«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 16 2024, 23:37
ЎЗO‘Z

Эксперт фикри: Ўзбекистонда исломий молия ва банкчиликка бўлган қизиқиш қандай?

06 июл, 14:37 2 501 Иқтисодиёт
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Эксперт фикри: Ўзбекистонда исломий молия ва банкчиликка бўлган қизиқиш қандай? 1960 йилларда Мисрда ислом банк тизимининг пайдо бўлиши оламшумул воқеалик эмас эди, аммо ярим асрдан кўпроқ вақт давомида ушбу соҳа барқарор ривожланиб келмоқда. Сўнгги йилларда Ислом молия тизими тушунчаси кўплаб мамлакатлар молиячиларининг сўз бойлигидан мустаҳкам ўрин олди.

Дарҳақиқат, турли мамлакатларда, ҳаттоки аксарият аҳолиси ислом динига мансуб бўлмаган давлатларда ҳам, жумладан АҚШ ва Буюк Британияда, ушбу молиявий институт анъанавий банк хизматларига альтернатив молиялаш тизими сифатида барқарор ривожланмоқда. Шунинг учун ислом банкчилигини ўрганиш глобал иқтисодиётда долзарб мавзу ҳисобланади. Анъанавий банк тизимига альтернатив молиялаш шакллари мавжудлигини билиш қизиқарли ва фойдалидир.

Йиллик 15-20 фоиз ўсиш суръатига эга Исломий банк дунё бўйлаб ўзининг уфқларини кенгайтирди ва 75 дан ортиқ мамлакатда ўз муассасаларига эга.

Ўзбекистон Республикаси Ислом тараққиёт банкига (ИТБ) 2003 йилда аъзо бўлган. Ушбу қисқа муддатли ҳамкорлик давомида ИТБ Гуруҳининг Ўзбекистондаги портфели кўп жиҳатдан Ҳукумат билан фаол ҳамкорлик туфайли жиддий миқдорда ўсди. Бу эса Ўзбекистон Республикаси Инвестициявий дастурлари қатор устувор миллий лойиҳаларининг молияланиши маъқулланишида намоён бўлди. Айни пайтда ИТБнинг Ўзбекистондаги портфели Марказий Осиё ҳудудида энг йирик (1,8 млрд. доллардан зиёд) ҳисобланади.

UzAnalitycs таҳлилий сайти мухбири Ислом тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги вакили Ҳусан Ҳасанов билан ИТБ ва Ўзбекистон банклари ўртасидаги ҳамкорлик ҳамда республикада исломий молиялаш тизимининг ривожланиш истиқболлари ҳақида суҳбатлашди.

Ҳусан Ҳасанов 2012 йилдан буён Ислом тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонасини бошқариб келади, ўзбек, рус, инглиз ва немис тилларини билади, шунингдек, араб тилида фикрларини ифодалай олади.

—​ Исломий тамойилларга асосланган молиялаштиришнинг анъанавий банк тушунчаларидан фарқи ва моҳияти нимада?
—​ Исломий молиялаштиришнинг анъанавий молиялаштиришдан асосий фарқи шундан иборатки, исломий молия фойда ва зарарни бўлишиш ҳамда реал активларга асосланган молиялаштиришни ўзида намоён қилади. Бошқача қилиб айтганда, исломий молиялаштириш шерикчиликка, ҳамкорликка асосланган. Бунда исломий банклар мижоз талаби бўйича объектни қуриб бериши, асбоб-ускуналар, товар, хом ашёлар сотиб олиб бериши ёки уларни ижарага бериши мумкин. Молиялаштириш асосида савдо амалиёти ётади. Пул муомала воситаси сифатида кўрилади, яъни пулни ўзини фоизга ёки бирон-бир наф/фойда эвазига қарз сифатида бериш тақиқланади.

Ижара ёки исломий лизингни унга муқобил бўлган анъанавий лизингга автомобиль сотиб олишни солиштирадиган бўлсак, анъанавий банк аввал сиз билан лизинг шартномасини тузади, кейин 25 % ёки банкни ихтиёрига қараб бошқа миқдорда олдиндан тўлов олади, кейин мижоз салон билан автомобиль олди-сотди шартномасига асосан тўловни амалга оширади. Кейин йиллик 25 % (мисол тариқасида) миқдорида устама ҳақини ҳисоблаб, сизга 3 йилга бир хил тўловда ойма-ой тўлаш жадвалини тақдим этади. Тўлов кечикадиган бўлса, унга нисбатан жарима сифатида комиссия ундирилади ва у фойдага киритилади.

