«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 29 2024, 04:09
ЎЗO‘Z

Пандемия қачон тугайди, иккинчи тўлқин нима: энг муҳим саволларга жавоблар ва зарурий тавсиялар

09 июл, 16:10 2 963 Дунё
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Пандемия қачон тугайди, иккинчи тўлқин нима: энг муҳим саволларга жавоблар ва зарурий тавсиялар Фото: EPA/Vostock-photo
Глобал кун тартибида бўлган янги турдаги коронавирус – Covid-19 пандемияси ҳамон шиддат билан тарқалишда давом этмоқда. Дунё бўйича вирусга чалиниш билан боғлиқ ҳолатлар сони 12 миллиондан ошди, вафот этганлар сони 552 мингдан ошиб кетди. Эпидемия тарқалган 188 мамлакатнинг аксариятида сўнгги пайтларда яна ўсиш тенденцияси кузатилмоқда. Хўш, бу ҳолатни нима билан изоҳлаш мумкин? Иккинчи тўлқин эҳтимоли қанчалик юқори? Уни енгилроқ ўтказиш учун нималар қилиш керак? Умуман, пандемия қачон тугайди ўзи? Қуйида шу каби кўплаб саволларга жавоб излаб кўрилади.

Дунё Covid-19’нинг иккинчи тўлқинида яшаяптими?
Хитой, Словения ва Янги Зеландия каби кам сонли давлатлар кундалик ҳолатлар сонини нолга туширишга эришганди. Аммо кўп вақт ўтмай, ушбу мамлакатларда тағин янги ҳолатлар қайд этила бошлади. Ҳиндистон, Бразилия ва Жанубий Африка сингари мамлакатларда эса эпидемия ҳали энг юқори чўққисига чиққанича йўқ, шунинг учун ҳам вирусга чалиниш билан боғлиқ рақамлар кун сайин ўсишда давом этмоқда. АҚШ, Эрон, Исроил, Португалия каби мамлакатларда ҳам вирус тарқалиш суръати пасайганди, бироқ эпидемиянинг эгри чизиғи яна кўтарила бошлади. Ҳатто вирусни жиловлагандай кўринган айрим давлатларда ҳам ҳолатлар сони ортиб бораётгани жуда муҳим бир саволни ўртага қўймоқда: дунё Covid-19’нинг иккинчи тўлқинини яшаяптими?

ЖССТ, Жаҳон иқтисодий форуми, тегишли мамлакатларнинг Covid-19’га қарши курашишга масъул вакиллари мазкур саволни қизғин муҳокама қилмоқда. Айниқса, сўнгги кунларда АҚШда ҳолатлар сонининг кўпайиши ортидан ушбу мунозарали масала яна кун тартибига чиқди.

Иккинчи тўлқин нима?
Иккинчи тўлқин нима экани ҳақида сўнгги тўхтам ва хулоса йўқ. Шу сабабли, мазкур атамани нотўғри ишлатиш ҳолатлари ҳам учраяпти. Эпидемик xасталикларда «тўлқин» тушунчасини қўллаш 50 миллион инсон ўлимига сабаб бўлган 1918 йилги «испанка» гриппи пандемиясининг авж олиши билан боғлиқ ҳолда пайдо бўлган. 1918 йил «испанка» гриппи пандемиясида йил бошида чўққига кўтарилган эпидемиянинг эгри чизиғи ёз ойларида яна кўтарилиб, иккинчи эпидемия сифатида намоён бўлган. Қиш ойларида эса эпидемия учинчи марта, фақат бу сафар олдингиларига нисбатан кам рақамлар билан ўсган ва кўп ўтмай тағин сўнган.

Шу тариқа, 1918 йилги эпидемия босқичларида вирусга чалиниш ҳолатлари сонининг вақтга тақсимланиши тўлқинга қиёс қилиниб, биринчи, иккинчи ва учинчи тўлқин сифатида номланган. Covid-19 пандемиясидан олдин тарихда энг кенг миқёсли пандемия 1918 йилда рўй бергани, Sars-CoV-2 ва грипп вируси ўртасида баъзи ўхшашликлар мавжуд бўлгани сабабли таққослаш ҳамда келажакни башорат қилишда 1918 йилдаги пандемия тебранишларига тез-тез мурожаат қилинади.

