«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 20 2024, 18:58
ЎЗO‘Z

«Энг муҳими – тушкунликка тушмаслик». Коронавирусга чалиниб, реанимациядан соғайиб чиққан бемор ҳикояси

15 июл, 21:35 2 033 Жамият
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
«Энг муҳими – тушкунликка тушмаслик». Коронавирусга чалиниб, реанимациядан соғайиб чиққан бемор ҳикояси Фото: Kun.uz/Собир Шермуҳаммедов
Kun.uz мухбири COVID-19`га чалиниб, даволаниш жараёнида ҳатто жонлантириш бўлимига ётқизилган, ҳаммасига қарамай касалликни енгиб ўтган 55 ёшли ҳамюртимиз Собир Шермуҳаммедов билан суҳбатлашди.

Таъкидлаш жоиз, суҳбатдошимиз мамлакат тиббиёт тизими ҳозирги аҳволга келиб қолмасидан бироз олдин даволаниб чиққан. У ҳозир аҳволи яхши экани, лекин айрим асоратлар, масалан нафас олишда бироз муаммолар ҳозиргача борлигини айтиб ўтди.

– Собир ака, аввало, ўзингиз ва ҳозирги тиббий аҳволингиз ҳақида маълумот берсангиз.
– Тошкент шаҳри Яккасарой туманида истиқомат қиламан. Ўтган ойда коронавирус касаллигини бошимдан ўтказдим. Менда касаллик нисбатан оғир ўтди. Аввал «Янги ТошМИ»да даволандим, сўнг Яккасарой тумани Тез тиббий ёрдам бўлинмасига реабилитация учун ўтказишди. Ҳозир ўзимни 85-90 фоизга соғлом ҳис қиляпман.

Уйда 4 киши: онам, рафиқам, ўғлим ва мен яшаймиз. Онам 78 ёшда, у ҳам коронавирус инфекциясидан даволанди, касаллик онамда жуда оғир ўтди.

– Ҳаммаси қачон ва нимадан бошланди?
– Коронавирус аниқланган дўстим телефон қилиб ўзида вирус COVID-19 аниқланганини айтиб, у билан мулоқотда бўлганим учун менга ҳам бориб тест топширишни маслаҳат берди.

Дўстим билан тахминан 30 майда мулоқотда бўлганимдан сўнг бир ҳафтадан сал кўпроқ муддат давомида ҳеч қандай аломат сезмадим. Лекин кейинроқ, 8-9 июнларда ўзимда ҳолсизлик, тана ҳароратининг бироз кўтарилиши ва томоғимнинг маълум қисмида оғриқ пайдо бўлиши каби енгил симптомларни сеза бошладим.

Бошида шамоллаш деб ўйлаган эдим, лекин тана ҳароратининг ошиши, бўғимларда оғриқ кузатилиши, нафас қисиши каби жиддий аломатлар сезила бошлади.

Шундан сўнг зудлик билан Санитария-эпидемиологик осойишталик марказига мурожаат қилдик, улар келиб ПЗР таҳлилини олишди, ўшанда натижалар ҳозиргидан анча тез – 2 кунда аниқ бўлганди. Менга телефон орқали COVID-19 аниқланганини, ярим соат ичида тайёр бўлишим кераклигини айтишди. Сўнг «Янги ТошМИ»га жойлаштиришди, бу пайтда иситмам 39 градусдан ошганди.

Шифохонага жойлаштиришганининг эртасигаёқ қон-сийдик таҳлилларини олишди, лекин негадир рентген таҳлили кечикди. Аҳволим оғирлашаётгани туфайли тезроқ рентген қилишларини талаб қилдим. Ўшанда тўғри қилганимга амин бўлдим, сабаби ўпкамда икки томонлама пневмония аниқланди.

Шундан сўнг врач-пулмонологлар келиб муолажа қилишди, берилган дориларни ича бошлагач, ўзимни нисбатан енгил ҳис қилдим. Бироқ бу вақтинчалик енгиллик бўлиб чиқди. Шифохонага ётқизилганимнинг учинчи куни аҳволим жуда оғирлашди: иситмам 40 градусдан ошди, нафасим қиса бошлади. Мени реанимация бўлимига ётқизишди, 3-4 кунлик тинимсиз муолажалардан сўнг аҳволим яхшиланди.

