«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 29 2024, 12:06
ЎЗO‘Z

Буюк саркарда руҳи безовта этилган кун. Амир Темур қабри очилганига 79 йил тўлди

22 июн, 10:53 5 357 Жамият
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Буюк саркарда руҳи безовта этилган кун. Амир Темур қабри очилганига 79 йил тўлди Амир Темур мақбараси.
Фото: Google Photos

1941 йилнинг 21 июнь куни дунёда Иккинчи жаҳон уруши давом этаётган пайтда Совет Иттифоқида бир гуруҳ олимлар Сталин топшириғи билан Самарқандда жойлашган Амир Темур ва Темурийлар мақбарасидаги Амир Темур қабрини очди. Бу йил ушбу ҳодисага 79 йил тўлди. Сана муносабати билан навбатдаги мақолада мана шу экспедиция ҳақида ҳикоя қиламиз.

Гўри Амир мақбараси
Мақбара XV асрнинг бошига оид. Дастлаб бу ерда Амир Темурнинг невараси ҳамда тахт вориси Муҳаммад Султон бир мадраса ва бир хонақоҳ қурдирган. Икки бино бир-бирига қарама-қарши жойлашган. 1403 йилда Муҳаммад Султон Шомда вафот этади. Темур невараси учун ушбу мажмуа ҳудудида мақбара қуришни буюради. Мақбара саккиз қиррали бино шаклида қурилган ҳамда устига улкан гумбаз ўрнатилган.

Бинонинг баландлиги 36 метрни ташкил қилади. Гумбаз диаметри 16 метр. Гумбаз ташқи тарафдан тўлқинсимон қабартма шаклида ва сопол кошинлар билан қопланган. Бино деворларига «Аллоҳнинг қули Муҳаммад» ёзуви куфий хатида гириҳ нақшлари билан безатиб ёзилган. Бинонинг асосий кўриниши Улуғбек даврида қурилган қўшимча бинолар туфайли беркилиб қолган.

Бино ичига Улуғбек томонидан қурдирилган йўлак орқали кирилади. Дастлабки мажмуадан, яъни Муҳаммад Султон қурдирган бинолардан фақатгина мажмуага кириш пештоқи сақланиб қолган бўлиб, унда бино безакларини бажарган устанинг исми сақланиб қолган. Унда «Ушбу бино Аллоҳнинг қули Муҳаммад ибн Маҳмуд Исфаҳоний тарафидан қурилди», деган мазмундаги ёзув бор. Темурийлар даврида қурилган кўпчилик бинолар, асосан, форслик усталар томонидан қурилган ва шунинг учун икки мамлакат тарихий обидалари ўртасида ўхшашлик мавжуд. Бу биноларнинг ташқи кўринишида ва рангларида ўз аксини топган.

Мақбарада тўққизта қабр мавжуд бўлиб, илк қабр Муҳаммад Султонга тегишли. Бундан ташқари, бу ерда Амир Темур, Шоҳруҳ Мирзо, Мироншоҳ Мирзо, Улуғбек Мирзо, Мир Саййид Барака, ироқлик Шайх Саййид Умар ва Мирзо Улуғбекнинг ёшликда вафот этган икки ўғли Абдуллоҳ ва Абдураҳмон Мирзоларнинг қабрлари бор. Қабрлар бугун биз кўрадиган мақбаранинг юқори қисмида эмас, балки ер остида жойлашган. Мақбаранинг зиёратхонасида мавжуд қабр тошлар асл қабрлар жойлашувига қараб қўйилган.

Экспедиция аъзолари
1941 йилнинг апрель ойида Ўзбекистон ССР Халқ комиссарлари совети ҳамда Ўзбекистон КП марказий комитети Алишер Навоий юбилейининг тадбирларини ўтказиш доирасида у яшаган даврни тарихий, археологик ва антропологик жиҳатдан ўрганиш мақсадида Навоий комитетига, Самарқанддаги Амир Темур, Улуғбек, Қозизода Румий даҳмаларини очишга рухсат бериш ҳақида қарор қабул қилади.