Иккала пандемияни бир-бири билан таққослашни хато деб билган ва шу боис Covid-19’нинг тўлқин шаклида давом этиши борасидаги тахминлар нотўғри эканини илгари сураётган мутахассислар ушбу икки вирус ўртасидаги фарқларга алоҳида эътибор қаратишади.

Тўлқин модели мавсумий гриппнинг йил давомида бир неча бор шакл ўзгартириши орқали вужудга келади, аммо Covid-19’нинг мавсумий инфекция характерига эга экани ҳали исботланганича йўқ. Ушбу қарашга кўра, Covid-19 ҳолатлари билан боғлиқ рақамларнинг тўлқин сифатида изоҳланиши ижтимоий кўрсатма ва чора-тадбирларга риоя қилиш ёки қилмаслик натижалари билан бевосита боғлиқ.

Айтиш жоизки, 1918 йилдаги пандемиянинг иккинчи тўлқини юмшатилган ижтимоий чоралар таъсирига эмас, балки вирус хусусиятларининг ўзгаришига кўпроқ боғлиқ эди. Яъни тўлқинларни келтириб чиқарган омиллар инсон назорати остидаги ижтимоий тадбирлардан эмас, балки вируснинг табиий таркибидаги ўзгаришлардан иборат эди.

Эпидемиянинг «тўлқин» тушунчасига турлича маъно юклаётган мутахассислар ҳам бор. Агар бу тушунча вирус билан боғлиқ хусусиятлар эмас, балки кундалик ҳолатлар сони ортиши ва камайиши сифатида кўриб чиқилса, демак, рақамлар ортган давлатлар (масалан, АҚШ, Эрон) биринчи ва иккинчи тўлқин ўртасидаги ўтиш даврида турибди, дейиш мумкин. Шу маънода, иккинчи тўлқин пайдо бўлиши ёки бўлмаслиги ушбу тушунча билан нимани назарда тутилаётганига боғлиқ.

ЖССТнинг фавқулодда дастурлар бўйича директори Майк Раяннинг таъкидлашича, вирусга чалиниш билан боғлиқ ҳолатларнинг ортишини иккинчи тўлқин, деб атаб бўлмайди. Иккинчи тўлқин тушунчасига қандай маъно юкланишидан қатъи назар, у бир тўлқиннинг тугаганини ифодалаш учун, касаллик тарқалишини тўлиқ назорат остига олиш ва кунлик янги ҳолатлар сонининг нолга туширилиши ва бу ҳолатнинг маълум муддат давом этишини англатиш учун қўлланади. Шу нуқтайи назардан, АҚШ ёки Эрон иккинчи тўлқинни бошдан кечирмоқда, деган фикрлар мавжуд бўлса-да, ушбу мамлакатлардаги вазият юқоридаги белгиларга жавоб бермайди. Шу сабабли, кўпчиликнинг фикрича, АҚШдаги вазият биринчи тўлқиннинг давомидир.

«Иккинчи тўлқин» концепциясига мажозий маъно юклаган тадқиқотлар ҳам мавжуд. Масалан, бир тадқиқотда Covid-19 туфайли амалга оширилган ижтимоий чоралар туфайли жамиятда юзага келадиган руҳий саломатлик муаммолари «иккинчи тўлқин» сифатида қайд этилган.

Бошқа бир тадқиқотда эса бу тушунча Covid-19 туфайли кечиктирилган ва ҳал қилинмаган соғлиқ муаммолари йил охирида яна пайдо бўлиб, соғлиқни сақлаш тизимига катта юк ортиши мумкинлигини ифодалаш учун ишлатилган. Таъкидланишича, «тикланиш эффекти» сифатида концепцияланган ушбу вазият иккинчи тўлқиннинг муҳим таркибий қисми бўлиши мумкин.

Яна бир тадқиқотда қиш даврида кучаядиган грипп эпидемияси йил охирида кутилаётган иккинчи тўлқиннинг унсури сифатида кўрсатиб ўтилган. Грипп эпидемияси ва Covid-19’нинг бир пайтда юзага келиши янада катта муаммо туғдириши ва соғлиқни сақлаш тизимига оғирлик юклаши мумкинлиги айтилмоқда.

Бошқа томондан эса Covid-19 доирасида қабул қилинган чоралар (ниқоб тақиш, қўлни тоза тутиш, ижтимоий масофа) грипп эпидемиясининг шиддатини камайтириши мумкинлиги таъкидланмоқда.

