«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 20 2024, 09:46
ЎЗO‘Z

Коронавирусга қарши кураш чораларининг қонунийлиги: Адлия вазирлиги энг долзарб саволларга ойдинлик киритди

13 июл, 19:55 2 295 Жамият
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Коронавирусга қарши кураш чораларининг қонунийлиги: Адлия вазирлиги энг долзарб саволларга ойдинлик киритди Мамлакатимиз бутун инсоният каби мураккаб синов – глобал пандемияни бошидан кечиряпти. Пандемия ҳаётимизнинг барча жиҳатларига, янги ҳуқуқий муносабатларни келтириб чиқарди, бизни ўраб турган муҳитга янгича қарашга мажбур қилди, карантин шароитида янгича ишлашга ўргатди.

Шубҳасиз, ҳозирги шароитда давлатимиз инсонлар ўртасидаги қурбонларни камайтириш, аҳолимизнинг соғлигига ва мамлакат иқтисодиётига зарарларни камайтириш йўлида улкан саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда ва реал қадамларни ташламоқда, превентив чоралар кўриб бормоқда ва ушбу чоралар эса ўз натижасини бермоқда. Вазият тўла назорат остида. Бунинг учун барча куч ва воситалар мавжуд.

Пандемия шароитида, умуман бошқа вазиятларда ҳам ҳеч кимнинг бефарқ бўлишга ҳаққи йўқ. Айниқса бу вазиятда тасдиқланмаган маълумотларга, асосланмаган субъектив қарашларга ишониб бўлмайди. Энг ишончли ахборот манбаси, албатта, давлат органларининг расмий ахборотлари эканлигига шак-шубҳа йўқ.

Ҳозирги шароитда Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш бўйича чоралар ва уларни амалга оширишнинг ҳуқуқий жиҳатлари ҳақида жамоатчиликка ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларига ишончли ва ҳуқуқий асосланган маълумотларни етказиш муҳим аҳамиятга эга.
Шу муносабат билан жамоатчилик вакилларини қизиқтираётган айрим масалаларга тўхталиб ўтиш лозим деб топилди.

Аввало Республика махсус комиссиясининг тузилиши ва унинг чекловчи чораларини киритиш бўйича қарорлар қабул қилишга ваколатлилиги масаласига ойдинлик киритсак.
Олдиндан айтиш лозимки, коронавирусга қарши олиб борилаётган кураш мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга, Конституциямизга, қонунчилигимизга ва Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига тўла мос келади, инсон ҳуқуқларини бузмайди.

Биринчидан, “Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасига кўра, Ҳукумат ижро этувчи ҳокимиятнинг олий органи бўлиб, иқтисодиёт, ижтимоий ва маънавий соҳаларнинг самарали фаолият кўрсатишига раҳбарлик қилишни, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Парламент қарорлари, Президент ҳужжатлари ижросини таъминлайди.

Иккинчидан, ушбу қонуннинг 11-моддасига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг ижтимоий соҳадаги ваколатлари сирасига, жумладан, санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш бўйича чораларни амалга ошириш киради.

Учинчидан, 25-моддага биноан, давлат ва хўжалик бошқарувининг айрим масалалари бўйича таклифлар тайёрлаш, Ҳукумат қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек унинг айрим топшириқларини бажариш учун муваққат комиссиялари ташкил этилиши мумкин.

Тўртинчидан, Ҳукумат Регламентига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси ваколатларининг амалга оширилиши комиссиялар, кенгашлар ва бошқа идоралараро коллегиал органлар фаолияти билан ҳам таъминланади.

Бешинчидан, Вазирлар Маҳкамасида унинг ваколатларига кирадиган масалаларни кўриб чиқиш Ҳукумат ташкил этадиган комиссияларнинг ҳамда бошқа идоралараро коллегиал органларнинг мажлисларида манфаатдор давлат органлари ва бошқа ташкилотлар вакиллари иштирокида амалга оширилади.