Исломий банк эса сизнинг талабингизга асосан салон билан автомобиль олди-сотди шартномасини имзолайди, тўловларни амалга оширади, кейин уни сизга устига фойдасини қўйган ҳолда маълум бир муддатга эгалик ҳуқуқини охирида ўтказиб бериш шарти билан ижарага беради. Тўлов кечиккан ҳолда жарима олиш тақиқланади, лекин бу ҳолатни суиистеъмол қилмаслик учун интизомий чора сифатида шартномага қўшишга рухсат этилган. Бироқ анъанавий банк тизимидан фарқли ўлароқ бу жарима қўлланилган ҳолатда у фойдага олинмайди ва хайр- эҳсонга ишлатиб юборилади. Кўриниб турганидек, биринчи ҳолатда анъанавий банк сизга пулни фоизга беряпти, иккинчи ҳолатда эса банк сизга ўз мулкини ижарага бериш орқали фойда қиляпти.

—​ Ислом тараққиёт банкининг Ўзбекистон банклари билан ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ҳақида гапириб берсангиз.
– Ислом тараққиёт банки гуруҳи таркибига бир қанча ташкилотлар кириб, шулардан Хусусий секторни ривожлантириш ислом корпорацияси (ХСРИК) ва Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси (ХИСМК) Ўзбекистон банклари билан ҳамкорлик қилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 21 декабрдаги 596-сонли қарори билан Ўзбекистон ХСРИКга аъзо бўлган ва 2006 йилдан бошлаб маҳаллий тижорат банклари ва тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилиб келади.

Хусусан, Муробаха (устама ҳақи эвазига сотиш) молиялаштириш усули орқали тижорат банкларига молиялаштириш линиялари ажратилган. Ушбу линиялардан Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган тадбиркорлар, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, қайта ишлаш ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида ишлаб келаётган корхоналар ўз фаолиятларини янада ривожлантириш учун фойдаланадилар.

Мазкур йўналишда ХСРИК шу кунгача 15 та тижорат банклари ва 2 та лизинг компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйган ва бугунги кунгача банкларга 285 миллион АҚШ доллари миқдорида молиялаштириш линияларини ажратиш маъқулланган.

Бундан ташқари, ХИСМК томонидан, тадбиркорларга қисқа муддатли (1 йил мобайнида қайтариладиган) савдони молиялаштириш линиялари бир нечта маҳаллий банклар билан ҳамкорликда тақдим этилмоқда. Бунда ҳам Муробаха молиялаштириш усули ишлатилиб асосан хом ашё ва ускуналар сотиб олиш учун мўлжалланган. ХИСМК томонидан маъқулланган лойиҳалар қиймати 82 миллион АҚШ долларини ташкил этди.

— Айни пайтда қандай ҳамкорлик дастур ва лойиҳалари мавжуд? Ўзбекистоннинг қайси банклари билан ва қандай ҳажмларда бундай муносабатлар мавжуд?
—​ Бугунги кунда ХСРИКнинг Алоқабанк, Азия Альянс Банк ва Туронбанк билан ҳамкорликдаги жами 30 миллион АҚШ долларлик молиялаштириш линиялари мавжуд. ХИСМК томонидан эса, Азия Альянс Банк, Капиталбанк, Ўзсаноатқурилишбанк ва Трастбанкга жами 32 миллион АҚШ долларлик молиялаштириш линиялари ва Молия вазирлиги ҳузуридаги жамғармага 50 млн. АҚШ доллари ажратилган.

—​ Ҳозирги кунда Ўзбекистонда исломий молиялаш тамойилларига асосланган банк хизматлари мавжудми? Агар шундай бўлса, қандай хизматлар?
—​ Юқорида айтиб ўтилганидек, маҳаллий банклар ёрдамида Муробаха усули орқали бир қанча лойиҳалар амалга ошириляпти, бундан ташқари бир қанча хусусий ва акциядорлик компаниялари орқали Ислом тамойилларига тўғри келадиган муддатли сотиш ёки лизингга асосланган хизмат турларини ҳам таклиф этмоқдалар.

Мисол учун, ХСРИК ҳомийлигида ташкил этилган Тоиба лизинг компанияси мижозларга ижара (исломий лизинг) хизматини йўлга қўйган бўлиб, бунда мижозларга фоизсиз лизинг шартномаси, яъни асбоб-ускуналарни сотиб олишда уларнинг устига компаниянинг устама ҳақини қўйган ҳолда муддатли бўлиб-бўлиб бериш орқали маблағларни қайтариш имконияти мавжуд. Шу каби шартларда, Ўзбек лизинг компанияси ва бир қанча хусусий тадбиркорлар автомобиль, кўчмас мулк ва маиший техникаларни муддатли тўлов асосида сотиш хизматларини йўлга қўйганлар.

