«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 29 2024, 17:20
ЎЗO‘Z

«Чивинлар ўлдирилмайди, ботқоқ қуритилади!» Таниқли олим Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш ҳақида

04 июл, 08:30 3 556 Жамият
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
«Чивинлар ўлдирилмайди, ботқоқ қуритилади!» Таниқли олим Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш ҳақида Адабиётшунос олим Раҳмон Қўчқор билан суҳбатда бугунги куннинг долзарб муаммолари – коррупцияга қарши кураш, таълим тизимидаги иллатлар, коронавирус офати оқибатлари, зиёлилар аҳволи, сўз эркинлиги, адабиёт ва давлат муносабати муҳокама этилган.

– Фозил жамиятда давраларнинг тўри боёнларга эмас, зиёлиларга берилади. Аммо бугун замон тарозисида маърифатдан кўра манфаат оғирроқ тош босаётир. Бозор талотумлари таъсиридамикан, жамиятимизда зиёли аҳли хийла камписанд бўлиб қолди. Юрту миллат тақдирига дахлдор масалаларда сўнгги сўз айтмоқ ҳуқуқи ҳам сармоядорларга пешкаш қилингандек. Зиёлиларнинг бу ҳолга тушиш сабаби не? Интеллектуал қатлам нега ўз сўзини айта олмаяпти? Ё, замона йўриғи шу экан дея, аҳли тужжорнинг ошиғи олчи бўлганини табиий ҳол тарзида билмоқ керакми?
– Ўзбек тилида ихлос деган сўз бор. Бирон бир жиддий натижа, муваффақиятга унингсиз эришиб бўлмайди. Қарангки, ихлос-ла иш тутмоқ қуввати ҳам кишининг истеъдодига боғлиқ. Бошқача айтганда, истеъдодсиз одамларда ихлос туйғуси ўзига яраша – ҳаминқадар бўлади.

Ўтган асрнинг 80-йиллари миёналаридан 90-йиллар ўрталарига қадар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси йиғинларига республика бош раҳбарлари, мафкура бўйича котибу котибаларининг «ўз оёқлари билан» келиши, ижодкорларнинг дарду ҳасратига қулоқ тутиши одатга айланган эди. Ўша йиғинларда нафақат ёзувчи-шоир, балки мамлакатнинг кўзга кўринган фан дарғалари – экологлардан тортиб кимёгарларгача жон куйдириб нутқ ирод қиларди. Машваратлар миллатнинг энг оғриқли дардлари хусусида бўлар, ёзувчи-шоирлар шахсий ташвиши – далаҳовли ололмаётганию автомашинага муҳтожлиги масаласини ўртага тиқиштиришни хаёлига ҳам келтирмас, агар бирон бир қаламкаш қурсоқ масаласида оғиз жуфтласа, ўша заҳоти кўпчиликнинг ачиниш ва нафрат қоришиқ нигоҳига дуч келар, дарҳол узр сўрай-сўрай «жойини топиб» ўтирар эди.

Нега?

Чунки у йиғинларда Саид Аҳмад, Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов, Озод Шарафиддинов, Бегали Қосимов, Норбой Худойберганов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Шукур Холмирзаев, Ҳалима Худойбердиева, Аҳмад Аъзам, Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Юсуф сингари раҳматли устозларимиз, Умарали Норматов, Омон Матжон, Гулчеҳра Нуриллаева, Усмон Азим, Хуршид Дўстмуҳаммад, Хуршид Даврон, Мирзо Кенжабек каби ёниқ ва ёрқин истеъдод соҳиблари ота мамлакат, она миллат дарди атрофида ихлос-ла жипслашар, раҳбарларни ўз сўзини эшитишга мажбур қиларди...

Энди ўша нуқтадан туриб, айни кўламга солиштириб, бугунги интеллектуал қатлам ҳолига назар ташлайлик. Кимларни ва нималарни кўрамиз?

Афсуски, кўражак ҳолимиз Абдулла Қаҳҳор ўз авлоди устидан ўқиган ушбу беаёв ҳукмни ёдга солади: «Буларнинг бир қисми ёзиш-чизишга бўлган ҳавасини талант деб ўйлаган, шунинг учун адабиётга янглиш кирган одамлар. Яна бир қисми адабиёт қалбнинг бир чеккасини эмас, ҳаммасини талаб қилишини билмаган кишилар. Учинчи бир қисмини ғурур-манманлик кемириб-еб, сафдан чиқариб ташлади. Булар беш-ўнта ўқувчи орттирар-орттирмас кеккайиб, ўқимай қўйди, ўсишдан тўхтади. Тўртинчи бир қисмини ўз ҳаётини тартибга солмаслик, яшай билмаслик хароб қилди».