Иккинчи тўлқин қачон кутилмоқда?
Вашингтон университети соғлиқ ўлчовлари ва баҳолаш институти (IHME) томонидан эълон қилинган моделлаштиришни ўз ичига олган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, йил охирида, айниқса, август охири ва декабрь оралиғида иккинчи тўлқин кузатилиши мумкин. Ушбу тахминларга асос сифатида қуйидагилар келтирилмоқда:

1. Жамиятнинг иммунитет даражаси жуда паст
Англия ва Франциядаги тадқиқотлар шундан далолат берадики, бу мамлакатларда вирусга чалиниш ва ўлим ҳолатлари жуда кўп бўлишига қарамай, аҳолининг иммунитети 5 фоиз атрофида. Бошқа нашрда келтирилишича, иммунитет даражаси Бельгияда 8 фоиздан, Норвегия, Германия ва Австрияда эса 1 фоиздан паст. Ижтимоий иммунитетни ривожлантириш учун иммунитетга эга бўлган аҳолининг улуши қарийб 70 фоизни ташкил этиши лозим. Бу эса ижтимоий иммунитетни ривожлантириш имкониятидан анча узоқда эканимизни, юқумли касалликларга нисбатан таъсирчан одамлар сони кўп эканини билдиради.

2. Вирус шимолий ва жанубий яримшарда мавсумдан қатъи назар тарқалишда давом этмоқда.
Ёз ойларида вируснинг иссиқ ёки ультрабинафша нурлар таъсирида камайиши мумкинлиги ҳақидаги қарашлар мавжуд. Аммо бу қарашларга қарши аргумент сифатида айтиш мумкинки, юқумли касаллик қишда ҳам, ёзда ҳам кузатилиши, фаслга қараб эпидемиянинг нисбати ўзгариши тўғрисидаги далиллар етарли эмас.

3. Covid-19 ва грипп вирусларининг ўхшашликларига асосланиб айтиш мумкинки, улар тўлқин шаклида кузатилиши мумкин.[/b]
[b]АҚШда иккинчи тўлқин кузатиляптими?

АҚШда март ойи бошидан ортиб борган кунлик ҳолатларнинг сони 26 апрелда ўзининг энг юқори даражасига етди (кунига 48 минг 529 ҳолат) ва 12 майда бу кўрсаткич 12 минг 117га тушди. Мазкур санадан эътиборан ижтимоий чоралар юмшатила бошлади. Ижтимоий чоралар бекор қилингандан сўнг, 8 июлда иккинчи чўққи 61 минг 848 ҳолат билан кузатилди. Айниқса, Аризона, Шимолий Каролина ва Флорида штатлари рақамлар энг тез ўсадиган минтақалардир.

Олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, мамлакатда ижтимоий чоралар етарлича назорат билан юмшатилмади. Шунинг учун ҳам ҳолатлар сони тез ўсиб бормоқда. Жорж Флойднинг АҚШ полицияси зўравонлиги натижасида ўлим топиши ортидан бутун мамлакат бўйлаб тарқалган назоратсиз намойишлар ҳам бунга албатта ўз салбий таъсирини ўтказди. Аммо баъзи эпидемиологлар намойишлар маркази бўлган Нью-Йоркда янги ҳолатлар жиддий ўсиши кузатилмаганини айтишмоқда.

Юқорида келтирилган мезонларга кўра, АҚШда ҳолатларнинг кўпайишини иккинчи тўлқин сифатида эмас, балки биринчи тўлқиннинг давоми сифатида баҳоланиши мақсадга мувофиқ.

Иккинчи тўлқинда амалга ошириладиган қўшимча чора-тадбирлар нималардан иборат?
Мамлакатлар эпидемия билан илк бор қаршилашган пайтларига қараганда ҳозир кўп жиҳатдан устунликка эгалар. Масалан, синов қобилияти, шахсий ҳимоя воситаларини етказиб бериш, мавжуд манбаларни бошқариш каби турли тажрибалар мавжуд. Аммо эпидемияни самарали бошқариш учун билишимиз керак бўлган нарсалар ҳам оз эмас.

