«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 18 2024, 19:58
ЎЗO‘Z

Уюшган жиноятчиликка қарши тарихдаги энг йирик операцияда мингдан ортиқ киши ҳибсга олинди

05 июл, 08:55 5 705 Дунё
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Уюшган жиноятчиликка қарши тарихдаги энг йирик операцияда мингдан ортиқ киши ҳибсга олинди Франция, Нидерландия ва Англия полициялари томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда мингдан ортиқ киши ҳибсга олиниб, қуроллар, тонналаб наркотиклар, миллионлаб фунт ва евро маблағлар олиб қўйилди. BBC`нинг хабар беришича, Европол бунга гумондорлар мулоқотда бўлган махфий чатни бузиб кириш орқали эришган.

Venetic операцияси ҳақида учала мамлакат кучишлатар тузилмалари бир вақтда эълон қилди.
Буюк Британияда 746 киши, Нидерландияда юздан ортиқ гумондор ҳибсга олинган. Францияда эса қўлга олинганлар сони очиқланмади, аммо бу ерда гап ноқонуний фаолият билан шуғулланган юзлаб одамлар ҳақида бораётгани айтилди.

Гумондорларнинг шахси ва жиноятлардаги роллари ҳозирча ошкор этилмаяпти.
Шуниси маълумки, учала мамлакатда қўлга олинганлар орасида полициячилар ҳам бор, улар жиноий олам билан ҳамкорликда айбланмоқда. Расмий ахборотларда айбланувчи полициячилар орасида юқори лавозимли амалдорлар йўқлиги билдирилган.

Энг батафсил маълумотни 3 июль тонгида Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўйича Буюк Британия миллий агентлиги тақдим этди. Идора хабарига кўра, биргаликдаги операция 2016 йилдан буён давом этиб келган ва жараённинг боришини Европол мувофиқлаштириб борган.

Тезкор тадбирларда Бирлашган Қиролликдан 500дан ортиқ киши иштирок этган. Қўлга олинганлардан 54 млн фунт нақд пул, 2 тоннадан ортиқ наркотик моддалар (шундан бир ярим тоннаси – кокаин), 28 миллионта этизолам таблеткаси (тинчлантирувчи дори воситаси), 77та қурол (шу жумладан, Калашников автоматлари ҳам) ва 55та премиум-классдаги автомобиль олиб қўйилган.

Нидерландияда эса гумондорлардан 20 млн евро атрофидаги пул маблағи, 8 тонна кокаин ва 1,2 тонна метамфетамин мусодара қилинган.
Франция расмийлари Venetic операцияси натижалари ҳақида кейинроқ маълумот беришини билдирган. Миллий жандармериядагилар тезкор тадбирлар ҳали якун топмаганини айтишмоқда.

Гумондорлар қотиллик, қотилликка уриниш, наркотиклар савдоси, талон-торожлик ва кўча тажовузи каби жиноятларда айбланмоқда.

Таъкидланишича, жиноятлар полициячиларнинг EncroChat мобиль иловасини бузиб кира олишгани эвазига фош этилган. Дастурни Нидерландияда қонуний рўйхатдан ўтган компания ишлаб чиққан бўлиб, сўнг уни ҳар қандай ташқи таъсирлардан ҳимояланган мессенжер сифатида пуллаган.

Мессенжер Android операцион тизимидаги смартфонлар ва Blackberry қурилмалари учун мўлжалланган бўлиб, ундан фойдаланиш нархи бир ярим йил учун 1,5 минг еврони ташкил этган.

Маълум қилинишича, дастурни ишлаб чиққан компания уни янги телефонларга ўзи ўрнатиб, сўнг ушбу телефонларни сотувга чиқарган. Иловани шунчаки юклаб олиб ўрнатиш мумкин бўлмаган.

Мессенжер яширин дастур шаклида ишлаган: телефонни ёқиш тугмаси бир марта босилганда, одатий операцион тизим очилган. Тугма икки марта кетма-кет босилганда эса аппарат қайта созланган ва фойдаланувчи чатга кириш имконига эга бўлган.

Британия полицияси маълумотига кўра, EncroChat`дан 60 мингдан ортиқ киши, жумладан Британияда 10 минг киши фойдаланган. Франция жандармериясидагилар эса илова фойдаланувчиларининг 90 фоизи жиноий фаолиятга жалб этилган бўлган, деб ҳисобламоқда.
Инглиз полициячиларининг фикрича, мессенжердан пул ювиш ва ноқонуний савдо учун фойдаланилган.

Полиция гумондорларни қачондан кузатувга олгани ҳақида маълумот йўқ, аммо шуниси маълумки, EncroChat`дагилар уларни кузатишаётгани ҳақида охирги лаҳзаларга қадар билишмаган. Шу йил 13 июнга келибгина фойдаланувчилар компаниядан тизимга бузиб кирилгани ва мессенжер ўрнатилган телефонлардан иложи борича халос бўлиш кераклиги ҳақида огоҳлантириш олишган.

Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўйича Буюк Британия миллий агентлиги ушбу огоҳлантириш олиниши биланоқ ёзилган айрим жўнатма-хабарларни келтириб ўтди. Уларда, жумладан, шундай дейилади:
«Тамом бўлдик». «Афтидан, бизда катта муаммо чиқди».

Манба: Kun.uz




Мавзуга оид янгиликлар
  • Нега Трамп Зеленскийни ёмон кўради? 18 апр, 19:38 0
  • Украина бош вазири: “Агар Россия ғалаба қозонса, Учинчи жаҳон уруши бошланади” 18 апр, 18:03 1
  • Қозоғистонда сув тошқинлари оқибатида 7 киши ҳалок бўлди 18 апр, 16:00 47
  • G7 вазирлари Украина ва Яқин Шарқдаги урушларни муҳокама қилди 18 апр, 15:35 29
  • «Қасри Миллат»да тор доирада учрашув ўтказилди 18 апр, 15:01 88
  • Шавкат Мирзиёевни Душанбе аэропортида мамлакат раҳбари Эмомали Раҳмон кутиб олди 18 апр, 14:58 52
  • Сўнгги янгиликлар
  • Бизнес имкониятингизни кенгайтиринг 18 апр, 19:00 0
  • Доллар курси янги марра сари яқинлашмоқда 18 апр, 18:48 0
  • Кепанинг 5 йил олдин кўрсатган "ҳунари" бугун "Реал"ни ярим финалга олиб чиқмоқда 18 апр, 18:25 0
  • Украина бош вазири: “Агар Россия ғалаба қозонса, Учинчи жаҳон уруши бошланади” 18 апр, 18:03 0
  • Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида иттифоқчилик муносабатлари ўрнатилди 18 апр, 17:40 7
  • Тошкентда дарахтга қасд қилган «маскалилар» қўлга олинди 18 апр, 17:23 14
  • Гвардиола: «Ман Сити» бугун ҳар томонлама ажойиб эди» 18 апр, 17:07 13
  • Жиноий иш қўзғатилгач келишувга эришилди 18 апр, 16:48 41
  • Шифокор тавсиясисиз қабул қилиб бўлмайдиган 3 хил витамин 18 апр, 16:23 34
  • Қозоғистонда сув тошқинлари оқибатида 7 киши ҳалок бўлди 18 апр, 16:00 46
  • G7 вазирлари Украина ва Яқин Шарқдаги урушларни муҳокама қилди 18 апр, 15:35 29
  • Ўзбекистонлик спортчи финал йўлланмасини қўлга киритди 18 апр, 15:18 33
  • Бўлимлар