Кейинги йилларда бу каби воқеликлар сони ортса ортдики, асло камайгани йўқ. Мансаб-мартаба, мукофот-унвон, юмшоқ ўриндиқли хизмат машиналари ҳамда бирдан димоғни шишириб юборадиган салқин кабинетлар бир гуруҳ истеъдодларни комига тортди. Билимли инсонларнинг каттагина қисмини эса бозор аталмиш юҳо, тирикчилик ташвиши ўз чангалида эзиб-янчиб ташлади. Ярим литрлик шиша банкада ишхонага кўтариб келинадиган – кечқурунги овқатдан қолган насиба зиёлининг тушлик ризқи бўлиб қолди.

Истеъдодли, аммо «пропискасиз» ёшларнинг қанча-қанчаси йиллаб ватани пойтахтида миршаб қўлига тушишдан қочиб, ишлаб топган арзимас қалам ҳақини ҳам ижарадор қўлига тутқазиб кун ўтказди. Уларда хотирни жамлаб ўқиб-ўрганишга, бафуржа мушоҳада юритишга, олам ва одам хусусида инсоният келаётган хулосалар билан танишишга на-да вақт, на-да тузукроқ имкон бўлди. Бундай шароитда киши тийнатида ойдин дардлар, ёруғ мушоҳадалар, умидли интилишлар эмас, балки аламзадалик, ҳафсаласизлик, дунё ишларидан безишдек емирувчи кайфият ҳукмронлик қилиб, унинг ортидан замона зиёлилари орасида бир-бирига ғайирлик, ўзаро ётлашув муҳити юзага келади.

Хўш, шундай вазиятда умумзиёлиларнинг элу юрт дард-ташвиши теграсида бирлашиши, илмий ва эстетик тафаккурнинг ҳали ишга солинмаган чексиз имкониятларини кашф этиши хусусида ўйлаб, орзу қилиб бўладими?

Эслатганингиз – бозордаги тужжорлар муҳитида эса бунинг буткул тескариси. Бирида йўқ молнинг ўша заҳоти иккинчисидан топиб берилиши, бир харидорнинг кўнглини биттаси олса, бошқа харидор истагини унинг ҳамкори бажо келтириши, бизнес шерикларнинг биргаликда ва оилавий дам олиши, саёҳату сафар уюштириши ўзаро ҳамжиҳатлик кўринишларидир.

Мана шу аҳволда жамият, омма кўзига кўпроқ ким ташланади? Айниқса, ёшлар кимга кўпроқ эргашади, кимни идеал деб биладию кимга ихлос-ла таассуб қилади?

Ўз мақсад-муддаоси, мўлжал-манзиллари сари интилишда интеллектуал қатлам вакиллари тужжорлар соясида қолаётган бўлса, бунинг илдизларини аввало ўзимиздан қидирмоғимиз керак. Чунки биз боя бир қисми санаб ўтилган қутқуларга дош беролмадик; биримиз унисининг, бошқамиз бунисининг домига тушдик. Қолаверса, бу ҳолга тек қараб туришдан бошқага ярамаётган жамиятнинг умумий маданий-маърифий савияси ҳам, тан олайликки, ўзига яраша.

– Адабиёт ила давлат муносабати борасида икки ёндашув кенг тарқалган. Бир тоифа давлат қалам аҳлига мудом ғамхўрлик кўрсатмоғи лозим деган фикрда. Бошқаси эса, давлат адабиётга ҳомийлик қилмагани маъқул, негаки, ҳатто истеъдод эгалари ҳам «еган оғиз уялар» тутумида қасидагўйликни касбга айлантиради деб ҳисоблайди. Сизнингча, адабиёт ва давлат робитаси қандай бўлмоғи лозим?
– Аввало, давлатнинг давлатдан фарқи бор. Дунёнинг илғор демократик мамлакатларида ижодкор зоти сиёсату мафкура йўриғига, ҳукуматнинг қош-қовоғига қараб қолган эмас. Дейлик, «Оскар» ёхуд Канн фестивали мукофоти кимга берилишига АҚШ ёки Франциянинг расмий идоралари аралашмайди. Ижодкорларнинг турли уюшмалари эркин фаолият юритади, қонунлар уларни нафақат мамлакат ичида, балки хорижда ҳам ҳимоя қилади. Ижод аҳлининг моддий-маиший аҳволи ўз ҳаракатига, асарларининг эътироф этилиш миқёсига боғлиқ. Улар давлат берадиган ёрдам ва меҳрибончиликдан умид ҳам қилмайди.

Бизга ёқадими-йўқми, Карл Маркс хўб ақлли одам бўлган. Шўровий раҳбарлар эса унинг йўл-йўриқларини амалиётга жорий этишда обдон ҳафсала кўрсатгани маълум. Жумладан, «Шоирлар меҳрибонликка муҳтождирлар» деган ўгитга қатъий амал қилиб, айни шу йўл билан не-не истеъдодлар мафкурага хизмат эттирилди. Бундай миннатли меҳрибончиликни инкор этганларнинг ҳоли не кечганини яхши биламиз.

