«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Join!
Zamin.uz
, 17 2024, 04:56
ЎЗO‘Z

Хитой тараққиёти Ўрта Осиё ва Яқин Шарққа қандай таъсир қилди?

22 мая, 21:27 2 332 Дунё
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Хитой тараққиёти Ўрта Осиё ва Яқин Шарққа қандай таъсир қилди? Фото: Google Photos
Бугунги кунда Хитойдаги илмий-индустриал цивилизациянинг фантастик равишда ўсиши кишини лол қолдиради. Жаҳондаги маиший техниканинг ярмисини ишлаб чиқарадиган дунё фабрикасига айланган мамлакат бошқа давлатлар иқтисодиётига ҳам таъсир ўтказиб келмоқда. «Дарё» колумнисти, россиялик сиёсатшунос Михаил Магид Хитой ва унинг келажагига боғлиқ дунё иқтисодиёти ҳақида фикр юритади.

Сўнгги 20 йил ичида бу мамлакатда улкан шаҳарлар барпо қилинди. Лекин гап фақат йирик осмонўпар бинолар ва тезкор трассаларда ҳам эмас. ХХР сўнгги 40 йил мобайнида ўсиш суръатларини йилига саккиз фоиздан пасайтирмай келаяпти (охирги йилларда ўсиш секинлашди) ва у жаҳондаги маиший техниканинг ярмисини ишлаб чиқарадиган дунё фабрикасига айланди.

Кўпчилик АҚШ антибиотиклар бозоридаги Хитойнинг улуши 95 фоизни ташкил қилишини ва уларнинг аксарият таркибий қисмлари Американинг ўзида ишлаб чиқарилмаслигини яқиндагина билгач, муайян дилхираликларга йўлиқди. Ҳозирда АҚШнинг энг катта хавотир олаётган нарсаси шуки, бундай юқори ўсиш суръатлари билан ХХР тез орада замонавий Гонконгнинг гигант вариантига айланади ва ушбу иқтисодий махлуқ ҳаммани, жумладан, АҚШ иқтисодиётини ҳам «янчиб» ташлайди (Жон Меершаймер).

Бошқа таҳлилчилар (Минксин Пей) Хитойдаги капитализмнинг кучсиз эканини таъкидламоқда: АҚШ, Япония ва Германияга нисбатан технологик жиҳатдан бир неча йилга (агар бир неча ўн йилга бўлмаса) орқада қолгани, Хитой компанияларини ва давлатнинг ўзини ҳам жуда катта қарзлари борлиги (ЯИМ дан 3-3,5) бу фикрга асос бўлар экан. Самарасиз ва зарарга ишловчи давлат корхоналари деярли 30 триллион доллардан иборат активларни назорат қилади ва мамлакатда мавжуд бўлган кредит маблағларининг тахминан 80 фоизини истеъмол қилади, бироқ улар ЯИМдан тахминан 23 фоиздан 28 фоизигача бўлган улушини беради, холос.

Яна бир фундаментал зиддият эса – Си Цзиньпиннинг шахсан ҳукмронлиги ўрнатилгани, марказлашувнинг кучаяётгани ҳамда амалда мамлакат қўлда бошқарув режимига ўтгани билан боғлиқдир. Яқин ўтмишда ХХРни ҳокимиятни ўзаро тақсимлаб олган бир неча кланлар (тахминан 7 ёки 8) ва гуруҳларнинг бошида турувчи кекса партия раҳбарлари томонидан бошқарилар эди. Ҳеч қаерда расман белгилаб қўйилмаган ушбу норасмий механизм мамлакатнинг бутун сиёсатини белгиларди. Уни Хитой устидан бутун ҳукмронликни ўз қўлига жамлаган ва партия ва давлатнинг барча муҳим структураларига ўз тарафдорларини қўйиб, мустақил кланларни эса йўқ қилган Си Цзиньпин томонидан йўқ қилинди.

Коронавирус эпидемиясини жиловлаш учун унинг энг эрта босқичларида Хитой жиддий чоралар кўрмаганининг эҳтимолий сабабларидан бири шуки, ХХРда жуда камдан кам ҳоллардагина муҳим қарорларни Си Цзиньпиннинг тўғридан-тўғри маъқуллашисиз ҳам чиқарилиши мумкин холос. Бундай шароитда барча ваколат фавқулодда равишда битта одамнинг қўлида жамлангани ва унинг чегараланган компетентлиги муҳитида хатоларини бартараф этишнинг мушкуллиги (чунки хатонинг тан олиниши ҳокимият тепасида бўлган кучли одамнинг шахсий обрўсига путур етказиши мумкин) сабабидан амалда хатоларнинг кўпайиши эҳтимоли ортади.

