«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 19 2024, 20:22
ЎЗO‘Z

Ҳидоятга келган армани: Абдураҳмон Мешаян (давоми)

30 мая, 21:35 3 311 Ҳаёт тарзи
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ҳидоятга келган армани: Абдураҳмон Мешаян (давоми) – Шеърларингизда шунақанги сўзларни ишлатасизки, ҳатто айримларининг маъносини ўзбеклар ҳам тушунолмай қолади. Шеъриятда устозингиз ким? Кимлардан сабоқ оласиз?
– Тўғрисини айтсам, шеъриятда борасида устозим йўқ.

– Ҳатто айримлар шеърларини биров ёзиб беради, дейишади?
– Ака, уй-жойимни кўриб турибсиз. Мен фалончи (бир шоирлик даъвосидаги таниқли тантиқнинг исмини айтади) каби бой эмасман бировдан шеър сотиб оладиган(кулади). Олдинлари бунақа гап-сўзлардан жудаям жаҳлим чиқарди, ҳозир парво қилиб ўтирмайман.

– Қайсидир шоирларни яхши кўриб ўқийсизми, яъни Сиз қойил қоладиган ижодкор борми? Тирик шоирлардан...
– Усмон Азимни жиддий шоир деб биламан...

Аввал Муҳаммад Юсуфни ва Аъзам Ўктамнинг шеърларига махлиё бўлдим, сўнгра Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Рауф Парфиларнинг ижодига ҳавас қилиб ўқиб юрдим. Шавкат Раҳмоннинг ижоди билан танишганимдан кейин ўшанда тўхтадим. Унақа буюк шоир йўқ ўзбеклар ичида... Тўғриси ўзимча унга тақлид қилиб шеър ёзишга ҳам уриниб кўрдим. Шунақа зўр шоирки... асти қўяверасиз...

Мен асосан диний-маърифий йўналишда шеър ёзаман. Бу ҳаммага ҳам ёқавермайди. Ёқишиниям истамайман. Тўғри, авваллари ўзимни танитгим келган. Ҳатто бир марта ноқулай аҳволга тушиб қолганман эгаси топилмаган шеърни меники девориб... Кейин жудаям уялиб қолдим, икки йил шеър ёзолмадим. Энди кулиб эслайман ўша даврларни...

Ҳозир менга машҳурлик қизиқмас. Керак ҳам эмас. Агар керак бўлганида Ватаним-Жонажоним...деган шеърларни ёзиб, аллақачон “Шуҳрат” медалиниям олган бўлардим. Мен бунақа лаганбардорлик, катталарга ёқиш учун ликкиллашдан ҳазар қиламан.

Мени қандай бўлсам, ўшандай қабул қилишларини истайман. Турланиб-тусланишларни ёмон кўраман...

– Дарҳақиқат, охирги пайтларда шеъриятда “Шавкатли замонлар...” деган ибора пайдо бўлиб қолди. Энг ажабланарлиси, президент ҳузурида, унга қараб шунақа шеърларни ўқишяпти. Суллоҳлик шу қадарми?! Нима “Исломли замонлар...” ўтдими, деворасан беихтиёр... Яна бунақа шеърни олтмишдан ошган одамдан эшитсанг, баттар кўнглинг айнир экан...
– Ака, ишонсангиз 2016 йили сентябр бошида, аввалги президент оламдан ўтган кунлари Ёзувчилар уюшмасининг ёшлар масалалари бўйича раис ўринбосари, Халқ шоири Иқбол Мирзо қўнғироқ қилди: “Тез шеърларингни олиб кел, босамиз” – деб. Обориб ўтирмадим тўғриси... Менга қизиқ эмас энди...

Айтяпману машҳурлик, шон-шуҳрат – офат экан, ундан қочиш керак экан...

– Ўзингиз арман миллатига мансуб бўлсангиз-да, ўзбекларнинг дардини ёзасиз. Ёзганда ҳам чиройли ёзасиз. Бунинг боиси нимада?
– Ака, шу ерда туғилиб ўсдим... Шу одамлар орасида... Ўшанинг-чун дарду ғамим ҳам, қувончу ташвишим ҳам шу халқ билан бир!

