«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 29 2024, 16:22
ЎЗO‘Z

Янги таҳрирдаги фуқаролик кодекси: Лойиҳадаги асосий янгиликлар фуқароларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган

30 мая, 12:25 2 824 Жамият
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Янги таҳрирдаги фуқаролик кодекси: Лойиҳадаги асосий янгиликлар фуқароларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган Айни вақтда Президентимизнинг 2019 йил 5 апрелдаги фармойиши билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси асосида Адлия вазирлиги томонидан янги таҳрирдаги Фуқаролик кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Фуқаролик кодексини янгилашнинг зарурати нимада, деган савол туғилиши табиий. Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси 1996 йилда қабул қилинган бўлиб, ўтган давр мобайнида катта ўзгаришларни фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солишда муҳим роль ўйнади ва бозор иқтисодиёти ривожланишига ҳуқуқий замин яратиб берди.

Шу билан бирга, мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичи иқтисодиётни янада либераллаштиришни тақозо этмоқда. Шу мақсадда иқтисодий муносабатларни тартибга солишда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулк кафолатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, тадбиркорликнинг ривожланишини рағбатлантириш ва хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинган.
Бошқача айтганда, бугунги кунда реал бозор иқтисодиёти ва илғор халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган, тўғридан-тўғри амал қиладиган замонавий фуқаролик кодексини ишлаб чиқиш давр талабидир.

Бугунги кунгача тайёрланган янги таҳрирдаги Фуқаролик кодекси лойиҳаси бир томондан Фуқаролик кодекси моддаларини унификация қилиш ва тизимлаштириш чораларини, иккинчи томондан тадбиркорлик, шу жумладан хорижий инвесторлар фаолияти учун қулай шароитлар яратиш, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор янгиликларни ўз ичига олган.

Хусусан, алоҳида қонунларда ва Фуқаролик кодексида мазмунан такрорланадиган бир қатор қоидалар лойиҳа матнидан чиқариб ташланган. Жумладан, интеллектуал мулкка оид, юридик шахслар фаолияти ташкилий масалалари билан боғлиқ нормалар шулар сирасига киради. Шу билан бирга, қоидалардан айримлари, масалан, лизинг қоидалари амалдаги қонунлардан Кодекс лойиҳасига кўчириб ўтказилмоқда.
Инвестиция муҳитини яхшилаш ва иқтисодиётда мулкий муносабатлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида хорижий компанияларга Ўзбекистонда ўз филиалини рўйхатдан ўтказиб, ҳеч қандай тўсиқларсиз тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи берилиши режалаштирилган.

Шунингдек, мулк хусусий ёки давлатга тегишли бўлишидан қатьи назар бир хил ҳуқуқий ҳимоя белгиланмоқда. Давлат реестрига киритилган маълумотга ишониб мулкни сотиб олган мулкдордан, илгариги сотувчи томонидан қандайдир ҳуқуқбузарликка йўл қўйилган бўлса-да, мулк қайтариб олинмаслиги ҳамда мулк ҳуқуқининг ҳимоясини таъминлашга қаратилган янги қоидаларни жорий этиш назарда тутилмоқда.
Ушбу қоидалар хорижий инвестициялар миқдори янада ошишига хизмат қилади. Шунингдек, мулк ҳуқуқи кафолатларининг мустаҳкамланиши Жаҳон иқтисодий эркинлик индекси ва бошқа халқаро рейтингларга ҳам ижобий таъсир қилиши кутилмоқда.

Яна бир янгилик фуқаролик қонун ҳужжатларини виртуал макон, яъни Интернетда вужудга келадиган муносабатларга ҳам татбиқ этиш билан боғлиқдир. Келгусида электрон ёки бошқа техник воситалар ёрдамида тузилган битимларни ёзма шаклга тенглаштириш, электрон алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда товарларни сотишнинг, рақамли пул, яъни криптовалюта муомаласининг асосий қоидалари белгиланаётир.

Бу янгиликлар тадбиркорлар учун фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда замонавий ахборот технологияларидан тўлиқ фойдаланган ҳолда вақтни тежаш имконини беради. Шунингдек, ҳужжатлар айланмаси, меҳнат ресурслари, логистика, савдо ва сақлаш жойлари ижараси билан боғлиқ бир қатор харажатларни камайтиришга, электрон тижоратни янада ривожлантиришга туртки бўлади.