Олтинчидан, “Аҳолининг санитар-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонуннинг 31-моддасига мувофиқ, юқумли ва паразитар касалликларнинг пайдо бўлиш ёки тарқалиш хавфи юзага келган тақдирда Вазирлар Маҳкамаси ёки вилоят ҳокимликлари ҳам ўрнатилагаг тартибда тегишли ҳудудларда ёки объектларда белгиланган тартибда чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этиши мумкин.
Шу тариқа, бир вақтнинг ўзида Фуқаро муҳофазаси бошлиғи бўлган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири бошчилигидаги Махсус комиссия Вазирлар Маҳкамаси ваколатларини амалга оширишни таъминлашнинг усулларидан биридир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус фармойишига мувофиқ, коронавирус бўйича эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашиши эҳтимоли белгиларини ўз вақтида аниқлаш ва касалланиш хавфини камайтириш ҳамда беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатишга қаратилган профилактик ва эпидемиологияга қарши комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш Махсус комиссиянинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган.
Ҳукуматнинг 2020 йил 23 мартдаги 176-сон қарори билан Комиссия томонидан ўз ваколати доирасида қабул қилинаётган қарорларнинг мажбурий ижро қилиниши кўрсатиб ўтилган.

“Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Қонуннинг 35-моддасига кўра эса, Ҳукуматнинг қабул қилган қарорлари ва фармойишлари Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида барча органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ҳамда фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир.
Шу муносабат билан, ишонч билан айтиш мумкинки, Махсус комиссиянинг тузилиши ва унинг ваколатлилиги борасида иккиланишга ўрин йўқ, бу борадаги барча шубҳа-гумонлар бирор бир юридик асосга эга эмас.

Қолаверса, мамлакатимизда шаклланган ҳуқуқ ижодкорлиги амалиёти шу каби бошқа комиссияларни тузишнинг зарурати ва самарадорлигини кўрсатиб берган. Мисол учун, узоқ 2000 йилдаёқ Вазирлар Маҳкамасининг 142-сон қарори билан одамлар ўртасида юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида корхоналар, ташкилотлар, муассасаларда, алоҳида аҳоли пунктлари ва ҳудудларда карантин-чеклаш чора-тадбирлари ҳамда карантин жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилиш ваколати берилган Республика эпидемияга қарши курашиш фавқулодда комиссияси тузилган эди.

Мавжуд ижобий тажрибани инобатга олган ҳолда ҳамда жорий эпидемиологик хавфнинг кўламини инобатга олиб, ҳозирги шароитда Республика махсус комиссияси ташкил этилди ва у эпидемиологик вазиятнинг тезлик билан ўзгаришига зудлик билан муносабат билдириб, мазкур ўзгаришларнинг бартараф қилиш бўйича тезкор қарорлар қабул қилиб келмоқда.

Айрим ҳолларда гўёки карантин талабларини бузганлик учун маъмурий жарималар Махсус комиссия қарори асосида қўлланилаётганлиги ҳақида муҳокамаларга дуч келяпмиз, аммо бу мутлақо янглиш фикр ва ҳуқуқий жиҳатдан нотўғри тушунчадир.
Карантин тадбирларини ва санитар қоидаларни бузганлик учун жарималар Махсус комиссия қарори асосида эмас, балки фақат ва фақат Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик кодексига мувофиқ қўлланилади.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддаси иккинчи қисмида rарантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш тегишли жавобгарликка сабаб бўлиши кўрсатилган.

“Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари давлат органлари ҳамда бошқа органлар, юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилиши шарт бўлган аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги талабларни белгилайдиган ҳужжатлардир.

Махсус комиссия ўз ваколатлари доирасида чекловчи тадбирлар (яъни карантин) киритишга ҳақли эканлигини инобатга олсак, ушбу талабларнинг барчаси Ўзбекистон ҳудудида мажбурий ижро қилиниши лозим.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Махсус комиссия қарорларини бузган фуқароларни жавобгарликка тортиш ҳуқуқий асосга эга ва қонунчиликка мувофиқ, дейиш мумкин.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини қизиқтираётган яна бир масала Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастури ва Махсус комиссиянинг кейинги қарорлари (протоколлари) тўлиқ шаклда эълон қилинмаётгани ва уларнинг ёритилишидир.

Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, тасдиқланган эди, аммо қуйидаги объектив ва мантиқий сабабларга кўра эълон қилинмаган:
– Дастур биргина ҳужжатдан иборат эмас, у ўз ичига комплекс чора-тадбирларни олади, норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳам эмас ва шунга кўра, мажбурий эълон қилиниши шарт эмас;
– унга мамлакатимизга коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича ишларга махсус куч ва воситаларни жалб қилиш ва сафарбар этиш билан боғлиқ бандлар киритилган бўлиб, давлат манфаатларига ва хавфсизлигига зарар етишига йўл қўйиб бўлмаслиги туфайли ушбу маълумотларни ошкор қилиш мақсадга мувофиқ эмас;
– ҳужжатда вазирлик ва идораларга фуқароларнинг соғлиги ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган муайян вазифаларни бажариш бўйич асосан ташкилий чоралар кўзда тутилган;
– Дастур юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди, умуммажбурий қоидалар киритилишини кўзда тутмайди.