– Ташқаридан қараганда ўзбек халқининг ижобий ва салбий томонлари яхшироқ кўринади Сизга...
– Ўзбеклар ҳақида биласизми қанақа тушунча бор бошқаларда? Битта эпизод билан тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Бир куни фейсбукдаги бир танишим қурбонлик гўштини тарқатишда ёрдам сўради. Ўзи хорижда яшайди, шериклари шу ерда. Аммо шериклари ҳам тарқатолмай қийналаётган экан. Хўп деб айтилган жойга бордим. Боргач, тушундим нима учун тарқатишолмаганини... жудаям бой одамлар яшайдиган маҳалла экан. Битта катта хўкизнинг бўлакланган гўштини машинага ортиб қайтдик.

Йўл-йўлакай опамга қўнғироқ қилдим: “Ночор аҳволда яшайдиган танишларинг бўлса, айт” – дедим. У: “Менга ҳам бер” – деди. “Опа, сенинг шунча уйларинг, машиналаринг бор, уялмайсанми?” деб танбеҳ бердим. “Ҳазил-ҳазил, - деди кулиб. - Бир жувонни танийман. Ҳижобли. Тўртта норасида боласи бор. Қаердадир фаррош бўлиб ишлайди. Эри жигар церрозидан ўлган. Шунга обориб бер”. “Эри ичар эканми?” – сўрадим ичкилик орқасидан жигари адо бўлиб оламдан ўтган дадамни эслаб... “Жиннимисан?! Ичмайди, ўзбекку у?!” деди опам. Ҳижоблиларни ити-битидан ёмон кўрадиган опамки мақтадими, демак ўша аёл чинданам фаришта экан деб қолдим... Ва унга қурбонликдан насиба олиб бориб бердим.

Мана кўрдингизми, ўзбеклар ҳақида нималарни тушунамиз: ўзбекми – алдамайди, ўзбекми – ўғирлик қилмайди, ўзбекми – бировга ёмонлик қилмайди! Булар бизнинг ўзбек ҳақида шаклланган фикрларимиз, хулосаларимиз...

Ёқмаган жиҳатларига келсак... Олдингизда, юзингизга кулиб-кулиб яхши гапиришади-да, орқангиздан ёмон гапларни айтишади. Мен унақа одамларни ёқтирмайман. Ёмонми, яхшими – одам ҳақида фикринг бўлса, шартта-шартта юзига айт... Мана шунақа иккиюзламачиларнинг озми-кўпми борлиги миллат юзидаги доғ деб биламан.

Энг зўр жиҳати эса – миллатчилик қилмаслиги... Биласизку, бу исломда ҳам қораланган жиҳат. Маҳаллийчилик бор, аммо миллатчилик йўқ. Бошқа давлатларда, масалан, Туркияда ҳам ўзларидан бошқа миллатга иккинчи даражали деб қараш иллати шаклланган. Ўзбекистонда эса одамларининг миллатига эмас, яхши-ёмонлигига қараб муомала қилишади. Ўзбеклардай бағрикенг миллат кам дунёда.

– Исмингизни расман ўзгартирганмисиз?
– Албатта, ака. Паспортимда Абдураҳмон деб ёзилган. 2006 йилда мусулмон бўлганман. 2010 йили исмимниям ўзгартирдим, жисмимниям(кулади). Тўғрисини айтсам, бошида Муҳаммад исмини танлагандим, аммо ҳаддим сиғмади. Исм мен учун қанчалар қадрли эканини тушунтиришим қийин. Ҳозир бирор киши Абдураҳмон деб чақирса, шунақанги хурсанд бўлиб кетаманки, тасаввур қилолмайсиз...

– Нега айнан бу исмни танлагансиз?
– Абдураҳмон ибни Авф разияллоҳу анҳуни қаттиқ яхши кўраман. Ўшанга...
Мусулмон бўлиш осон, жуда кўпчилик иймонга келганини эълон қилади, аммо аввалги чиркин ишларини ташламайди. Намоз ўқимайди, рўза тутмайди, бошига келган синовларга сабр қилмайди. Мени ҳам бошимга озми-кўпми синовлар келди, алҳамдулиллаҳ, имоним туфайли сабр қилдим. Мен учун каръера муҳим эмас, имон муҳим. Мақсадим агар катта шоир бўлиб, танилишни, кўтар-кўтар бўлишни хоҳлаганимда исмимни ўзгартириб ўтирмасдим.