Фото: Google Photos
Ушбу қарорга мувофиқ мақбарани очиш 1941 йили ўтказилиши мўлжалланган Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллик юбилейи муносабати билан у яшаган давр тарихини чуқур ўрганиб, тарихий далилларни текшириб олиш мақсадида амалга оширилган эди. Бу ишларни амалга ошириш учун махсус ҳукумат комиссияси тузилиб, унга иттифоқнинг машҳур олимлари жалб этилган эди (Амриддин Бердимуродов, «Амир Темур мақбараси» илмий-оммабоп рисола, Тошкент 1996-й, 7-бет).

Экспедиция таркибига академик Қори-Ниёзий (раҳбар), антрополог Л.В. Oщaнин, тарихчи, шарқшунос, профессор А.А. Семёнов, кимё профессори, реставратор В.Н. Кононов, меъмор Б.Н. Засипкин, антрополог-ҳайкалтарош М.М. Герасимов, археолог В.А. Шишкин, ёзувчи С. Айний, юбилей комиссиясининг илмий котиби Ҳ.Т. Зарифовлар бор эди. Шунингдек, жараённи тасвирга олиш учун Н.А. Ким бошчилигидаги операторлар гуруҳи ҳам ишлади. Улар орасида таниқли ўзбек режиссёри Малик Қаюмов ҳам бор эди.

Экспедиция аъзоларининг олдига қўйилган асосий вазифалар қуйидагилардан иборат эди: Темурийлар хилхонасида кимлар дафн этилганини аниқлаш, дафн қилиш урф-одатларини ўрганиш, жасадларни антропологик жиҳатдан тўлиқ ўрганиш, Темурийлар ҳақидаги мавжуд тарихий манбалар ҳамда халқ орасидаги афсоналарнинг қай даражада тўғрилигини аниқлашдан иборат эди (Амриддин Бердимуродов, «Амир Темур мақбараси» илмий-оммабоп рисола, Тошкент 1996-й, 7-8-бет). Шунингдек, Герасимовга Темур ва Темурийлар бош чаноқлари асосида уларнинг юз тузилишини қайта тиклаш вазифаси ҳам қўйилган эди.

Жараённинг бориши
Гуруҳ 15 июнь куни Самарқандга етиб келди. Шу куни кечқурун гуруҳнинг маслаҳат йиғилиши бўлиб ўтди ва унда қилинажак ишлар келишиб олинди (А. Бердимуродов, 9-бет).

16 июнь куни эрта тонгда экспедиция мақбарага етиб борди. Дастлаб кимнинг қабрини очиш ҳақида баҳс кетди. Герасимов қабрларни тартиб билан, Шайх Саййид Умарнинг қабрини очишдан бошлашни таклиф қилди. Бироқ Семёнов мақсад Темурийларни ўрганиш эканини айтиб, Саййид Умар ва Саййид Баракаларнинг қабрига тегмасликни таклиф қилди.

Шу тариқа икки шайхнинг қабрига тегмасликка қарор қилишди ва ишни чеккада турган биринчи қабр — Мироншоҳ Мирзонинг қабридан очишни бошлашди. Мироншоҳ 1408 йилнинг баҳорида қорақўюнли туркманларнинг сардори Қора Юсуф ва Султон Аҳмад жалоирнинг бирлашган қўшинига қарши Озарбайжонда мағлубиятга учрайди ва жангда вафот этади. Унинг калласи танасидан жудо этилиб, Қора Юсуфга жўнатилади.

Фото: Google Photos
Бу пайтда Мироншоҳ 41 ёшда эди. Унинг қабри борасида аниқ маълумотлар йўқ эди. Фақатгина қабртошидаги ёзувлар орқали бу қабрнинг Мироншоҳга тегишли эканини аниқлайди. Мироншоҳнинг қабри анча содда бўлиб, жуда ёмон аҳволда сақланган. Сабаби мақбарани бир пайтлар сув босган эди. Унинг боши кесилгани ўрганишлар пайтида бош чаноғидаги суякнинг кесилган жойига қараб тасдиқланди.