Covid-19 пандемиясининг давомийлиги 3 омилнинг комбинациясига боғлиқ:
- Иммунитетга эга бўлмаган одам;
- Юқтирувчи одам;
- Таъсирчан алоқа.

Пандемиянинг давомийлигини белгиловчи асосий чора-тадбирларни қуйидагича келтириб ўтиш мумкин:
- Иммунитетга эга бўлмаганларни эмлаш;
- Юқтирилган одамларни изоляция қилиш;
- Одамларни карантинда ушлаб туриш;
- Умумий чора-тадбирлар билан ўзаро алоқани минималлаштиришга эришиш.

Иккинчи тўлқиннинг пайдо бўлишига тўсқинлик қиладиган ёки уни енгиб ўтишни осонлаштиривчи чора-тадбирлар:
- Комендантлик соатларини жорий этиш;
- Ҳолат ва контактларни кузатиб бориш;
- Соғлиқни сақлаш тизимининг имкониятларини яхшилаш;
- Ижтимоий масофага сақлаш;
- Тозаликка қатъий риоя қилиш;
- Одамларни иложи борича уйда қолишга ундаш.

Таъкидлаш жоизки, пандемия шароити соғлиқни сақлаш органлари ва эпидемия жараёнига масъул бўлганларнинг зиммасига улкан жавобгарлик юкламоқда. Шу боис, эпидемиянинг олдини олиш эмас, балки уни «бошқариш» бўйича тавсиялар кўпроқ берилмоқда.

Илмий тадқиқотлар эпидемия билан боғлиқ қарорларни қабул қилувчиларга иккинчи тўлқин эҳтимоли ҳақида муҳим ахборотларни улашмоқда. Соғлиқни сақлаш тизими муаммоларини, хизмат кўрсатиш соҳасидаги носозликларни бартараф этиш, тиббиёт мутахассисларининг чарчаш синдромини даволаш шулар жумласидандир.

Бир тадқиқотда таъкидланишича, иккинчи тўлқин билан курашиш учун кунлик ҳолатлар сони юзлаб эмас, балки 10тадан 30тагача бўлиши даркор.

Бошқа бир тадқиқотда эса пандемия худди урушни бошқаришга ўхшаб кетиши таъкидлаб ўтилган: олдинги сафда кучли аскарлар бўлиши билан бир қаторда орқа планда ҳам таълим берилган ва тайёр ҳолда ушлаб турилган кучлар бўлиши керак.

Маълумки, Буюк Британия ва АҚШ эпидемиянинг дастлабки кунларида тартибсизликлар туфайли ижтимоий тадбирларни амалга оширишда кечикди. Иккинчи тўлқин олдидан зарурий тайёргарликларни амалга ошириш мақсадида Британиядаги «British Medical Journal» илмий журналида 5 йўналиш бўйича сиёсатни қайта кўриб чиқиш тавсия қилинди:

1. Маҳаллий ҳокимиятлар билан келишган ҳолда парламент назорати остида очиқ бошқарувни амалга ошириш;
2. Товарлар ва хизматларни сотиб олиш, мавжуд институционал тузилмаларни мувофиқлаштириш;
3. Оғир юк остида қолган ижтимоий гуруҳларнинг ҳолатини ўрганиш;
4. Кам таъминланган ижтимоий гуруҳларни ҳимоя қилиш;
5. Халқаро ҳамкорлик ва «Брексит» туфайли юзага келиши мумкин бўлган қийинчиликларни ҳал қилиш.

Адабиётларда иккинчи тўлқинга қарши курашда биринчи тўлқинда самарали натижалар берадиган ижтимоий чоралар бир хил натижага олиб келмаслиги ва жамиятда чарчоқ ҳолати мавжуд бўлиши таъкидланган. Шу сабабли, жамиятнинг мотивациясини сақлаб қолиш ва тавсияларга мослашиш учун янги стратегиялар ишлаб чиқилиши керак. Буюк Британияда ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, 30 ёшгача бўлган аҳолининг ижтимоий тадбирларга риоя қилиш даражаси пасайган.

Шунингдек, биринчи тўлқинга қарши курашда барча соғлиқни сақлаш манбалари сафарбар қилингани сабабли, тизимдаги нуқсонлар қўшимча касалликларга олиб келиши мумкинлиги, шунинг учун иккинчи тўлқинга тайёрланиш даврида электорал хизматларга асосланган қобилиятни ривожлантириш зарурлиги таъкидланмоқда.