Ҳатто Иқбол Мирзо “Нега исмингни ўзгартирдинг, сени китобингни чиқарардик, ҳаммаёқда шов-шув бўларди...”, - деб хафа ҳам бўлган. Менга керак эмас унақа машҳурлик. Чунки Абдулла Орипов билан умрларининг охирида, Америкага кетишларидан олдин роса ҳамсуҳбат бўлганман, у кишининг давлатга ҳам, жамиятга ҳам кераксиз бўлиб қолганини кўриб, кўп нарсани англаб етганман. Қолаверса, лаганбардор “эжодкорлар” давраси учун мен бегонаман, менинг атрофимдагилар оддий диндор кишилар... Шеър ёзиш эса шунчаки хобби, ичимдагиларни изҳор қилиб олсам бас.

– Акангизнинг ҳидоят топиши қандай бўлган?
– Тўғриси буни билмайман. Аммо менинг Исломга киришимга акам таъсир ўтказмаган тўғриси. Дадам битта латифани айтиб акамнинг дилини оғритарди доим. Эмишки бир армани иймонга келибди. Кейин чўчқасини ариқдаги сувга пишаверармиш тезроқ қўйга айлан деб... Очиқчасига устидан кулиб: “Сен армансан, арманлигингча қоласан”, дерди. Қариндошларимиз “Худойинг нима деяпти, бизга хабар бер-чи?” – деб очиқчасига мазах қиларди. Ибодат қилаётганда қитмирлик қилиб, халал беришга уринишарди. Яҳудий қанақа бўлса, арман ҳам шунақа. Яъни бизнинг миллатдан мусулмон чиқиши фавқулодда ва ноёб ҳолат тўғриси... Худди араблардан атеист чиққандай... Битта онам ва мен акамнинг тарафини олардик. Тўғрими-нотўғрими, ўз танлови деган ўйда унга ён босардик. Дадам вафот этгач, ҳаётга жиддийроқ қарай бошладим. Кўп ўйладим. Ўлимни тушунишга интилдим. Ишонасизми, ҳамма ҳам тўғри йўлни қидиради, аммо ҳамма ҳам охиригача боравермайди. Иймонсиз ҳаловат йўқ асло...

– Сизга ҳам шунақа муомала қилишадими?
– Йўқ. Оддий мисол: ҳайитда ҳамма бир бирини табриклайди, а? Менга жумла жаҳонни табриклагани бир тараф бўлса, опанинг, холамнинг диний байрамим билан табриклагани бир тараф... Бу уларнинг иймонинимни, эътиқодимни ҳурмат қилгани, динимни тан олганидан дарак...

– Уйланганмисиз?
– Энди, Худо хоҳласа... Бу йил уйланаман. Бўлажак келинингиз туркиялик.

– Даромадингиз нимадан?
– Чорвачиликка қизиқаман. Буни қанчалар яхши кўришимни тасаввур қилолмайсиз. Тушунтириб беришим қийин... Чиндан ҳам чорвада барака бор экан...
– Суҳбатимизга бирорта шеърингиз билан якун ясасак, нима дейсиз?
– Бажонидил. "Интервью" деган шеърим бор... Ҳазилнамо...

Суҳбатга қўшимча шеър...

ИНТЕРВЬЮ...
-Ким қўнғироқ қилди болажон?
-Интервьюга чорлашди она...
-Вой айлонай йўлга туш шу он,
Радиога чиқ, маҳмадона...

Қўшниларга мақтанажакман,
Норозилик билдирмагин, жим!
Бутун қавму қариндошларга,
Даркор ҳали бир-бир қоқмоқ сим.

-Она, радио чорлагани йўқ,
-Наҳот тв чорлади, ўғлим?
Хиқилласам, урма энди дўқ,
Даданг бевақт топмаса ўлим-

Биргалашиб кўрардик шодон,
Кўрсатувга чиққанлигингни.
Балки бир кун кўрарман, нодон,
Султон қўлин сиққанлигингни...

-Она, ТВ чорламадида...
-Рўзномадан чорлашган демак?
-Бу ҳам онанг бир омадида,
Мен ҳам борсам имкон бор демак?

Қўй, яхшиси ўзинг бориб кел,
Сен ҳақинда мақтаб ёзишсин!
Хушрўйлигинг кўриб қўйсин эл,
Соқолли суратинг босишсин...

Волидам шод... Зумда тиклаган
Шод кайфият қасрин бузолмам.
Ош келтирди е деб бир лаган,
Лек мен хуноб, бугун бўлажак,
Интервьюдан хаёл узолмам...