Фото: Google Photos
Яна бошқа кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий муаммолар ҳам мавжуд, булар – аҳолининг тез қариши (демакки, иқтисодиётга солиқ юкининг ортиши), саноатнинг кескин ўсишининг экологияга вайронкор таъсири кабилардир. Коронавирус билан бир қаторда, Американинг Хитой экспортини чеклашга қаратилган санкциялари, мамлакат иқтисодиётига ўсиш суръатларининг пасайиши хатарини солмоқда.

Хитойдаги режим сайловлар орқали легитимлашга ва ҳукуматдаги олигархлар гуруҳларини алмаштиришга қодир механизмга эга эмас. Уни аҳоли олдидаги оқлаб турган ягона нарсаси – иқтисодиётнинг тез суръатларда ўсаётганидир. Айрим таҳлилчилар (Банко Миланович) бу ҳолатни Хитой капитализмининг ютуғи деб қарайди: диктаторлик усуллари билан бошқарадиган компартия иқтисодиёт ўсиб турган пайтда аҳолининг қўллаб-қувватлашига эга бўлади (сиёсий капитализм терминининг илдизи шунда) ва шу сабабли ҳам у ўсиш суръатларини таъминлашдан манфаатдор бўлиб, муттасил ўсишни таъминлаш учун ҳамма нарсани қилади (Хитойда аллақачон капитализм барпо қилинган ва кўплаб миллиардерлар олий мартабали партия аъзоларининг оилалари билан алоқадор ҳисобланади).

Лекин системанинг заиф тарафи ҳам айнан шу ерда – ўсиш тўхтаб қолса, бу эртами, кечми барибир содир бўлади, эҳтимол, аллақачон содир бўлгандир, – Хитойни ғалаён ва инқилоблар кутиб турибди. Бу мамлакатда расмий касаба уюшмаларидан ташқари бошқа ҳар қандай касаба уюшмалари тақиқлангани сабабли хитойлик ишчилар норасмий гуруҳларга бирлашган ҳолда норозиликлар уюштиради (расмий касаба уюшмалари эса ҳукумат назорати остида ишлайди ва одатда, иш ташлашларни қўллаб-қувватламайди). Ушбу қудратли ишчилар ҳаракати келажакда мамлакатдаги аҳволни ўзгартиришга қодир.

Хитойнинг жадал суръатлар билан ривожланишининг сабабларидан бири – капиталистик глобализациядир. Ғарбдаги компаниялар ўз ишлаб чиқаришларининг улкан қисмини ХХРга кўчиришган, чунки бу ерда ишчиларга анча кам ҳақ тўлаш мумкин. Бу орқали улар АҚШ, Франция ва Британиянинг аввалги саноат ҳудудларини эндиликда ишсизлик, гиёҳвандлик ва фақат вақтинчалик иш топиш мумкин бўлган ижтимоий таназзул ҳудудларига айлантирди.

Фото: Google Photos
Ишидан айрилган одамларнинг калласини банд қилиш учун эса уларга Грета Тунбергдан иқтибослар келтирадиган ҳамда ҳезалакларнинг ўзаро никоҳларини расман қайд қилиш керакми ёки йўқ деган мавзулардан кескин баҳслар ташкиллайдиган кучли ташвиқот машинасини ишга солди. Бирламчи, долзарб масалалардан одамларни чалғитиб, уларнинг диққатини шу каби иккинчи даражали масалаларга қаратиш бу – пропаганда шаклларидан бири ҳисобланади, лекин унинг илдизлари саноатни Хитойга кўчирилиши жараёнлари билан чамбарчас боғлиқдир.

Шу тариқа, Хитойнинг ривожланиши дунёни қай даражада ўзгартирганини кўриш мумкин. Бу ўзгаришлар, шунингдек, Марказий Осиё ва Яқин Шарқ давлатларига ҳам, албатта, таъсир қилган. ХКП (Хитой коммунистик партияси) раҳбарияти, умумий аҳолиси сони беш млрд кишидан иборат бўлган ушбу барча географик ҳудудни Европа ва Африкагача чўзилган савдо йўллари орқали ягона умумий бозорга бирлаштирмоқчи. ХХР ягона Евросиё лойиҳасини яратмоқда ва фақат уни ифодалаш учун «Макон ва йўл» терминологиясини қўллаяпти холос.

Гап нефть ва газ қувурлари, денгиз ва ҳаво портлари, қуруқлик ва денгиз коммуникацияларини ўз ичига олган глобал тизим устида бормоқда ва у Хитойга камида бир триллион долларга тушади. Тайинки, бунга параллел равишда Хитойнинг сиёсий таъсири ҳам ортиб боради – кўплаб йўллар ва портлар Хитойнинг хусусий ва давлат инвесторлари билан биргаликда эгалик қилиш ҳуқуқи остида бўлади ва уларни хитойлик муҳандис ва менежерлар бошқаради. Кўп сонли денгиз портлари икки хил мақсадли - ҳарбий ва фуқаролик портлари бўлади ва улар Хитойнинг ҳарбий денгиз флоти базасига айланади.