Пандемия қачон тугайди?
1918 йилдаги «испанка» гриппи ва Covid-19’нинг эпидемиологик хусусиятларини таҳлил қилган моделлаштиришларга кўра, эпидемия икки йил давом этиши мумкин. Бироқ иммунитет чегараси ва даврининг аниқ эмаслиги, асимптоматик ҳолатлар, эмлашларнинг муваффақиятли бўлиш-бўлмаслиги узоқ муддатли прогнозларда хато улушини кўпайтирмоқда. Агар жамият чора-тадбирлардан чарчаса ва улардан эрта воз кечса, вирусга чалиниш ҳолатлари янада кўпаяди, натижада соғлиқни сақлаш тизими ҳамма учун етарли бўлмаган даражада блокланади. Шу боис чора-тадбирларни юмшатиш сиёсати ва бошқаруви ушбу мезонларга мувофиқ бўлиши жуда муҳим.

Хулоса
Касалликка чалинган ва иммунитетга эга бўлган одамлар орасида иккинчи бор вирус юқтириш ҳолати ҳозирча кузатилмади. Бу ҳолат иммунитет даври 6 ойдан кўпроқ эканини (эпидемия бошлангандан ҳозирги кунга қадар) кўрсатади. Аммо ушбу даврни башорат қилиш учун даврий равишда «серопреваленсия» (қонда вирусга қарши антитаналарнинг тарқалиш частотаси) бўйича тадқиқотлар олиб борилиши, шунингдек, беморларда антитана титрининг ўзгариши ва иммунизация даражаси кузатилиши, баҳоланиши даркор.

Манба: Kun.uz




Мавзуга оид янгиликлар
  • «Крокус»даги теракт иши бўйича яна бир киши ушланди 29 мар, 00:30 111
  • Нима учун «Крокус»да керакли паллада хавфсизлик кучлари йўқ эди? 29 мар, 00:11 99
  • Зеленский: “Агар снарядлар етарли бўлмаса, Украина Россия ҳужумини қайтара олмайди” 28 мар, 23:45 69
  • Мижозларни 1,8 млрд долларга алдаган криптовалюта биржаси асосчиси 25 йилга қамалди 28 мар, 23:04 40
  • Кирилл Буданов: “Россия ўз ҳудудида теракт тайёрланаётганини камида бир ой олдин билган” 28 мар, 21:56 184
  • Якуни мавҳум бўлиб бораётган Украина уруши: тарихий башорат ва ечимлар 28 мар, 21:29 299
  • Сўнгги янгиликлар
  • «Крокус»даги теракт иши бўйича яна бир киши ушланди 29 мар, 00:30 111
  • Нима учун «Крокус»да керакли паллада хавфсизлик кучлари йўқ эди? 29 мар, 00:11 99
  • Зеленский: “Агар снарядлар етарли бўлмаса, Украина Россия ҳужумини қайтара олмайди” 28 мар, 23:45 68
  • Мексикадаги матбуот анжуманида бутун жамоа иштирок этиб, мухлислардан узр сўради 28 мар, 23:27 59
  • Мижозларни 1,8 млрд долларга алдаган криптовалюта биржаси асосчиси 25 йилга қамалди 28 мар, 23:04 40
  • Футзал. Ўзбекистон иккинчи ўйинда Қирғиз Республикасини мағлуб этди 28 мар, 22:56 35
  • Суперлига. “Динамо” “Металлург” устидан иродали ғалабага эришди 28 мар, 22:51 41
  • Нима учун олимлар аёлларга вақти-вақти билан йиғлаб туришни тавсия қилади? 28 мар, 22:22 40
  • Кирилл Буданов: “Россия ўз ҳудудида теракт тайёрланаётганини камида бир ой олдин билган” 28 мар, 21:56 184
  • Якуни мавҳум бўлиб бораётган Украина уруши: тарихий башорат ва ечимлар 28 мар, 21:29 299
  • Жаҳон банки: Ўзбекистон иқтисодиётидаги гендер тенглик 700 минг одамни камбағалликдан олиб чиқиши мумкин 28 мар, 21:02 25
  • Мирзиёев Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном райони халқ ҳукумати раиси билан учрашди 28 мар, 20:40 52
  • Бўлимлар