Онамга сюрприз қилгим йўқ,
Йўқ "совға"мнинг унга кераги.
Кўксин тешиб ажал деган ўқ,
Ёрилиб кетмасин юраги...

Интервьюда сўрашса керак:
-Нега қуюқ соқол қўйгансиз?
-Борми сизга хориждан тиргак?
Хижобни-да фарзга йўйгансиз...

-Шеърларингиз нечун қайғули?
Посбонларга отибдирсиз тош.
Сизга қолгани кўп кулгили,
Бизнинг асл юзни қилмоқ фош..

Бу шунчаки тахминлар холос,
Шоир турли хаёллар қилар...
Интервьюнинг мавзусини хос,
Фақатгина терговчи билар...

P. S.: Суҳбатимизнинг аввалги қисмлари эълон қилингач, Абдураҳмон Мешаян бизга боғланди ва суҳбатдан кўнгли тўлмаганини, аниқроғи, айрим воқеаларга тўлиқ тўхтатолмагани айтиб қолди. Жумладан, ҳидоят излаган йиллари, шаҳодат келтиргандаги ҳолатлари ва бошқа кўрган-кечирганларини ифода этолмаганини, агар имкон берсак, ўзи ёзиб бериши мумкинлигини билдирди. Биз унинг таклифини жон деб қабул қилдик...

Демак, кутинг!
Иншааллоҳ, яқин соатларда "Мен ким Абдураҳмон Мешаян..." номли ҳаётий ҳикояни эътиборингизга ҳавола этамиз...

(давоми бор)

Манба: Azon.uz




Мавзуга оид янгиликлар
  • Хотирани яхшилашнинг жуда оддий усули топилди 18 апр, 12:22 224
  • Юлдузлар парҳези: тез оздирадиган учта зиравор 17 апр, 17:00 126
  • Қулупнайнинг сиз билмаган 10 та фойдали хусусияти 17 апр, 07:41 149
  • Буни энг иродасизлар ҳам эплай олади: Аллен Каррнинг чекишни ташлашда ёрдам берувчи “Кашандаликдан қутулишнинг осон йўли” китоби ўзбек тилида чоп этилди 17 апр, 05:30 122
  • Олимлар кексаликда ҳам ақл-идрокни сақлаб қолишнинг оддий усулларини аниқлади 16 апр, 21:24 132
  • Ҳаётда панд бермайдиган 16 та мураккаб, аммо ўта муҳим кўникмалар 15 апр, 13:22 256
  • Сўнгги янгиликлар
  • Ибороҳимҳалил Йўлдошев: "Жанубий Корея ва Япония терма жамоалари Осиё кубогида фаворит" 19 апр, 19:13 14
  • Шомуродов қайтгач «Юве»дан кўпроқ очко йиғаётган «Каляри». «Интер»дан кейин «Юве» ҳам тўхтатиладими? 19 апр, 18:48 46
  • Исроил Мадримов мутлақ чемпион Теренс Кроуфордга қарши рингга кўтарилиши мумкин 19 апр, 18:28 26
  • Ғазодаги уруш Исроил иқтисодиётига қандай таъсир қилди? 19 апр, 18:00 97
  • Дунёдаги энг бой араб шайхининг рафиқаси қандай кўринишга эга? 19 апр, 17:33 180
  • Тадбиркорларга қўлланадиган молиявий жарима камайтирилади 19 апр, 17:12 45
  • Тошкентда болаларнинг қўлига игна ва “саморез” санчган ўқитувчига нисбатан жиноят иши қўзғатилди 19 апр, 16:48 47
  • Футзал. Ўзбекистонда ўтадиган жаҳон чемпионатининг мезбон шаҳарлари билан танишинг (видео) 19 апр, 16:32 147
  • Тошкент вилоятида жаҳл устида мижозининг сочини калга олиб ташлаган сартарош узр сўради (видео) 19 апр, 16:09 124
  • Ставропол ўлкасида ҳарбий самолёт қулади (видео) 19 апр, 15:48 160
  • Трамп: “Украинанинг омон қолиши АҚШ учун ҳам муҳим” 19 апр, 15:37 217
  • Шомуродовнинг устозига махсус мукофот топширилди 19 апр, 13:57 202
  • Бўлимлар