Бу орада мендан яна тест олинди ва шифохонада даволанишни бошлаганимнинг тахминан 11-куни COVID-19 йўқлиги тасдиқланди.
Врачлар мени ҳам хавфли ёш тоифасига киришимни айтишди. Бундан ташқари, стенокардия ва сурункали холецистит каби ёндош касалликлар ҳам бор.

– Уйдагиларда сиздан бошқа яна кимлар вирус билан зарарланди?
– Оиламизда онам ва мендан бошқа ҳеч кимда коронавирус аниқланмади, сабаби коронавирус юқтирган шахс билан мулоқотда бўлганимни билишим билан ўзимни изоляция қилдим. Лекин унгача мендан онамга ҳам вирус юққан экан.

Онамда ҳам турли аломатлар сезила бошлагач, Вирусология илмий-текшириш институтига ётқизишди. Унда касаллик ёши катта бўлгани учун ҳам анча оғир кечди. Одатий ҳолларда ҳам онамда шамоллаш ва грипп оғир ўтарди. Лекин ҳаракат системаси ва жигар, ўпка билан боғлиқ муаммо йўқ эди.

– Даволашда қандай дорилар ишлатилгани ҳақида маълумот бера оласизми?
– Мен учун ишлатилган дориларни, касаллик варақасини тўлиқ тарзда ижтимоий тармоқдаги саҳифамга жойлаганман. Пневмония аниқланганда 3 хил антибиотик томчи дорилар беришди. Бундан ташқари, вирусга қарши ва иммунитетни кўтарувчи дорилар беришди.

Мен ҳатто бир ҳафтада тест натижаси манфий натижа кўрсатиб, шифохонадан чиқиб кетган инсонларни ҳам кўрдим. Шифохонада даволанаётганларнинг тахминан 70-80 фоизи коранавирусни симптомсиз ёки жуда енгил формада ўтказаётган одамлар эди. Аксари кўринишидан соппа-соғ, лекин тест жавоби мусбат чиққан эди.

Мен шифокорлар ва уларнинг қилган хизматидан жуда миннатдорман. Сабаби улар ўз яқинига қарагандай меҳрибонлик қилишди, касаллик пайтидаги ҳар қандай инжиқлигимизни кўтаришди. Уларнинг юзини ҳам кўрганимиз йўқ. Ҳимоя кийимлари остидаги врачларнинг бўй-басти ва овозига қараб тахмин қила олардик холос. Улар ҳар 6 соатда алмашиб ишларди, шифохонанинг ўзида яшашди. Иссиқ ҳавода кийиб юришган ҳимоя воситаларининг ўзи билан ҳаракатланиш ҳам осон бўлмаса керак. Врачлар шу аҳволда ҳам фидокорлик билан ишлаяпти.

Менимча, ўзбекистонлик шифокорлар ҳам касалликни даволашни ўзлаштириб олишган. Сабаби, даволанишга ётқизилаётган беморларнинг 99,9 фоизи имкон қадар қисқа муддатда тузалиб чиқишаётган эди.
Лекин мен даволанган шифохонада саниузеллар ҳолати билан боғлиқ кичик камчиликлар, лекин бу шифокорларнинг хизматига ва миннатдорчилигимга таъсир кўрсатмайди.

– Сиз ўзингизни қачон яхши ҳис қила бошладингиз?
– Шифохонага тушганимнинг 11-куни гарчи ҳолсизлик кузатилаётган бўлса-да, ўзимни яхши ҳис қила бошладим. Менда касаллик оғир кечгани учун реанимациядан Яккасарой тумани Тез тиббий ёрдам бўлинмасига реабилитацияга ўтказишди. Лекин у жой реабилитацион марказ эмас, балки изолятор вазифасини бажариш учун ихтисослашган экан.

