиз”, дейишди. Мен эса ҳайрон бўлдим: намоз ўқиш шунчалик қийин ишми? Шу ўй билан бир нарсага қарор қилдим – беш вақт намозни ўрганиб, бугунданоқ ўқишга киришаман!

Ўша куни ним қоронғи хонамда ўтириб олиб, китобчадаги суратларни, дуоларни ўқиб чиқдим, намоздаги амалларни ўзлаштиришга, сураларнинг арабча ўқилиши билан бирга инглизча маъноларини тушунишга ҳаракат қилдим. Намозга тайёр эканимга ишонч ҳосил қилганимда тун яримлаб қолганди. Демак, хуфтон намозидан бошлайман. Таҳорат олиш учун ювиниш хонасига кирдим, китобга қараб-қараб тартиб бўйича шошилмай таҳорат олдим. Кейин хонага кирдим. Қиблани тахмин қилиб, хона ўртасига жойнамоз солдим.

Лекин шу пайт эшик очиқмасмикан, деган хавотир хаёлимдан ўтди. Бориб қарадим, ёпган эканман. Намозга турдим, чуқур нафас олдим. Кейин қўлларимни кўтардим. “Аллоҳу акбар” деб такбир айтдим-у, овозимни ҳеч ким эшитмаяптими, деган хаёл билан деразага қарадим. Парда очиқ эди. Ўша заҳоти дераза олдига бордим, мени кузатишмаяптимикан, деб ташқарига қарадим, ҳеч ким йўқ. Пардани яхшилаб ёпиб, намозга қайтдим.

Аввал Фотиҳани, ортидан қисқа суралардан бирини ўқидим (Арабча ўқишга жуда қийналдим. Агар ўшанда бирон араб мени эшитса, ҳеч нарсани тушунмасди). Сўнг паст овоз билан такбир айтдим, рукуъ қилдим, қўлимни тиззам устига қўйдим. Шу пайтгача белим ҳеч кимнинг қаршисида бунчалик қайишмаганди. Уч марта “Субҳаана роббиял азийм”, кейин қаддимни тиклаб, “Самиаллоҳу лиман ҳамидаҳ, роббанаа лакал ҳамд”, дедим. Юрагим уриши тезлашди, ҳаяжоним ортди. Энди саждага навбат келганди.

Безовта нигоҳларим саждагоҳга қадалди: “Наҳотки мен хожаси ҳузуридаги қулдай қўлларимни, тиззамни ерга қўйсам?! Наҳотки ўзимни ўзим хор қилиб, бурнимни ерга ишқасам?! Йўқ, бундай қилолмайман!” Шу ўйлар билан жойимда михлангандек ўтириб қолдим. Туриб кетай десам, оёқларим қотиб қолгандек эди. Вужудим ўзимга бўйсунмади. Хўжайини олдида бош эгган хизматкордек пешонамни саждага қўя олмасдим.

Чунки бундай қилишни хорлик деб билардим. Бу ҳолатимни кўрса, яқинларим мени масхаралашини ўйладим, қулоқларим остида дўстларимнинг қаҳқаҳалари эшитилаётгандек бўлди: “Сан-Франсискода араблар кўпайиб, шўрлик шу аҳволга тушиб қолибди” деганга ўхшаш сўзларни ўйлаб, ночор ҳолатда турардим. Бироз тараддудлангач, пароканда хаёлларни бир четга суриб, “Йўқ!” дедим ўзимга, “Бошладимми, ортга қайтмайман! Ёрдам бер, Аллоҳ!” дея ўзимни мажбурлаб эгилдим, бошимни саждага қўйдим, бурним ерга тегди. Уч марта “Субҳаана роббиял аълаа” дедим. Саждадан бошимни кўтариб ўтирдим. Кейин яна саждага бордим. “Аллоҳу акбар” дея ўрнимдан турарканман, ғурурим билан тинмай баҳслашардим...

Кейинги ракатлар, саждалар анча осон кечди. Икки ёнимга салом бераётганимда вужудимда қаттиқ ҳорғинлик ҳис этдим. Воажаб, намоз ўқиш шунчалик мушкул ишми? Ўтирган жойимда нафсим билан кечган жангни ўйладим. Ўзимни гўѐ катта бир жанггоҳда ғолиб чиққан паҳлавондек тасаввур қилдим. Шу ўйлар хаѐлимга келиши билан борлиғимни уят, пушаймонлик ҳислари қамраб олди, бошим эгилди. Кейин йиғлай бошладим: “Ё Аллоҳ, жоҳиллигимни, манманлигимни авф эт. Ўзингга маълум, мен узоқ йўл босиб келдим. Бу ёруғ йўл бошидаман. Олдимда яна босиб ўтишим зарур узоқ йўл турибди. Ўзинг мададкор бўл...