Таъкидлаш жоизки, коронавируснинг олдини олиш ва унга қарши кураш Дастур қабул қилиш билангина чекланиб қололмайди, бу Махсус комиссияга юклатилган кенг кўламли вазифаларни бажариш йўлидаги фақатгина биринчи қадамлардан бири эди.

Дастур – кечиктириб бўлмайдиган чоралар мажмуасидир, мазкур масалада қабул қилинаётган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари, Ҳукуматнинг қарорлари, Махсус комиссия қарорларининг барчаси Дастурни тўлдиради.

Коронавирусга қарши кураш жараёни содир бўлаётган воқеаларга тезкор муносабат билдириш ва эпидемиологик вазиятнинг ўзгаришига нисбатан сафарбарлик ва бошқа резервларни ишга солиш бўйича қарорларни кечиктирмасдан қабул қилиш лозимлигини кўрсатди, бу борадаги маълумотлар эса чекланган характерга эгадир.

Шу боис Махсус комиссиянинг протоколлари ҳам қисқартирилган кўринишда эълон қилинади. Протоколларнинг аҳоли ва юридик шахсларга тааллуқли қисмлари расмий ахборот кўринишида мажбурий тартибда мавжуд барча коммуникация каналлари орқали тарқатилади.

Мутахассислар ва давлат органлари раҳбарлари иштирокида ўтказилаётган кунлик (ҳар куни бир неча маротаба) брифинглар марказий телеканаллар орқали тўғридан-тўғри жонли эфирга узатилаётгани ва йирик ижтимоий тармоқлар саҳифаларида трансляция қилинаётгани, кенг кўламли ташвиқот ва ҳуқуқий тарғибот қабул қилинаётган қарорларнинг кенг аҳоли қатламларига энг содда кўринишда тушунтиришга қаратилган.

Шу боис, Махсус комиссия қарорлари аҳолига ўз вақтида етиб бормаслиги, коронавирус билан кураш бўйича ахборот етишмаслиги ҳақидаги мулоҳазалар асосга эга эмас, деб ўйлаймиз.

Киритилган чеклов чоралари фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларига дахл қилиши эҳтимоли ҳақида ҳам бироз мулоҳаза юритсак. Шуни аниқ айтиш мумкинки, чеклов чоралари фуқароларнинг конституцион ҳуқуқларини поймол этмайди ва қонунчилигимиз ва республиканинг умумқабул қилинган мажбуриятларига мос келади.

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20-моддасида фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда (эътибор қилинг) бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шартлиги белгиланган. Яъни, шахсий ҳуқуқларни амалга ошириш бошқаларнинг ҳуқуқи олдида мутлақ бўлиши мумкин эмас.

Иккинчидан, Конституциянинг 28-моддасида Ўзбекистон Республикаси Фуқароси Республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга, қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустасно эканлиги қайд этилган.
Аҳоли ва автотранспорт ҳаракатланишига ўрнатилган чеклашларнинг ҳуқуқий асосини эса “Аҳолининг санитар-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонуни ташкил этади. Ушбу қонуннинг 3-моддасида карантин чоралари сифатида одамлар, товарлар ва автомобилларнинг ҳаракатланиши чекланиши мумкинлиги тўғридан-тўғри кўрсатилган.

Ушбу қонуннинг 31-моддасида юқумли ва паразитар касалликларнинг пайдо бўлиш ёки тарқалиш хавфи юзага келган тақдирда тегишли ҳудудларда ёки объектларда белгиланган тартибда чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этилиши мумкинлиги белгиланган.

Ҳозиргига ўхшаган муқобили кузатилмаган ҳолатларда энг асосий жиҳат бўлган ҳаракатланишни давлат чеклашга қодир бўлмаса, қандай қилиб карантин ҳақида гапириш мумкин. Дунёнинг барча давлатлари шу каби ҳуқуққа эга ва биз бошқа давлатларда ушбу ҳуқуқ қандай рўёбга чиқарилаётганлигини кўриб турибмиз.