Мен физиотерапевт, пулмонолог ҳолатимни кузатишади, деб ўйлаган эдим. Лекин у ерда бу шароитлар йўқлигини айтишди. Унда бу ерда қолишдан кўра, уйга қайтаришларини сўрадим. Сўнг мендан тест олишди, натижа эса 4 кундан сўнг чиқди. Биринчи бор тест топширганимда натижа 2 кунда чиққан бўлса, бу муддат энди 4 кунга узайган эди. Мен билан бир хонага жойлаштирилган бир кишининг тест жавоби эса 6 кунда чиқди.

– Яъни тест жавоблари эртароқ чиққанда жойлар ортиқча банд қилиб турилмас эдими?
– Фикримча, соғлиқни сақлаш тизимидаги бу муаммо врачларнинг малакаси ёки даволаш билан боғлиқ эмас, ташкилий муаммо бўлса керак. Масалан, касаллик симптомлари оғирлаша бошлаган бемор тест топширишга муваффақ бўлса, лекин шунда ҳам натижа 4 кундан кейин чиқса, унинг аҳволи жуда оғирлашиб қолиши мумкин.

Мен даволанаётганимда бир врачнинг вафот этгани ҳақида эшитдим. Эшитишим бўйича, унинг таҳлил натижаси биринчи шубҳали чиққан, шунинг учун яна қайта тест топширишни сўрашган, кейинги жавоб чиққунча эса вақт ўтган.

– Сизнингча, ҳозирги энг катта муаммо тест натижаларининг кечикиши билан боғлиқми?
– Тест натижалари бўлмаса, шифохоналар беморни қабул қилмайди. Нафаси қисаётган беморга кислород бериш керак, агар унга керакли пайтда ҳаво берилмаса, организм бардош бера олмайди. Бунда тиббий ёрдам кечикиши мумкин.

Фуқаролар ҳам эътиборли бўлиб, ўзларининг тана ҳарорати, пульс ва қоннинг кислород билан тўйинганлик даражасини ўлчаб боришса, вазиятни назорат қила олишлари осонроқ бўлади.

– Сизда биринчи аломатлар пайдо бўлгандан сўнг соғайишингизга 11-12 кун вақт керак бўлган, тўғрими?
– Бу вақт мобайнида мени нисбатан барқарор ҳолатга келтиришди, лекин бу дегани соғлом ҳолатда эканимни англатмасди. Шифокорлар ҳам касалликдан сўнг ўзингизга келишингиз учун яна 20 кун муддат давомида турли гимнастика, ўпкани машқ қилдирувчи машғулотлар билан шуғулланишим кераклигини айтишди.

Яккасарой тумани Тез тиббий ёрдам бўлинмасига реабилитация учун ўтказилганимни ҳам қўшиб ҳисобласа, ҳаммаси бўлиб, 24 кундан сўнг уйга қайтдим.
Онам эса мендан сўнг яна 4-5 кун кўпроқ даволанди. Ҳолатлари барқарор бўлишига қарамай ҳали нимжон.

Бундан ташқари, касаллик пайтида бемор яхши ухлолмайди. Мен ҳам тахминан 8 кун яхши ухлолмадим. Бу ҳам жуда азоб берди. Уйқусизлик фақат менда эмас, онамда ва мен билган айрим беморларда ҳам кузатилган. Мана шу нарса ҳам бемор тузалгач ҳам организми кучсизланишига сабаб бўлади.

Ҳозир аҳволим яхши, лекин айрим асоратларини ҳали ҳам сезяпман. Масалан, нафас олаётганимда бронхларимда айрим муаммолар кузатиляпти. Мана шу асоратлар билан курашишга ҳаракат қиляпман.

– Бошқа беморларга ва умуман барчага нималарни тавсия қилган бўлардингиз?
– Онам билан кузатилган бир ҳолатни айтмоқчиман: онамда муолажалар давомида қоннинг кислород билан тўйинганлик даражаси бирданига пасайиб кетган. Врачлар ҳам нима қилишни билмасдан иккиланиб қолишади. Маълум бўлишича, онамда антибиотикларга сезувчанлик пасайиб кетган экан. Шунинг учун қилинаётган муолажалар таъсири сезилмаган.