Шахсан мен ижод иши, ижодкор фаолиятига давлатнинг аралашувини, ҳар қанча ақлли бўлмасин, турли идораларда ўтирган масъул шахсларнинг истеъдодга йўл-йўриқ кўрсатишини маъқул, мақбул ҳол деб ҳисобламайман. «Истеъдод» дея урғулаётганим бежиз эмас. Чунки бу илоҳий неъматдан бебаҳра кишилар нафақат давлат, балки оддий дастёрнинг ҳам ҳимматига кўз тикиб яшашга маҳкум; ҳозир гап улар хусусида бораётгани йўқ. Навоий ва Бойқаро, Нодира ва Умархон, Маркес ва Кастро муносабатлари ноёб истисно эканини, ҳарқалай, ҳамма билса керак.

Еган оғизнинг уялиши эса, айниқса, Шарқда ва яна айниқса, бизда айни ҳақиқат! Еб уялиш бир уятли ҳолат бўлса, ейишдан умидвор бўлиб уялишга доимий тайёрлар сафининг узунлиги янада шармандалидир. Шунинг учун, келинг, муқаддасотни «воситаи жоҳ»га айлантирганларни нари қўйиб, ижодни, хусусан, шоир ва ёзувчиликни бола боқиш, тирикчилик ўтказиш дастаги эмас, балки қисмат деб билган чин ижодкорлардан ибрат олайлик. Эсласак, ўшаларни эслайликки, кўнглимиз равшан, руҳимиз баланд бўлсин.

– Нақл қиладиларки, халифа Умари Одил аёлларга тортиқ этиладиган маҳр миқдори ортиб кетаётгани учун эркакларга енгиллик бермоқчи бўлиб, бир мажлисда шуни чеклашдан гап очибди. Йиғинда ҳозир бўлган аёллардан бири «Эй мўминлар амири! Оллоҳ таоло ўз Каломида «Гарчи уларга ҳаддин ортиқ маҳр берган бўлсангиз ҳам» деб марҳамат қилган. Демак, маҳрни чеклашга ҳаққингиз йўқ!» дея эътироз билдирибди. Шунда халифа «Аёл тўғри айтди, Умар хато қилди» деб янглишганини мардона тан олибди. Рубъи маскунни идора этиб турган ҳукмдорнинг бир ожиза танбеҳини сўзсиз қабул қилиши бугун чўпчак бўлиб туюлади. Негаки, асрлар мобайнида мезону низомлар буткул ўзгариб кетган...

- Тўғри гап туққанингга ёқмайди, дейди халқимиз. Амал отига минган замондошларимиз орасида ҳам ҳақиқатга тик боқиб, рост сўзни ҳазм қилабиладиган марди мардон кам топилади. Жамиятимизда кўп учраётган ҳол: ОАВда бирон танқидий мақола чоп этилса, ҳокимликлар муаммони ҳал этиш ўрнига журналисту блогернинг шахси билан «шуғулланади», матбуот хизмати ҳам вазиятни хаспўшлаш учун ўтрик тўқишга тушади. Бир суҳбатингизда «Амалдорлар хизмат машинасининг қорайтирилган ойнасидан ҳаётни теран кўролмайди» деган эдингиз. Хўш, ишбошиларимизни ҳақиқат эътирофига қай йўл билан ўргатса бўлади?
– Чинакам халқ шоири Омон Матжон 1978 йилда «Юртимдаги вазмин одамлар» деган шеър ёзган эди. Унда шундай сатрлар бор:
Сал тупроғи енгил жонлардан
Эл озмунча кўрганми ғамлар?!.


Афсус... бу жараён ҳали-ҳануз давом этаётир. Давлат идораларида туну кун тиним билмай меҳнат қилаётганлар номига доғ тушириб, зиммасига юкланган вазифани дўндириб бажара олмаслигининг аламини бошқалар, аксар ҳолда оддий халқдан олишга уринаётган катта-кичик амалдорлар қилмишларидан уяламиз. Ойни этак билан ёпиб бўлмайди: айрим мансабдорларнинг фермерга, ўқитувчига, маҳалла оқсоқолига, онаси тенги аёлга, журналисту блогерга... қилаётган қўполдан-қўпол муомала-муносабатини бутун республика, ҳатто хориждагилар ҳам кўрмоқда, эшитмоқда.

Камина бу ҳолни ниҳоятда оғир, малоллик билан қабул қиламан. Нима бўляпти бизга? Шу аҳволимизда энди биз киммиз? Кунимиз шуларга қолдими? Ишингни эплай олмаётган экансан, жирилламай, эплайдиганга топшириб кетмайсанми?! Ёпишиб олган курсичанг тафти кўнгли музлатилган инсонлар шаънидан азизроқми? Кўпчилик олдида ўқитувчига ўшқираётган, фермерни ҳақорат қилаётган, ҳақ сўзни айтаётган журналистни жисмонан маҳв этиш билан таҳдид ўтказаётган «зоти олийлар» ўзини ким деб фаҳмлайди, тобора шишиб бораётган димоғини қайси шамоллар кўтардию ким уларга изн-ихтиёр берди?!