Чекловчи тадбирлар (карантин) ўтказиш тартиби ва муддатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланади. Вазирлар Маҳкамаси ўзининг 2020 йил 23 мартдаги 176-сон қарори билан ушбу ҳуқуқни Махсус комиссия зиммасига юклади.

Учинчидан, ушбу чеклашлар Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига ҳам зид эмас. Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 12-моддаси биноан эркин ҳаракатланиш ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқи давлат хавфсизлиги, жамоат тартиби, аҳолининг саломатлиги ёки ахлоқини ёки бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш учун зарур бўлган қонунда кўзда тутилган чекловлар киритишга рухсат этилади. Бу каби бутун инсоният бошидан ўтказаётган замонавий тарихда мисли кўрилмаган воқеалар ушбу чекловларнинг қонунийлигидан далолат беради.

Гўёки халқаро шартномалар, амалдаги қонунчилик ва инсон ҳуқуқлари бузилаётганлиги ҳақида асосланмаган маълумотларни тарқатаётганлар барчани чалғитиб, уларнинг ҳаракати шундай ҳам мураккаб бўлиб турган вазиятни янада чигаллаштириши мумкинлигини англаб етишса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Анчадан буён ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари фавқулодда ҳолат (вазият) шароитларига ўхшаш чекловлар ўрнатилганига қарамай, фавқулодда ҳолат ўрнатилгани ҳақида расман эълон қилинмаётганини муҳокама қилиб келишади.

Дунё мамлакатлари тажрибасининг таҳлили коронавирус қарши кураш бўйича вазиятни баҳолаш ва унинг натижадорлиги киритилган тартибнинг шакли: фавқулотда ҳолат, фавқулотда вазият, комендантлик соати, карантинни алоҳида ёки биргаликда жорий қилинганлигига боғлиқ эмаслигини кўрсатмоқда.

Республикамиз қонунчилиги фавқулотда ҳолат, фавқулотда вазият, карантин тартиби киритиллишига имкон беради.
Конституциянинг 93-моддаси 19-бандига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашни кўзлаб, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этиши мумкин.

“Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг
2-моддасига мувофиқ, одамлар қурбон бўлишига, уларнинг соғлиғи ёки атроф табиий муҳитга зарар етишига, жиддий моддий талафотлар келтириб чиқаришга ҳамда одамларнинг ҳаёт фаолияти шароити издан чиқишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган авария, ҳалокат, хавфли табиий ҳодиса, табиий ёки бошқа офат натижасида муайян ҳудудда юзага келган ҳолат фавқулодда вазият, деб аталади.

“Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонуннинг 3 ва 31-моддаларига биноан, юқумли ва паразитар касалликлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган, хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг алоҳида тартибини, аҳоли, транспорт воситалари, юклар ва (ёки) товарлар ҳаракатланишининг чекланишини назарда тутадиган маъмурий, тиббий-санитария чора-тадбирларини кўзда тутувчи чекловчи тадбирлар (карантин) киритилиши мумкин.

Ўзбекистонда ўтказилаётган эпидемияга қарши тадбирлар кўпроқ “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонуннинг талабларига мос келади ва қуйидагиларни қамраб олади:
– мамлакат ҳудудларининг санитария муҳофазаси (санитар-карантин назорати ўтказиш ва чекловчи тадбирлар (карантин) киритиш орқали таъминланади);
– инфекцион касалликлар ўчоқларида дезинфекция тадбирлари ўтказиш, мажбурий тиббий кўриклар.

Ҳозирда коронавирус инфекцияси билан курашда чекловчи тадбирлар (карантин) мавжуд тартиблар ичида энг мутаносиби бўлиб турибди ва ўзининг натижасини бермоқда. Зарурат туғилганда, мазкур тартиб доирасида қўшимча чекловлар киритилиши мумкин, ҳаммаси вазиятдан келиб чиқади.

Бу борада коронавирус билан оммавий зарарланишнинг тарқалишига йўл қўймаслик бўйича қонунларда кўзда тутилган мақсадларга етишиш учун кўрилаётган чоралар мутаносиб ёки етарли эмаслиги ҳақидаги фикрга асло қўшилиб бўлмайди.