Биз билан АҚШнинг Бруклин шаҳрида ҳамшира бўлиб ишлайдиган, карантин туфайли АҚШга кета олмаган қариндошимиз ҳамшира қиз яшайди. У АҚШлик мутахассислар билан ҳам доимий алоқада эди. Вазиятни тушунтиргач, хорижлик шифокорлар қўлланаётган антибиотиклар ўрнига бошқа дорини тавсия қилишган. Бу дорини Ўзбекистондан топа олмадик, Россиядан келтирдик. Шундан кейин онамнинг аҳволи яхшиланди. Ўша муддат оралиғида фақат Аллоҳдан шифо беришини сўрадик. Аллоҳ онамни қайтиб берди.

Ҳозир касалликни бошидан ўтказаётган юртдошларимизга маслаҳатим – биринчи навбатда тушкунликка тушишмасин. Аввало, ҳаммани Аллоҳнинг ўзи асрасин, лекин агар коронавирусга чалинган бўлишса, бироқ тест топшира олишмаган бўлса ҳам, бирор шифокор билан боғланиб маслаҳат сўрашсин. Фақат уларгина яхши маслаҳатчи бўлиши мумкин.

Бироқ кимнингдир аҳволи оғирлашадиган бўлса, имкон қадар тиббиёт муассасасига жойлашишга ҳаракат қилиш тўғри бўларди.

Соғлиқни сақлаш тизимидаги раҳбарлар эса бу вазиятда ҳал қилиниши керак бўлган жойлардаги муаммоларни аниқлаб, эҳтимол, тизимда ўзгартириш киритилиши керак бўлган жиҳатларни таҳлил қилиб кўришлари керакдир, деган фикрдаман.

Жамшидхон Зиёхонов суҳбатлашди.




Мавзуга оид янгиликлар
  • Автобусда ёнидаги аёлга тегажоғлик қилган 45 ёшли эркак 15 суткага қамалди 20 апр, 16:30 30
  • Тошкент–Термиз автомобил йўлини таъмирлаш учун $153 млн кредит олинади 20 апр, 14:50 58
  • Трейдерлик билан шуғулланишини айтиб, ўзганинг пулини ўзлаштирган шахс ушланди 20 апр, 10:27 23
  • Тошкентда хорижга ишга юборишни ваъда қилган шахс ушланди 20 апр, 08:26 26
  • Зироат Мирзиёева Фарғонада мактаб-интернат ўқувчилари билан учрашди 19 апр, 20:36 92
  • Мижознинг сочини унинг хоҳишига зид тарзда калга олиб ташлаган сартарош 10 суткага қамалди 19 апр, 20:29 302
  • Сўнгги янгиликлар
  • Дилшод Раҳматов: «Ўйиндан ўйинга кучайиб борамиз. Мақсадимиз – чемпионлик!» 20 апр, 18:00 0
  • Кувайт U-23 бош мураббийи: "Футболда барча ғалаба қозонишни хоҳлайди, лекин биз етарли тажрибага эга эмасмиз" 20 апр, 17:45 14
  • Россия танклари дронга қарши янги ҳимоя билан жиҳозлана бошлади (видео) 20 апр, 17:20 35
  • Ўлим учун кўпайтирилаётган 18 миллиард ҳайвонлар ҳақида 20 апр, 16:51 80
  • Автобусда ёнидаги аёлга тегажоғлик қилган 45 ёшли эркак 15 суткага қамалди 20 апр, 16:30 29
  • Эрта тонгда жанг: Бектемир Мелиқўзиев рақибидан оғирроқ тош босди 20 апр, 16:08 59
  • “Ўзбекконцерт” хонанда Лола билан унинг кийиниш маданияти юзасидан суҳбат ўтказди 20 апр, 15:43 89
  • Эрон зарбаси катта зарар етказмади, лекин Исроил барибир ютқазди... 20 апр, 15:15 122
  • Тошкент–Термиз автомобил йўлини таъмирлаш учун $153 млн кредит олинади 20 апр, 14:50 58
  • Мухолифатчи Волковга суиқасд уюштиришга буюртма берган шахс ушлангани маълум қилинди 20 апр, 14:24 100
  • Ўзбекистон автомобиль бозорида кетма-кет учинчи ой фаолликнинг пасайиши кузатилди 20 апр, 14:03 75
  • НАТО Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа соҳасида ёрдам ваъда қилди 20 апр, 13:58 56
  • Бўлимлар