Номақбул қилмишларидан ёзғирганимиз амалдордан изоҳ сўрасангиз, аксари тўтиқушдек бир гапни такрорлайди: «Нима, мен уйимдаги иш учун куюняпманми? Шахсий вазифамни бажарсин деб сўкибманми? Халқнинг иши деб уришдим-да! Мендаям асаб бор, мен ҳам одамман, ахир!»

Дарҳақиқат, шундай, сиз ҳам одамсиз, биродар. Аммо оддий эмас, халқ ишониб, вазифа бериб қўйган масъул одамсиз! Модомики, шу масъулиятни бўйнингизга олган экансиз, биз сингари оддий одамлардан фарқли ўлароқ, энди сизнинг юриш-туришингиз ҳам, гап-сўзингизу муомала-муносабатингиз ҳам ўн чандон, юз чандон намунали бўлмоғи талаб этилади. Зеро, сиз тўрт улфати билан чойхонада ўтириб, дастёр болага «жиззани бер, чойни янгила» дейдиган ошхўр эмас, балки давлат идорасида, унинг номидан иш кўрадиган масъул ходим, халқнинг хизматкорисиз!

Чойхонадаги мижоз турфа истаги бажо этилиши учун ёнидан пул тўлайди. Сиз эса бюджетдан, демакки, меҳнаткаш халқ тўлайдиган солиқлар ҳисобидан маош оласиз. Гапнинг хулласи шуки, чойхонадаги дастёрга иш буюрадиган хўранда сиз эмас, халқдир! Афсуски, сиз ва сизга ўхшаган айрим оёғи ердан узилганлар халқни ҳали-ҳамон чойхонадаги югурдак бола хаёл қилмоқда; унга не буюрсак, қачон ва қандай буюрсак – бажаришга мажбур деб, ниҳоятда хато ўйлаяпти.

Агар биз ҳам демократик давлатлар сафига кириб, шу йўлда собит турмоқни астойдил истасак, дунёқарашимизни, ишга, одамларга бўлган муносабатимизни тубдан ўзгартирмоғимиз даркор. Бундан бошқа йўл йўқ! Шу ҳақиқатни қанча тез англасак, амалга айлантирсак – шунча соз.

– Куюнчак публицист Карим Баҳриев коррупцияга қарши курашда аксар ҳолда тадбирбозлик билан чекланаётганимиз, энг хатарлиси, сабаб эмас, оқибат билан курашаётганимиз ҳақида мақола эълон қилди. Устоз Хуршид Дўстмуҳаммад журналимизга берган интервьюсида қариндош-уруғчилик, таниш-билишчилик қон-қонимизга сингиб кетгани азалий ва «ардоқли» мезон экани, шу боис ҳам қонун устуворлигига эришиш мушкул кечаётганини таъкидлади.

- Раҳмон ака, бир неча йилдан бери ҳуқуқшунослик дорилфунунида сабоқ бериб келасиз. Юртимизда коррупция илдизини қирқишнинг энг мақбул йўли нимада деб биласиз? Сервантеснинг шамол тегирмони билан жанг қилган машҳур қаҳрамони ҳолига тушмаслик учун бу борада қандай чора қўллаган маъқул?
– Бундан икки йил аввал Адлия вазирлиги эълон қилган «Биз, ёшлар – коррупцияга қаршимиз» мавзусидаги иншолар танловида ҳайъат аъзоси сифатида қатнашишга тўғри келди. Унда ғолиблик наманганлик коллеж ўқувчисига насиб этди. Зукко қизимиз иншосига номи унчалик машҳур бўлмаган овруполик бир зиёлининг мана бу фикрини эпиграф қилиб танлабди: «Чивинлар ўлдирилмайди, ботқоқ қуритилади!»

Доно гап, тўғрими?

«Фалон туман ҳокими ўринбосари, пистон университет проректори... пора олаётганида қўлга туширилди» деган ҳисоботлар «бир-икки чивиннинг ўлдирилиши»дан бошқа нарса эмас, назаримда. Ботқоқ бор экан, чивин яшайверади. Тузум ва тизимда порасиз иш битмас, аниқроғи, иш битказиш учун пора олиш мумкин бўлган ёриқлар – «ҳуқуқий бўшлиқлар» мавжуд экан, бир марталик чоралар билан жиддий ўзгаришга эришиб бўлмайди. Бир чивин ўрнига иккинчиси... ўнинчиси келиб, ғужғон ўйнайверади. Зеро, табиатда ҳам булбул ёки оҳудан кўра, ботқоқнишинларнинг хилию уруғи кўп.