Бироқ айрим таҳлилчилар, хусусан, Стивен Коткин ушбу лойиҳанинг иқтисодий самарасига шубҳа билдирмоқда. Хитойнинг «Макон ва йўл» дастури доирасида қатор мамлакатларга ҳотамтойлик билан тарқатиб чиққан ўнлаб миллиард долларлик кредитларини қайтаришнинг ўзи қийин иш экан. Боз устига, жаҳон ва ХХР иқтисодиётининг коронавирус эпидемияси шароитидаги кейинги ривожланиш истиқболлари ҳам мавҳум бўлиб қолмоқда.

Фото: Google Photos
Шунга қарамай, АҚШдан фарқли ўлароқ, ХХР ҳозирги пайтда Пекин билан ҳамкорлик қилаётган мамлакатларга нисбатан қатъий сиёсий талаблар қўймаяпти. Бу эса Қозоғистон ва Ўзбекистон сингари мамлакатлар ўзи орқали ўтадиган кучли транзит-транспорт йўлакларини яратиш учун амалда ХХРнинг инвестицияларига умид боғлашлари мумкинлигини англатади. ХХР йўллар қурилишига инвестициялар киритиш билан бир қаторда, маҳаллий бозорларни ва фойдали қазилмаларни ўзлаштиришга ҳамда маҳаллий компаниялар билан биргаликдаги қўшма корхоналар ташкил қилишга, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётига кенг кўламли инвестициялар киритилишга ҳам қизиқмоқда.

Буларнинг барчаси Хитойнинг йирик миқёсли ягона бозор ташкил қилиш борасидаги стратегиясининг бир қисми сифатида қаралиши мумкин ва унда, албатта, стратегик ўринларни Хитойга тегишли хусусий капитал ва давлат капитали эгаллаб олади. Лекин бу нарса бир вақтнинг ўзида Қозоғистон ва Ўзбекистонда ҳам иқтисодий ўсишга туртки бериши ҳам мумкин.

Умуман олганда, Хитойнинг инфраструктура объектлари ва бошқа объектларнинг қурилишига йўналтирилган инвестициялари минтақа иқтисодиёти учун сезиларли эффектга эга. Қозоғистонлик ўлкашунос Руслан Изимовнинг қайд этишича, агар Марказий Осиёдан, хусусан, Ўзбекистон ҳудудидан Пекинни Форс кўрфазидаги ва Европадаги стратегик шериклари билан боғловчи Хитой учун ҳаётий муҳим бўлган транспорт артериялари ўтадиган бўлса, унда Хитойнинг ўзи «Макон ва йўл»нинг ушбу қисмидаги барқарорликдан манфаатдор бўлади. Бу ҳолатда Хитой минтақадаги иқтисодий барқарорликни ҳам таъминлашдан манфаатдор бўлади ва эҳтимолки, инқироз ҳолатлари келиб чиққан тақдирда бунинг учун сезиларли маблағларни ажратади. Хитой ўзининг дунёдаги сиёсий ва ҳарбий таъсирини кучайтиришга интилаётган бўлса-да, унинг Марказий Осиё, шунингдек, Яқин Шарқ борасидаги сиёсати эҳтиёткорона ва прагматик бўлиб қолмоқда.

ХХР мусулмон араб мамлакатлари билан алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдор. У Форс кўрфазидаги бой инвесторлар билан ҳамкорликка умид қилмоқда ва ўзи харид қиладиган нефтнинг асосий қисмини ҳам ўша ердан сотиб олмоқда. Хитойда ҳукуматнинг Шинжондаги мусулмон аҳоли билан ўзаро зиддиятлари туфайли юзага келган муаммолар, оқибатда, Яқин Шарқдаги ва Марказий Осиёдаги мусулмон мамлакатлар билан ХХРнинг муносабатлари ёмонлашишига олиб келиши кутилган бўлса-да, лекин ҳозирги вақтда бу нарса содир бўлаётгани йўқ. Афтидан, Хитойнинг пуллари диний характердаги қарашлардан устунроқ бўлиб чиққан бўлса керак.

Фото: Google Photos
Прагматизмга тарафдорликни намойиш қилган ҳолда ХХР Саудия Арабистони билан ҳам ва унинг асосий рақобатчиси бўлган Эрон билан ҳам ҳамкорлик олиб бормоқда ва улар Эрон билан бирга 2019 йилда ҳамкорликдаги ҳарбий-денгиз машғулотларини ҳам ўтказган. Умуман олганда, Американинг санкцияларидан чўчигани туфайли Хитой ҳозирда Эрон билан иқтисодий ҳамкорликни пасайтирмоқда.