Албатта, лойиҳадаги шу каби кўплаб янгиликлар, айниқса, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ янги нормалар амалиётга босқичма-босқич жорий этиб борилади. Чунки бу жараён фаолият олиб бораётган тадбиркорларга ноқулайликлар туғдирмаслиги ва ортиқча харажатларни юзага келтирмаслиги керак.

Масалан, тижорат ташкилоти бўлган юридик шахсларнинг айрим ташкилий-ҳуқуқий шакллари бекор бўлиши ушбу шаклларда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар дарҳол ўз шаклини ўзгартиради дегани эмас. Янги таҳрирдаги Фуқаролик кодекси кучга киргунича ташкил қилинган юридик шахслар ўз таъсисчилари ихтиёрига кўра хоҳлаган пайтда ёки бирор сабаб билан қайта ташкил этилганда янги шаклга ўтиши лозим бўлади. Бу каби масалаларни янги таҳрирдаги Фуқаролик кодексини амалга киритиш тўғрисида қабул қилинадиган қонунда белгилаб қўйиш мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш концепциясида фуқаролик қонунчилигини бозор иқтисодиёти тамойиллари ва халқаро стандартларга мувофиқ модернизация қилиш, бозор иқтисодиётини янада ривожлантириш учун замонавий фуқаролик-ҳуқуқий асос яратиш мақсади кўзда тутилган. Бу мақсадга эришиш учун Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш бўйича идоралараро комиссия тузилди.

Фуқаролик кодексининг янги таҳририни тайёрлашда иш ҳажми катта бўлиши инобатга олиниб, энг аввало, Идоралараро комиссия томонидан фуқаролик қонунчилигини соҳаларга бўлган ҳолда 8 та йўналишда ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Ишчи гуруҳларнинг намунавий режалари ҳамда фуқаролик ҳуқуқи соҳасидаги илғор хорижий тажрибани ўрганиш режаси тасдиқланди.

Ишчи гуруҳлар таркибига 50 нафардан ортиқ аъзо жамланди. Бунда асосан илмий-тадқиқот муассасаси илмий ходимлари ва олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тажрибали судялар ва адвокатлар, давлат идоралари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари жалб қилинди.
Ишчи гуруҳлар аъзолари қарийб бир йилдан буён мунтазам равишда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институтида йиғилиб ва масофадан туриб иш олиб бормоқда.

Лойиҳани ишлаб чиқишда ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш катта аҳамият касб этади. Шу мақсадда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва Халқаро ҳамкорлик бўйича Германия жамияти (GIZ) кўмаги билан Германия, Франция, Польша, Россия, Покистон давлатларидан 20 нафардан ортиқ эксперт маслаҳатчилар хизматидан фойдаланилмоқда.

Бундан ташқари, 12 нафар миллий эксперт бевосита Франция, Польша, Россия давлатларига бориб ўрганишлар ўтказди.
Ушбу сафарлар давомида Париж шаҳрида Франция Адлия вазирлигининг фуқаролик ишлари бўйича бошқармаси, Париж Пантеон Ассас университети қошидаги Қиёсий ҳуқуқ институти, Континентал ҳуқуқни ўрганиш маркази, Кассация суди, Судьялар ва прокурорлар тайёрлаш миллий мактаби мутахассислари билан амалий мулоқотлар уюштирилди.

Шу билан бирга, Варшава шаҳрида Польша Адлия вазирлигининг фуқаролик қонунчилиги бўлими, Польша Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий илмий тадқиқотлар маркази, Польша Фанлар академиясининг Ҳуқуқий тадқиқотлар институти мутахассислари иштирокида давра суҳбатлари ташкил этилди. Бу тадбирларда фуқаролик қонунчилиги муаммолари, истиқболлари ва янги замонавий ғоялар атрофлича муҳокама қилинди.

Москва шаҳрида Фуқаролик қонунчилигини кодификация қилиш ва такомиллаштириш бўйича Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Кенгаш раис ўринбосари ва аъзолари, Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги С.Алексеев номидаги Хусусий ҳуқуқ тадқиқот маркази, М.Ломоносов номидаги Москва давлат университети профессор- ўқитувчилари иштирокида давра суҳбати ўтказилди. Анжуманда Ўзбекистон фуқаролик қонунчилигини такомиллаштиришда Россия Федерациясининг фуқаролик қонунчилигини ислоҳ қилиш тажрибасидан фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди.