Демак, ботқоқни қуритиш лозим! Бу – иқтисодиётда бозор тизимига, давлат, жамият бошқарувида демократия ва кучли фуқаролик институтлари тизимига буткул ўтмоғимиз; эътиқод, ижод ва фикр жабҳасида тўлиқ эркинликка эришмоғимиз даркор дегани. Чала бозор ва ярим марказлашган маъмурий бошқарув тизими омухтаси билан узоққа бориб бўлмайди. Бундай шароитда раҳбарларнинг паст-баланд савияси, жиддий синовдан ўтмаган билим ва тажрибаси, ҳар кун ўзгариб турувчи кайфиятига қараб иш кўришдан, муаммоларни ечиш эмас, ечилгандек қилиб кўрсатишдан нарига ўтолмаймиз.

Ҳам ишлаб чиқариш ҳажми ва кўлами, ҳам аҳоли талаб-истакларининг ранг-баранглиги борасида биздан анча пешқадам Финляндия ҳукуматини қирққа ҳам кирмаган аёл бемалол бошқара олаётгани сабаби нимада? Биз санаган омиллар – иқтисодиётда бозор тизими, давлат ва жамият бошқарувида демократия ва кучли фуқаролик инс­титутлари тизимига ўтилгани; эътиқод, ижод ва фикр жабҳасида тўлиқ эркинликка эришилганида! Бундай давлатларда муаммолар бир-икки шахснинг ихтиёрига кўра эмас, балки қонунга кўра ҳал этилади.

Буни образли тарзда ифодалаш мумкин: миришкор деҳқон пайкалда шундай эгат оладики, ўқариқдан оқаётган сув юзлаб ариқчалар бўйлаб бир текис тақсимланиб, экинни бирдек яшнатади. Бирор жойда сув (моддий бойликлар деб ўқинг) тўпланиб, ботқоқ ҳосил бўлиб чивин босмайди, бошқа бир жойга эса сув етиб бормай, экин (меҳнаткаш халқ деб ўқинг) қуриб-қақшамайди. Хўш, бундай очиқ ва текис далада – давлатда, жамиятда ким, нима учун пора бериши керак дейсиз!..

– Мамлакатимиз таълим тизими ислоҳга муҳтож экани олий минбарларда ҳам бот-бот таъкидланмоқда. Бу жабҳада мутараққий дунё тажрибасига таяниб катта ўзгаришлар қилинаётгани қувонарли. Аммо сифат эмас, сон ортидан қувиш, моҳият қолиб, шаклга ёпишиш иллатидан ҳамон қутула олганимизча йўқ. Олий ўқув юртлари талабаларидан бўйинбоғ талаб қилиш ёки мактаб ўқувчиларининг сочини миллиметрлаб ўлчаш каби «оламшумул» чоралар ўша даққи қарашлар асоратидир. Юртимиз таълим тизимини таназзул ботқоғидан халос этиш борасидаги таклифларингизни билсак.
– Таълим тизимининг ҳозирги аҳволи бир-икки сабаб натижаси бўлганида эди, ўшаларни тезда бартараф этиш орқали соҳа оёққа турғазиб юбориларди. Афсуски, таълим-тарбия соҳасини абгор қилган эски ва янги сабаблар ниҳоятда кўп...

Ўтган асрнинг 80-йиллари охири. Биз – ёш ўқитувчи ва илмий изланувчилар Талабалар шаҳарчасидаги оилавий ётоқхонада истиқомат қиламиз. Қўшни хонада номзодлик диссертацияси бўйича ишлаётган физик ва математик укаларимиз туради. Ўзбекнинг оддий, лекин чинакам олим бўлиш сиёқи бор йигитлари! Кунларнинг бирида физик укамиздан илмий иши ҳақида сўрадим. У мавзунинг номини айтди-ю, лекин мазмун-моҳияти махфийроқ соҳаларга дахлдор эканини таъкидлади. Айни чоқда, тадқиқотнинг «гражданка»да ҳам қўллаш мумкин бўлган фойдали жиҳатлари бор экан – ўшаларни бир-бир санаб берди.

Орадан икки йил ўтди. Бу орада мен бошпанамни ўзгартирдим. Қишнинг қорасовуқ кунлари эди. Эртага янги йил деган куни кечқурун Олой бозоридан ул-бул харид қилиб ён дарвозадан чиқиб кетаётган эдим, катта темир стол қўйиб олиб мандарин сотаётган одам кўзимга иссиқ кўринди. Эгнида эски пахталик калта тўн, бошида куя еган телпак. Яқинроқ бориб қарасам, ўша физик укамиз. Совуқдан кўкариблар кетибди. Савдосига халал бермаслик учун қисқагина ҳол-аҳвол сўрадим. «Ака, ишим битиб бўлган, фақат ВАКнинг (Олий аттестация комиссияси) минг битта талаби орасида марказдаги журналда мақола чиқариш деган жойи ҳам бор экан, – деди йигит. – У ёқларга мақола олиб бориш учун йўлкира, меҳмонхона ҳақи, совға-салом дегандек... Шунга бир савдогарга ёлланганман. Пул топмасам бўлмайди...»