Таҳлиллар кўрсатишича, 2020 йилнинг 11 июль ҳолатига Ўзбекистонда коронавирусдан ўлим ҳолатлари ҳар 1 млн. аҳолига
2 нафарни ташкил этмоқда. Бу мамлакатда коронавирус илк қайд этилганидан буён ўтган тўрт ойдан кейинги кўрсаткичдир. Шу даврда дунёнинг 35 та давлатида ушбу кўрсаткич 100-1230 нафар оралиғида бўлиб турибди, дунёдаги ўртача кўрсаткич эса ҳар 1 млн. кишига 72 нафар бўлиб турибди.

Ўзбекистон бу борада 159-ўринда жойлашган, агар мамлакатимиз аҳолиси сонини инобатга олсак, бу энг яхши кўрсаткичлардан биридир. Бошқа томондан, бу ҳолат Ўзбекистон чеклов чораларини ўз вақтида киритиш эвазига 2,5-20 минггача бўлган кишиларнинг ҳаётини сақлаб қолганини англатиши мумкин.

Хулоса ўрнида, таъкидлашни истардикки, Ўзбекистон кўпмиллатли мамлакат, катта оила ва биз унинг тақдирига, ҳар бир фуқаросининг фаровонлиги ва саломатлигига бефарқ қараб тура олмаймиз.

Пандемия қачон тугашини, унинг оқибатлари қандай бўлшини ҳеч ким билмайди. Шу боис коронавирусга қарши курашга ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшишимиз, ваҳимага берилмаслигимиз, асоссиз хабарларга ишонмаслигимиз ва уларга қарши кескин курашишимиз лозим.
Биз ушбу глобал воқеликдан сабоқ чиқаришимиз, нафақат ўзимизнинг тажрибамиздан, балки бошқаларнинг ҳам ютуқ ва камчиликларидан амалдаги қонунчиликни янада такомиллаштириш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш лозимлиги ҳақида хулоса чиқаришимиз даркор.

М.Икрамов,
Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари




Мавзуга оид янгиликлар
  • Тошкентда хорижга ишга юборишни ваъда қилган шахс ушланди 20 апр, 08:26 0
  • Зироат Мирзиёева Фарғонада мактаб-интернат ўқувчилари билан учрашди 19 апр, 20:36 72
  • Мижознинг сочини унинг хоҳишига зид тарзда калга олиб ташлаган сартарош 10 суткага қамалди 19 апр, 20:29 263
  • Тошкентда болаларнинг қўлига игна ва “саморез” санчган ўқитувчига нисбатан жиноят иши қўзғатилди 19 апр, 16:48 101
  • Футзал. Ўзбекистонда ўтадиган жаҳон чемпионатининг мезбон шаҳарлари билан танишинг (видео) 19 апр, 16:32 237
  • Тошкент вилоятида жаҳл устида мижозининг сочини калга олиб ташлаган сартарош узр сўради (видео) 19 апр, 16:09 227
  • Сўнгги янгиликлар
  • “Ювентус” ҳимоясини титратиб ташлаган Шомуродовнинг ўйини қандай баҳоланди? 20 апр, 08:49 0
  • Тошкентда хорижга ишга юборишни ваъда қилган шахс ушланди 20 апр, 08:26 0
  • Неймар ижтимоий тармоқларда Мбаппени ҳақорат қилди 20 апр, 08:13 0
  • Осиё Кубоги. Ўзбекистон футзал терма жамоаси Ироқни йирик ҳисобда мағлуб этди (видео) 20 апр, 07:57 0
  • Покистонда қуролли ҳужум оқибатида “Толибон” етакчисига яқин шахс ўлдирилди 20 апр, 07:30 18
  • АҚШ Хитойни Украинадаги урушни билвосита авж олдираётганликда айблади 20 апр, 07:00 25
  • Россиянинг ўндан ортиқ минтақасида мигрантларнинг айрим соҳаларда ишлаши тақиқланди 20 апр, 06:30 49
  • Арманистон чегара делимитацияси натижасида 4 қишлоқни Озарбойжонга қайтарди 20 апр, 06:00 43
  • Жанни Инфантино: "Бу буюк мамлакат – Ўзбекистондаги биринчи ФИФА турнири бўлади" 20 апр, 02:02 115
  • Аббосбек Файзуллаевнинг қачон Қатарга бориши аниқ бўлди! 20 апр, 01:59 202
  • А Серия. Дастлаб иккита гол урган "Кальяри" якунда "Ювентус" билан дуранг қайд этди 20 апр, 01:52 264
  • Шомуродов кутилмаган ишга қўл урди 20 апр, 01:16 517
  • Бўлимлар