Москвага сафар давомида, шунингдек, Фуқаролик кодексининг янги таҳирини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳлар аъзолари “Россия фуқаролик ҳуқуқи. Йил натижалари” IX Халқаро илмий-амалий конференциясида иштирок этди. Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистонда фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш борасида олиб борилаётган амалий ишлар ҳақида маълумот берилди.

Бугунги кунда дастлабки лойиҳа қўшимча фикр ва мулоҳазалар олиш мақсадида мамлакатимизнинг вазирлик ва идораларига, ҳуқуқий соҳадаги олий таълим, илмий-тадқиқот муассасаларига, адвокатлар ва нотариуслар палаталарига юборилган. Табиийки, лойиҳа аҳолидан, соҳа мутахассислари ва ташкилотлардан келиб тушадиган таклифлар асосида янада такомиллаштирилади.

Ҳозирги кунда янги таҳрирдаги Фуқаролик кодекси қабул қилиниши асносида амалдаги бошқа қонунлар ва қонуности ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилиши билан боғлиқ тегишли қонун ҳужжатларининг лойиҳалари ҳам тайёрланмоқда. Бу жараёнда ўзгартириладиган қонунларнинг ўзи 20 тадан ортиқ бўлиб, қонуности ҳужжатлар сони эса бундан ҳам кўпдир.

Шунингдек, янги таҳрирдаги Фуқаролик кодекси билан бевосита тартибга солинмаган фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи алоҳида қонунларни ҳам тасдиқланган Концепция асосида такомиллаштириш тақозо этилади. Хусусан, интеллектуал мулк, қимматли қоғозлар соҳалари шулар жумласидандир.
Бир сўз билан айтганда, ҳали бу соҳада қилинадиган ишлар жуда кўп ва улар албатта охирига етказилади.

А.Мадаминов,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директори




Мавзуга оид янгиликлар
  • Ўзбекистон — Гонгконг футбол учрашувидан сўнг уч кишига маъмурий қамоқ жазоси тайинланди 29 мар, 14:22 69
  • Тошкентда хавфли ҳолат содир этиб, қарама-қарши ҳаракатланган ҳайдовчига чора кўрилди 29 мар, 13:30 40
  • Сирдарёда эгизакларини бир хонали уйга алмаштирмоқчи бўлган ота-онага ҳукм ўқилди 29 мар, 09:36 89
  • Ўзганинг фотосуратлари устига ҳақоратли сўзлар ёзиб, ижтимоий тармоқда тарқатган аёл ушланди 29 мар, 08:48 137
  • Мирзиёев Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном райони халқ ҳукумати раиси билан учрашди 28 мар, 20:40 102
  • Қашқадарё вилоятида судья қўлга олинди 28 мар, 20:20 221
  • Сўнгги янгиликлар
  • Халқаро суд Исроилга мажбурият юклади 29 мар, 15:40 0
  • Франция разведкаси марказий осиёликларни кузатишни кучайтирмоқда 29 мар, 15:15 34
  • Путиннинг атрофидагилар Украинанинг «Крокус»даги терактга алоқадорлигига ишонмаяпти 29 мар, 14:48 95
  • Ўзбекистон — Гонгконг футбол учрашувидан сўнг уч кишига маъмурий қамоқ жазоси тайинланди 29 мар, 14:22 69
  • Ҳибсдан вақтинча озод этилган Дани Алвес тонггача зиёфат уюштирди 29 мар, 14:01 114
  • Тошкентда хавфли ҳолат содир этиб, қарама-қарши ҳаракатланган ҳайдовчига чора кўрилди 29 мар, 13:30 40
  • Музликларнинг эриши Ернинг айланиш тезлигини ўзгартирмоқда 29 мар, 13:06 153
  • Полшада Россия жосуслик тармоғи иши бўйича тинтувлар ўтказилди 29 мар, 12:39 70
  • Samsung ўз тарихидаги энг яхши селфи камерали смартфонни намойиш этди 29 мар, 12:12 43
  • Вадим Абрамов: "Бундай сифатли ва савияли футболчига доим таркибда жой топилади" 29 мар, 11:50 184
  • Чехия европалик сиёсатчиларни Россиядан пора олиш схемасини фош этганини даъво қилмоқда 29 мар, 11:20 123
  • Шомуродовнинг аҳволи ҳақида маълумот берилди 29 мар, 10:53 326
  • Бўлимлар