17 июнь куни Мироншоҳ қабри тозаланиб, Шоҳруҳ Мирзонинг қабрини очишга киришилди. Мақсадимиз Амир Темур қабри ҳақида мақола ёзиш бўлгани учун қолган қабрларни батафсил ёритишга жазм этмадик. Шу сабабдан улар ҳақида қисқа маълумотлар берамиз. Шоҳруҳ Мирзонинг қабрдан чиқарилиб, Самарқанд давлат университетига олиб келиниб тадқиқ этилди. Антрополог Oшaнин фикрига кўра, Шоҳруҳ 70 ёшларда аллақачон жуда қариб қолган ва унинг тишларининг бари тўкилиб бўлган. Герасимов эса Темурнинг айни ёшда жуда бақувват бўлганини қайд этган (А. Бердимуродов, 15-бет). У жисмонан нозик одам бўлган бўлиб, бўйи 157 см экани ойдинлашган. Антропологлар унинг бош чаноғи отасиникидан фарқ қилиб, Фарғона-Помир кўринишида эканини айтишади.

18 июнь куни Амир Темурнинг оёқ томонида дафн этилган буюк астроном олим Мирзо Улуғбек қабри очилди. Қабр устидаги мармар плитани суриш мақсадида махсус техника ўрнатилди. Қабр ичининг узунлиги 210 см, эни 68 см, чуқурлиги 61 см. Қабрни ёпиб турган мармар плита устида Улуғбек ҳақидаги маълумотлар бор. Умуман, ҳар бир қабр тош устидаги ёзувлар, асосан, қабр эгалари ҳақидаги маълумотлар, Қуръон оятлари, ҳадислар ва ҳикматли сўзлардан ташкил топган.

Улуғбек жасадини ўрганиш жараёнида унинг ҳам боши кесилгани ҳақидаги маълумот тасдиқланди. Унинг боши танасидан узоқроқда юзи ерга қаратиб қўйилган. Бош чаноғи билан учта бўйин умуртқаси ёпишиб турган. Учинчи умуртқада ўткир тиғнинг изи яққол кўриниб турибди (А. Бердимуродов, 18-бет).

Унинг эгнидаги мато, кийим қолдиқлари, белбоғ каби элементлар унинг шариат қоидасига кўра ўлдирилган пайтда қайси кийимда бўлса, ўша кийимлари билан кўмилганини тасдиқлашга имкон берди. Герасимов кейинчалик Улуғбекнинг бош чаноғи асосида унинг қиёфасини қайта тиклайди.

Амир Темур қабрининг очилиши
Амир Темур 1405 йилнинг қишида Хитойни фатҳ этиш учун йўлга отланади. Шу йили қиш жуда қаттиқ келади. Қўшин Ўтрор шаҳрига етганда шу ерда қўним топишга қарор қилинади. Айнан шу ерда саркарданинг аҳволи оғирлашади ва 18 февраль куни оғир хасталикдан дафн этилади. Кейин эса унинг жасади мўмиёланиб Самарқандга сирли равишда жўнатилади. Унинг қаерда дафн этилгани борасида тўрт хил тахмин бор эди: баъзилар уни Ўтрорда дафн этилган деса, баъзилар Самарқандга, яна бошқалар Шаҳрисабздаги даҳмасига деса, бошқалари Ҳиротга дейишади. Лекин асосий ҳужжатлар Самарқандни кўрсатади. Шу тахминларни текшириб кўриш учун ҳам экспедиция Темур қабрини очиб ўрганиши керак эди.

Фото: Google Photos
Амир Темурнинг қабрини очиш ишлари 19 июнда бошланди. Унинг қабри қолган қабрлардан ўз салобати билан ажралиб туради. Қабр 20 см қалинликдаги мармартош билан беркитилган бўлиб, қабрнинг узунлиги 245 сантиметр, эни 90 сантиметрдир. Бу қабртош устига бошқа юпқа ёзув битиб ишланган оникс тоши ёпиштирилган. Қалин тошнинг тагида ўн сантиметр қалинликда ганч қатлам бўлиб, бу қатлам тагида лаҳаднинг оғзини ёпиб турган бешта қалин тоштахта ётқизилган. Қабрнинг лаҳади тарошланган тош тахталардан ясалган бўлиб, узунлиги уч метр, эни ва чуқурлиги бир метрдандир.