Ислом тараққиёт банки ҳам ижара, бўлиб тўлаб бериш шарти билан сотиш ва истисно тарзида Ҳукумат лойиҳаларини ҳам молиялаштириб келмоқда. Бироқ Ўзбекистонда маҳаллий тижорат банклари томонидан шариатга мувофиқ молиялаштириш услублари мавжуд эмас. Бунга асосий сабаб Ўзбекистонда исломий молиялаштириш учун зарур бўлган қонунчиликнинг йўқлиги ва мавжуд қонунчиликда бу тизимни ишлаши учун номутаносибликларнинг мавжудлигидир.

—​ Ўзбекистоннинг қайси банклари бизнес ва аҳоли учун шу каби банк хизматларини таклиф қилмоқдалар?
—​ Афсуски, ҳозир кунда маҳаллий банкларда бундай хизматлар мавжуд эмас ва улар асосан фоизларга асосланган истеъмол ёки ипотека кредитларини таклиф қиладилар.

—​ Ўзбекистонда ислом банкчилигини ривожлантириш, исломий молиялаш тамойилларига асосланган кредитлаш ва бошқа банк хизматларини кенгайтириш истиқболларини қандай баҳолайсиз? Сизнинг тахмин ва мулоҳазаларингиз нимага асосланади?
—​ Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 90 фоизини мусулмонлар ташкил қилади ва шу фактнинг ўзи Ўзбекистонда исломий молия ва банкчиликка бўлган қизиқишнинг қанчалик катта эканлигидан далолат беради. Биламизки, исломда судхўрлик, яъни пулни фоизга бериш орқали фойда олиш тақиқланган, анъанавий банк тизими эса фоизларга таянади. Диний эътиқодларга таянган, фоиз, кредит ва шу каби банк хизматларидан фойдаланишни истамаган аҳоли қатлами учун Исломий молиялаштириш тамойилларига асосланган банк хизматлари таклиф этилса, бу Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиши ва ички инвестиция ҳажмининг ортишига катта туртки бўлади, деб бемалол айта оламиз. Бу тизимни жорий қилиниши Ўзбекистонда жамғарма ва фойдаланилмаётган пул маблағларини банк тизимига жалб қилиш, хуфиёна иқтисодиёт салмоғини камайтириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга асос бўлиб хизмат қилади.

Бу борада аниқ маълумотларни келтириш мумкин. Хусусан, менинг номзодлик ишим доирасида, Олий ўқув юрти талабалари ва профессор ўқитувчилари, тадбиркорлар ва аҳолининг бошқа қатлами ўртасида (жами 700 га яқин қатнашчилар) ислом молияси ва банкчилиги тўғрисида фикр ва мулоҳазаларни ўрганиш мақсадида шу йилнинг бошида Сўровнома ўтказилди ва унинг натижалари бўйича шуни айта оламанки, респондентларнинг қарийб 90 фоизи Ўзбекистонда ислом банкчилигини йўлга қўйишдан манфаатдор ёки бунга эҳтиёж бор деб ҳисоблайди. Шу билан бирга таъкидлаб ўтишим жоиз, Ўзбекистонда ҳали ислом молияси ва банкчилиги ҳақида тушунча ва билимлар етарли эмас, чунки бундай молиялаштириш усуллари ҳали кенг тарқалмаганлиги ва ташвиқот олиб борилмагинини асосий сабаб қилиб кўрсатиш мумкин.

—​ Қай тарзда исломий банк тамойиллари аҳоли жамғармаларини банк тизимига жалб қилишга ёрдам бериши мумкин?
—​ Исломий банкнинг мудораба (инвестиция) депозити шериклар ўртасида фойда тақсимланиши бўлиб, молиявий муносабатларда ижтимоий адолатга асосланган ҳамкорликнинг яққол намунасидир. Айнан шу тамойилнинг ўзи аҳоли жамғармаларини исломий банкларга, бирон бир лойиҳага пул қўйиши ва бундан фойда олиши учун туртки бўлиб хизмат қилади, деб ўйлайман. Бундан ташқари, исломий банкларнинг молиялаштириш механизмларидан келиб чиқиб, шуни таъкидлаш керакки, аҳолининг молиялаштиришга муҳтож қатлами ҳам маблағга эга бўлиб, ундан фойда олишни кўзлаётган томон ҳам бирдек манфаатдордир.