Яқинда Миллий университетга йўлим тушиб, яна ўша йигитни кўрдим. Энди бафуржароқ суҳбатлашдим, докторликни ёқлаган-ёқламаганини сўрадим. Бу сафар унинг жавоби қисқа бўлди: «Номзодликни ёқлагунча кўрганларим етарли! Кўнгил совиб кетди, ака».

Олий ўқув юртларида илмий ишни ёзишдан кўра уни ёқлаш йўлидаги мантиқсиз талаблардан безган, кўнгли совиган қанча педагогларимиз дарс беряпти экан?..

Дарвоқе, бугун бояги талаблар янада замонавийлашган. Scopus ва бошқа халқаро рўйхатларга кирган журналларда мақола чиқармасангиз, сизнинг илмий ишингизни – ўзингиз Искандар, устозингиз Арасту бўлмайдими! – биров сариқ чақага олмайди. Биргина енгиллиги – ўзингиз кўрмаган ва билмаган бояги мажаллаларни қидириб овора бўлмайсиз: тахминан беш миллион сўм тўласангиз, Ўзбекистондаги обрўси ҳаминқадар журналдан қайтган мақолангизни ҳам чоп этиб беришади. Ўз илмий журналларимизни ўша рўйхатларга киритишга ҳаракат қилишдан кўра, юзлаб бўлғуси олимларнинг асабини қақшатадиган шундай «оқилона» йўл маъқул кўрилган...

Таълимнинг аҳволига ўта салбий таъсир этган яна бир омил ҳақида икки оғиз. Ўтган асрнинг 80-90-йилларида олий таълимда сиртдан ўқиш кенг тарқалган, бўлғуси педагоглар ярим йилда бир марта, бир ҳафта-ўн кун аудиторияда кўриниш берар эди. Кундузгида ўқийдиган талаба камида ярим йил ўқийдиган фан асосларини сиртқичилар икки-уч кунда «ўзлаштирар», саноқли кунларда ўнлаб предметдан баҳо олишга ҳам улгурар эди. У ёғи келгуси ярим йилгача фанга ҳам, китобу дарсликка ҳам хайр-хўш! Ўтган 25-30 йилдан буён мактабларимизда фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг салмоқли қисмини, афсуски, шу тахлит таълим олганлар ташкил этди. Натижани эса кўриб турибмиз.

Бундай сабаб-омилларни яна кўп санаш мумкин. Николай Чернишевскийдан мерос машҳур савол эса ҳамон жавоб талаб қилаётир: нима қилмоқ керак? Мутлақ ҳаққониятга даъво қилмаган ҳолда айрим таклифларимни баён этсам:

– мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларига хорижий тил билан бирга ўзбек тили ҳам малакали педагоглар томонидан, хориж тилига ажратиладиган соатлардан кам бўлмаган тарзда мукаммал ўргатилиши керак;

– умумтаълим мактабларининг 5-синфидан эътиборан синфларни муайян фанларни чуқур ўргатишга ихтисослаштириш, ўқувчининг қизиқиш ва қобилияти, ота-онанинг истаги асосида тақсимлаб ўқитиш тизимини жорий этиш мақсадга мувофиқдир;

– академик лицей, касб-ҳунар коллежи ва техникумлардаги таълим-тарбия тизимини ислоҳ қилиб, ҳар йили ўртача ярим миллион нафарга кўпаяётган ёшларнинг бир гуруҳи чуқур билимли, бошқа катта қисми эса замонавий бозор талабидаги ҳунар эгаси бўлиб чиқишига эришмоқ зарур. Акс ҳолда, олий ўқув юртларига қабул квоталари ҳар қанча оширилмасин, мамлакатдаги ишсизлар сонини камайтириш, айни ейман-ичаман, оила қуриб уйли-жойли бўламан деб турган миллионлаб ёшларимизнинг хорижга қора меҳнатга чиқиб кетишидек хавфли тенденциянинг олдини олиб бўлмайди;

– Олий аттестация комиссияси деган, дунёдаги бир-икки давлатдагина қолган, илму фан ривожи йўлига тўғаноқ бўлаётган бюрократик идора хизматидан воз кечиб, илмий фаолиятни бошқариш, илмий унвон ва даражалар бериш ҳуқуқини олий таълим муассасалари ихтиёрига тўлиқ ўтказиш керак.