Қабрни очиш ишлари 20 июнда ҳам давом эттирилди. Иш видеотасвирга олинаётгани сабабли секин давом эттирилди. Барча иштиёқ билан кутиб турарди. Ниҳоят лаҳад ичида Соҳибқироннинг арчадан ясалган тобути кўринди. Тобутнинг устига қорамтир кўкиш рангли газлама ёпилган эди. Тобутнинг ранги қорамтир, ёғочлари бақувват, силлиқланган тахталардан ясалган бўлиб, алоҳида қопқоғи ҳам бор эди.

Тобут арчадан ясалгани сабабли узоқ вақт ўтган бўлса-да, жуда яхши сақланган. Шунингдек, унга сув босиши ҳам зарар келтира олмаган. Тобут устига ёпилган мато нозик ипакдан тўқилган бўлиб, унинг ўртасида олтин иплардан тўқилган ёзув бор. Газлама бутун сақланмагани учун ёзувларни тўлиқ ўрганишнинг имкони бўлмаган. Шишкин бу матони бирор-бир авлиё қабридан ёки Каъбадан келтирилгани ҳақидаги тахминни илгари сурган.

21 июнь куни ҳам қабрни очиш ишлари давом этди. Айнан шу куни тобут қопқоғи очилди. Тобут ичида Амир Темурнинг жасади кўринди. Шу пайтда қабр ичидан хушбўй ҳид таралади. Бу ҳидлар маййитни дафн қилаётганда ишлатилган мушк анбарларнинг ҳидлари бўлса керак, эҳтимол. Жасад узун қилиб ётқизилган, юзи Маккага қаратиб қўйилган. Суякларнинг баъзи жойларида кафан қолдиқлари, бош, бўйин, оёқ томонларда мўмиёланган мускуллар, тери парчалари ётарди.

Жасад оҳисталик билан қабрдан чиқариб олинди ва бош чаноқ уч соат соя жойда қуритилди. Шундан кейингина унга кимёвий ишлов беришга имкон пайдо бўлди. Бундан олдин антропологлар бош чаноғидаги соч, соқол ва қошларнинг қолдиқларини йиғиштириб олдилар. Сочи ва соқолининг ранги сарғимтир бўлиб, худди занглаган темир рангига ўхшар эди. Унинг бўялган ёки бўялмаганини текшириб кўришганида, ранглар табиий экани ойдинлашди.

Антрополог Герасимов.
Фото: Wikipedia

Темурнинг ташқи қиёфаси ҳақида XV аср миниатюраларида сақланиб қолган тасвирлар, тарихчилар ёзиб қолдирган тавсифлардан фарқ қилади. Шу сабабли экспедиция олдига унинг ташқи қиёфасини ҳам қайта тиклаш вазифаси қўйилган эди. Жасаднинг узунлиги 170 смдан юқори эди. Шунингдек, суякларни ўрганиш жараёнида унинг ўнг қўли тирсагидан букилмайдиган бўлиб битиб қолгани аниқланди. Аммо елка мушаклари бутунлиги сабаб бемалол ҳаракат қила олган ва ҳатто бармоқлар ҳаракатига қараб бу қўл анча кучли бўлганини ҳам пайқаш мумкин.

Унинг ўнг қўлига 1362 йили Сеистонда ўқ тегиб яралайди. Лекин нима сабабдан қўл букилмайдиган бўлиб қолгани ҳақида аниқ далиллар мавжуд эмас. Тиббий мутахассислар унинг суяк силидан букилмай қолган бўлиши мумкинлигини айтишади. Ўнг оёқ суяклари ҳам яхшилаб тадқиқ этилганидан сўнг, унинг ҳақиқатда оқсоқ бўлгани ойдинлашди.

Яна бир муҳим фактни эътиборга олиш керак. Яъни унинг бошидан топилган сочларнинг узунлиги 3 смдан юқори бўлгани ривоятларда келтирилганидек, қишда сочини олдириб, дарёда чўмилгани оқибатида касал бўлгани ҳақидаги факт ўзини оқламайди. Темур ва темурийлар исломнинг барча қонун қоидаларига амал қилинган ҳолда дафн этилгани экспедиция давомида ўз тасдиғини топди.