—​ Тахминан бир ярим йил олдин, Ўзбекистон Республикаси Президентининг исломий банкчилик тамойилларини Ўзбекистонда татбиқ этиш тўғрисидаги қарори лойиҳаси эълон қилинди. Ушбу ҳужжат қабул қилиндими?
—​ Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон Республикаси норматив-хуқуқий ҳужжатлари лойиҳаларини муҳокама қилиш порталида ана шундай қарор лойиҳаси кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинди. Мазкур қарорни ишлаб чиқиш юзасидан бир қатор маҳаллий ва хорижий экспертлар томонидан фикр ва мулоҳазалар билдирилди, шу жумладан, Ислом тараққиёт банки вакиллари томонидан ҳам бир қатор таклифлар киритилди. Жамоатчилик томонидан бу фикр маъқулланди ва кўп қизиқиш ўйғотди. Лекин афсуски, ушбу қарор амалда кучга кирмади ва номаълум сабабларга кўра порталдан олиб ташланди.

—​ Керакли қонунчилик ва меъёрий ҳужжатларни қабул қилиш билан бир қаторда, Ўзбекистонда ислом банкчилигининг ривожланишида яна қандай муаммолар мавжуд?
—​ Ислом банкчилигини Ўзбекистонда жорий қилинишининг асосий мезонларидан бири бу Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, банклар ва банклар фаолияти тўғрисидаги қонунларга, солиқ ва фуқаролик кодексларига ва бошқа қонун ости ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки алоҳида қонун қабул қилиш орқали амалга оширилиши мумкин. Бундан ташқари, Ўзбекистонда бу соҳада кадрларни тайёрлаш Ўзбекистон Халқаро Ислом Академиясида 2018 йилда бошланган эди, лекин 2019 йилда бу йўналиш бўйича қабул амалга оширилмади.

Бу ўз-ўзидан мазкур соҳада кадрлар етишмаслигини келтириб чиқаради, айниқса Шариат кенгашларига муносиб номзодлар жуда кам ёки умуман йўқ, деса ҳам бўлади. Шунингдек, бу борада аҳолининг саводхонлигини ошириш ҳам муҳим саналади, чунки исломий молиялаштириш бўйича етарли билимга эга бўлмаган аҳоли, уни анъанавий молиялаштиришдан фарқини тушуниб етмаслиги ёки нотўғри талқин қилинишига олиб келади.

Манба: Xs.uz




Мавзуга оид янгиликлар
  • Долларнинг ўзбек сўмига нисбатан янги қиймати белгиланди 16 апр, 18:57 66
  • Ўзбекистонда хусусий мулк ва мулкдорлар ҳуқуқлари ҳимояси кучайтирилади 16 апр, 08:14 64
  • Хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан янги қиймати белгиланди 15 апр, 19:30 205
  • Кувайт Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга сармоя киритмоқчи 13 апр, 17:27 64
  • Ўзбекистон ва Италия қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни жадаллаштиради 11 апр, 21:47 69
  • Яқин кунларда валюталар курси қандай ўзгаради? 09 апр, 18:39 187
  • Сўнгги янгиликлар
  • Қарши тумани прокуратураси терговчиси пора олаётганда ушланди 16 апр, 22:45 0
  • 1 майдан электр энергияси ва табиий газ тарифлари ўзгаради 16 апр, 22:16 0
  • Эрон-Исроил можароси: сиёсатшунослар қандай фикрда? 16 апр, 21:50 0
  • Олимлар кексаликда ҳам ақл-идрокни сақлаб қолишнинг оддий усулларини аниқлади 16 апр, 21:24 5
  • Шавкат Мирзиёев 12 ҳудудда оқсаётган жараён ҳақида гапирди 16 апр, 21:00 58
  • Италия футболини ёритувчи L'Unione Sarda нашри: “Бу иккисидан эҳтиёт бўлинг” 16 апр, 20:35 103
  • Малайзия бош мураббийи: "Ўзбекистонни ютиш учун энг зўр ўйинимизни намойиш этишимиз шарт" 16 апр, 20:20 48
  • U-23 Осиё кубоги. Тимур Кападзе: "Ҳар бир жамоа мусобақани ғалаба билан бошлашни истайди" 16 апр, 19:56 76
  • Шомуродовнинг охирги голи жамоадошини рекордчига айлантирди 16 апр, 19:40 194
  • "Андижон"нинг тоза голи инобатга олинмаган, "Насаф" тепган пенальти нотўғри, лекин ... 16 апр, 19:13 153
  • Долларнинг ўзбек сўмига нисбатан янги қиймати белгиланди 16 апр, 18:57 66
  • Crocus теракти бўйича айбланаётган икки тожикистонлик ҳибсга олиниши юзасидан шикоят қилди 16 апр, 18:30 333
  • Бўлимлар