– Раҳмон ака, суҳбатимиз коронавирус аталмиш офат бутун дунёга мўр-малахдек ёпирилиб, инсониятни танг аҳволда қолдирган кунларда кечмоқда. Яқин ва олис тарихда кўплаб мушкулотлардан омон чиққан башарият Яратганнинг мадади ила бу имтиҳондан ҳам ўтгуси, иншооллоҳ! Аммо пандемиядан кейин одамзоднинг ҳаёти, ахлоқи ҳам жиддий ўзгаришга учраши тайин, шундай эмасми?
– Абдулла Ориповнинг «Она сайёра» шеъридаги илк сатрларни эслайлик: «Қаршимда Ер шарин суврати турар, / Салмоғи Қуванинг анорича бор...» Инсоният ўзининг темир панжаси ила ўша «Қува анори»ни эзиб-мижиқлаб, тобора ўткирлашиб бораётган тишлари билан уни тешиб, шарбатини очофатларча ютоқиб ичаётир...

Боя эслаганимиз – «еган оғиз уялар» деган халқнинг «емоқнинг қусмоғи бор» тарзидаги ҳикмати ҳам мавжуд. Илоҳим, бу жараённинг чўзилиб кетишидан, бегуноҳларнинг азият чекишидан Ўзи асрасин!

Фалокатнинг қачон тугаши, у ариганидан кейин ҳаёт қандай тус олишини ҳеч ким аниқ айтиб бера олмаётир. Одамзод йирик вулқонлар, улкан сув тошқинлари, довулу бўрон, зилзилаларни илм воситаси-ла аввалдан башорат қилади, улардан сақланишнинг тезкор чорасини кўради. Ҳозирги ёв эса мутлақо кўринмаслиги, хийлагина вақт сезилмаслиги билан ҳам ғоят хавфли, ўта маккордир. Шу нуқтаи назардан қараганда, бутун одамзод ҳатто кулгили ҳолга тушган: унинг шунча куч-қудрати, қурол-яроғию бойликлари, минг хил илмий ишланмалари, роботлари, сон-саноқсиз ноу-хаулари жимитдеккина танача қаршисида ожизу лол қолган!..

Дунё мумтоз адабиёти ва санъатининг жамики қаҳрамонларини беписанд четга суришда бир-биридан ўтаман деган суперменлар ҳам, ўргимчак одаму бетменлар ҳам жим-жим, сайёралараро урушлар қилиб юрган қаҳрамонлар эса тўрт метрли ҳовлисига ҳам ўйлаб чиқадиган бўлиб қолди. Худди реал ҳаётда бўлгани сингари, адабиёт ва санъатда ҳам кимнинг ким экани, инсониятга берадиган фойда-зарари нечоғли экани анча равшанлашиб қолди. Зеро, оммавий санъат қаҳрамонларига маҳлиё бўлган бугунги кун истеъмолчиси, масалан, Альбер Камю огоҳ этган «Вабо»даги доктор Риэни, Чингиз оға дунёга соғинган Эдигейни танимай қолган эди...

Бугун одамзоднинг жисму жони карантин – узлатга олинган. Бироқ ақлу тафаккурни иҳоталаб бўларканми! Аксинча, маълум бўлмоқдаки, айни шу шароитда инсоннинг тафаккур қилиши, мушоҳадага берилиши, ўз-ўзини тафтиш этиш имконияти ҳам, мажбурияти ҳам ошар экан. Бугунги воқелик бизни, ҳаёт тарзимизни, дунёқараш ва мўлжалларимизни ҳозирга қадар тутиб турган тушунчалар, қарашлар, мезонларга қайта назар солиш, уларни майдакўз элакдан ўтказишга ундамоқда.

Хоҳлаймизми-йўқми, дастлаб Хитойнинг олис бир шаҳрида юз кўрсатган коронавирус инфекциясининг икки-уч ой ичида бутун дунёга тарқалиб кетишида кимдир алқаб, кимдир қоралаётган глобаллашув муҳим омил бўлди. Афсуски, одамзод нима эвазига ҳузурбахш ҳаёт кечираётганини унутиб қўйган эди.

Бир сўз билан айтганда, инсоният оламдаги БУЮК МУВОЗАНАТга ортиқ даражада дахл қилмоқдаки, оқибатда ҳалокатларнинг занжирсимон реакцияси юзага келиши ҳеч гап эмас.

Қарангки, одамзоднинг ниҳоятда ақлли вакиллари илоҳий низом – мувозанатга қарши бориб, инсон зотининг жинсини ўзгартириш, уни ҳайвон билан чатиштириш, жониворлар генини дурагайлаштириш, ўз ҳамжинси билан оила қуришга... ўзини ҳақдор санамоқда. Худо кўрсатмасин-у, бу сингари кирдикорлар оқибати ўлароқ юзага чиқажак офатлар кўлами, даҳшати олдида коронавирус балоси ҳам ҳеч гап бўлмай қолиши мумкин!