22–23 июнь кунлари сўнгги қабр – Муҳаммад Султоннинг қабри очилди. Ушбу қабр ҳам анча ҳашамдор қилиб тайёрлангани маълум бўлди. Темур ва Муҳаммад Султонларнинг қабрлари бошқа қабрлардан кўра ҳашамдорлиги билан ажралиб турган.

Экспедиция немис қўшинларининг Совет Иттифоқи ҳудудига бостириб киргани туфайли зудлик билан тугатилди ва суяклар ўрганиш учун Москвага олиб кетилди. Герасимов бош суяклар асосида Темур ва Темурийлар ташқи қиёфаларини қайта тиклашга муваффақ бўлди.

«Ким аждодлар хокини безовта қилса, уни энг даҳшатли қарғиш урсин»
Шубҳасиз, барча қабртошлар орасида Темурнинг қабртоши ўзининг нафис ёзувлари билан ажралиб турарди. Ушбу ёзувларни Семёнов ўқиб чиқади. Унда Темурнинг 18 та шажара исми ва Қуръони Карим оятлари ҳамда яна бир муҳим огоҳлантириш ҳам ёзилган эди. Унинг маъноси қуйидагича: «Ҳаммамиз ўлгувчилардирмиз, вақти келади ва биз кетамиз. Бизгача ҳам буюклар бўлган ва биздан кейин ҳам бўлади. Агар кимда ким кибрга берилcа ва бошқалардан баланд кўтарилса ёки аждодлар хокини безовта қилса, уни энг қўрқинчли қарғиш урсин!»

Фото: Google Photos
Шу ўринда халқ орасида машҳур бўлиб кетган немисларнинг СССР ҳудудига бостириб кириши билан боғлиқ тасодифий ҳодиса ҳақида фикр юрицак. Унда гўёки Темур қабрининг очилиши уруш бошланишига сабаб сифатида келтирилади. Буни ўша пайтдаги воқеаларни тасвирда олишда иштирок таниқли режиссёр Малик Қаюмов сўзлаб берган. У ўзининг «Ҳаётим – кинематография» номли китобида шундай ёзади: «Узоқ давом этган суратга олиш ишларидан сўнг бир пиёла чой ичиш учун чойхонага кирдим. Қарасам, учта чол чой ичиб ўтиришган экан. Қўлларида эса каттакон китоб бор эди. Улардан бири Темур қабри очилишида алоқам бор ёки йўқлиги билан қизиқди. Ҳазиллашиб «энг катта бошлиғиман», деб айтдим, чунки менинг буйруғим билан чироқлар ёқилар эди. «Темурнинг қабрини очмаслик керак, очса уруш руҳи чиқади», деб айтди.

Бу гап 1941 йил ё 16, ё 17 июнь куни содир бўлди. «Бу нимадан маълум», деб сўрадим мен. Чол китобдаги ёзувни кўрсатиб, кулиброқ арабча ўқишни биласизми, деб сўради. Мен «биламан» деб жавоб бердим. Жавобим уларни ажаблантирди, чунки бу пайтда биз кирилл алифбосига ўтиб бўлган эдик. Улар мендайин ёш йигитни арабча ўқишни билмайди деб ўйлашган эди. Мен китобда ҳақиқатан ҳам «Темурнинг қабрини очиш мумкин эмас, очилса уруш руҳи чиқади ва қиёматли кунлар бошланади», деган ёзувни ўқидим.

Бу гаплар ҳақида Қори Ниёзий, Семёнов ва Айнийга айтдим. Улар ҳам келиб китобни кўришди, кулишди. Домла Айний буларнинг барини сафсата деди ва чолларни чойхонадан ҳайдаб юборди. Мен ўзимнинг тажрибасизлигим ва ғўрлигимдан ўша китобни ва чолларни суратга олмаганимдан ҳозир жуда қаттиқ пушаймон қилмоқдаман» (А. Бердимуродов, 6-7-бетлар).