Шу тариқа титроқ ичида қолган танамга ёйилган роҳатбахш ҳаловат виждонимгача етиб келди, гўё Аллоҳ таолонинг раҳмати танамдаги кичик зарраларгача қамраб олди. Қалб тубидан чиққан, васф этиш қийин бир эпкин вужудимни эгаллади. Сесканиб кетдим. Кўз ўнгимда гўё чексиз раҳмат уммони мавж урарди. Шунда ўзим билмаган ҳолда кўзларимдан ёш оқа бошлади. Жуда тотли йиғи эди бу. Кўзёшларим оққани сари ичимга сизиб кираётган раҳмат уммонига ғарқ бўлаётгандек сезардим ўзимни.

Гўё баланд бир тўсиқ очилиб, ичимдаги ғам-қайғу сел каби оқиб кетарди. Ўша пайтдаги ҳиссиётларим изоҳини энди топгандекман: биз чин дилдан тавба қилганимизда Аллоҳ азза ва жалла гуноҳларимизни кечирар, қалбимизга шифо берар экан... Бошим эгик ҳолда узоқ ўтирдим. Бутун танамда ажиб бир тароват ҳукм сурарди. Шу дамда Аллоҳ таолога, намозга жуда муҳтожлигимни, энди уларсиз яшаш имконсизлигини тушундим.

Ўрнимдан турарканман, дуога қўл очдим: “Эй Аллоҳ, агар мен Сенга яна куфр келтиришга журъат этсам, жонимни ол, токи ҳузурингга имоним билан борай. Хато-камчиликсиз яшаш жуда қийинлигини биламан. Шу дақиқалардан ишондимки, Сенинг борлигингни инкор этадиган бўлсам, ҳаётнинг менга кераги йўқ. Сенсиз ҳатто бир кун ҳам яшай олмайман!

Манба: Azon.uz




Мавзуга оид янгиликлар
  • Оқ нондан воз кечганда организмда қандай ўзгаришлар юз беради? 22 мар, 15:13 317
  • Фарзандлар учун ота ва оналарга муносабат ҳақида 20 мар, 00:12 211
  • Узоқ умр кўрувчи инсонларнинг 5 та одати 19 мар, 16:40 477
  • Хурмонинг қандай фойдали хусусиятлари мавжуд? 18 мар, 22:30 326
  • Олимлар хотирани кучайтирувчи оддий машғулотни аниқладилар 16 мар, 23:43 351
  • Нечанчи фарзанд бўлиб туғилиш инсон шахсиятига таъсир қиладими? 16 мар, 16:50 432
  • Сўнгги янгиликлар
  • Ўзганинг фотосуратлари устига ҳақоратли сўзлар ёзиб, ижтимоий тармоқда тарқатган аёл ушланди 29 мар, 08:48 0
  • Шоҳжаҳон Эргашев панамалик боксчини биринчи раунддаёқ нокаутга учратди (видео) 29 мар, 08:35 0
  • Оқ уй Украинанинг «Крокус» терактига алоқадорлиги ҳақидаги баёнотларни «тарғибот» деб атади 29 мар, 08:08 1
  • Павел Дуров террор тарғиботчилари блокланаётганини эълон қилди 29 мар, 07:37 3
  • Қон босимини дориларсиз уй шароитида тушириш йўллари 29 мар, 07:07 26
  • Конго шарқидаги жанглар 6 миллионга яқин одамни уйларини ташлаб кетишга мажбур қилди 29 мар, 06:36 12
  • Никол Пашинян: “Арманистон қувғиндаги Тоғли Қорабоғ ҳукуматини тан олмайди” 29 мар, 06:00 57
  • Қўштепа канали қурилиши бутун Марказий Осиёга таҳдид солмоқда 29 мар, 05:00 228
  • «Крокус»даги теракт иши бўйича яна бир киши ушланди 29 мар, 00:30 432
  • Нима учун «Крокус»да керакли паллада хавфсизлик кучлари йўқ эди? 29 мар, 00:11 358
  • Зеленский: “Агар снарядлар етарли бўлмаса, Украина Россия ҳужумини қайтара олмайди” 28 мар, 23:45 194
  • Мексикадаги матбуот анжуманида бутун жамоа иштирок этиб, мухлислардан узр сўради 28 мар, 23:27 144
  • Бўлимлар