Бугунги тараққиёт учун глобаллашув шу қадар зарур экан, бутун инсоният бир тану жон бўлиши керакми, йўқми? Ҳозирги ҳолида одамзодни шундай – бир-бирови билан ҳамкор, ҳамнафас умргузаронлик қилаётир деб бўладими? Афсуски, йўқ!

Дунёнинг бир буржидаги ишратпараст бойлар ҳаддан зиёд тўқлик сабаб яна қандай шўхлик ўйлаб топиш ҳақида бош қотираётган бўлса, бошқа буржида миллионлаб норасидалар оч-наҳор онасининг сутсиз кўкрагини тишлаганча, ўзига қаратилган камера экранига жавдираб боқаётир.

Бир замонлар эртакларга айланган («Бағдодда ҳаммаёқ тинч, ҳаммаёқ тинч!..»), дунё тамаддунига онабағирлик қилган кўҳна шаҳарларнинг бугун ўликларга тўлиб кетган қучоғидан қочиб бораркан, номард отган ўқдан юзтубан йиқилган болажон «Ҳаммасини Яратганга айтиб бераман!..» дея жон таслим этаётир. Дунёнинг бошқа бир четидаги маъмур шаҳарда эса пулдор эр-хотин бирига қимматбаҳо фрак ва мўъжаз шляпа, бошқасига бриллиант қадалган қирмизи кўйлакча кийдирилган кучукларини етаклаганча, навозиш билан ресторанга ошиқмоқда...

Воқелик эски ўзанга қайтгач, шояд ал-Мийсоқни унутиб, Яратувчисига исён қилган одамзоднинг ақлу ҳуши, имону инсофи, тақвою сабри ўзига қайтса!.. Зеро, бугунги синов одамзодга берилган сўнгги имкониятлардан бири бўлиши мумкин. Агар шундан кейин ҳам «Керак бўлса, Ер юзини фалон маротаба йўқ қилиб ташлашга қодирмиз!» деб кариллаётган зотлар ҳушига келмаса... очиғи, у ёғини тасаввур этмоққа ҳам қўрқади киши! Яратган инсониятни соғлом ақлу тафаккурдан жудо этмасин денг.

С.Ёқубов суҳбатлашди
«Тафаккур» журналидан олинди




Мавзуга оид янгиликлар
  • Ўзбекистон — Гонгконг футбол учрашувидан сўнг уч кишига маъмурий қамоқ жазоси тайинланди 29 мар, 14:22 69
  • Тошкентда хавфли ҳолат содир этиб, қарама-қарши ҳаракатланган ҳайдовчига чора кўрилди 29 мар, 13:30 40
  • Сирдарёда эгизакларини бир хонали уйга алмаштирмоқчи бўлган ота-онага ҳукм ўқилди 29 мар, 09:36 89
  • Ўзганинг фотосуратлари устига ҳақоратли сўзлар ёзиб, ижтимоий тармоқда тарқатган аёл ушланди 29 мар, 08:48 137
  • Мирзиёев Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном райони халқ ҳукумати раиси билан учрашди 28 мар, 20:40 102
  • Қашқадарё вилоятида судья қўлга олинди 28 мар, 20:20 221
  • Сўнгги янгиликлар
  • Олимлар қашшоқлик миянинг тез қаришига сабаб бўлишини аниқладилар 29 мар, 16:53 0
  • ИШИД ўз тарафдорларини Исроилда ҳужумлар уюштиришга чақирди 29 мар, 16:30 0
  • Россияда «Крокус»даги теракт ҳақида изоҳлар учун қўлга олишлар бошланди 29 мар, 16:03 0
  • Халқаро суд Исроилга мажбурият юклади 29 мар, 15:40 0
  • Франция разведкаси марказий осиёликларни кузатишни кучайтирмоқда 29 мар, 15:15 34
  • Путиннинг атрофидагилар Украинанинг «Крокус»даги терактга алоқадорлигига ишонмаяпти 29 мар, 14:48 96
  • Ўзбекистон — Гонгконг футбол учрашувидан сўнг уч кишига маъмурий қамоқ жазоси тайинланди 29 мар, 14:22 69
  • Ҳибсдан вақтинча озод этилган Дани Алвес тонггача зиёфат уюштирди 29 мар, 14:01 114
  • Тошкентда хавфли ҳолат содир этиб, қарама-қарши ҳаракатланган ҳайдовчига чора кўрилди 29 мар, 13:30 40
  • Музликларнинг эриши Ернинг айланиш тезлигини ўзгартирмоқда 29 мар, 13:06 153
  • Полшада Россия жосуслик тармоғи иши бўйича тинтувлар ўтказилди 29 мар, 12:39 70
  • Samsung ўз тарихидаги энг яхши селфи камерали смартфонни намойиш этди 29 мар, 12:12 43
  • Бўлимлар