Темур қабри 21 июнь куни очиб бўлинди, жасадлар чиқарилди. 22 июнь эрта тонгда немис ҳарбийлари СССР ҳудудига бостириб кирди. Аммо бу шунчаки бир тасодиф бўлиши ҳақиқатга яқин. Зеро Гитлернинг СССРга юриш ҳақидаги «Барбаросса» режаси аввалдан бор эди. Аммо бу ҳақидаги гап-сўзлар тинчимади. Ҳатто Қаюмов бу гапларни Сталинга етказади, шундан кейин эса Темур суяклари қайтадан дафн этилади. Айнан Темур бош суяги ортилган самолёт фронт чизиғи бўйлаб, аскарлар руҳини кўтариш учун айланиб учади.

Яна бир тасодиф шундаки, айнан шу воқеадан кейин СССР қўшинлари ғалабаларни қўлга кирита бошлайди. Сталин эса Самарқанддаги Темурийлар мақбарасини таъмирлатиш учун бир миллион рубль миқдорида маблағ ажратиш ҳақида қарор қабул қилади ва мақбара таъмирланади. Шундай қилиб, экспедиция 24 июнь куни ўз ишини якунлайди. 1941 йилнинг 9 декабрь санасида Тошкент шаҳрида Герасимов томонидан яратилган Темур, Улуғбек ва Шоҳруҳларнинг суратларини қабул қилиш мақсадида йиғилиш ўтказилади.

Манба: Daryo.uz




Мавзуга оид янгиликлар
  • Сирдарёда эгизакларини бир хонали уйга алмаштирмоқчи бўлган ота-онага ҳукм ўқилди 29 мар, 09:36 50
  • Ўзганинг фотосуратлари устига ҳақоратли сўзлар ёзиб, ижтимоий тармоқда тарқатган аёл ушланди 29 мар, 08:48 83
  • Мирзиёев Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном райони халқ ҳукумати раиси билан учрашди 28 мар, 20:40 102
  • Қашқадарё вилоятида судья қўлга олинди 28 мар, 20:20 217
  • Жиззахда энергия ресурсларидан 7,5 миллиард қарздорликлар мажбурий ундирилди 28 мар, 19:31 55
  • Сурхондарёда ЙТҲда ҳайдовчи аёл ва унинг фарзандлари ҳалок бўлди 28 мар, 19:08 279
  • Сўнгги янгиликлар
  • Вадим Абрамов: "Бундай сифатли ва савияли футболчига доим таркибда жой топилади" 29 мар, 11:50 4
  • Чехия европалик сиёсатчиларни Россиядан пора олиш схемасини фош этганини даъво қилмоқда 29 мар, 11:20 22
  • Шомуродовнинг аҳволи ҳақида маълумот берилди 29 мар, 10:53 106
  • Сўровнома: Нурсултон Рўзибоев 1-раунддаёқ рақибини "ухлатиб" қўяди 29 мар, 10:25 49
  • Роналдунинг либосини кийган таниқли блогер Мессига алоқадор ресторандан ҳайдаб юборилди 29 мар, 10:02 85
  • Сирдарёда эгизакларини бир хонали уйга алмаштирмоқчи бўлган ота-онага ҳукм ўқилди 29 мар, 09:36 50
  • Қозоғистоннинг бир қанча ҳудудлари тошқинлар туфайли сув остида қолди 29 мар, 09:08 90
  • Ўзганинг фотосуратлари устига ҳақоратли сўзлар ёзиб, ижтимоий тармоқда тарқатган аёл ушланди 29 мар, 08:48 83
  • Шоҳжаҳон Эргашев панамалик боксчини биринчи раунддаёқ нокаутга учратди (видео) 29 мар, 08:35 183
  • Оқ уй Украинанинг «Крокус» терактига алоқадорлиги ҳақидаги баёнотларни «тарғибот» деб атади 29 мар, 08:08 93
  • Павел Дуров террор тарғиботчилари блокланаётганини эълон қилди 29 мар, 07:37 70
  • Қон босимини дориларсиз уй шароитида тушириш йўллари 29 мар, 07:07 100
  • Бўлимлар