Бир вақтнинг ўзида ХХР Исроил билан иқтисодий алоқаларни мустаҳкамламоқда. Исроил илмий-техник нуқтаи назардан Яқин Шарқнинг нисбатан ривожланганроқ мамлакати саналади. Аҳоли жон бошига нисбатан стартаплар сони бўйича Исроил жаҳонда биринчи ўринда туради. Хитой компаниялари ушбу мамлакат билан ҳамкорлик учун миллиардлаб доллар пул тикишга тайёр ва ундан янги технологиялар ва бошқа хай-текларни сотиб олмоқчи. Бу эса Хитойнинг асосий рақобатчиси бўлган АҚШнинг ғашига тегмоқда. Бироқ Исроил АҚШнинг дунёдаги энг яқин шериги эканига қарамай, бу мамлакат ҳукумати ушбу масалада мустақиллик намоён қилмоқда, чунки ХХР билан иқтисодий ҳамкорлик унинг учун жуда ҳам фойдалидир.

Россиялик етакчи хитойшунос Александр Габуевнинг фикрига кўра, ҳозирги пайтда Пекин Яқин Шарқда фаол сиёсий ва ҳарбий аралашувлар мақсадига эга эмас. Бу мамлакат ҳарбийлари ўтказган ўқув машғулотларида кўрилган тайёргарликдан кўзланган максимум мақсад – Яқин Шарқдаги у ёки бу мамлакатларда хаос ёки инқилоблар юзага келган тақдирда, у ердан ХХР фуқароларни эвакуация қилишга қаратилган операцияларни ўтказишдир.

Келажакда ҳаммаси яна ўзгариши мумкин, лекин ХХРнинг сиёсий ва иқтисодий қудрати аввалгидек ўсиб борса. Замонавий дунёдаги ва Хитойнинг ўзидаги коронавирус ва юқорида айтилган бошқа омиллар келтириб чиқарган инқироз шароитида келажак борган сайин мавҳум бўлиб бормоқда. «Макон ва йўл» – Хитойнинг ўзи сингари истиқболлари ноаниқ бўлган, анчайин серхаражат лойиҳадир.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.




Мавзуга оид янгиликлар
  • Иорданияда Эрон ҳужуми пайтида уриб туширилган ракеталар интернетда сотувга қўйилди 17 апр, 00:39 51
  • Машҳур жарроҳ Тимур Ҳайдаров клиникасида тинтув ўтказилди, жиноят иши очилди 17 апр, 00:23 101
  • Ню-Йоркда Доналд Трамп устидан жиноий суд жараёни бошланди 16 апр, 23:59 25
  • Эрон-Исроил можароси: сиёсатшунослар қандай фикрда? 16 апр, 21:50 72
  • Crocus теракти бўйича айбланаётган икки тожикистонлик ҳибсга олиниши юзасидан шикоят қилди 16 апр, 18:30 508
  • Туркия: “Ғазони унутиб қўйманг” 16 апр, 16:25 162
  • Сўнгги янгиликлар
  • Иорданияда Эрон ҳужуми пайтида уриб туширилган ракеталар интернетда сотувга қўйилди 17 апр, 00:39 51
  • Испанлар Файзуллаевга эътибор қаратди... 17 апр, 00:30 114
  • Машҳур жарроҳ Тимур Ҳайдаров клиникасида тинтув ўтказилди, жиноят иши очилди 17 апр, 00:23 101
  • ЦСКА Аббосбек Файзуллаев гол урган ўйинда “Балтика”ни ишончли ҳисобда мағлуб этди 17 апр, 00:04 64
  • Ню-Йоркда Доналд Трамп устидан жиноий суд жараёни бошланди 16 апр, 23:59 25
  • Соч тўкилишини бартараф этадиган 8 та маҳсулот 16 апр, 23:07 36
  • Қарши тумани прокуратураси терговчиси пора олаётганда ушланди 16 апр, 22:45 87
  • 1 майдан электр энергияси ва табиий газ тарифлари ўзгаради 16 апр, 22:16 103
  • Эрон-Исроил можароси: сиёсатшунослар қандай фикрда? 16 апр, 21:50 72
  • Олимлар кексаликда ҳам ақл-идрокни сақлаб қолишнинг оддий усулларини аниқлади 16 апр, 21:24 49
  • Шавкат Мирзиёев 12 ҳудудда оқсаётган жараён ҳақида гапирди 16 апр, 21:00 135
  • Италия футболини ёритувчи L'Unione Sarda нашри: “Бу иккисидан эҳтиёт бўлинг” 16 апр, 20:35 259
  • Бўлимлар